Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2024, Тошкент вақти: 14:44

"Бешинчи колоннани дастаклаш". Путин қозоғистонликларга Россия паспорти олишни осонлаштирди


Путин имзолаган фармон "Инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида" деган сўзлар билан бошланади.
Путин имзолаган фармон "Инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида" деган сўзлар билан бошланади.

18 декабр куни Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон, Беларус ва Молдова фуқароларининг Россия паспортини олишини соддалаштириш тўғрисида фармон имзолади. Энди қозоқ азамати сўнгги беш йилда Россияда яшаганини, унинг тарихи ва қонунчилигини билишини исботлаши шарт эмас. Хўш, Марказий Осиё мамлакатлари орасидан нега фақат Қозоғистон танланди?

“Қулай схема”

Қозоқ интернет сегменти ушбу янгиликдан сўнг “Россия урушга жўнатиш учун одам қидиряпти”, “фронтда аҳвол оғир, кўпроқ тўп еми керак” ва “окопларга йўллаш керак бўлса, имтиҳон ҳам олиб ўтиришмайди”, деган хулосага келди.

Жорий йил бошида Россия шартнома асосида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга тайёр чет элликларга фуқаролик берилишини соддалаштирган эди. Ундан бир ой олдин, апрелда Россия фуқаролиги тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартишлар киритилган. Янги қоидаларга кўра, Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий хизматдан бўйин товлаган киши қизил паспортдан маҳрум бўлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси вакили журналист Сергей Дуванов ушбу имтиёз аввало путинпараст ва Россия учун жанг қилишга тайёр қозоғистонликлар учун ўйлаб топилди, деб ҳисоблайди.

“Кўплаб россияликлар урушда ўлишни истамай, Кремл сиёсатидан норози бўлиб чет элга кетишяпти. Ўқимишли кишилар, тадбиркорлар ва АйТи-мутахассисларнинг хорижга кўчиши ҳамон давом этмоқда. Россия ҳукумати буни тушунади. Ҳозир сепарация кетяпти. Яъни Россия урушга боришни истайдиган одамлар борлигини, лекин улар бошқа мамлакатлар фуқаролари эканини билади. Россияни тарк этганлар ўрнини шу тариқа улар билан тўлдиришмоқчи. Борасан, фуқароликка кирасан ва урушга жўнайсан. Қулай схема”, дейди Дуванов Озодликка берган изоҳида.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, мамлакат фуқароси, агар ўзга мамлакатда қуролли можарода иштирок этса, жиноий жавобгарликка тортилади. Шу йилнинг ноябр ойида қарағандалик 34 ёшли Алексей Шомполов Украина урушида қатнашгани учун олти йилу саккиз ойга қамалган эди.

"Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш". Тошкент "чуқур ташвишда", аммо норозилик нотаси йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:42 0:00

2022 йилнинг кузида Украинага қарши урушда аскар етишмаслиги сезила бошлангач, Кремл “қисман сафарбарлик” эълон қилган эди. Шундан сўнг минглаб одамлар Россиядан қочиб, ўзга мамлакатлардан паноҳ изладилар. Расмий қайдларга кўра, сафарбарлик эълон қилиниши ортидан 837 минг нафар россиялик Қозоғистонга келган, улардан 780 минг нафари тез орада бошқа мамлакатларга ўтиб кетган. Бу ҳақда ўтган йили декабрда Қозоғистон Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги маълум қилган эди.

“Иқтисодий экспансия” ва “аҳолини кўпайтириш”

Forbes ва The Bell нашрлари маълумотига кўра, сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг 600 мингдан 1 миллион нафаргача киши Россияни тарк этган. Кремл воизи Дмитрий Песков бу рақамларни “ҳақиқатга тўғри келмайди”, дея рад қилишга уринган эди.

Рус муҳожирлари портретини яратувчи OutRush тадқиқот лойиҳаси урушдан қочиб кетган россияликларни “яхши таълим олган, ижтимоий аҳволи ўртачадан юқори ва асосан йирик шаҳарларда яшаган катта салоҳиятли ёшлар” дея таърифлаган.

Сиёсатшунос Досим Сатпаев ҳам “Кремл мамлакатни тарк этганлар ўрнини Қозоғистон, Беларус ҳамда Молдова фуқаролари ҳисобига тўлдирмоқчи” деган фикрга қўшилади.

“Бироқ улар урушга жўнатиш учун эмас, балки иқтисодий экспансия бошлаш учун фуқароликка олинади. Айни пайтда Қозоғистон уруш ва санкциялардан заифлашган Россия учун фаол иқтисодий зона бўлиб турибди”, дейди эксперт.

Сиёсатшунос Газиз Абишевга кўра, энди Қозоғистондан асосан юқори малакали кадрлар чиқиб кета бошлайди.

“Соддалаштирилган тартиб шу пайтгача Россия фуқаролигига ўтиш ҳақида ўйламаганларни ҳам кетишга ундайди, биринчи галда – Россия меҳнат бозорида рақобат қила оладиган техник соҳа мутахассисларини”, дейди Абишев.

Иқтисодчи Арман Бейсембетов назарида ҳам Қозоғистон “эмиграциянинг янги тўлқинидан эҳтиёт бўлмоғи керак”.

“Чунки Россия бозори постсовет макондаги энг тўлов қобилияти юқори бозорлардан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, у энг диверсификацияланган иқтисодиёт ҳамдир. Яқин истиқболда ҳеч бир мамлакат уни бу мақомдан тушира олмайди”, дейди у ишонч билан.

Қозоғистонда Россияга кўчиб кетаётганлар кўп – бу факт. Масалан, ўтган йили Қозоғистонни буткул тарк этганларнинг 80 фоизи Россияга кўчиб ўтган. Статистика бюроси қайдларига кўра, уруш бошланган 2022 йилда 19 383 киши Россияга доимий яшашга кетган. Бу аввалги йилларга қиёслаганда кичкина рақам: 2021 йилда – қарийб 27 минг, 2020 йилда – 25 мингдан ортиқ, 2019 йилда эса 40 минг қозоғистонлик Россияга кўчиб борган.

Қозоғистонни тарк этганларнинг аксарини этник руслар (24 000 дан 16 024 нафари) ташкил қилади, улардан кейинги ўринларда немислар (2300 киши) ва қозоқлар (1427 киши) жойлашган. Салкам бир ярим минг қозоқдан қарийб 600 нафари эмиграция учун Россияни танлаган.

Статистикага қараганда, миграция кайфияти Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларида ва Олмаотада кучли.

Россия давлат статқўми шу йил 1 октябрда эълон қилган маълумотга кўра, мамлакат аҳолиси 146,3 миллион кишини ташкил этади. Бу йил бошидаги кўрсаткичдан 192,4 минг кишига кам. 2015 йилдан бери туғилиш камаймоқда.

Демография вазиятни яхшилашга қаратилган турли дастурлар, жумладан “она капитали”нинг жорий этилиши сезиларли натижа бермади. Россия ҳукумати муаммони ҳал қилиш учун хориждан мигрантларни таклиф этишга қарор қилди ва аёлларга аборт қилдиришни қийинлаштириб қўйди.

Россия демографлари ҳисоб-китобича, аҳолини 146 миллион салмоқда сақлаб туриш учун Россия ҳар йили 1,1 миллионгача мигрант жалб қилиши керак. Акс ҳолда эса, энг тушкун башоратларга кўра, 2100 йилга бориб аҳоли 67,4 миллионгача қисқариши мумкин. Россиянинг халқаро миграцияга оид статистик маълумотларига қараганда, жорий йилнинг январидан сентябрига қадар 412 мингдан зиёд киши Россияга кўчиб келиб, 323 мингдан ортиқ одам кўчиб кетган. Уруш бошланган 2022 йилда 622 минг киши доимий яшаш учун Россияга келган ва шунча одам мамлакатни тарк этган.

Путиннинг Қозоғистон президенти исмини адаштириши тасодифми ëки...?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

“Ўрмалаётган оккупация”

PaperLab тадқиқотчиси ва сиёсатшунос Анастасия Решетняк Кремлнинг қарорини сиёсий популистик ҳаракат дея баҳолайди. У Путиннинг мазкур фармонини 2024 йил 15–17 март кунларига белгиланган Россия президенти сайлови билан боғлайди.

“Украина фронтида мақтанишга арзигулик ғалабалардан дарак йўқлигини ҳисобга олиб, Путинга овоз берадиганларни топишнинг бошқа йўлларини излашга мажбур бўлишяпти. Уч “дўст” мамлакат – Беларус, Қозоғистон ҳамда Молдова фуқароларига паспорт бериш соддалаштирилиши – Путин Россиясига мафтун кишиларни жалб этиш ва шу орқали сайлов натижаларига таъсир этишга уринишдир”, дейди у Озодлик билан суҳбатда.

Путин имзолаган Қозоғистон, Молдова ҳамда Беларус фуқароларининг Россия паспортини олишини соддалаштиришга доир ҳужжат шундай сўзлар билан бошланади: “Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида, халқаро ҳуқуқнинг умум тан олинган принциплари ва нормаларига таяниб, РФ федерал қонунига мувофиқ қарор қилдим...”

Анастасия Решетняк ушбу жумлаларни Россия ҳукумати учун ҳужжатнинг энг муҳим қисми, деб ҳисоблайди.

“Россия популистлари томонидан бу сўзлар номлари келтирилган мамлакатларда инсон ҳуқуқлари, айниқса русийзабон аҳоли ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида яна бир карра жар солиш мақсадида қўлланса ажаб эмас”, дейди у.

Россиядаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ўзбекистонлик Валентина Чупик фикрича, Россия чегарадош мамлакатларни “секин-аста оккупация қилишни кўзлаган”.

“Бу “азалий рус ерлари”ни Абхазия сценарийси бўйича секин-аста, ўрмалаб келиб босиб олиш учун қилинаётгандек, назаримда. Қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартишдан жуда кам қозоғистонликлар фойдаланади, аммо бу ёш эркакларни тўп еми қилиш манбаи эмас”, дейди ҳуқуқ фаоли.

Шунга ўхшаш фикр билдирган қозоғистонлик сиёсатшунос Досим Сатпаев Кремл қарорини “мамлакат ичидаги бешинчи колоннани дастаклаш” деб тушунади.

“Марказий Осиё, хусусан Қозоғистонда шунақа фикр-хаёлдаги одамлар салмоғи каттагина. Энг аввало, Россия билан чегарадош ҳудудларда яшовчилар ҳақида гап бормоқда. Яъни, бу географик омил. Қозоғистонда Путин тарафдорлари, Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватловчилар оз эмас”, дейди эксперт.

Сатпаевга кўра, Россиянинг ушбу сиёсати Қозоғистон миллий манфаатларига терс.

“Бу Россия тарафидан махсус хизматлар орқали олиб борилаётган жуда катта, тизимли ва пухта ўйланган иш. Ва унга ниҳоятда ҳушёрлик билан қараш керак. Бунақа сиёсат Қозоғистон миллий манфаатларига зидлигини тушуниш лозим”, огоҳликка чорлайди Сатпаев.

Россия 1990-йиллар охирларидан, Грузиядан деярли ажралиб чиққан Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисига паспорт бера бошлаган эди. 2008 йил августда Жанубий Осетияда аҳолининг камида 97 фоизини Россия фуқаролари ташкил қилган. 8 август куни ўша пайтдаги Россия президенти Дмитрий Медведев “қаерда бўлишидан қатъи назар Россия фуқароларининг ҳаёти ва шаънини муҳофаза қилиш” баҳонасида ЖанубийОсетияга қўшин киритган. Ўша йили Россия Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олган. Кремл Украинанинг оккупация қилинган жанубий ҳудудларида яшовчиларга ҳам ёппасига фуқаролик бермоқда.

Фуқароларига соддалаштирилган тартибда Россия паспортини олиш ҳуқуқи берилган мамлакатлар орасида Молдова ҳам борки, унинг Днестрбўйи региони 30 йилдан бери ўзини мустақил деб ҳисоблайди. Россия “регион аҳолисини рус оламига интеграция қилиш”, “русийзабонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” масалаларини тез-тез кўтаради. Айрим маълумотларга кўра, Днестрбўйи аҳолисининг қарийб ярми – Россия фуқароларидир. Россиянинг қарори Днестрбўйи устидан назорат ўрнатишга интилаётган Молдовага жиддий зарба бўлиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG