Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:36

73 000 га яқин Роҳинжа мусулмони Мьянмани тарк этиб, Бангладешга қочиб ўтди


Mьянма. 2017 йил, 25 августда олинган бу суратда Роҳинжа мусулмонлари яшаб турган жойларини тарк этаётган пайт акс этган.
Mьянма. 2017 йил, 25 августда олинган бу суратда Роҳинжа мусулмонлари яшаб турган жойларини тарк этаётган пайт акс этган.

Мьянмадаги зўравонликлар оқибатида 73 мингга яқин Роҳинжа мусулмонлари мамлакатни тарк этиб, қўшни Бангладешга қочиб ўтди. Бу ҳақда 3 сентябр куни БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги маълум қилди.

Қочқинлар бўйича Олий Комиссар матбуот котиби Вивнан Тан рохинжа мусулмонлари 25 август куни зўравонликлар бошланганидан сўнг оммавий равишда Бангладешга қочишга мажбур бўлганларини айтди.

Роҳинжа мусулмонлари ва Мьянма ҳукумати зўравонликлар бошланиб кетишида бир-бирларини айбламоқдалар. Ҳукумат асосий қисми жанггарилар бўлган 400 мусулмон ўлдирилганини билдирмоқда.

Қочқинлар ҳарбийлар ва бутпарастлар Рохинжа вилоятига ҳужум қилганларини ва тинч аҳолини қиришни бошлаганларини айтмоқдалар.

Маълумотларга қараганда, можаро 25 август куни Роҳинжа қўзғолончилари полиция идорасига ҳужум қилгандан сўнг авж олиб кетган.

Ҳукумат қўшинлари улар ҳужумига жавобан кенг қамровли ҳарбий амалиёт бошлади. Оқибатда 90 минг роҳинжа Бангладешдан бошпана топишга мажбур бўлди.

Аҳолиси асосан буддавийлик динига эътиқод қиладиган Мьянмада Роҳинжа элати камчиликни ташкил қилади. Улар сиқувга олинаётганидан шикоят қилмоқда.

Роҳинжа қочқинларидан бири шундай дейди:

– Буддавийлар бизни қирғин қилмоқда. Уйларимизни ёқиб юборди, бизга қарата ўқ узишди, улар эримни отиб ўлдирди.

Мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Ракҳайн штатида элатлараро можаро анча йиллардан бери давом этмоқда.

БМТ жорий йилнинг февраль ойида Мьянма ҳукуматини Роҳинжа мусулмонларини оммавий қирғин қилганлик ва аёлларини зўрлаганликда айблади.

Ҳозирга келиб эса, вазият ўта кескинлашиб кетди.

Ҳозирда буддавийлар орасида ҳам қочқинлар бор. Улар қўшни монастирлардан бошпана топди.

Буддавий қочқин:

– Бошимдан тилло сочса ҳам, энди мен у ерда яшамайман. У ерга фақат мусулмонлар бўлмаса, қайтиб бораман. Токи мусулмонлар бор экан, қайтиб борадиган аҳмоқ йўқ. Юрагим эзилиб кетяпти. Улар эримни бўғизлаб ўлдирди.

Мьянма телевидениеси ҳукумат раҳбари Аун Сан Су Чжи БМТ собиқ бош котиби Кофи Аннан билан учрашгани ва можарони ҳал этишда ундан сўрагани ҳақида хабар тарқатди.

Су Чжи – Нобель-Тинчлик мукофоти лауреати, аммо Роҳинжа мусулмонлари сиқувга олинаётгани хусусида ўз фикрини баён қилмаётгани обрўсига путур етказди.

Аннан қонли жиноятга қўлган урган кишилар суд олдида жавоб бериши шартлигини таъкидлади. Унинг бу сўзлари Мьянмада норозиликларга сабаб бўлди.

Су Чжи ҳукумати эса, террорчиларга қарши курашяпмиз, деб ҳисоблайди.

Таунг Тун, Мьянманинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси:

– Биз террорчилик амалиётида қатнашаётганлар ҳам, уни режалаштириб, маблағ билан таъминлаётганлар ҳам суд олдида жавоб беришига эришамиз.

Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Human Rights Watch ташкилоти Роҳинжа вилоятидаги битта қишлоқда 700дан ортиқ уй ёндириб юборилгани акс этган суратларни эълон қилди.

Айрим маълумотларга қараганда, бугунги кунда Бангладеш билан Мьянма чегарасининг зўравонлик тўхтамаётган нариги тарафида ўн минглаб қочқин тўпланиб қолди.

2012 йилда бутпарастлар ва Роҳинжа мусулмонлари ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувлар пайтида юз минг мусулмон мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган эди.

XS
SM
MD
LG