Халқаро хабарлар
Россия: Красноярскдаги бозорларда 520 мигрант қўлга олинди
Россиянинг Красноярск шаҳрида полиция маҳаллий бозорларда ўтказилган рейд чоғида 520 кишини қўлга олган.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Красноярск ўлкаси бўйича бош бошқармаси маълумотига кўра, рейдлар чоғида хорижликлар томонидан миграция тартибини бузганлик, чегара тартибини бузганлик, мамлакатда ноқонуний юрганлик, ноқонуний ишлаганлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича 24 та маъмурий баённома тузилган.
Шаҳарнинг Шахтёрлар кўчасида жойлашган “Южний” (“Жанубий”) ва “Луч” (“Нур”) бозорларида кенг кўламли рейдлар бўлиб ўтган.
Рейд чоғида қўлга олинган мигрантлар оғзидан “жиноятлар содир этганликка алоқадорликни текшириш учун” сўлак намуналари олинган. Маҳаллий полиция вакиллари рейд пайтида миграцион қонунчиликни бузган ҳолда Красноярск ҳудудида бўлган Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ушланганини билдиришган. Полиция уларни маъмурий жавобгарликка тортмоқчи, камида етти кишини эса мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи ҳал қилинмоқда.
Хабар қилинишича, рейд чоғида қўлга олинган 92 кишининг Россия фуқаролигини олгани аниқланган, уларнинг қўлига ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози тутқазилган.
Полициячилар ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари ноқонуний миграция ташкил қилганлик эҳтимолига оид ишлар бўйича 50 та текширув материалини қайдга олишган.
Россияда сўнгги ойларда мигрантларга қарши кайфиятлар кучайгани ва қонунчилик кескинлашгани кузатилмоқда. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси қайдича, бу ҳолат айниқса Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги терактлардан кейин кучайиб кетган. Россиялик терговчилар расмий тахминига кўра, мазкур ҳужумни тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро содир этган.
Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.
2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган.
2023 йил ноябрида Давлат думаси спикерининг ўринбосари Пётр Толстой “Россияда мигрантларга нисбатан позициянинг пассивлиги” юзасидан таассуф билдирган эди. Ўшанда у айрим постсовет республикаларидан келганларга курьер, такси ҳайдовчиси ва сотувчи бўлиб ишлашни тақиқлашни таклиф қилган эди.
Кун янгиликлари
Сўров: Россиядаги ширкатларнинг ярмида хорижлик ишчи етишмаяпти
Россиядаги ширкатларнинг ярмидан кўпи (53 фоиз) хорижлик ишчи етишмаётганини билдиришган. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри hh.ru сўровига таянган ҳолда хабар қилди.
Сўровдан маълум бўлишича, меҳнат бозорида энг кўп ишчиларга (53 фоиз), қурувчиларга (35 фоиз), линиядаги хизматчиларга (25 фоиз) ва ишлаб чиқариш персоналига (23 фоиз) эҳтиёж сезилмоқда.
Айни пайтда ширкатларнинг 46 фоизи “у ёки бу” даража мигрант ёллаш ҳажмлари қониқарли эканини билдирган.
Россия саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (РСТУ) маълумотига кўра, ширкатларнинг учдан икки қисми мигрант ёллашда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Иш берувчиларнинг 56 фоизи хориждан келганлар орасида керакли мутахассисларни топа олмаяпти, 36 фоизи эса мигрантларни рус тилини яхши билмагани учун ёллай олмаяпти. Ширкатларнинг 19 фоизи қатор минтақаларда маҳаллий расмийлар томонидан киритилган чекловлардан шикоят қилишган.
Россияда мигрантларга қарши қонунлар сони кўпайиб бормоқда. Бу ҳолат айниқса Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир бўлган теракт ортидан кучайиб кетган. Россия расмийлари тахминига кўра, мазкур ҳужум тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро томонидан содир этилган.
Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.
2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган. Қатор минтақаларда расмийлар мигрантларнинг такси ва бошқа соҳаларда ишлашини тақиқлаб қўйишган.
2024 йил бошидан буён ИИВ ходимлари РФдан 65 мингдан зиёд хорижлик фуқарони бадарға қилишган ҳамда 120 минг нафар мигрантни мамлакатга қўйишмаган. Россияда кадр етишмаслиги манзарасида бу мамлакатга мигрантлар оқими сўнгги 10 йил ичида минимум даражага тушиб кетган.
Тиббиёт бўйича Нобель мукофоти америкалик икки олимга берилди
Физиология ва тиббиёт соҳаси бўйича Нобель мукофоти 2024 йилда америкалик олимлар Виктор Эмброс ва Гэри Равканга микроРНК кашфиёти учун берилди.
Қайд этилишича, бу олимлар одам дохил кўп ҳужайрали организмлар учун ўта муҳим бўлган генлар регуляциясининг мутлақо янги принципини кашф қилишган. Ҳозирда инсон геноми мингдан зиёд микроРНК кодлаши маълум, дейилган Нобель қўмитаси хабарномасида.
Виктор Эмброс ва Гэри Равкан тадқиқотларининг катта қисми молекуляр биологияга оиддир.
Гарванд университетидан бўлган Гэри Равкан 72 ёшда бўлиб, у АҚШ Миллий Фанлар академияси ва Тиббиёт академиясининг аъзоси бўлиб ҳисобланади.
Вустердаги Массачусет университети профессори бўлган 70 ёшли Виктор Эмброс эса АҚШ Миллий Фанлар академияси ҳамда Санъат ва фан академияси аъзоси бўлиб, микроРНК тадқиқотчиси ўлароқ шуҳрат қозонган.
Тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофоти лауреатини 1810 йилда Стокҳолмда асос солинган Каролина институти танлайди. Мазкур мукофот эълон қилиниши билан “Нобель ҳафталиги” бошланди. Сешанба куни физика бўйича, чоршанба куни кимё бўйича, пайшанба куни адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари исмлари очиқланиши кутилмоқда. Шундан сўнг Нобель тинчлик мукофоти ва иқтисодиёт фанлар бўйича лауреатлар эълон қилинади.
Новқат мадрасасидаги можарода 14 яшар ўсмир нобуд бўлди
Қирғизистоннинг Ўш вилояти Новқат туманида жойлашган мадрасада 14 яшар ўсмир пичоқ билан етказилган жароҳат туфайли вафот этган. Бу маълумотни Озодликнинг қирғиз хизматига Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати тасдиқлаган.
Ҳуқуқ-тартиботчилар маълумотига кўра, 6 октябрь куни рўй берган можаро чоғида мадрасада таълим олаётган 16 яшар ўсмир 14 яшар ўсмирнинг бўйнига ўткир тиғли предмет тиқиб олган. Жабрланувчи касалхонага олиб кетилаётган пайтда жон берган.
Милиция вакиллари содир бўлган ҳодиса юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 122-моддаси (“Қотиллик”) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, экспертизалар белгиланганини қўшимча қилишган.
Ўз навбатида, Қирғизистон Мусулмонлар диний бошқармаси нобуд бўлган ўсмир мадрасада ўқимагани, у ерда вақтинча бўлиб турганини маълум қилган.
Гумонланувчи ва қурбоннинг яқинлари содир бўлган воқеа юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.
Ҳаррис: АҚШ Украина иштирокисиз Россия билан музокара ўтказмайди
Камала Ҳаррис АҚШ президенти лавозимига сайланган тақдирда Россия билан Украина ўртасида тинчлик битимини тузиш йўлларини қидириш учун Владимир Путин билан икки томонлама музокараларга бормайди. Бу ҳақда Демократлар партиясидан президентликка номзод Ҳаррис 7 октябрь куни CBS телеканалининг “60 дақиқа” деб номланган теледастурига берган интервьюсида билдирди.
Ҳаррисга кўра, Қўшма Штатлар Украина вакиллари иштирокимиз Россия билан музокарага киришмайди. Унинг таъкидлашича, Киев Украинанинг келажагини белгилашда овоз ҳуқуқига эга бўлиши шарт.
Ҳаррис “Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши дастаклайсизми?” деган саволга тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочди.
“Бу масалаларни биз ўша он келган пайтда ҳал қиламиз. Ҳозир биз Украинанинг Россия тажовузидан ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини мустаҳкамлаш билан шуғулланяпмиз”, деди Демократлар партияси номзоди.
Ўз сўзида Ҳаррис яна бир бор Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп позициясини танқид қилди: “У урушни бир кунда тугатиши мумкинлигини айтяпти. Биласизми, бу нимани англатади? Бу капитуляцияни англатади”.
Камала Ҳаррис Украина президенти Владимир Зеленский билан олти марта учрашганини, бу учрашувларда унга Украина халқига бўлган дастаги ўзгармас эканини урғулаганини эслатди.
“Мен Украина хавфсизлик ва фаровонликка эришиши учун бу урушда унинг қўли баланд келишига ёрдам бериш йўлида ишлайман”, деди Ҳаррис.
Интервью чоғида Камала Ҳаррис сайловда ғалаба қозонган тақдирда саховатли ижтимоий дастурларга қаердан маблағ топиши, ўтган бир неча йил мобайнида Байден маъмурияти нима учун миллионлаб мигрант ноқонуний равишда ўтган Мексика чегарасини мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўрмаганига оид саволларга ҳам жавоб берган.
Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ” объектларига қарши зарбаларни кучайтирди
Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал шиа гуруҳи 7 октябрь куни Исроил ҳудудига 130 дан зиёд снаряд отган. Шу куннинг ўзида, ҳарбий кузатувчилар қайдича, Исроил Ливанга ҳужумини кенгайтиришга тайёр эканини намойиш қилган, дея хабар қилди Reuters агентлиги.
Эрон томонидан дастакланаётган ҳамда Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) жангариларининг иттифоқчиси бўлган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроилнинг Ҳайфа шаҳри жанубидаги ҳарбий базага “Фади-1” ракеталари билан зарба берганини билдирган. Гуруҳ томонидан яна бир зарба чегарадан 65 километр олисликдаги Тверияга берилган.
Исроиллик ҳарбийлар ҳарбий авиация “Ҳизбуллоҳ”нинг Ливан жанубидаги объектларини бомбардимон қилганини билдиришган.
АҚШ Давлат департаменти вакили Мэтью Миллер 7 октябрь куни Оқ уйда журналистлар билан ўтказилган учрашув чоғида Вашингтон Исроилнинг Ливандаги амалиётини “чекланган амалиёт” деб ҳисоблашини айтган.
Еттинчи октябрь Исроилда ҲАМАС экстремистларининг исроилликларга ҳужуми қурбонларини хотирлаш кунига айланган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Қуддусда ўтказилган Вазирлар маҳкамаси йиғилишида: “Биз 7 октябрь куни содир бўлган воқеалар бошқа такрорланмаслигини кафолатлаш учун минтақамиздаги хавфсизлик воқелигини фарзандларимиз учун, келажагимиз учун ўзгартирамиз”, дея баёнот берган.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳарбий кампанияси чоғида ўтган бир йил мобайнида 42 мингга яқин фаластинлик ўлдирилганини билдирган. ЦАХАЛ ҲАМАСга қарши уруш бошидан буён 727 нафар исроиллик аскар ҳалок бўлгани, бу вақт оралиғида яҳудий давлатига қарата 25 мингта ракета отилганини маълум қилган.
Қозоғистондаги референдумда овоз берувчиларнинг 71 фоизи АЭС қурилишини дастаклагани айтилмоқда
Қозоғистон референдум марказий комиссияси Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича 6 октябрь куни ўтказилган овоз беришнинг дастлабки натижаларини эълон қилди.
Комиссия маълумотига кўра, мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига эга 12 миллион 284 минг 487 нафар кишидан овоз беришда 7 миллион 820 минг 204 нафари (63,66 фоиз) иштирок этган.
Улар орасида референдумга олиб чиқилган масаланинг ижобий ҳал этилишини ёқлаб овоз берган фуқаролар сони 5 миллион 561 минг 937 кишини (71,12 фоиз) ташкил қилган.
Еттинчи октябрга ўтар кечаси социологлар овоз бериш участкасидан чиқишда фуқаролар ўртасида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилишган эди. Маҳаллий нашрларда учта институт сўров натижалари пайдо бўлган. Exit-pool маълумотларига кўра, референдумда берилган овозларнинг қарийб 70 фоизи Қозоғистонда АЭС қурилишини дастаклаганларнинг овози ўлароқ кўрсатилган.
Аввалроқ Озодлик Қозоғистонда якшанба куни бўлиб ўтган референдумдаги давомат ҳақида хабар қилган эди. Референдум марказий комиссияси маълумотига кўра, 6 октябрь куни соат 14.00 дан кейиноқ овоз берувчилар сони 51 фоиздан ошган, бунинг ортидан референдум бўлиб ўтди, дея эътироф этилган.
Референдум куни Қозоғистоннинг турли ҳудудларидан овоз бериш жараёнида қонунбузарликлар кузатилгани ҳақида хабарлар келиб тушган, хусусан, сайлов қутиларига тўпдан бюллетенлар ташланганига оид маълумотлар пайдо бўлган.
Исроил армияси Ғазода ҲАМАСга қарши янги амалиёт ўтказмоқда
Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ғазо сектори шимолидаги Жабалия ҳудудида АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳига қарши янги амалиётни бошлаган.
ЦАХАЛ хабарномасида исроиллик ҳарбийлар минтақада қуролли жиҳодчилар ва уларнинг инфратузилмасини топишгани айтилган. ЦАХАЛ вакиллари Исроил авиацияси ҲАМАСнинг қурол-аслаҳ омборлари, ерости инфратузилмаси ва бошқа объектлари дохил ўнлаб ҳарбий нишонларга ҳужум қилганини билдиришган.
Исроиллик ҳарбийларга кўра, Фаластин гуруҳи Жабалия ҳудудида ўзининг оператив салоҳиятини тиклашга уринмоқда.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, исроиллик ҳарбийлар берган зарбага собиқ мактаб ва масжид нишон бўлган. Иддаога кўра, зарбалар оқибатида 26 киши нобуд бўлган, ўнлаб одам яраланган. Бомбаланган масжид Ғазонинг марказий қисмидаги Дайрулбалаҳ шаҳрида жойлашган. ЦАХАЛ томонидан ёйинланган хабарномада собиқ мактабга ҳужум ҳам ўша ҳудудда амалга оширилгани айтилган. Исроилликлар иддаосига кўра, ҲАМАС ҳар икки бинодан қўмондонлик ва назорат марказлари сифатида фойдаланиб келишган.
Исроил армияси Ғазо секторида галдаги рейдини ҲАМАС томонидан Исроил жанубига амалга оширилган ҳужумнинг бир йиллиги арафасида бошлаган. 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС вакиллари томонидан амалга оширилган мазкур ҳужумда мингдан зиёд одам ўлдирилган, 250 чоғли одам гаровга олиниб, Ғазога ҳайдаб кетилган эди.
Гаровдагиларнинг бир қисми Исроилнинг ҲАМАС билан битими доирасида озод қилинган. Айни пайтда гаровда юзга яқин одам қолгани, улардан қирққа яқини ўлган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Майнинг ферма давлатга 5,5 миллиард сўм зарар етказган
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоятида 5,5 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг фермани аниқлади.
Инспекция матбуот хизматининг маълум қилишича, Тойлоқ туманидаги Чороғбон МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро тижорат мақсадида 55 та тўпламдаги майнинг қурилмасини электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, ноқонуний фойдаланиб келган.
"Қонунбузарлик юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди", дейилган хабарномада.
Сўнгги вақтларда майнинг фаолияти билан боғлиқ тафтишлар кўпайгани кузатилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида “Ўзенергоинспекция” ноқонуний криптовалюта ва майнинг фаолияти билан шуғулланишга доир 75 та ҳолатни аниқлаган. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш туфайли етказилган зарар 81 млрд 604 млн сўмга (15 млн 909 минг киловатт-соат) баҳоланган.
Адлия вазирлиги 2023 йил 4 октябрь куни мамлакатда майнинг фермалари фаолиятига рухсат берилгани тўғрисида маълум қилганди.
Ҳукумат тасдиқлаган Низомга асосан, майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда майнерлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб, ягона электр энергетика тизимига уланиши мумкин.
Қозоғистон МСК: Референдумда давомат 63 фоиздан зиёд ошди
Қозоғистонда 6 октябрь куни сайлов участкаси ёпилганидан бир соат кейин марказий комиссия давоматга оид дастлабки маълумотларни очиқлади. Мазкур кўрсатки 63,87 фоизни ташкил қилган. Сайлов участкаларида 7,8 миллион кишига бюллетень берилган.
Энг юқори давомат Қизилўрда вилоятида қайд этилган — у ерда рўйхатдаги сайловчиларнинг 82,45 фоизи участкаларга келган. Энг паст давомат эса Олмаота шаҳрида кузатилган бўлиб, у ерда участкаларга рўйхатдагиларнинг 25,39 фоизигина келган.
Айни пайтда референдумда берилган овозлар саналмоқда.
Дастлабки натижалардан кейин Қозоғистонда референдум бўлиб ўтган, деб тан олинган. Референдум бўлиб ўтган деб тан олиниши учун унда камида 50 фоиз сайловчи қатнашиши лозим эди.
Қозоғистонлик сайловчиларга якшанба куни фақат битта саволга — “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?” деган саволга “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бериш таклиф қилинган. АЭСнинг муҳтамал қурувчисини танлаш масаласи овоз беришга қўйилган эмас.
Референдумни ўтказиш учун 15,5 миллиард тенге (жорий курс бўйича 32 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) ажратилган.
Овоз бериш кунида мустақил кузатувчилар ишларида тўсқинликларга дуч келишган. Остонада “сайлов жараёнига аралашди” деган баҳона билан “Еркіндік қанаты” бирлашмаси вакилини участкадан чиқариб юборишган; ташкилот бу борада судга мурожаат қилмоқчи. Туркистон вилоятида “Ұлт көші” ташкилоти кузатувчиси ўз телефони камерасига сайлов қутисига тўпдан бюллетень ташланганини қайд этишга муваффақ бўлган. Бу ҳудуддан бўлган бошқа кузатувчи муҳтамалан коммунал корхона ходимлари иштирокида “карусель” уюштирилгани эҳтимоли ҳақида маълум қилган.
Қозоғистонда референдум арафасида ва овоз бериш куни бир неча шаҳарда ўнлаб мухолифат фаоли тутиб кетилган.
Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, овоз бериш кунида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳодисалар қайд этилмаган, прокуратура эса иккита ҳуқуқбузарлик содир этилгани, бироқ улар референдум натижаларига таъсир этолмаслигини билдирган.
Хоманаий: Эроннинг Исроилга қарши зарбаси “энг кичик жазо”дир
Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий 1 октябрь куни Эрон томонидан Исроилга берилган ракета зарбасини “қонуний” ва “машруъ” деб атади. Бу ҳақда у жума хутбасида билдирди.
“Бизнинг Қуролли кучларимиз амалга оширган иш сионистик режим, АҚШ ва унинг иттифоқчилари жиноятлари учун энг кичик жазо эди”, деди Хоманаий. У зарурат туғилган тақдирда, ҳужумлар давом этишини урғулади.
Хоманаий Исроил Фаластиннинг ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳлари устидан ҳеч қачон ғалаба қилолмаслигини қайд этди.
АҚШ “Ҳизбуллоҳ”ни террор ташкилоти деб билади, Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас.
Теҳрондаги Имом Ҳумайний масжидида бўлиб ўтган жума намози ва “Ҳизбуллоҳ”нинг ўлдирилган лидери Ҳасан Насруллоҳни ёдлаш маросимида оятуллоҳ Али Хоманаийдан ташқари Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, парламент спикери Муҳаммадбоқир Қолибоф ва суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Эжейлар иштирок этишган. Маросимга Теҳрон кўчаларидаги ўн минглаб киши қўшилган.
Хоманаий сўнгги марта жума намозига 2020 йил январида Эрон томонидан АҚШнинг Ироқдаги икки базасига ракета зарбалари берилгани ортидан имомлик қилган эди. Теҳрон мазкур ҳужум Ислом инқилоби посбонлари корпуси қўмондонларидан бири Қосим Сулаймонийнинг Бағдод аэропортида америкалик ҳарбийлар томонидан ўлдирилганига жавоб эканини урғулаган.
Биринчи октябрь куни Эрон Исроил ҳудудига 180 дан зиёд баллистик ракета отган. Бу Ливаннинг Эрон томонидан дастакланаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан Исроил ўртасидаги жанглар эскалацияси манзарасида содир бўлган. Ракеталарнинг анчагинаси ҳавода уриб туширилган, бироқ кўплаб ракета ракетага қарши мудофаа тизимини ёриб ўтган.
The New York Times газетаси иддаосига кўра, Исроилга ҳужум олий раҳбар Али Хоманаий топшириғи билан Ислом инқилоби посбонлари корпуси томонидан берилган, мўътадил сиёсатчи саналган мамлакат президенти Масъуд Пезешкиёнга эса бу ҳақда бевосита ракеталар отилишидан сал аввалроқ хабар берилган. Пезешкиён ракета ҳужумини Эроннинг ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқини амалга ошириши деб атаб, зарбаларни расман дастаклаб чиққан.
Бу Эрон томонидан бевосита Исроилга қарши амалга оширилган иккинчи ракета ҳужуми бўлиб ҳисобланади. Биринчи ҳужум апрель ойида амалга оширилган эди. Ўшанда Исроил Эрон ҳудудига жавоб зарбасини берган эмас. 1 октябрдаги зарбалар ортидан Исроил Теҳрон ҳужумига жавоб берилиши мумкинлигини билдирган.
Қозоғистон: Референдум арафасида 30 чоғли одам қўлга олинди
Қозоғистон АЭС қурилиши бўйича референдум арафасида қўлга олинган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган фуқаролар сони кўпайиб бормоқда.
Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, “Ар.Рух.Хақ” жамғармаси раҳбари, ҳуқуқбон Бахитжан Торегожина қўлга олинган шахслар рўйхатини янгилади. Эндиликда у ерда 27 кишининг исм-шарифи кўрсатилган, аввалроқ бу рўйхатда 17 нафар фаол бор эди.
Айни пайтда мазкур рўйхатга киритилмаган қўлга олинганлар ва маъмурий жавобгарликка тортилганлар борлиги қайд этилмоқда. Фуқаролик жамияти фаоли Абзал Достияров 3 октябрь куни полиция Гулжахан Байитни тутиб кетгани, пировардида унга 42 минг танга (87 АҚШ доллари атрофида - таҳр.) миқдорида жарима солинган. Полиция вакиллари фаолнинг АЭС қурилишига қарши чақириқлар ёзилган плакатларини “ноқонуний ташвиқот” ўлароқ баҳолашган.
Notextremists мониторинг гуруҳи маълумотига кўра, фуқаролик жамияти фаоли Канатхан Амреновга нисбатан мамлакат Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 488-моддаси (“Тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонунни бузганлик”) бўйича 20 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. У бир кун аввал эрталаб уйдан ишга чиқиб, ортидан кузатув борлигини сезиб, бу ҳақда яқинларига хабар қилган ва шундан сўнг у билан алоқа узилиб қолган эди.
Мониторинг гуруҳи Остонада фаол Жасулан Копеев ҳам 10 суткага қамалгани ҳақида маълумот тарқатган.
Учинчи октябрь куни Семей шаҳрида фаол Динара Мубаракнинг уйига полиция ходими келиб, унга “тегишли масала бўйича” Олмаота полиция департаментига келиш талаби билан чақирув қоғози ташлаб кетган. Унинг нима сабабдан бошқа шаҳардаги полиция департаментига чақирилгани маълум эмас.
Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум шу йилнинг 6 октябрида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бюллетенда фақат “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз” деган биттагина савол бўлади. Бу саволга референдумда овоз бериш учун келганлар “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб беришлари керак бўлади.
Иқтисодиёт вазири: Қирғизистон санкция остидаги товарларни импорт қилган эмас
Қирғизистон иқтисодиёт ва тижорат вазири Данияр Амангелдиев ўз мамлакати зиммасидаги мажбуриятларни бажараётгани ва халқаро санкция остига тушган товарларнинг мамлакатга олиб кирилишига йўл қўймаётганини билдирди. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, бу ҳақда вазир 3 октябрь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилган.
Амангелдиевга кўра, бу каби товарлар Қирғизистон чегарасидан ўтган эмас.
“Бизнинг муайян чекловлар билан боғлиқ мажбуриятларимиз бор. Бу товарлар ҳеч қачон бизнинг мамлакатга кирмаган ва бизнинг ҳудудимиздан ўтмаган”, дея қайд этган у.
Вазир савдо-сотиқдаги шаффофликни таъминлаш учун Қирғизистонда Савдо компанияси тузилгани, у санкция остидаги товарлар мамлакатга олиб кирилмаслигини назорат қилишини қўшимча қилган.
Қирғизистон Савдо компанияси август ойи охирида мамлакат Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тузилган эди. Иқтисодиёт вазирлиги вакиллари аввалроқ мазкур компания товарлари Қирғизистон ҳудудига олиб кирилмаётган маҳаллий ширкатлар иштирокидаги савдо-сотиқ оқимлари мониторингини амалга ошириш учун ташкил этилганини маълум қилишган.
“Мазкур компаниянинг ташкил этилиши юқорида қайд этилган савдо-сотиқ фаолиятини тартибга солиши ҳамда савдо битимларининг бу каби турлари бўйича молиявий операциялар назорати учун восита бўлиб хизмат қилиши лозим”, дейишган вазирлик вакиллари.
АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳозиргача Қирғизистонга нисбатан ҳеч қанақа санкция жорий этган эмас. Бироқ ғарб мамлакатлари Қирғизистоннинг бир неча хусусий ширкатига нисбатан чекловлар киритган. Аввалроқ АҚШ Россияга санкция остидаги товарлар ва қўш мақсадли товарлар етказиб бергани учун камида еттита ширкатга нисбатан санкция жорий этган эди.
2024 йилнинг июнь ойида Қирғизистондан бўлган икки ширкат — “Мюллер Маркт” ва “ПроффЛаб” МЧЖ Европа Иттифоқининг санкция рўйхатига киритилгани маълум бўлган эди. Олдинроқ АҚШ Молия вазирлиги томонидан чеклов киритилган бу икки ширкат Россияга санкция остига тушган товарларни етказиб берганлари айтилган.
Исроил армияси: “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрутдаги штабига зарба берилди
Исроил армияси Эрон томонидан дастакланаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг Байрутдаги объектларига ҳужум уюштирилгани ҳақида маълумот тарқатди. Бунга оид баёнот ва видеоёзув ЦАХАЛнинг телеграм-канали орқали ёйинланган.
Исроиллик ҳарбийлар хабарномасида авиация гуруҳнинг разведка штабига зарбалар бергани ҳақида айтилган. Ҳужумга учраган объект “Ҳизбуллоҳ”нинг асосий унсури бўлиб, у орқали Исроил ва ЦАХАЛ ҳақида маълумотлар тўплаб борилган.
Исроил армияси Байрутга зарба берилгани ҳақида 3 октябрь тонгида маълумот тарқатган, бироқ бунга оид тафсилотларни келтирмаган эди. Reuters агентлиги манбалари Ливан парламенти яқинидаги бинога ҳужум уюштирилганини маълум қилишган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳужум чоғида олти киши ҳалок бўлган, етти нафари эса жароҳат олган.
Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас. Исроилнинг ҳаво ҳужумларидан бирида гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ҳам ўлдирилган.
Исроил Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши “Шимол нишлари” амалиётини 23 сентябрь куни бошлаган. Амалиётдан мақсад гуруҳ ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва Исроил шимолидаги уйларини ташлаб кетган исроилликларни ортга қайтариш учун шарт-шароит яратиш экани айтилган.
Ғарб мамлакатлари Яқин Шарқдаги вазият юзасидан ташвиш изҳор қилиб, бу можаро ҳеч кимнинг манфаатига мос тушмаслиги ва ҳали ҳам уни дипломатик йўллар билан ҳал қилиш мумкинлигини билдиришган. Аввалроқ Тель-Авив “Ҳизбуллоҳ” Исроилни ўққа тутишда давом этар экан, гуруҳ билан қуролли кураш олиб боришдан бошқа чораси йўқлигини билдирган.
НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте Украинага сафар қилди
Йенс Столтенберг ўрнига НАТО бош котиби бўлиб тайинланган Марк Рютте 3 октябрь куни Киевга борди. Бу Рюттенинг ҳарбий иттифоқ раҳбари ўлароқ амалга оширган илк халқаро ташрифидир.
Украина президенти Владимир Зеленский билан музокаралардан кейин Рютте Киев НАТОга аъзо бўлишга ҳеч қачон бу қадар яқин бўлмаганини урғулади.
Рютте альянснинг ёрдам билан бир қатордаги биринчи даражали вазифаси НАТОга аъзо мамлакатлар қурол-аслаҳа захираларини тўлдириш бўлиб ҳисобланишини қайд этди. У Украина ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини, халқаро ҳуқуқ эса у тарафда эканини таъкидлади.
Рюттега кўра, НАТОга аъзо мамлакатлар Киевга Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар бериш учун ижозат масаласини Украинани дастаклаш бўйича 12 октябрь куни “Рамштайн” форматида ўтказилажак кейинги учрашувда муҳокама қилишади.
Рютте ҳарбий иттифоққа кирувчи ҳар бир мамлакат Украинага етказиб берилаётган қурол-аслаҳаси учун қандай чеклов мавжудлигини ўзи ҳал қилишини урғулади.
Ўз навбатида, Зеленский Украина осмони муҳофазаси бўйича НАТО позицияси ўзгаришига умид билдирди. У Россиянинг тажовузкор ҳаракатларини тўхтатиш учун яна бир бор ҳамкорларни Украинага узоқ масофали қурол-аслаҳа етказиб беришга чақирди. Зеленскийга кўра, бу масалада Украина ҳамкорларининг янада қатъийроқ ҳаракат қилиши “Россия террорини батамом битириш учун лозим”.
Жапаров: Қирғизистонда 5-6 миллиардер ва 200 миллионер бор
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда 5-6 нафар миллиардер (тасарруфида камида 1 млрд АҚШ долларига тенг мол-мулк бўлган шахслар назарда тутилмоқда - таҳр.) ва 200 га яқин миллионер борлигини, уларнинг аксарияти пулларини хориждаги офшорларда сақлашини билдирди. Бу ҳақда у давлатга қарашли “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида айтган.
“Айнан шу сабабли биз легаллаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилганмиз. Бироқ ҳалигача улар ўз пулларини мамлакатга тўлиқ қайтарганлари йўқ. Улар орасида маблағларининг бир қисмини қайтариб олиб келиб, қурилиш соҳасига сармоя киритганлар бор”, деган Жапаров тадбиркорларни яна бир марта ўз маблағларини мамлакат тараққиёти учун сарфлашдан қўрқмасликка чақирди.
Президентга кўра, Қирғизистон расмийлари иқтисодиёт ва давлат учун фойдали бўлган барча лойиҳаларни, бундай ташаббус кимдан чиқишидан қатъи назар, қўллаб-қувватлашга тайёр.
2024 йил февралида Жапаров “бадавлат фуқаролар”га мурожаат қилиб, уларни чет элдаги мол-мулк ва маблағларни легаллаштириш учун мамлакатда қабул қилинган қонундан фойдаланишга чақирган эди. Бунга мисол ўлароқ Жапаров ўзнинг 20 миллион долларга тенг мол-мулкини легаллаштирганини билдирган. У мазкур қонундан истеъфода этган ҳолда, Бишкекдаги Ибраимов кўчасида 2005 йилдан 2010 йилгача қурилган бинони машруълаштирганини қайд этган.
Бу ерда гап Қирғизистон президенти томонидан 2023 йил июнида имзоланган “Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ихтиёрий равишда легаллаштириш ва амнистия қилиш тўғрисида”ги қонун ҳақида бормоқда. Аввалроқ мамлакат расмийлари ушбу ҳужжатдан мақсад “жисмоний шахсларнинг мол-мулки ва даромадларини ихтиёрий равишда декларация қилишнинг ҳуқуқий механизмини яратиш орқали қонуний иқтисодий муомалага жалб қилиш” эканини урғулашган.
Қонун қабул қилинганидан бир йил ўтгач, Қирғизистон парламенти мазкур қонунга тузатишларни маъқуллаб, активларни легаллаштириш муддатини 2024 йил охиригача узайтириб берган эди.