Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:06

Қозоқ мухолифатчиси: “Халқ ўз кучига ишонч ҳосил қилди – режимнинг куни битди” (ВИДЕО)


Қозоғистон қатор шаҳарларида тўрт кундан бери оммавий тартибсизликлар давом этмоқда. 5 январь куни намойишчилар Олмаота шаҳри акимати, Олмаота аэропорти, президентнинг маҳаллий қароргоҳи биноларини ва бир нечта маъмурий бинони эгаллаб олди. Кундузи бутун Қозоғистонда интернет ва телеканаллар ўчирилди, кечқурун эса бутун мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилди.

Президент Тоқаев собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат Хавфсизлик кенгаши раислигидан олинганини ва ушбу лавозимни ўзи эгаллаганини эълон қилди. Айрим экспертларга кўра, ҳокимият норозиликни тўхтатиш учун бундан ортиқ ёнберишларга ҳам рози бўлади.

Хўш, юз берган воқеалар Назарбоевнинг сиёсий карьераси битганини англатадими? У ҳокимиятдан бутунлай четлатилдими? Қозоғистонда норозилик кайфияти ғалаба қилди, деб айтиш мумкинми?

Қозоқ мухолифатчиси, “Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳаракати етакчиси Мухтор Аблязов “Настояшчее время” телеканали билан интервьюда ана шу саволларга жавоб берди.

– Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Бу намойишчиларнинг асосий талаби бажарилганини билдирадими?

– Назарбоев кетгани йўқ. Икки ярим йил аввал у президентликдан кетганини айтганида ҳам “бўлмаган гап”, деган эдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаммамиз бунга ишонч ҳосил қилдик. У ҳозир ҳам ўз ўрнида. “Ахир, учиб кетди-ку?” дейишяпти. Назарбоев анчадан бери Қозоғистонда муқим яшамайди: келиб-кетиб юради. Аммо бутун бошқарув ричаглари ҳамон қўлида.

“Ҳайкалини ағдаришди-ку?” дейишади. Нима бўпти, тириклигида ҳайкал қўйишганди – кўзи очиқлигида қулатишди.

Намойишчилар энди шаҳарга аввалги номини қайтаришни талаб қилишлари керак! “Нур-Султон” эмас, “Астана” бўлсин. Босим қилаверишса, ҳокимият бунга ҳам кўнади. Бироқ булар бари ҳеч нимани ўзгартира олмайди, чунки Тоқаев амалда президент эмас: у ижрочи, Назарбоевнинг сояси холос. Халқимиз алданмаслиги керак. Ушбу сиёсий қурим тўла-тўкис алмашганидан сўнггина режим қулади ёки Назарбоев режими алмашди, деб айтиш мумкин. Аммо ҳозирча ҳеч қанақа ўзгариш йўқ, ўша одамларнинг ўзлари ўтиришибди юқорида.

– Лекин Назарбоев лавозимдан айрилди-ку ҳарқалай? Энди нима бўлади?

– Йўқ. Конституцияга мувофиқ, агар ҳуқуқ тилида гапирадиган бўлсак, у Хавфсизлик кенгаши раиси курсисида умрининг охиригача қолиши керак. Эртага у келиб, “Фикримдан қайтдим, ўйлаб-ўйлаб, қайтишга қарор қилдим”, деса-чи? Конституция унинг барча ваколатларини тасдиқлайди.

Конституция бўлмаганида ҳам барибир бу ҳийла иш берган бўларди. Чунки жилов ҳануз Назарбоевда. Чунки биз қонунлар ишлайдиган демократик давлатда яшаётганимиз йўқ, бизда ҳокимият тепасида бандитлар тўдаси ўтирибди. Бу ерда ҳамма ишлар ўғрилар ақийдаси бўйича бажарилади. Бу ақийдага кўра, мамлакатни Назарбоев бошқаради, президент эса унинг амрини бажаради холос.

Шундай экан, сиёсий қурим таг-туги билан алмаштирилиб, Назарбоев чиндан ҳам кетказилмагунча ҳеч нима ўзгармайди.

– Қозоғистон президенти Тоқаев кучишлатар ходимлар орасида қурбонлар борлигини айтди. Атирауда эса намойишчилардан бир неча киши нобуд бўлгани хабар қилинмоқда. Сизда ўлганлар, жабрланганлар ва намойишчилар сонига доир бирон маълумот борми?

– Афсус, бунақа маълумотларга эга эмасман. Фақат шуни айтишим мумкинки, кимдир ўлган бўлса, бунинг учун ҳокимият айбдор, чунки куч ишлатаётган улар. Намойишчилар ҳамиша тинч норозилик билдиришган, Ақтауда ҳам, Жанаўзенда ҳам шундай бўлди. Ҳеч ким таъқиб қилинмаганди. Айнан ҳукумат Олмаотада биринчи бўлиб зўравонликка ўтди, зирҳли машиналар ва аскарларни халққа қарши ташлади.

Табиийки, бунақа шарт-шароитда бундай ишлар бўлиб туради. Қурбонлар учун фақат ҳокимият жавобгар, бошқа ҳеч ким, чунки барча шаҳарларда норозилик тинч ўтяпти.

– Тоқаев сўнгги мурожаатида “давлат хавфсизлиги учун” қаттиққўллик билан ҳаракат қилишини айтди. Бу нима дегани? Халққа ўқ узишга буйруқ бериладими?

– Агар ҳокимият, яъни Назарбоев отишга буйруқ берса, юқорида ўтирганларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетади. Чунки Европа, Америка айни пайтда уларга нисбатан жуда қаттиқ муносабатда бўлмоқда. Санкция сиёсати бор: Тоқаев дохил барча мулозимлар чет элдаги активларидан айрилиб қоладилар. Яъни, мамлакат ичида ҳам, ташқарида ҳам бор-будларини йўқотадилар.

Шу боис мен уларнинг ўт очишга журъат қилишига шубҳа билан қарайман. Ҳа, калтаклашади, аяб ўтиришмайди, аммо шунга яраша қаршилик ҳам кучли бўлади. Чунки халқнинг ёппасига кўчага чиқиши тасодиф эмас. Одамлар режимдан тўйган, ҳеч ким таслим бўлмайди.

Норозиликни қурол кучи билан босиш мумкин, албатта, лекин мен бунга ишонмайман. Чунки ўқ отиш – нафақат Назарбоев, балки унинг ижрочилари ва гўё ҳокимиятни тамсил этаётган Тоқаев ва у кабилар учун “қизил чизиқ” бўлади – кейин уларни дунёнинг ҳеч бир нуқтасида тинч қўйишмайди. Бу чизиқни ошиб ўтишса, дунёнинг ривожланган мамлакатларида сақланаётган бойликларидан маҳрум бўладилар.

Борди‑ю шунга қарамай, халққа нисбатан қурол қўллашса, демак, ақлдан озган бўлишади. Ўзини қутқариш сезимини йўқотган бўлади.

– Қозоғистонда инқироз йиллар давомида пишиб-етилди, дедингиз. Ушбу норозиликнинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

– Норозиликка ҳар нарса туртки ёки баҳона бўлиши мумкин, аммо сабаб битта: коррупцияга ботган режим. Қозоғистон – бой мамлакат, улкан захираларга эга: нефть, уран ресурслари бўйича пешқадам давлатлардан бири. Лекин халқ қашшоқ. Одамлар аҳмоқ эмас, бу контрастни кўриб туришибди.

Нурсултон Назарбоев ўзига саройлар сотиб олади, унинг оила аъзолари мамлакат бойликларини талаб, миллиардер бўлиб олишган. Халқ эса оч. Ҳатто экспортчи корхоналарда атиги 300-400 доллар ойлик тўлашади, ҳолбуки чет элда бунақа корхоналар ишчилари 5-10 минг доллар олади. Халқ буни билади: интернет замонида яшаяпмиз, ҳарқалай.

Уларни энди тинчитиш қийин. Ҳокимият норозиликни вақтинча бўғса ҳам, у кўп ўтмай янги куч билан майдонга чиқади, чунки халқ ғалаба қозонди. Бирлашсалар, катта кучга айланишлари мумкинлигига ишонч ҳосил қилишди. Ҳокимият газ баҳосини икки баравар арзонлаштириб қўйганининг ўзи ҳам халқ ўз қудратига ишониши учун етарли. Бирлашиш, кўчага чиқиш ва Назарбоев ҳайкалини қулатиш мумкинлигига одамларнинг кўзи етди. Мана шу зайлда ҳокимиятни ҳам ағдариш мумкин. Режимнинг куни битди, бу ёғи фақат вақт масаласи.

– Айтинг-чи, Қозоғистон фуқаролар уруши гирдобига тортилишидан қўрқмайсизми? Умуман, шунақа бўлиши мумкинми?

– Фуқаролар уруши бўлмайди. Фуқаролар уруши бўлиши учун жамият иккига бўлиниши, бир-бирига қарши икки куч ўртага чиқиши керак. Қозоғистон жамияти эса бўлинмаган. Фақат мана шу тор сиёсий элита бўлиниб олган холос, улар нари борса бир неча юз киши. Халқ эса миллионларни ташкил қилади. Миллионлаб киши билан бир неча юз одамдан иборат гуруҳ ўртасида фуқаролар уруши бўлмайди. Уларни Қирғизистонда бўлгани каби йўлдан супуриб ташлашади.

XS
SM
MD
LG