Линклар

Шошилинч хабар
11 июн 2023, Тошкент вақти: 03:01

Халқаро хабарлар

HRW Қозоғистонни Олмаотада намойишчиларга қарши ўқ узилиши ҳолатини диққат билан тергов қилишга чақирди

Олмаота манзараси.2022 йил 19 январь.

Хьюман Райтс Вотч – HRW халқаро ҳуқуқ ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини оммавий намойишлар ва тартибсизликлар пайтида Олмаотада тинч аҳолига нисбатан полиция ходимлари томонидан ўқ отилганини диққат билан тергов қилишга чақирди.

“Хавфсизликни сақлаш кучлари ҳеч қандай асосларсиз тинч аҳолига қарата ўқ отгани ва тинч аҳоли вакилларидан камида 10 кишини ўлдиргани тўғрисида етарли даражада далил ва исботлар мавжуд. Намойишни бостириш пайтида ҳеч қандай асосларсиз отиб ўлдирилган шахслар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши таҳмин қилинади. Мазкур ҳолат тезкор ва самарали тергов ўтказилишини талаб қилади”,-дейилади 26 январда эълон қилнган баёнотда.

Манғистау вилоятидаги Жанаўзен шаҳри аҳолиси 2 январда газ нархи қимматлаганига қарши норозилик намойишига чиққан эди. Мазкур намойиш бир неча кун ичида мамлакатнинг барча ҳудудларига ёйилиб кетган.

Олмаотадаги норозилик намойишлари оммавий тартибсизликлаларга айланиб кетгани баҳонасида кучишлатар тузилмаларга президент Тоқаев огоҳлантиришсиз ўқ отиш ҳуқуқини берган эди.

Кун янгиликлари

Швеция ўз ҳудудида НАТО қўшинлари жойлаштирилишига изн берди

Швеция ҳали НАТОга расман аъзо бўлмай туриб ҳам ўз ҳудудида Шимолий альянс қўшинлари ва ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига рухсат берди. Бу ҳақда 9 июнь куни мамлакат бош вазири Ульф Кристерссон ва мудофаа вазири Пол Юнсон маълум қилишган.

Уларга кўра, бу “ҳозирлик чоралари”дир. Dagens Nyheter газетасида чоп этилган мақолада мулозимлар НАТО қўшинларининг Швецияда жойлаштирилиши мамлакатнинг мудофаа қобилиятини оширади ҳамда “Россияга аниқ-равшан сигнал” бўлади.

Уларнинг қайдича, яқин келажакда Россия қўшни мамлакатлар учун хавф-хатар манбаи бўлиб қолади, чунки Россия президенти Владимир Путиннинг “ҳудудий даъволар”ини башорат қилиб бўлмайди.

Швеция ва унга қўшни бўлган Финляндия Россия қўшинлари ўтган йилнинг февраль ойида Украинага бостириб кирганидан кейин узоқ йилдан буён содиқ қолиб келган нейтралитетдан воз кечишиб, НАТОга аъзо бўлиш истакларини билдиришган.

Жорий йилнинг апрель ойида Финляндия расман Шимолий Атлантика иттифоқининг 31-аъзосига айланган. Швеция ҳали ҳам аъзоликка номзод мақомида қолмоқда: унинг НАТОга аъзо бўлишига ҳали Туркия ва Венгрия ўз розилигини берган эмас.

Душанбеда Тожикистоннинг энг катта масжиди очилди

Душанбеда очилган энг йирик масжид

Душанбеда 8 июнь куни Тожикистоннинг энг йирик масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, масжиднинг очилиш маросимида мезбон президент Эмомали Раҳмон билан пайшанба куни Душанбега икки кунлик давлат ташрифи билан келган Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ас-Соний иштирок этган.

Тожикистон расмийлари бу йирик масжиднинг қурилишини мамлакатда диний эркинликка риоя қилинаётганига мисол ўлароқ кўрсатишмоқда, бироқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ғарб мамлакатлари тожик ҳукуматини диндорлар эркини чеклаётгани учун танқид қилиб келишади.

Янги жомеъ масжидининг қиймати, расмий маълумотларга кўра, 100 миллион долларни ташкил этган, бу маблағнинг 70 фоизини Қатар тақдим этган, 30 фоизи эса Тожикистон ҳукумати томонидан молиялаштирилган.

Масжид бир вақтнинг ўзида 133 минг намозхонни сиғдириши мумкинлиги, бундан 43 минги масжид биносининг ичида бўлиши айтилмоқда. 12 гектар майдонни эгаллаган жомеъ баландлиги 74 метр келадиган тўртта ва 21 метр келадиган иккита минораси бор. Масжиддаги асосий гумбазнинг баландлиги 43 метрни, 17 кичик гумбазлар баландлиги эса 35 метрни ташкил этади. Мажмуа катта ва кичик намозхоналар, кутубхона, музей, конференц-зал ва меҳмон қабул қилишга мўлжалланган залдан иборат.

Масжиднинг тамали ҳанафия мазҳаби асосчиси имом Абу Ҳанифанинг 1310 йиллиги нишонланган 2009 йил октябрида президент Эмомали Раҳмон томонидан қўйилган.

Жомеъ қурилиши 2011 йили бошланиб, 2019 йил кузида якунланган. Бироқ масжиднинг очилиши номаълум сабабларга кўра 2020 йил мартига кўчирилган. Кейинроқ коронавирус пандемияси туфайли очилиш маросими номаълум муддатга қолдирилган эди.

Қирғизистонда икки музликка БАА ва Саудия Арабистони асосчилари номи берилди

Қирғизистондаги музликлардан бири.

Қирғизистон парламенти 8 июнда Иссиқкўлдаги Ақшийрак чўққисида жойлашган 354-сонли музликни Бирлашган Араб Амирликлари асосчиси ва биринчи президенти шайх Зайд бин Султон Ол Нахаённинг исми билан аташ тўғрисидаги қонуни биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар берди.

Kaktus media нашрининг ёзишича, шу куни парламент қабул қилган қонун билан Ақшийрак чўққисидаги яна бир музликка Саудия Арабистони асосчиси қирол Абдулазиз ибн Абдураҳмон ибн Файсал Ол Сауд номи берилди.

Парламентдаги мухолифатчи депутатларнинг айримлари мазкур қонун қабул қилинишига қарши чиқди. Аммо депутатларнинг кўпчилиги музликларга БАА ва Саудия асосчиларининг номи берилиши бу мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтиб, қонунни маъқуллади.

Ўтган йилнинг ноябрида президент Садир Жапаров 354-музликка шайх Ол Нахаённинг исмини бериш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Шундан сўнг БААнинг амалдаги президенти Муҳаммад бин Зайд ол Нахаён Қирғизистонга миннатдорчилик билдиргани хабар қилинган.

1966 йилда Абу-Дабинин 17-амири бўлган шайх Зайд бин Султон Ол Нахаён БААнинг асосчиси ва 1971-2004 йилларда унинг биринчи президенти бўлган.

Саудийларнинг 14-сулоласи вакили Абдулазиз ибн Абдураҳмон ибн Файсал Ол Сауд Саудия Арабистони асосчисидир ва 1932—1953 йилларда қироллик қилган.

Руминия Россия элчихонаси ходимлари сонини кескин қисқартирди

Россиянинг Бухарестдаги элчихонаси.

Бухарест Москвадан Руминиядаги элчихонаси ходимлари сонини 40 кишига қисқартиришни талаб қилди. Россия элчихонасидаги дипломатлар ва техник ходимлар сони Руминиянинг Москвадагши элчихонасида ишловчилар сони билан тенг бўлиши лозим. Бу ҳақда Руминия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Умуман олганда, Россия элчихонадаги штатлар сонини 50 кишига қисқартириши лозим эди. Бироқ барча лавозимлар ҳам банд эмаслигидан келиб чиққан ҳолда, Руминияни 11 дипломат ва 29 техник ходим тарк этади. Бу эса элчихонада ишловчиларнинг ярмидан кўпинини ташкил қилади. Уларга мамлакатдан чиқиб кетиш учун 30 кунлик муддат берилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Руминияга муносиб жавоб қайтарилишини билдирди.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Руминия Москвага нисбатан жорий этилган санкцияларга қўшилди. Ўтган йили Бухарест бир неча рус дипломатини бадарға қилган ва россияликларга виза беришни чеклаган эди.

WSJ: Хитой АҚШни кузатиш учун Кубада махфий база ташкил этади

АҚШдаги Куба элчихонаси.

Хитой АҚШни кузатиш учун Кубада махфий база ташкил этади, деб ёзди The Wall Street Journal ўта махфий ҳужжатлар билан таниш манбасига таянган ҳолда. Пекин база учун Кубага бир неча миллиард доллар тўлаб беради.

Нашр манбаларига кўра, база радиолокациявий разведкани олиб боради. Жумладан, маълумотларни тутиб қолиш, турли каналлар орқали олиб борилаётган ўзаро мулоқотларни тинглаш базанинг вазифаларидан бири ҳисобланади.

Манбаларнинг айтишларича, Хитой базаси АҚШнинг Флорида штатидан 160 километр узоқликда қурилади ва бу ердаги Америка ҳарбий базалари ҳамда кемалар ҳаракатини бемалол кузата олади.

Кубада Хитой ҳарбий объектининг пайдо бўлиш эҳтимоли Оқ Уйни ташвишга солмоқда, деб ёзди The Wall Street Journal. Манбаларга кўра, Вашингтон Пекинни ўзининг асосий иқтисодий ва ҳарбий рақиби сифатида кўради.

Нашр манбалари бошқа тафсилотларни ошкор этмади. АҚШдаги Хитой ва Куба элчихоналари ҳам бу хабарга муносабат билдирмади.

Британия Украинага бостириб кирган Россияни дастаклаётгани учун Беларусга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди

Александр Лукашенко

Буюк Британия расмийлари Украина урушида Кремль режимини қўллаб-қувватлагани учун Беларусга қарши санкция рўйхатини кенгайтирди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати сайтида билдирилган.

Ёйинланган ҳужжатлардан келиб чиқилса, янги чекловлар Беларусдан олтин, ёғоч, каучук ва цемент импортига дахлдор бўлади.

Британия Беларусга кўп мақсадда қўллаш мумкин бўлган товарлар, саноат ускуналари ва пул купюраларини етказиб беришга ҳам тақиқ жорий қилмоқда. Шунингдек, британиялик расмийлар ғарб санкцияларини айланиб ўтишда Россияга ёрдам бераётган беларуслик жисмоний шахслар ва ширкатларга нисбатан янги чекловлар киритишяпти.

Бундан ташқари, Британия ҳукумати санкция остидаги Беларуснинг ҳукуматпараст интернет нашрларига киришни чеклаб қўяди.

Лондон расмийлари Беларусдан бўлган жисмоний ва юридик шахсларни санкция рўйхатига киритиш мезонларини ҳам кенгайтирган. Янги мезонларга мувофиқ, Британия санкция остига тушган беларусликларнинг қариндошларига нисбатан ҳам санкция киритиши мумкин бўлади.

Бу янги пакет Россиянинг ҳарбий хатти-ҳаракатига фаол кўмаклашаётган ва Украина ҳудудий яхлитлигини эътиборсиз қолдираётган Лукашенко ва унинг режимига иқтисодий босимни кучайтиради”, дея билдирган Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли.

Британия Беларусга қарши санкцияларни 2022 йил июлида киритган. Ўшанда чекловлар нефтни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар, илғор технологиялар ва зеб-зийнат ашёлари экспортини тақиқни ўз ичига олган эди. Британия расмийлар Беларусдан темир ва пўлат импортини тақиқлашган, Беларуснинг Лондонда қимматбаҳо қоғозлар чиқариши ҳам чекланган.

2022 йил октябрида Александр Лукашенко ҳарбий хавфсизлик масалаларига бағишланган кенгашда Беларусь Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий амалиёти”да иштирок этаётганини тан олган. Минск расмийлари Россия қўшинлари ўтиши ва вақтинча жойлашиши учун мамлакат ҳудудини тақдим этган, шунингдек, Беларусь ҳудудидан Украина бўйлаб зарбалар берилган. Украинага қарши урушдаги кўмак ва оммавий репрессиялар туфайли АҚШ, ЕИ ва Британия Беларусга қарши санкциялар жорий этган.

Франциядаги қуролли ҳужум чоғида ёш болалар дохил 5 киши оғир яраланди

Иллюстратив сурат

Франциядаги Анси шаҳрида қуролли ҳужум чоғида тўрт нафар ёш бола дохил камида беш киши оғир тан жароҳати олган. Пичоқ билан қуролланган ҳужумчи полиция томонидан қўлга олинган.

Ҳужумчининг шахси аниқланмоқда ва ҳали тасдиқланган эмас. BFMTV телеканали ва AFP агентлиги манбаларига кўра, ҳужумчи Франциядан бошпана сўраётган суриялик шахсдир. Унинг одамларга пичоқ билан ташланишига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Ҳужум 8 июнь куни эрталаб Ансидаги Европа боғида содир бўлган. У ерда уч ёшгача бўлган болакайлар тарбиячилари билан айланиб юргани айтилмоқда.

Франция бош вазири Элизабет Борн воқеа жойига йўл олган.

Франция президенти Эммануэль Макрон содир бўлган воқеани “бориб турган пасткашлик” деб атаган.

“Болалар ва бир катта ёшли киши ўлим билан ҳаёт орасида турибди. Миллат шокда”, дейилган Макроннинг Твиттердаги постида.

Тожикистон ЕОИИ га қўшилиш масаласи кун тартибида йўқлигини билдирди

Россия ташқи ишлар вазири 6 июнь куни президент Эмомали Раҳмон ва ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан музокаралар ўтказди.

Тожикистон ҳукумати Евросиё иқтисодий иттифоқи( ЕОИИ)га қўшилиш эҳтимолини муҳокама қилмаяпти. Бу ҳақда ТАСС Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг ахборот ва матбуот департаменти бошлиғи Шоҳина Самадийга таянган ҳолда хабар берди.

Россия ташқи ишлар вазири 5 июнда Тожикистонга келган ва 201-Россия ҳарбий базасида ўтган учрашувда Душанбе “ЕОИИга қўшилиш манфаатли эканини тез орада аниқлаб олиши”га умид билдирган эди.

Шоҳина Самадийга кўра, ЕОИИга қўшилиш эҳтимоли 6 июнда Россия расмийларининг президент Эмомали Раҳмон билан учрашувларида ҳам, ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан музокараларда ҳам кўтарилмаган.

Сергей Лавров 5 июнда Тожикистонга келган эди. У сафарини Душанбедаги 201-Россия базасига боришдан бошлади . 6 июнда эса президент Эмомали Раҳмон ва ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан музокаралар ўтказди.

Лавров Тожикистонга Россияда тожик муҳожирлари оммавий равишда қўлга олинаётган бир пайтга тўғри келди. Сўнгги ҳафталарда Россия полициячилари юзлаб тожик мигрантни қўлга олди ва калтаклади, ўнлаб тожик муҳожирлари депортация қилинди.

Россия расмийлари мигрантларга қарши амалиётлар тўхтатилганини билдирган. Аммо мигрантлар йўлларда, ресторанларда, жамоат транспортида ва иш жойларида полиция текшируви кучайгани акс этган фотосуратлар ва видеоларни жўнатишмоқда.

Владивостокда Шимолий Корея дипломатининг хотини ва ўғли бедарак кетди

Россия – Шимолий Корея чегараси.

Россия Тергов қўмитаси Владивостокдаги Шимолий Корея бош консуллиги вакилининг хотини ва ўғли бедарак кетгани ортидан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси хабар берди.

Владивостокдаги Шимолий Корея бош консуллиги вакили Цой Ен Намнинг хотини 43 ёшли Ким Кум Сун ва ўғли 15 ёшли Пак Квон Чжу консуллик биносида яшаб келган. Улар 4 июнь куни консулликни тарк этган. Ўшандан бери уларнинг қаерда экани номаълум.

Хотини ва боласи йўқолгани тўғрисида полицияга дипломатнинг ўзи маълум қилган. Полиция улар Хитойга ёки Жанубий Кореяга қочиб ўтган бўлишини эҳтимолдан соқит қилмаяпти.

Baza телеграм каналининг полиция маълумотларига таянган ҳолда хабар беришича, дипломатнинг хотини ва ўғли консулхонадан чиққач таксига ўтирган ва Хабаровскка кетган. Полиция таксичини топишга муфааффақ бўлган. Кузатув камераларидан олинган видеолар унинг сўзларини тасдиқлаган.
Amur Mash нашрининг ёзишича, дипломатнинг хотини ва ўғли Хабаровскдан самолётда Красноярскка учиб кетган.

Шимолий Корея фуқаролари Жанубий Кореяга қочиб кетиш учун кўпинча Россия чегарасидан фойдаланади. Чунки Россия – Шимолий Корея чегараси Жанубий Корея чегарасидан кўра заифроқ қўриқланади.

Қозоғистонда январь воқеалари пайтида қўлга олинган шахсни ўласа қилиб калтаклаган 7 полициячи қамалди

Январь воқеалари пайтида ағдарилган Нурсултон Назарбоев ҳайкали.

Олмаота шаҳар Алмали туман суди етти полициячини январь воқеалари пайтида қўлга олинган Жасулан Анафияевни қийнаб ўлдирганликда айбдор деб топди. Бу ҳақда Олмаота шаҳар суди матбуот хизмати хабар берди.

Жиноят кодексининг қийноққа солиш моддаси асосида судланган Аян Елубеков ва Махамбет Шинжирбаев 10 йилданга, Закир Ибрагимов 9 йилга, Нурлан Торибаев, Ардак Азимбеков ва Бейбит Жакипбаев 8 йилданга, Арнат Мирадилови 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд уларни барча унвонлардан ва давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Шунингдек, судланувчилар жабрланувчилар фойдасига 20 миллион танга (246 минг доллар) миқдорида товон пули тўлаши шарт.

Қозоғистонда газ нархи қимматлаганига қарши оммавий норозиликлар 2022 йилнинг 4 январида бошланиб кетган эди. Кейинроқ норозилик оммавий тартибсизликларга айланиб кетган ва 7 январь куни куч билан бостирилган эди. Бу воқеалар пайтида Қозоғистон илтимоси билан мамлакатга КХШТ кучлари киритилган эди.

Расман билдирилишича, январь воқеалари пайтида 238 киши ҳалок бўлган. Улардан олти нафари ҳибсхонада вафот этган. Олти фарзанднинг отаси Жасулан Анафияев улардан бири эди. Бундан ташқари минглаб одам қўлга олинган, юзлаб одам қийноққа солинганини билдиришган. Лекин қийноқлар масаласида қўзғатилган жиноят ишларининг асосий қисми тўхтатилган.

Остонада сув йўқлигидан норози аҳоли кўчани тўсиб қўйди

Сув йўқлиги туфайли кўча тўсган остоналиклар (Ulysmedia.kz видеосидан лавҳа)

Қозоғистон пойтахтида бир неча тураржой мажмуаси турғунлари сув йўқлиги туфайли 6 июнь оқшомида автомобиль йўлини тўсиб қўйишган.

Ulysmedia.kz нашри хабарига кўра, норози фуқаролар “Миллиниум парк” кўп қаватли уйи ёнидаги йўлни тўсишган. Саккиз кундан буён сувсиз яшаётганларини айтган одамлар “сув беринг” дея қичқиришган.

Норозиларнинг айтишича, сув улар яшаётган кўп қаватли уйларга тунги соат 2 дан 5 гачагина берилмоқда. Улар 37 даражали иссиқда болали оилалар ҳатто ҳожатхонага киролмаётганидан шикоят қилишган. Шунингдек, улар яқин атрофдаги дўконларда сув тез тугаб қолаётганини ҳам қўшимча қилишган.

Йиғилганлар олдига келган пойтахтнинг Олмаота тумани ҳокими Самат Мақсатули турғунлардан бироз чидаб туришни илтимос қилган ва ўзи ҳам “график асосида ювинаётгани”ни айтган.

Остона ҳокими Женис Қасимбек эса ўз видеомурожаатида бир ой ичида шаҳарда сув танқислиги билан боғлиқ барча муаммолар ҳал этилишини ваъда қилган.

Қозоғистон пойтахти аҳолиси бир неча ҳафтадан бери кўп қаватли уйларда сув йўқлигидан шикоят қилиб келишяпти. Аввалроқ бу муаммо туфайли BI Group ширкати қурган уйда яшовчи йўл тўсишган эди.

Ўшанда пойтахт ҳокимияти вакиллари сувнинг барқарор равишда берилмаётгани “шаҳар аҳолиси сонининг ошгани ва интенсив равишда қурилишлар бўлаётгани” билан боғлиқлигини билдиришган. Улар хусусий секторда яшовчилардан томорқаларини суғориш учун сувдан фақат соат 23.00 дан 06.00 гачагина фойдаланишни сўрашган ва уларга техник сув сотиб олишни тавсия қилишган.

Каховка ГЭСи тўғони ёрилишига халқаро муносабат

Тўғон ёрилиши оқибатида ўнлаб аҳоли пунктларини сув босди.

Украина президенти Владимир Зеленский Каховка ГЭСи тўғонининг ёрилишини “оммавий қирғиннинг экологик бомбаси” деб атади ва Россияни айблади.

Қремль матбуот котиби Дмитрий Песков тўғон ёрилишига Россиянинг алоқаси йўқлигини билдирди ва бу воқеани “Киев режаси асосида амалга оширилган диверсия” деб атади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш тўғоннинг ёрилиши “монументал гуманитар, иқтисодий ва экологик ҳалокат” бўлди деб билдирди.

Германия канцлери Олаф Шольц бу воқеада Москвани айблади. Шольц “Бу Украина қарши ҳужумини тўхтатиш мақсадида амалга оширилган агрессия бўлди”, деб баёнот берди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Twitter саҳифасида “Бу аблаҳона ҳаракат Россиянинг Украинадаги уруши нақадар аёвсиз эканини намойиш қилган яна бир акт бўлди”, деб ёзди.

Оқ уй расмий вакили Жон Кирби Вашингтон тўғон ёрилиши сабабларини аниқлаш учун ўрганиш ишларини олиб боришини билдирди. “Дастлабки маълумотлардан жабрланганлар борлигидан, жумладан, кўплаб одам ҳалок бўлгани эҳтимолидан хабардормиз. Лекин ҳозир уларнинг аниқ сонини айта олмаймиз”, -деди Оқ Уй расмий вакили.

Украина ҳукумати тўғон ёрилишини муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгашини чақиришни ва Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этишни сўрамоқда.

Каховка ГЭСи тўғони ёрилгани тўғрисида 6 июнь куни хабар берилган эди. Президент Зеленскийнинг билдиришича, тўғон ёрилиши оқибатида 80 та аҳоли пункти сув остида қолиши мумкин. Айни пайтда расмийлар ўндан ортиқ аҳоли пунктини сув босгани ва камида 16 минг киши эвакуация қилинганини билдирган.

1956 йилда қурилган тўғоннинг баландлиги 30 метр, узунлиги 3,3 километрни ташкил қилган. У Россия 2014 йилда аннексия қилган Қрим ярим оролини сув билан тўлиқ таъминлар эди.

Оқ Уй Каховка ГЭСи тўғонининг ёрилиш сабабларини аниқламоқчи

Оқ Уй расмий вакили Жон Кирби.

АҚШ президенти маъмурияти Каховка ГЭСи тўғони ёрилишига ким сабабчи бўлганини ҳозирча аниқ ишонч билан айта олмайди. Бу ҳақда Оқ Уй расмий вакили Жон Кирби маълум қилди. Унга кўра, Вашингтон бу воқеа юзасидан барча маълумотларни йиғади ва ўрганиб чиқади.

АҚШ ҳукуматининг икки расмийси ва Ғарбдаги бир нафар расмий манба аввалроқ NBC News телеканалига президент маъмурияти ГЭСга Россия ҳужум қилган бўлиши эҳтимоли тўғрисида разведка маълумотларига эга экани тўғрисида айтган эди.

Жон Кирби журналистнинг ГЭС тўғони ёрилиши Украинанинг қарши ҳужумга ўтишига қандай таъсир кўрсатиши тўғрисидаги саволига бу борада ҳар қандай прогнозларни қилишга ҳали эрта эканини айтди. Унга кўра, тўғон ёрилиши Украина энергетик хавфсизлигини жиддий таҳдид остида қолдириши мумкин.

Кирбига кўра, умрлари, шаҳарлари ва қишлоқлари хавф остида қолган украиналикларга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва уларга керакли ёрдам кўрсатилмоқда.

“Дастлабки маълумотлардан жабрланганлар борлигидан, жумладан, кўплаб одам ҳалок бўлгани эҳтимолидан хабардормиз. Лекин ҳозир уларнинг аниқ сонини айта олмаймиз”, -деди Оқ Уй расмий вакили.

Каховка ГЭСи тўғони ёрилгани тўғрисида 6 июнь куни хабар берилган эди. Президент Зеленскийнинг билдиришича, тўғон ёрилиши оқибатида 80 та аҳоли пункти сув остида қолиши мумкин. Айни пайтда расмийлар ўндан ортиқ аҳоли пунктини сув босгани ва камида 16 минг киши эвакуация қилинганини билдирган.

1956 йилда қурилган тўғоннинг баландлиги 30 метр, узунлиги 3,3 километрни ташкил қилган. У Россия 2014 йилда аннексия қилган Қрим ярим оролини сув билан тўлиқ таъминлар эди.

Ҳаага Халқаро судида Украинанинг Россияга даъвоси бўйича биринчи тинглов бўлиб ўтди

Ҳаагадаги БМТ Халқаро суди биноси.

БМТнинг Ҳаагадаги Халқаро суди 6 июнь куни Украинанинг Россияга даъво аризаси моҳияти юзасидан биринчи тингловни ўтказди. Украина ўз аризасида Россияни террорчиликни молиялашга қарши кураш ва ирқий дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этиш тўғрисидаги иккита конвенцияни бузганликда айбламоқда.

«Немис тўлқини»нинг хабар беришича, тингловлар 8,12 ва 14 июнь кунлари давом этади. Кейин қарор чиқариш жараёни бошланади. Халқаро суд ўз қарорини бир неча ой ичида эълон қилиши кутилмоқда. БМТ Халқаро суди чиқарган қарорни бажариш ҳар икки тараф учун мажбурийдир.

Украина аризасида қайд этилишича, ҳуқуқбузарликлар 2014-2015 йилларда содир этилган. Ҳаагадаги украин делегацияси таъкидича, Киев Москвани Украина халқини геноцид қилганлик айблови бўйича ҳам жавобгарликка тортиш воситаларига эга.

Россия делегацияси вакили бу борада журналистлар саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Санкт-Петербургда тожик ва қирғиз мигрантлар ўртасидаги муштлашув ортидан 380 киши қўлга олинди

“Лахта-Центр” қурилиш майдони ҳудудида мигрантлар ўртасида юзага келган муштлашувдан лавҳалар

Санкт-Петербургдаги “Лахта-Центр” қурилиш майдони ҳудудида тожикистонлик ва қирғизистонлик мигрантлар ўртасида рўй берган оммавий муштлашув ортидан 380 киши полиция бўлимига олиб кетилган. Муштлашув нима сабабдан юзага келгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

ВЧК-ОГПУ сайти ўз Telegram-каналида оммавий муштлашув 3 июнь оқшомида “Лахта-Центр” ҳудудидаги ошхонада бошлангани, кейин эса кўчада давом этгани ҳақида ёзган.

Мигрантлар томонидан Озодликнинг тожик хизматига йўлланган видеода муштлашув чоғида фақат муштумлар эмас, арматура бўлаклари, тош ва қурилиш каскалари ишга солинганини кўриш мумкин.

Пировардида бир қирғизистонлик касалхонага етказилган. Полиция ва Росгвардия участкага 380 чоғли одамни олиб келгани чоғида профилактика тадбирлари ўтказилганидан кейин муштлашувнинг тўрт нафар муҳтамал ташкилотчиси аниқланган”, деб ёзган ВЧК-ОГПУ.

Полиция маълумотига кўра, муштлашув ташкилотчиларининг тўртови ҳам қирғизистонлик бўлиб, улар мазкур қурилиш майдонида ишлашган. Уларнинг ҳаммаси ҳибсга олинган.

Қўлга олинган бошқа мигрантларнинг тақдири ҳақида маълумот берилган эмас.

Буюртмачиси ва инвестори “Газпромнефть Восточно-Европейские проекти” ширкати бўлиб ҳисобланган “Лахта-Центр” қурилиш объектларида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари дохил минглаб киши ишлайди.

Жорий йилнинг 19 майида полиция махсус бўлинмаси Санкт-Петербургдаги “Лахта-Центр” қурилиш майдонида бир гуруҳ меҳнат муҳожирини қўлга олган, қўлга олиш чоғида уларнинг айримларига нисбатан куч ишлатилган. Ўшанда Озодликнинг тожик хизматига ОМОНчилар бир неча мигрантни автобусга жойлаётгани акс этган видео келиб тушган.

Видеода полициячилар бир ёш йигитни ерга ётқизиб, қўлини орқасига қайирганини кўриш мумкин. Мигрантлар махсус бўлинма ходимлари хатти-ҳаракатлари ноқонунийлиги ва йигитнинг ёнида ҳужжатлари борлигини айтиб, норозилик билдирганларидан кейингина йигит ўрнидан турғазилиб, полиция участкасига олиб кетиш учун автобусга тиқилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG