Линклар

Шошилинч хабар
26 октябр 2020, Тошкент вақти: 09:39

Ўзбекистон "Хотира ва қадрлаш куни"да советларнинг “Ғалаба” байрамини нишонлашга ҳозирланмоқда


Ўзбекистонда "Ғалаба" байрамига аталган фильмдан кадр.

Ўзбекистондаги жорий карантин чораларига қарамасдан Тошкент ва вилоят марказларида Иккинчи жаҳон уруши тугаган санани “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида эмас¸ балки советча “Ғалаба” байрами сифатида нишонлаш учун катта тайëргарлик кўрилмоқда.

Президент администрацияси ва АОКАдан тушган тавсия асосида расмий матбуот “буюк ғалаба” сўзини ишлатмоқда.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги суратга олган фильмда “Сталин учун жангга кирган” советсевар ўзбеклар акс эттирилган.

Ўзбекистон Бадиий академияси рассомлари эса “улуғ рус оға раҳбарлигида таъминланган ғалаба” ҳақида 30 метрлик панно ва барельеф яратиш устида сўнгги ишларни олиб бормоқда.

"Турон" ҳарбий театри эса Сталиннинг “муқаддас уруши” васф қилинган “Вставай, страна огромная!” деган совет қўшиғи асосида театрлаштирилган томошани саҳналаштирди.

Ҳар бир вилоятда совет ҳарбий қуроли улуғланган “Жасорат” боғлари ташкил қилинди. Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратилган катта маблағлар асосида амалга оширилаëтган бу ишларнинг бир қисмини Россиянинг “Россотрудничество” федерал агентлиги ëрдамида Тошкентга Россия ва Хитойдан келган мутахассислар бажармоқда.

Тошкентдаги "Ғалаба дарвозаси" сизни СССРга элтади...

Тошкентда президент Мирзиëев буйруғига асосан қурилиши якунига етган “Ғалаба боғи” маъмурининг Озодликка билдиришича, бу масканда рамзий дарвоза – "Ғалаба аркаси" ўрнатилган.

Бу дарвозадан кирсангиз¸ совет жангчилари палаткаларига кўзингиз тушади. Совет армияси ҳарбий госпиталлари макетлари, рус совет ҳарбийларнинг хат-ҳужжатлари, идишлари, кийим-кечаги, шахсий буюмлари ва бошқа урушга оид лавҳалар акс этган мажмуалар ташкил этилди. Совет ҳарбий техникалари майдони, Зулфия Зокирова ва унинг урушдан қайтмаган беш ўғли ҳамда бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф” музейи, вокзал, “Ғалаба” музейи, ҳарбий шаҳарча, совет аскарини улуғловчи экспозициялар ўрин олди”.

“Ғалаба боғи” “Трест 12“ АЖ тарафидан барпо қилинган.

Бу қиммат лойиҳанинг нега тендер ўтказлмасдан¸ бу ширкатга топширилгани борасидаги Озодлик саволига “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ“ бош меъмори Гулшоира Магаметова жавоб бера олмади.

"Советча пропаганда бўйича Россиядан ўздик"

“Ғалаба” боғидаги музей учун баландлиги 5 метр¸ узунлиги эса 30 метрлик рангтасвир панно ишлаган 54 яшар талантли рассом Алишер Алиқулов Озодлик билан суҳбатда¸ ўз асарининг “ўзбек халқининг улуғ ватан урушидаги мададини” акс эттиришини таъкидлади.

Рассом Алишер Алиқулов ўз асари фонида
Рассом Алишер Алиқулов ўз асари фонида

Бу расмни яратишда рассом Рустам Бозоров ҳам иштирок этган.

Рассомлар иш устида
Рассомлар иш устида

Озодлик мухбири Олмазор туманида яратилаëтган “Ғалаба” боғида ишлаëтган дизайнер рассом билан суҳбатлашди. Ўзини Ренат Иброҳимов деб таништирган дизайнерга кўра¸ Хитой халқ республикасидан келган ҳайкалтарошлар¸ “Россотрудничество” федерал агентлиги кураторлари билан бирга “Улуғ ғалаба” деган барельефни яратишган.

Хитой рассоми яратган ҳайкал
Хитой рассоми яратган ҳайкал

Бу барельефни кўрган Ўзбекистон Халқ рассоми Баҳодир Жалол ўз Facebook саҳифасида “Етиб келдик. Санъат тугади” деб ëзди. Озодлик суҳбатлашган таниқли мусаввира Гулзода Маматова назарида бу "асар" "савиясизлик ва жўн пропагандадан бошқа нарса эмас".

Тошкентдаги "Ғалаба боғи"
Тошкентдаги "Ғалаба боғи"

Россия дизайнерлар иттифоқи аъзоси Ғайрат Қўзибоев Озодлик билан суҳбатда:

- Советча пропаганда бўйича Россиядан ўздик. Россиядаги аксар зиëлилар бундай ëндашувдаги “санъат” устидан кулишади. Ўзбекия яна эски совет пайтидаги каби Москвага лаганбардорлик қилишда колхозча провинциянинг ноëб турини кўрсатди. Уят¸ деди.

"Мирзиëев даврида Ўзбекистон Москванинг орқа боғчасига айланди"

Россия улуғдавлатчилик идеяларини тараннум қиладиган дизайнерларнинг Ўзбекистонни “фатҳ” қилиши Мирзиëев иқтидори даврида бошланди.

Украина хавфсизлик хизмати томонидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи исталмаган шахслар рўйхатига киритилган россиялик дизайнер, 43 яшар Артемий Лебедев 2018 йили Тошкент шаҳар ҳокимлигида қабул қилиниб¸ Тошкент шаҳрини безаш бўйича астрономик суммадаги пулга буюртма олган.

Бундан олдин Лебедев 2014 йили Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ярим ороли логотипини чизган эди.

"Каримов гўрида тик турди"

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов пайтида “ғалаба” сўзини Иккинчи жаҳон уруши билан боғлаб ишлатишга расман тақиқ бўлган. “Ғалаба куни” деган қўшиқ ижрочиси Иосиф Кобзоннинг Ўзбекистонга келиши тақиқланган эди.

2012 йилда Тошкентда дипломатлар ва хорижий ишбилармонлар қаршисида гапирган марҳум Каримов "бугунги ўзбек ёшлари совет тузуми нима эканини билмайди. Улар ўз кучига ишонган, эркин ва асосийси, ўтмиш мафкурасидан аллақачон халос бўлган янги авлоддир"¸ дея таъкидлаган эди.

Иосиф Сталин, коллаж
Иосиф Сталин, коллаж

1999 йилдан бошлаб Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаб келинаëтган 9 май 2018 йилга келиб¸ “Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам”га айлантирилди.

Ўзбекистонда “Улуғ ғалабани” абадийлаштириш ҳақида 2019 йил июлида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев:

“Бизнинг мард, енгилмас ва олийжаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз"¸ деган эди.

2019 йил 9 май куни СССРни қайта тиклаш йўлидаги маданий-мафкуравий тадбир сифатида кўриладиган "Ўлмас полк" акцияси Ўзбекистон пойтахти ва бошқа шаҳарларида бўлиб ўтган ва унда ўзбек зиëлилари қотили Сталин расми кўтарилган эди.

1941-45 йиллардаги урушга бир ярим миллиондан ошиқ ўзбекистонлик жўнатилган (ўша пайтдаги Ўзбекистон аҳолисининг қарийб учдан бири таҳр.) ва улардан ярим миллиони ўлдирилган¸ 650 мингга яқини мажруҳ бўлиб қайтган.



XS
SM
MD
LG