Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2021, Тошкент вақти: 01:28

Қозоқча “кеттлинг”. Полициянинг намойишчиларга қарши қаттиққўл усули халқаро танқидларга сабаб бўлди


Олмаотадаги намойишда полиция мухолифат тарафдорини ҳибсга олмоқда - 1 март, 2020

Қозоқ полицияси намойишчиларни сурувдек бир ерга тўплаб, ўраб олиш – “кеттлинг” тактикасини шу қадар меъёрдан оширганки, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари буни қийноққа тенглаштирмоқда.

Шунингдек, 10 январь куни полиция Олмаотада бир гуруҳ намойишчиларни тарқатиш учун овоз кучайтиргичлар орқали қозоқ эстрадаси юлдузи Димашнинг қўшиғини қайта-қайта қўйган.

Мингдан ортиқ намойишчиларни жиловлаш учун қўлланадиган “кеттлинг” тактикаси Ғарбда қизғин баҳсларга сабаб бўлган.

Тартиббузарларни яккалаш ёки бутун оломонни тарқатиб юбориш ўрнига полиция барчани кичик ҳудудга жамлайди ва одамларни оз-оздан қўйиб юборади. Одатда оломон бир неча соат қамалда қолади.

Ўтган 20 йилда мобайнида Лондон, Вашингтон, Чикаго, Нью-Йорк ва Торонтода ўтказилган урушга қарши оммавий юришлар, глобаллашувга қарши намойишлар ва ирқчиликка қарши оммавий чиқишлар “кеттлинг” қилинган.

Бу тактикадан, шунингдек, 2017 январида собиқ президент Доналд Трампнинг инаугурацияси чоғида бўлган намойишларга қарши фойдаланилган.

Танқидчилар фикрича, “кеттлинг” тарангликни енгиллатиш ўрнига зўравонлик эҳтимолини оширади, холос.

Қозоқча “кеттлинг”

10 январь – навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтган куни бир гуруҳ фаоллар намойишга чиқди. Расмийлар бу норозиликка авж олиб кетмасидан барҳам беришга ҳаракат қилди. Ушбу воқеа репрессив сиёсатнинг бир қисми бўлиб, президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг сиёсий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш борасидаги ваъдаларини шубҳа остига қўймоқда.

Олмаотада конституцион ислоҳотлар ўтказиш ҳамда собиқ президент Нурсултон Назарбаев партияси ҳукмронлигига чек қўйиш талаблари билан чиққан икки гуруҳ намойишчиларни хавфсизлик кучлари ўраб олган.

Полиция биринчи гуруҳда одамларни коронавирус пандемиясига қарамай, тўққиз соат бир-бирига жипс туришга мажбур қилди. Бу вақтда уларга на овқатланиш, на сув ичиш, на ҳожатини чиқаришга рухсат берилган.

Орасида ҳомиладор аёл ва икки нафар вояга этмаган шахс бўлган иккинчи гуруҳ ҳам етти соат шу тахлит ушлаб турилди. Полиция эса уларни навбат билан қўриқлаган. Намойишчилардан бири гипотермия ташҳиси билан тез ёрдамда касалхонага олиб кетилган.

“Яна бўрон”

Қозоқ ҳукумати ҳақидаги танқидий мақолалари билан танилган мустақил журналист Инга Иманбай ҳам аёзда соатлаб туришга мажбур бўлганлар орасида эди. “Аввалига полиция 40 дақиқача турли иғвогарона ҳаракатлар қилди. Кейин улар овоз кучайтиргич олиб келиб, “Яна бўрон” қўшиғини 20 мартача жуда баланд овозда янгратди. Мен буни руҳий тазйиқ деб ҳисоблайман”, дейди у Озод Европа Радиоси/Озодлик радиоси билан суҳбатда.

“Яна бўрон” машҳур қозоқ эстрада юлдузи Димаш Қудайбергеннинг қўшиғидир. Иманбайнинг айтишича, аслида севги ҳақидаги бу беозор қўшиқ ўраб олинган намойишчиларга қарши психологик қурол сифатида қўлланди. Бу ерда қўшиқнинг номи 1986 йил декабрида юз берган машъум воқеаларга ишорадир, деб ҳисоблайди Иманбай.

1986 йилнинг 16 декабрида Москва Қозоғистоннинг биринчи раҳбари Динмухаммад Кунаевни ишдан олиб, унинг ўрнига Геннадий Колбинни тайинлаган эди. Бундан норози бўлган талабалар шу куни кечқурун ҳукумат биноси олдига тўпланган, 17 декабр куни кечқурун намойиш қатнашчиларига қарши “Бўрон” амалиёти доирасида катта куч қўлланган эди.

Халқаро тажриба

Хельсинки Қўмитаси ҳамда Human Rights Watch нодавлат ташкилотлари полициянинг Олмаотадаги “кеттлинг” амалиётини “тинч намойишчиларга қарши қаттиққўл тактика” сифатида қоралади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кеттлинг каби оммани йўналтириш тактикаларидан фақат истисно тариқасида фойдаланишни тавсия этган. ЕХҲТнинг Тинч уюшиш эркинлиги борасидаги йўриқномасида айтилишича, “чекланган ҳудудда намойишчиларни қамал этиш "кеттлинг" амалиёти ва бошқа шу каби амалиётлар намойишда қатнашаётганларни қатнашмаётганлардан, тинч иштирокчиларни зўравонлардан фарқламайди.”

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси намойишчиларни ўраб олиш ва қамал қилиш амалиётини “фақат зарур бўлгандагина” тавсия этади.

БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро Пакти ижросини назорат қилувчи мустақил экспертларнинг айтишича, бундай чоралар “муқаррар таҳдидни бартараф этиш ёки содир этилаётган зўравонликни бостириш” мақсадига мутаносиб бўлиши керак. Аксар ҳолларда чоралар бутун гуруҳга қарши эмас, муайян шахсларга нисбатан қўлланилиши лозим. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси таъкидлашича, эътибор “имкон қадар фақат зўравонлик содир этганларни яккалашга” қаратилиши, “кеттлинг” амалиёти давомийлиги “иложи борича қисқа бўлиши керак.”

XS
SM
MD
LG