Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2018, Тошкент вақти: 20:35

Тармоқда нотаниш рэпчининг ҳижобни мадҳ этувчи ашуласи тарқамоқда


Ўзбекистонда ҳижоб ҳақида реп айтилди

Ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида ҳижоб мавзуси қизғин муҳокамага сабаб бўлаëтган айни кунларда Young zapik тахаллусли номаълум рэппернинг “Ҳижобли аëл” деган ашуласи пайдо бўлди. Жорий ҳафта Telegram ва Youtubeда тарқай бошлаган бу қўшиқ муаллифининг шахси жамоатчиликка ошкор этилмаëтир. Озодликка маълум бўлишича¸ ушбу қўшиқ диндор қатламнинг 5 сентябрь куни “рўмолли аëллар ҳимоясига бағишлаб” Ўзбекистон бўйлаб ўтказиши режаланган флешмоби гимни сифатида айтилган.

Ҳижобли қизга муҳаббат изҳори

Қўшиқ рэпернинг “ҳижобли қизни ўраш (танишиб олиш) истаги акс этган жумла билан бошланади.

Ҳижоби ярашади ўзига

Мен эса қаролмайман юзига

Ҳижобли гўзални ўрагим келар

Нега севгим айтолмайман ўзига?

"Қўшиқ"нинг кейинги қаторида “ҳижобли қизнинг тақвоси” тараннум қилинади.

Ҳар куни беш вақт номоз

Кўксида севги Оллоҳ

Ҳар номозида яқинларига

Сўрайди Оллоҳдан паноҳ.

Ҳижобли аëлни севиб қолган лирик қаҳрамон тилидан куйлаган рэпер бу қизнинг “уйида ўз тақдирига ëзилган ëрни хотиржам кутиб ўтириши¸ ҳаë ва иболи эканини” алоҳида таъкидлайди.

Қўшиқда “ҳижобдан жаннат ифори тарқалиши”¸ “ҳижобли қизнинг Оллоҳга яқинлиги” ҳақидаги реклама слоганига яқин жумлалар такрорланади.

Young zapik тахаллусли рэппернинг бошқа қўшиқлари¸ хусусан “Интернет маликаси” қўшиғида диндор бўлмаган ва интернетда кўп ўтирадиган қизларнинг хиëнатга мойиллиги¸ вафосизлиги “уқтирилади".

Исëнми?

Ҳуқуқ тизимларининг эҳтимолий таъқибидан қўрқиб исми айтилмаслик шарти билан Озодликка гапирган Миср мадрасаларидан бирида ўқиган тошкентлик блогер бу рэпнинг ҳижоб ҳимоясига уюштирилиши режаланган флэшмоб гимни сифатида айтилганини билдирди.

"Биласиз¸ Вазирлар Маҳкамаси мактабларда ягона форма жорий қилиш ҳақида 666-сонли қарорни қабул қилди. Мамлакат фуқароларида ҳукумат қарорига қарши тинч намойиш ўтказиш борасида конституцион ҳуқуқ бор. Шу ҳуқуқ асосида 5 сентябрь куни рўмол ўраш ва ҳижоб кийиш ҳуқуқини талаб қилиб тинч намойишлар режаланган эди. Аммо ҳукумат бунга йўл бермади. Ўша тадбирда бу қўшиқ барчани бирлаштирувчи лейтмотив бўлсин¸ деб қабул қилинган эди. Ўхшамай қолди"¸ деди тошкентлик блогер.

Тошкентлик психолог¸ оммавий ғалаëнлар чоғида руҳий ҳолат мавзусида тадқиқот олиб боратган Дилафрўз Давлетова Озодлик билан суҳбатда интернетнинг ўзбек сегменти догматик ва тоқатсиз юзерлар майдонига айланганини таъкидлайди:

- Реал ҳаëтда ўз фикрини изҳор қилишга имкони бўлмаган ўзбек радикал диндорлари ўз ичидаги пар (буғ)ни тармоқда чиқаришмоқда. Бу қўшиқ шунга мисол. Қўшни республикаларда эса диндор догматикларга қарши исëн аломатлари бор. Масалан¸ тожик рассоми Маърифат Давлатованинг яланғоч қизларни тасвирлагани ëки қирғиз қўшиқчиси Зеранинг сийнабанд билан ашула айтгани ҳам ўзига хос исëндир¸ дейди суҳбатдош.

“Бу каби исëнларнинг тармоқда бўлгани ҳаëтда бўлганидан кўра маъқулроқдир”¸ деб қўшиб ўтади бу таҳлилчи.

Мулозимлар маъқулламайди

Ўзбекистонда қўшиқчилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи "Ўзбекконцерт"нинг 21 сентябрь куни Озодлик суҳбатлашган ходими Young zapik исмли рэпчининг лицензия олган қўшиқчилар рўйхатида йўқлигини айтди.

Исми эфирда айтилишини истамаган мулозим “ҳижобни пропаганда қиладиган қўшиқларни ижро қилишга” расман изн йўқлигини ҳам тушунтирди.

Унга кўра¸ ўтган ой "Ўзбекконцерт"да бўлган йиғилишда айнан шу масала муҳокама қилинган.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасасида "Миллий эстрада санъатининг ёшлар маънавий, ахлоқий тарбиясидаги ўрни ва санъаткор одоби" мавзусида бўлиб ўтган тадбирда диний қўшиқлар айтган¸ ҳижоб ўраб расмга тушган ва соқол қўйган қўшиқчилар танқид қилинди"¸ дейди мулозим.

Диндорлар ҳам қарши

Ўзини Форуқ Умар деб таништирган тошкентлик 21 яшар талаба “ҳар қандай қўшиқ¸ шу жумладан ҳижоб тараннум қилинган қўшиқ" ижросига қарши эканлигини айтади.

"Исломда фақат уруш пайтида ноғора чалишга изн бор. Сиз айтган қўшиқ ҳозир тарқалиб юрибди Telegramда. Баъзи мусулмонлар буни билиб-билмай тарғиб қилиб гуноҳга ҳам ботaяпти"¸ дейди асл исмини очиқлашни истамаган бу суҳбатдош.

Унга кўра¸ “бир қўшиқчининг ҳижобдаги иболи қизни "ўраб"¸ севги изоҳ қилишга уринишининг ўзиëқ беҳаëликдир”.

Ўзбек рэперининг “ҳижобни тарғиб қилган” қўшиғи тарқалган бир пайтда Доғистонда рэп "исломга зид ахлоқсизлик" деб топилди.

Россиянинг энг консерватив жамиятларидан бири бўлган Доғистон рэперлар ва бошқа эстрада хонандалари учун тақиқ жорий қилинган ҳудудга айланиши мумкин.

Ўзбекистонлик рэппер MC Doniнинг 8 сентябрь¸ Эл-Жей ва эстрада хонандаси Егор Криднинг 9 сентябрда Махачқалада ўтказилиши мўлжалланган концертлари хавфсизлик хавотирлари ортидан бекор қилинди. Бунга тадбир олдидан ижтимоий тармоқларда авж олган ҳақорат ва турли таҳдидлар сабаб бўлди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG