Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2021, Тошкент вақти: 11:04

Россия: Коронавирусга қарши эмлаш кампанияси донор қони танқислигига олиб келди


Хавфсизлик ходимлари коронавирусга қарши "Спутник лайт" вакцинасини олиш учун келган мигрантларни йўналтирмоқда.

Россияга донор қони танқислиги хавф солмоқда. Бу COVID-19 га қарши ялпи эмлаш билан боғлиқ. Бу ҳақда тиббиёт ходимлари ва Федерал тиббиёт-биология агентлиги (ФТБА) статистикасига таянган ҳолда “Коммерсантъ” хабар қилмоқда.

Донор қони етишмовчилиги ҳақида “Коммерсантъ”га Санкт-Петербург, Томск ва Ульяновск вилоятлари, Ставрополь ўлкаси ва бошқа минтақалар тиббиёт ходимлари сўзлаб берган. Қатор вилоятларда эса танқислик борлиги инкор қилинмоқда, ҳолбуки ФТБА статистикаси уларда вазият “танглик минимуми”да эканини кўрсатиб турибди.

Август ойи бошида агентлик ижтимоий тармоқларда хабар ёйинлаб, унда Россия ФТБА Қон марказининг қон компонентлари танқислигини кўрсатувчи донорлик светофори “ҳаддан ташқари қизариб кетган”ини маълум қилганди.

Бунақа “светофор”лар ҳар бир минтақавий қон қуйиш хизматида мавжуд бўлиб, вақти-вақти билан липиллаб ўчиб-ёниш орқали айни дамда қайси гуруҳга мансуб ва қайси резус-факторли қон етишмаётгани ҳақида донорларга сигнал беради.

Ёз фаслида одатда “донорлик сукунати” қайд этилади, чунки аксари одамлар меҳнат таътилига чиқадилар. Аммо бу йил янги омил – оммавий эмлаш кампанияси қўшилди. “Эмлов бизнинг барча режаларимизни чалкаштириб юборди”, дейди ФТБА вакили.

Гап шундаки, потенциал донорга коронавирус инфекциясининг янги турига қарши биринчи ва иккинчи эмлов оралиғида, шунингдек, вакцинанинг иккинчи компонентини олгандан сўнг бир ой давомида қон топшириш тақиқланади.

Россия фахрий донори Тигран Мурадян аввало донорлар танқислашиб қолганини урғулайди. Чунки ҳозирги пайтда, унинг сўзларига кўра, ишлайдиган ўрта яшар фуқаролар ёппасига эмланмоқда ва айнан улар фаол қон донорлари ҳисобланади.

Рогачёв номидаги марказнинг Трансфузиология ва ҳужайра технологиялари хизмати раҳбари Павел Трахтман “Такие дела” порталига берган интервьюсида унинг клиникаси кунига 45 дан 60 нафаргача донорни қабул қилиши кераклигини, июль ойи бошларида эса кунига атиги 20-25 киши қон топширишга келганини айтган.

Пандемия манзарасида Москвада таркибида коронавирусга қарши антитаначалар мавжуд қон плазмаси донорларига ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди. 150 мл шундай плазма учун 1250 рубль, 600 мл учун эса 5 минг рубль тўланади.

Коронавирус инфекциясидан тузалиб, COVID-19 га қарши иммунитет ҳосил қилган одамлар плазма донори бўлиши мумкин. Пандемия бошланганидан бери 24 минг нафар москвалик таркибида коронавирусга қарши антитаначалар мавжуд қон компоненти — плазма топширишган.

XS
SM
MD
LG