Линклар

Шошилинч хабар
31 июл 2021, Тошкент вақти: 04:51

Қишки Олимпиада: Инсон ҳуқуқлари ва коронавирус Хитойдаги ўйинларга соя солмоқда


Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қишки олимпиада ўйинларини Хитойдан бошқа давлатда кўчиришга чақирган

Бир йилдан кейин бошланадиган Қишки олимпиада Хитойга эпидемияни жиловлаш қобилиятини намойиш қилиш, томоша билан жаҳон ҳамжамиятининг кўзини қамаштириш ҳамда жаҳонда обрў орттириш имконини тақдим қилади. Лекин инсон ҳуқуқлари муаммоси ҳамда COVID-19 билан боғлиқ мавҳумлик ўйинларга соя солмоқда.

Ўйин ташкилотчилари 2022 йилнинг 4 февралидан бошлаб “тоза муз ва қор узра шодиёна кўришишни” ваъда қилмоқда. Пекин шимолий-ғарбида жойлашган адирларни қор билан қоплаш учун сунъий кукундан фойдаланилса керак.

“Хитой бу Олимпиада янгидан дунёга очилаётган мамлакат ҳақидаги нарративни бошлаб беришини кутмоқда”, дейди Оксфорд университетида Хитой тарихи ва сиёсатидан дарс берадиган Рана Миттер.

Си Цзиньпин даврида Хитой иқтисодиёти пандемия асоратларидан жадал равишда ўзини тиклаган, мамлакат жаҳонда ўз таъсирини мустаҳкамлаган бўлса ҳам, ичкарида фуқаролик жамияти устидан назорат кучайтирилиб, норозилик куч билан бостирилмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари ва баъзи Ғарб сиёсатчилари Хитой ҳукуматининг Хонконг ва Шинжондаги сиёсатига ишора қилиб, олимпиада ўйинларини Хитойдан бошқа давлатда ўтказишга чақирган.

2020 йилда Токиода ўтиши керак бўлган Ёзги олимпия ўйинларини ортга сурган COVID-19 пандемияси кейинги февралгача глобал даражада назоратга олиниши даргумон, дейди соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислар.

Лекин Хитойнинг ўзида янги касалланишлар сони кам бўлиб, ҳукумат уларни ўз чегарасида ушлаб туришга муваффақ бўляпти.

Хитой чегаралари ҳозирча аксар хорижликлар учун ёпиқ, Пекин келаётган спортчи ва делегациялар билан қандай ишлаши ҳамон ноаниқ.

Пекин-2022 Ташкилий қўмитаси изоҳ бериш сўровига ҳали жавоб бермади.

Пекинда жойлашган Хитой ва глобализацияни ўрганиш марказининг раиси Ван Хуияо таъкидлашича, вирус устидан назоратни намойиш этган холда жаҳонга томоша қўйиб бериш бошқа давлатларга мафкуравий фарқлиликлардан ошиб ўтиш ҳамда Хитой обрўсининг ўсишига ёрдам беради.

“Мушук токи сичқон тутар экан, унинг қора ёки оқ рангда эканлиги унчалик фарқ қилмаслигини одамлар кўради”, деб Хитойни иқтисодий буюк давлатга айлантирган Дэн Сяопиндан иқтибос келтиради Ванг.

Пекин ўтказган илк олимпиадаси, 2008 йилдаги Ёзги ўйинлар, Хитой томошани мисли кўрилмаган даражада қўя билиш қобилиятини намоён қилган. Ўтган олимпиада учун қурилган баъзи иншоотлардан, жумладан “Қуш уяси” стадионидан бу гал ҳам фойдаланилади.

Қолган иншоотлар Пекинга тез юрар поезд билан боғланган Хэбэй провинциясининг Чжанцзякоу шаҳрида янгидан қурилган.

Олимпиада иншоотларини Хитой раҳбари Си Цзиньпин январь ойида кўздан кечиргандан оз ўтиб, мутасаддилар “партия ва халқимизнинг буюк ишончи ва умидларини оқлашга” ваъда берган.

Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб октябрда Хитойнинг уйғурлар ҳамда бошқа этник озчиликларга нисбатан сиёсати деб Британия олимпиадани бойкот қилиши мумкинлигини билдирган.

Жаҳондаги 180дан ортиқ ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари барча мамлакатларни 2022 йилги қишки олимпиадани бойкот қилишга чақирган. Чоршанба куни эълон қилинган очиқ хатда улар мамлакатларни олимпиадада қатнашиш орқали “дунёдаги энг ашаддий инсон ҳуқуқларини поймол этувчиларидан бири” бўлмиш Хитойни “тарғиб этишдан” воз кечишга чақирган.

Пекин Шиньжондаги тазйиқ ва мажбурий меҳнатни инкор этади, Хонконгдаги сиёсатини эса хавфсизлик важи билан оқлайди.

Human Rights Watch (HRW) Халқаро Олимпия қўмитасидан (ХОҚ) қўмита инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирларни қандай аритмоқчи эканлигини февралгача тушунтириб беришни сўраган.

HRW Хитой бўлинмасининг раҳбари Софи Ричардсоннинг айтишича, ХОҚдан ҳали расмий жавоб олинмаган. Ўйинлар борасидаги хавотирларидан бири, спортчилар орасида сиёсий фаолликка Хитой қандай муносабатда бўлишидир, дейди у.

“Масалан, спортчилар WeChat иловасидан фойдаланиб, Хитой ҳукуматини танқид қилган тақдирда, нима бўлади?”, дейди Ричардсон Хитойда кенг тарқалгани учун цензура қилинадиган иловани назарда тутиб.

ХОҚ Рейтер агентлигига айтишича, ташкилот инсон ҳуқуқлари масаласини Хитой ҳукумати билан бўлган музокаралар чоғида кўтарган. ХОҚ ҳужжатида айтилишича, Пекин инсон ҳуқуқлари, ОАВ эркинлиги ва интернет чекловлари борасида “кафолатлар” берган.

Хитойнинг расмий Синьхуа ахборот агентлиги билан суҳбатда ХОҚ президенти Томас Бах Пекиннинг Қишки ўйинларга ҳозирликларини “деярли мўжиза” деб атаган.

XS
SM
MD
LG