Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:31

Россия бир кеча-кундузда Хавфсизлик Кенгаши қарорларига иккита вето қўйди


2017 йил апрель ойида исёнчилар қўлида бўлган Хон Шайхум шаҳрига кимёвий ҳужум уюштирилди
2017 йил апрель ойида исёнчилар қўлида бўлган Хон Шайхум шаҳрига кимёвий ҳужум уюштирилди

Россия ҳукумати вакилига кўра, Швеция билан Россия БМТ қарори лойиҳасини тайёрлаган. Бу ҳужжат Суриядаги кимёвий қурол қўлланганини тергов қилишни давом эттириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини яна бир марта овозга қўйишни назарда тутади.

ТАСС ахборот агентлиги Россиянинг БМТдаги миссияси матбуот котиби Фёдор Стрижижовкийга асосланиб, 18 ноябрда хабар тарқатишича, номи зикр этилган иккита муваққат аъзо-давлат Хавфсизлик Кенгашига (ХК) Бирлашган тергов гуруҳи ишини давом эттириш мўлжалланган “муроса келишуви” қораламасини топширган.

ТАССнинг БМТдаги кимлигини ошкор қилишни истамаган манбага асосланиб айтишича, қарор лойиҳаси 19 ноябрь куни овозга қўйилиши мумкин.

Бир кун олдин Россия БМТнинг тергов гуруҳи ишини давом эттириш тўғрисидаги таклифини вето қўйиш йўли билан рад этган эди. Бу Россиянинг Суриядаги 2011 йилги можаро фуқаролар урушига айланиб кетган вақтдан бери БМТда қўллаган 11-ветоси бўлди.

БМТ билан Кимё қуролларини чеклаш ташкилотининг қўшма тергов гуруҳи ваколати 17 ноябрь куни ярим кечаси тугади. Уни бир ойга чўзишни Япония таклиф қилиб чиқди. Ушбу муддат Россия билан Ғарб давлатлари ўртасида тергов юзасидан муросага келиши учун хизмат қилиши керак эди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли: “Россия ушбу вақтнинг Хавфсизлик Кенгаши ва халқаро ҳамжамият учун самарали бўлишини ҳозир ҳам истамайди, олдин ҳам истаган эмас – бунга анчадан бери гумонимиз бор эди. Россиянинг 24 соат ичида қўйган иккинчи ветоси унинг Бирлашган тергов механизмини сақлаб қолиш йўлида Хавфсизлик Кенгашининг қолган аъзолари билан ҳамкорлик қилишга умуман қизиқмаётганини кўрсатмоқда”, деб фикр билдирди.

Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига кўра, овоз беришдан олдин Ҳейли ҳам, ХКнинг бошқа кўпчилик аъзолари ҳам, Россия қаршилик қилаётганига қарамасдан, механизм бўйича қарорни вақтинча чўзиш кераклигини айтган.

Аммо, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ходими Франс-пресс аентлигига қарорнинг амал қилиш муддатини 30 кунга чўзишнинг “фойдаси йўқ”лиги, экспертлар гуруҳи иши юзасидан шошилинч қарор қабул қилиш ҳожатсиз эканини айтди.

Россия 16 ноябрь куни АҚШнинг Хавфсизлик Кенгаши маъқуллагандан сўнг Бирлашган тергов гуруҳи ваколатини бир йилга чўзиш тўғрисидаги таклифига вето қўйди.

Франциянинг БМТдаги элчиси Франсуа Делатрнинг фикрича, Россиянинг ветоси кимёвий қуроллардан фойдаланишни тақиқлаш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга берилган зарба бўлди.

Ҳейли 17 ноябрь кунги овоз беришдан олдин Россиянинг БМТдаги дипломатларини ушбу масалани ўзи билан муҳокама қилишдан бош тортганликда айблади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ҳалейнинг иддаосини “сохта дипломатия”, деб атади.

Россия томони Бирлашган тергов гуруҳи экспертларининг Сурия ҳукумати камида 2 марта: 2014 ва 2015 йилларда газсимон хлор ишлатгани, жорий йил апрелида эса Хон Шайхум шаҳрига ҳаводан ҳужум вақтида зарин газини қўллагани ҳақидаги хулосасини танқид қилмоқда. Ушбу ҳужум оқибада камида 100 киши қурбон бўлди.

Сурия ҳукумати кимёвий қурол ишлатганини рад этиб келмоқда.

Тергов гуруҳи Ислом давлати экстремистлар гуруҳи 2015 йили хантал гази билан ҳужум қилаганини ҳам аниқлади.

Россия 16 ноябрь куни АҚШ таклифига вето қўйгандан сўнг Хавфсизлик Кенгаши ушбу мамлакатнинг тергов механизмини ўзгартириш тўғрисидаги қарама-қарши қарори лойиҳасини ўтказмади. Уни ёқлаб, фақат 4 аъзо: Россия, Қозоғистон, Боливия ва Хитой овоз берди, холос.

Расмий Москва ушбу фуқаролар урушида Сурия президенти Башар Асадни қўллаб келмоқда. Бундан ташқари, Россия 2015 йили ҳукумат мухолифларига қарши ҳаводан ҳужум уюштиришни бошлаган.

Бу уруш оқибатида юз минглаб кишилар қурбон бўлди, миллионлаб кишилар эса яшаб турган жойини ташлаб кетди.

XS
SM
MD
LG