Линклар

Фельгенгаурнинг пичоқланиши давлат ТВси билан “Эхо Москви” можаросига сабаб бўлди

  • Озодлик

Татьяна Фельгенгауэр.

Россиянинг давлатга қарашли омамвий ахборот воситалари (ОАВ) билан анча-мунча таъсир кучига эга “Эхо Москви” радиостанцияси ўртасида даҳанаки жанг қизигандан-қизиб бормоқда. Бунга радиостанция журналистларидан бирининг бўйнидан пичоқ егани сабаб бўлди. Сал олдин давлат телевидениеси дастурида ўша журналист аёл "Ғарбнинг пасткаш агенти", деб аталгандан сўнг бир киши унга иш жойига келиб, ҳужум қилди.

Бир қатор журналистлар билан бирга Кремль танқидчилари ҳам 23 октябрь кунги «Эхо Москви» радиостанцияси бош муҳаррир ўринбосари Татьяна Фельгенгауэрнинг ўлими билан тугашига бир баҳя қолган жиноятни ҳукуматнинг расмий позицияси – туримига қарши бўлган кишиларнинг овозини бўғишга уринаётгани билан боғламоқда. Уларга кўра, давлат назоратидаги ОАВ “нафрат муҳити”ни вужудга келтирмоқда.

Бироқ давлатга қарашли жиддий ОАВ бу ишга алоқадор эканини рад этмоқда. Айтилишича, омон қолган ва айни пайтда даволанаётган Фельгенгауэрга эс-ҳуши жойида бўлмаган киши ҳужум қилган. Интернетдаги ўша кишига тегишлилиги тахмин қилинаётган блог хабарларида у “Эхо Москви” радиостанцияси дастурлари тингловчиси бўлгани ва ҳокимият идораларини танқид қилиб келгани хабар қилинди.

Баҳсга Россия давлат ОАВ раҳбари ва телебошловчи Дмитрий Киселёв ҳам қўшилди. У Ғарб ва ноанъанавий жинсий майли бор кишиларга қарши сафсаталари ҳамда Кремлга ҳаддан зиёд содиқлиги билан ном қозонган.

Киселёв 29 октябрь куни эфирга узатилган ҳафталик дастурида мухолиф сиёсатчилар ва шарҳловчиларга эфир вақтини аямай бераётган ва “нафрат муҳити”ни яратаётган “Эхо Москви”ни айблади ҳамда радиостанцияни норози кишилар ва фитна назариячилари истеҳкоми деб масхара қилди.

66 фоиз акцияси давлат назоратида бўлган “Газпром-Медиа”га тегишли “Эхо Москви” радиостанцияси давлат идораларига ўз журналистларига таҳдидлар бўлаётганидан қайта-қайта шикоят қилиб келаётган, хусусан, сиёсий ток-шоу бошловчиси Юлия Латининага айни таҳдидлар бўлаётган эди. У шахсий автомобилини кимдир ёқиб юбормоқчи бўлгандан сўнг мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

27 октябрь куни радиостанция бош муҳаррири Алексей Венедиктов “Эхо Москви”нинг яна бир журналисти Ксения Ларина ҳам мамлакатдан чиқиб кетганини, бунга унинг таниқли теле- ва радиобошловчи Владимир Соловьев билан ОАВ орқали гап талашгани сабаб бўлганини айтди.

Ларина Фельгенгауэр пичоқланиши ортидан “Эхо Москви”нинг қонга беланган поли расмини Фейсбукка қўяр экан, Соловьёв “чиндан ҳам шуни истаган эди”, деб ёзди.

Соловьёв 28 октябрь куни газетага берган интервьюсида “Эхо Москви” ва Венедиктовни Россия давлат телерадиокомпанияси - ВГТРК журналистлари ва “шахсан ўзига қарши” “ажина ови”ни уюштираётганликда айблади.

Россиялик терговчилар ўтган ҳафтада Россия ва Исроил ватандоши Грицнинг Фельгенгауэрга пичоқ билан ташланишига унинг “руҳий хасталиги” сабаб бўлганини тахмин қилиб чиқди. Уларнинг фикрича, ушбу ҳужум олдиндан режалаштириб тайёрланмаган ва пичоқлашга бошқа бир тарафнинг алоқаси йўқ.

Россия президенти Владимир Путин ушбу фожиали ҳолатга 30 октябрь куни изоҳ берар экан, асосан терговчиларнинг гумонларини такрорлашдан нарига ўтмади.

– Қаердандир ноқис киши пайдо бўлиб қолди. Бунинг сўз эркинлигига нима алоқаси бор? У Исроилдан келиб, журналистга ҳужум қилди, – дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради давлатга қарашли ТАСС хабарлар агентлиги.

Фельгенгауэр 30 октябрь куни ушбу пичоқ билан қилинган ҳужумга ОАВ орқали изоҳ бериб, ҳамкасблари, врачлар, оиласи, дўстлари ва жиноятчини ўзидан ажратиб олган қўриқчига миннатдорлик билдирди.

У ушбу ҳужум билан боғлиқ тобора авж олиб бораётган сиёсий баҳсларга муносабат билдирмади.

– Курашчи бўлсанг ва сен учун жон беришга тайёр кишилар бўлса, бошингга тушган ташвиш албатта яхши якун топади, – деб ёзди у. – Аёл киши маньяк – таъқиб васвасасига дуч келган одамни фақат шу йўл билан енгиши мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG