Линклар

Шошилинч хабар
23 март 2023, Тошкент вақти: 18:38

Ўзбекистон хабарлари

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистонга киритилмади

Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлекан Исмаилова.
Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлекан Исмаилова Ўзбекистонга қўйилмади. Бу ҳақда Евросиёда фундаментал эркинликларни ҳимоя қилиш коалицияси ўзининг Фэйсбукдаги саҳифаси орқали хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси кеча Бишкекдан Тошкентга учган пайтда аэропортда тутиб қолинган.

Исмаилованинг дўстлари ҳуқуқ фаоли билан алоқа ўрнатолмаётганлари, бироқ ундан электрон хабар олганларини айтганлар.

“Мен Тошкент аэропортида тутиб қолиндим. Менга “қора рўйхат”да эканимни айтишди, бошқа ҳеч нарса дейишмади. Милиционерлардан бири бир ҳафтадан кейин депортация қилинишимни билдирди”, деб ёзган Тўлеқан Исмаилова ўз хабарида.

Кейинроқ Исмаилованинг ҳамкасблари Тошкент аэропорти навбатчиси билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлишган. У ҳуқуқ фаолининг ушланганини тасдиқлаган ва Исмаилова Бишкекка кетадиган илк рейс билан депортация қилинишини маълум қилган.

Кун янгиликлари

ФВВ: Яқин кунларда зилзила содир бўлиши мумкинлигига оид хабарлар ёлғон

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда яқин кунларда зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақида сохта хабарлар тарқалаётганига эътибор қаратиб, ўзбекистонликларни бундай ёлғон хабарларга ишонмасликка чақирди.

Бугунги кунда дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва ҳатто тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмас”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Айни пайтда вазирлик Ўзбекистон сейсмик фаол зонада жойлашгани сабабли мамлакатда баъзи пайтларда ер силкинишлари содир бўлиб туришини эслатган.

Ўзбекистонда шу кунларда кучли зилзила содир бўлиши мумкинлигига оид ваҳимали хабарлар 21 ва 23 март кунлари минтақада юз берган шиддатли ер силкинишлари ортидан кўпайган.

Озодлик аввалроқ хабар қилганидек, 21 март оқшоми Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 магнитудали зилзила кузатилиб, ер силкиниши кучи Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида 4 баллдан 6 баллгача етган. 23 март туни Тожикистонда рўй берган 6 магнитудали зилзила ортидан эса Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида 4-5 балли ер силкинишлари қайд этилган.

GTI ҳисоботи: Ўзбекистон террор таҳдиди бўлмаган мамлакатлар қаторидан чиқди

Иллюстратив сурат

Сиднейдаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ёйинланган Global Terrorism Index 2023 (Жаҳондаги терроризм индекси 2023) ҳисоботида Ўзбекистон террорчилик хавфи жуда паст бўлган мамлакатлар қаторидан жой олди.

Террор хатари рейтингида Ўзбекистон 163 та давлат орасида 70-ўринга қўйилган. Дунёдаги террор хавфи 0 дан 10 баллгача белгиланган ҳисоботда Ўзбекистондаги террор хавфи экспертлар томонидан 1.731 га баҳоланган.

Бунгача Ўзбекистон қатор йиллар давомида террорчилик хатари мутлақо бўлмаган мамлакатлар қаторида бўлиб келган, мамлакатдаги террор хавфи нолга тенг деб баҳоланган эди.

Терроризм хавфи бўйича Марказий Осиё минтақасидаги давлатлардан фақат Тожикистондагина (50-ўрин) аҳвол Ўзбекистондагидан ёмонроқ. Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бу йилги ҳисоботда ҳам террорчилик хавфи мутлақо бўлмаган мамлакатлар қаторида қолаверган.

Рейтингда террор хатари энг кучли деб топилган Афғонистон 1-ўринга қўйилган. Ҳисоботга мувофиқ, Бункина Фасога 2-ўрин, Сомалига эса 3-ўрин берилган.

Толибон Амударёдан сув оладиган Қўштепа каналини “Ўзбекистон билан ҳамжиҳат қуриши”ни билдирди

Толибон ҳукумати бош вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар

Толибон ҳукумати бош вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар Кобулга келган Ўзбекистон делегацияси билан музокаралар натижалари тўғрисида маълумот берар экан, сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Бародарнинг твиттер саҳифасида ёзишича, музокаралар чоғида Ўзбекистон томони “Қўштепа каналини қуриш бўйича техник ҳамкорликка тайёр эканини билдирган”.

Бародар эса бунга жавобан “Афғонистон Амударёдан сув оладиган Қўштепа каналини Ўзбекистон билан ҳамжиҳат бўлиб барпо этишга ҳозирлиги”ни айтган.

Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Қўштепа каналини қурар экан, Амударёдан сув олишда халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиши зарурлигини эслатган ва бу қурилишни поёнига еткашида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Бародар Ўзбекистон делегациясини “Кўштепа каналининг қурилиши икки томонлама муносабатларни мустахкамлашга хизмат қилишига ишонтирган”.


Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 22 март куни Кобулда Толибон ҳукумати расмийлари билан учрашгани тўғрисида хабар қилинганди.

Хабарда “учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани” айтилган, аммо унинг тафсилотлари ошкор қилинмаганди.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир.

Толибон ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.

Ўзбекистон Толибон ҳукумати билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Ўзбекистон делегациясига Абдулазиз Комилов раҳбарлик қилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги фотоси.

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Кобулда Толибон ҳукумати расмийлари билан учрашди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги.

Расман билдирилишича, Ўзбекистон делегацияси 22 март куни Толибон ҳукумати бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид ва бошқа расмийлар билан музокаралар олиб борди.

“Музокаралар чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалалар муҳокама қилинган”, ғдейилади расмий билдирувда.

Бундан ташқари “Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар” темир йўлини қуриш, “Сурхон–Пули-Хумри” электр тармоғини тортиш масалалари алоҳида кўриб чиқилган.

Музокараларда Ўзбекистон делегацияси афғон аёллари ҳуқуқларини таъминлаш, уларга таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани айтилди.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир.

“Толибон” ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.

Ўзбекистонда яна ер қимирлади. Бу 6 соат ичида содир бўлган иккинчи зилзила

21 март куни Афғонистонда юз берган зилзилада вайрон бўлган уйлардан бири.

Ўзбекистоннинг бешта ҳудудида 23 март куни Тошкент вақти билан 07:53 да Тожикистонда содир бўлган навбатдаги зилзиланинг кучи сезилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг билдиришича, зилзила координаталари 39,37 градус шимолий кенгликда, 69,79 градус шарқий узунликда бўлган. Магнитуда М=4,9. Чуқурлик 15 километр.

Зилзила эпицентри Тошкентдан 216 км узоқликда, жануби-шарқий йўналишда, Тожикистоннинг Сўғд вилоятида жойлашган.

Ўзбекистон ҳудудида зилзиланинг кучи Сирдарё вилоятида 2−3 баллни, Жиззах, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2 баллни ташкил қилган.

Аввалроқ Тожикистонда 23 март куни Тошкент вақти билан соат 01:07да 6 магнитудали зилзила содир бўлгани хабар қилинган эди.

Зилзила кучи Сирдарё, Фарғона, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллни, Наманган, Андижон ва Самарқанд вилоятларида 4-5 баллни, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида 4 баллни ташкил этган.

Озодлик аввалроқ 21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 магнитудали зилзила кузатилгани, ер силкиниши кучи Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида 4 баллдан 6 баллгача бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Тожикистонда шиддатли ер силкиниши кузатилди, зилзила кучи Ўзбекистонда 4-5 баллга етди

Рамазон ойининг илк тунида Тожикистонда 6 магнитудали зилзила содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, ер силкиниши 23 март - Тошкент вақти билан тунги соат 01:07 да рўй берган.

Марказ қайдича, зилзила эпимаркази жанубий-шарқий йўналиш бўйича Ўзбекистон пойтахтидан 217 километр нарида бўлган.

Зилзила кучи Сирдарё, Фарғона, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллни, Наманган, Андижон ва Самарқанд вилоятларида 4-5 баллни, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида 4 баллни ташкил этган.

Бу сўнгги суткаларда юз берган шиддатли зилзилаларнинг иккинчисидир. Озодлик аввалроқ 21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 магнитудали зилзила кузатилгани, ер силкиниши кучи Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида 4 баллдан 6 баллгача бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Президент Мирзиёев май ойи бошида Германияга сафар қилмоқчи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг январь ойида Германияга сафар қилган эди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг май ойи бошида Германияга сафар қилишни режалаган. Бу ҳақда президент 21 март куни Ўзбекистондаги маданий марказлар раҳбарлари билан мулоқот чоғида Немис маданий маркази раиси Лена Мироновага мурожаатан айтган.

1−2 май кунлари ташрифим бор. Дўстим Штайнмайер (Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер — таҳр.) таклиф қилди. Мен албатта у ерда бўламан”, дея иқтибос келтирган Мирзиёев сўзларидан Газета.uz нашри.

Ўзбекистон президент Германия билан алоқалар ҳеч қачон бугунгидай бўлмаганини қайд этган.

У ерда бизни тўғри тушунишади ва мен буни жуда қадрлайман. Чунки ақл устун бўлиши керак… Буларнинг ҳаммаси бўлмоқда. Энг ёмон ҳолатда ҳам ўзимиз учун хулоса чиқаришимиз керак, шунда тинчлик, дўстлик бўлади”, деган Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Наврўз куни Ўзбекистон президентининг Рус маданий маркази вакиллари билан ўзаро мулоқоти акс этган видео тарқалган эди. Унда ўзини қўшиқ билан кутиб олган марказ вакилларига мурожаат қилар экан, Мирзиёев уларни байрам билан табриклаган ҳамда “Қўшиқда тўғри айтилибди: Русь ва Ўзбекистон доим бирга бўлган ва ҳамиша бирга бўлади. Энг оғир пайтларда биз бирга бўлганмиз ва бирга бўламиз ҳам”, дегани кўринади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, сешанба куни Наврўз тантаналаридан кейин Ш. Мирзиёев немис ва рус маданий марказлари вакиллари билан мулоқотдан ташқари Мирзиёев қозоқ, қирғиз, турк, озарбайжон, татар, украин ва бошқа халқлар ҳунармандчилиги ва миллий маданият марказлари кўргазмаларини ҳам бориб кўрган.

CPJ Ўзбекистон расмийларини Нукус воқеаларида айбланган журналистларга чиқарилган ҳукмни бекор қилишга чақирди

Нукус воқеалари бўйича Бухорода бўлиб ўтган илк суд жараёнидан лавҳа (архив сурати)

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон расмийларини Нукус воқеалари бўйича судланмиш қорақалпоғистонлик журналистларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукмларини бекор қилишга чақирган. Бу чақириқ CPJ Европа ва Марказий Осиё дастурининг Твиттердаги саҳифаси орқали ёйинланди.

Бухоро вилоят судида 17 март куни Нукус воқеалари иштирокчиларидан яна 39 нафарига нисбатан ҳукм эълон қилингани, судланувчилардан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилгани, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Шартли равишда озод қилинганлар орасида Абдималик Хожаназаров ва Есимқан Қанаатов каби журналистлар бўлган.

Мазкур ҳукмдан бир кун аввал CPJ ўзбек расмийларига матбуот ходимларини касбий фаолияти учун судламаслик, маҳкама жараёнларида журналистлар ва уларнинг оила аъзоларини қўрқитиш ҳаракатларидан тийилиш чақириғи акс этган баёнотини очиқлаган эди.

Нукус воқеалари бўйича шу йилнинг 31 январида якунланган илк судда 22 кишига нисбатан ҳукм ўқилган, улар орасида ҳам қорақалпоғистонлик 5 нафар журналист ва блогер бўлган. Хусусан, судда асосий айбланувчи сифатида кўрилган “Ел хизметинде” нашри асосчиси Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга, Тажимуратов билан YouTube ва Telegram-каналда ҳамкорлик қилган Бахтияр Кадирбергенов ва Сейдабулла Медетов 7 йилданга қамалган, Makan.uz мустақил нашри асосчиси Лолагул Қаллиханова ҳамда “Ел хизметинде” нашрининг штатсиз мухбири Азамат Нуратдиновга нисбатан шартли жазо тайинланган.

CPJ 16 мартдаги хабарномасида мазкур журналистлар иши бўйича электрон почта орқали Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига изоҳ сўраб мурожаат қилгани, бироқ ҳеч қанақа жавоб ололмагани, Олий суд эса Нукус воқеаларига оид иш бўйича ёйинланганидан ортиқ маълумот тақдим этолмаслигини билдирганини қайд этган.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо ҳар иккала судда ҳам айбланувчилар орасида намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Март ойи ўрталарида Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган эди.

Расман: Зилзила оқибатида Ўзбекистонда вайронагарчиликлар бўлмади

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 21 март куни кечқурун юз берган шиддатли зилзила оқибатида Ўзбекистонда “ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмагани”ни ҳамда “бино ва иншоотларга зарар етмагани”ни билдирди.

“Ўз навбатида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолидан саросимага тушмасликни ва ваҳимага берилмасликни сўраб қолади”, дейилади расмий билдирувда.

21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 балли зилзила юз бергани хабар қилинган эди.

Ер силкиниши кучи Сурхондарё вилоятида 5-6 баллга, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллга, Хоразм вилоятида 4-5 баллга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 4 баллга тенг бўлган.

Маркази Афғонистонда бўлган зилзила таъсири Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилгани айтилмоқда.

Афғонистонда содир бўлган шиддатли зилзила Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб сезилди

Наврўз байрами нишонланган 21 март оқшомида Афғонистонда 6,6 балли зилзила содир бўлди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, ер силкиниши Тошкент вақти билан соат 21:47 да содир бўлган, зилзила маркази жанубий-шарқий йўналиш бўйича Ўзбекистон пойтахтидан 307 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи Сурхондарё вилоятида 5-6 баллга, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллга, Хоразм вилоятида 4-5 баллга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 4 баллга тенг бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар ва видеоларда ер силкиниши ортидан мамлакатнинг турли ҳудудларида кўплаб одам уйларидан ташқарига чиқиб олганини кўриш мумкин. Содир бўлган зилзила талафотларга сабаб бўлиб-бўлмагани ҳақида ҳозирча бирор расмий маълумот йўқ.

Бу орада Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ваҳимага ўрин йўқлиги, чунки зилзила физик геологик асосларига кўра кучли зилзиладан сўнг ундан кучли зилзила юз бермаслигини билдирган.

Маркази Афғонистонда бўлган зилзила таъсири Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиш санаси очиқланди

Ўзбекистонда бу йилги Рамазон ойи 23 мартдан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти эътиборга олинган ҳолда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланиб, 21 март куни ёйинланган қарорда айтилган.

Ҳужжатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган.

Ўзбекистон йил бошида Қозоғистондан буғдой импортини 39 фоизга оширган

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Қозоғистондан 311,4 минг тонна буғдой сотиб олган. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги мавзусида янгилик ва таҳлилий материаллар ёйинлаб борувчи “АПК-Информ” агентлиги хабар қилди.

Агентлик қайдича, Ўзбекистон январь ойида Қозоғистондан ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 39 фоизга кўпроқ буғдой экспорт қилган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўтган йили Қозоғистондан 2,5 миллион тонна буғдой ва 374,5 минг тонна ун сотиб олган. 2022 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Қозоғистондан буғдойнинг тоннасини 440 АҚШ долларидан сотиб олгани ҳақида хабарлар чиққан. Йил охирига бориб бу нарх қай даражада ўзгаргани юзасидан аниқ маълумот йўқ.

Ноябрь ойи бошида Zakon.kz сайти Қозоғистонда буғдой нархи йил бошидан буён 41,3 фоизга ошганини хабар қилган эди.

Байден Мирзиёевга Наврўз табрикномасини йўллади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жозеф Байден Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига табрик хати жўнатган.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган табрик матни “Америка халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз айёми муносабати билан энг эзгу тилакларимизни йўлламоқдаман”, деган сўзлар билан бошланган.

Табрикномада ўтган йил мобайнида Ўзбекистон билан АҚШ “умумий муаммоларни ҳал қилиш, халқларимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида” бирлашгани қайд этилган.

Нома якунида Байден икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва халқлар дўстлиги янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган.

АҚШ президентлари ҳар йили Наврўз арафасида Шарқдаги бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам табрикнома йўллаб келишади. Бу каби номаларни АҚШ президентларидан Ўзбекистоннинг олдинги президенти Ислом Каримов ҳам узоқ йиллар давомида олиб келган.

Ўзбекистон пиёз экспортига яна рухсат берди

Ўзбекистон 15 мартдан “мамлакатда пиёз нархи барқарорлашганлиги сабабли” унинг экспортига қўйилган вақтинчалик чекловни бекор қилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

Қиш мавсумида Ўзбекистон бозорларида пиёз нархи кескин кўтарилиб кетган эди. Бунинг ортидан мамлакат нархлар барқарорлашгунига қадар 20 январдан бошлаб пиёз экспортига чеклов киритганди. Чеклов 4 ойга, яъни апрель ойининг охиригача жорий этилган эди.

Давлат статистика агентлиги 18 январь ҳолатига кўра, 1 кило пиёз нархи 10 000 сўмгача кўтарилганини қайд этган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиёзнинг қимматлашига аномал совуқ туфайли бу маҳсулот заҳирасининг музлаб қолганини сабаб қилиб кўрсатган эди.

Вазирликнинг билдиришича, 2022 йилда Ўзбекистонда 1,9 миллион тонна пиёз етиштирилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида янги бозор қурилади

Ўзбекистоннинг Фарғона ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари чегарасида «Андархон» деб номланган илк трансчегаравий бозор қурилади. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар берди.

Бозор Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан қурилади. Тадбиркорлар икки давлат аҳолиси фойдаланадиган бундай бозор бизнес ривожига ва нархларнинг пасайишига ижобий таъсир кўрсатишини айтмоқдалар.

"Андархон" савдо-логистика маркази қурилишига 13 март куни Сўғд ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари тамал тошини қўйишди. 5 гектар майдонга қуриладиган бозорда 200 та дўкон, ресторан ва меҳмонхоналар мавжуд бўлади. Бу ерда ҳар икки вилоят корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш режалаштирилган.

Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари узоқ вақт давомида трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича келишмовчиликлар туфайли совуб кетган эди. Бунинг оқибатида республикалар ўртасидаги ҳаво алоқалари, автобус қатновлари тўхтатилди, темир йўлнинг бир қисми демонтаж қилинди ва виза режими жорий этилди.

Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан кейин бу муносабатлар яхши томонга ўзгарди. Икки давлат президентлари бир неча марта ўзаро ташрифлар амалга ошириб, стратегик шериклик тўғрисидаги шартномаларни имзоладилар, визасиз режим жорий этдилар ва товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG