Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:13

Марказий Осиё давлатлари Россиядан узоқлашмоқдами?


Президентлар Владимир Путин ва Қасим-Жомарт Тоқаев Сочидаги учрашувда, 19 август, 2022
Президентлар Владимир Путин ва Қасим-Жомарт Тоқаев Сочидаги учрашувда, 19 август, 2022

Россия Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш мақсадида Қозоғистонни шимолий қўшниси билан алоқаларини ўзгартираётган ва ҳатто Москвага нисбатан қаттиққўл позиция тутган мамлакат сифатида кўрсатмоқда, бу билан дунё кўзини шамғалат қилмоқчи, деб ёзди яқинда Ғарб ОАВлари. Матбуотда, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари Москвадан юз ўгирадими ёки йўқми, деган савол ҳам муҳокама қилинди.

Россия ва Қозоғистон “ўйин қиляпти”ми?

Россия, ўз манфаатларини кўзлаб, Нур-Султонни Москва билан интеграция бирлашмаларидан (ЕОИИ ва КХШТ) масофаланаётган “хоин” сифатида кўрсатишга тиришмоқда, деб ёзди сиёсатшунос Ахас Тажутов Eurasia review нашрида. Экспертга кўра, Москва Қозоғистоннинг мустақиллиги хусусида ёлғон тасаввур шакллантириш ва унга дам-бадам таҳдид қилиб туриш орқали ушбу жанубий қўшниси ёрдами билан ўзига қарши жорий этилган санкцияларга чап беришни истайди.

Муаллифга кўра, Кремлнинг пировард мақсади – Қозоғистонни “иккинчи Беларусга айлантириш” ва “иттифоқ давлати”га қўшиб олиш, бироқ ҳозир интеграция мавриди эмас, шу боис Россия эътиборини бошқа вазифаларга қаратмоқда. Тажутов урғулашича, Москва, биринчидан, санкцияланган товарларни келтиришда Қозоғистондан фойдаланиш учун “тутундан парда ясаб”, икки томонлама алоқаларнинг ҳақиқий аҳволини яширяпти. Иккинчидан эса, Қозоғистонда ҳокимият учун рақобатни пасайтириш ва шу орқали иқтидордаги режимни дастаклаш мақсадида мамлакатдаги муқобил кучларни заифлаштиришга қаратилган чалғитувчи пропаганда ўйинларини ўйнамоқда.

Тажутов “ўйинлар” деганда Россия сиёсатчиларининг вақти-вақти билан Нур-Султонга ташланишини назарда тутади. Муаллиф Россиянинг собиқ президенти, ҳозирда Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари бўлмиш Дмитрий Медведевнинг “ВКонтакте” тармоғида чиққан мақоласига алоҳида тўхталган. Қозоғистон “зўрма-зўраки давлат” ва “собиқ рус тупроғи” дея таърифланган ушбу мақола тезда ўчирилган, Медведев эса аккаунтини кимдир “бузиб кирган”ини баҳона қилган эса-да, унинг мазмуни Россиянинг бошқа юқори мартабали мулозимлари тилидан айтиладиган иддаоларга (2014 йилда президент Владимир Путин қозоқларда “давлат бўлмаган”ини айтган, 2020 йилда эса Давлат думаси депутатлари Вячеслав Никонов ва Евгений Фёдоров Шимолий Қозоғистон ерларини “рус халқининг тортиғи” деб атаганлар) уйғун эди.

Ахас Тажутов Медведевнинг мақоласи Кремль сиёсий технологларининг “томоша”си бўлганини истисно этмайди ва Glavred.info сайти ҳамда GeneralSVR телеграм-канали Медведевнинг аккаунти “қора кучлар” ҳужумига учрамагани ҳақида хабар қилганини эслатади.

Қозоғистон расмийлари шов-шувли мақолага нисбатан пинак бузмадилар – балки уни кўрмай қолишгандир. Бироқ Казнетда қизғин мунозаралар бошланди, ки бу Ғарб экспертларининг мамлакатдаги вазият бўйича тасаввурларига таъсир этмай қолмасди.

Wall Street Journal шарҳловчиси Эван Грешкович Қозоғистон сиёсий раҳбарияти Москванинг дағдағаларидан ташвишга тушиб, ҳарбий бюджетни 918 миллион долларга оширгани ҳақида ёзди. Шу газетада чиққан бошқа мақолада эса мухбир Шелли Ҳоллидей Қозоғистон “ўз стратегиясини қайта кўриб чиқаётгани” ва Хитой ҳамда Туркия билан ҳамкорликни кучайтираётганидан баҳс этди.

Айни мазмундаги мақолалар Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳукмбардорлиги айни пайтда жиддий тўсиқларга дуч келаётгандек тасаввур ҳосил қилиши мумкин. “Ахборотни “сиздирганлар” айнан шунақа натижага эришишни кўзлаган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас”, дейди Тажутов.

Марказий Осиё давлатлари Россиядан узоқлашадими?

“Россияга ўз глобал таъсир кучини ҳали-бери тиклай олмайдиган даражада зарба бериш ва Украинадаги ваҳшийликлар ортиқ такрорланмаслигини кафолатлаш учун чора кўриш зарур. Евроиттифоқ ва аъзолари олдида бундан муҳимроқ вазифа бўлмаслиги лозим. Ва ушбу борадаги энг муҳим йўналишлардан бири Марказий Осиёдир”, деб ёзди Бельгиянинг ЕИдаги собиқ вакили Жан де Рюйт EUObserver нашрида чиққан мақоласида.

Собиқ дипломат Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон СССР парчаланганидан бери Россия билан иноқ бўлиб келган бўлса-да, ҳозирда минтақа чинакам туб бурилиш даврини бошдан кечираётганини таъкидлайди. “Марказий Осиёда аллақачон эврилишлар шамоли эсмоқда”, дейди муаллиф.

Минтақада ҳеч бир мамлакат Россиянинг Украинага босқинини ёқламади. Қозоғистон билан Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам йўллади.

Собиқ дипломат Марказий Осиё давлатлари “Россия бошлаган урушга ва унинг нуфузига қарши зимдан курашмоқда”, дея ишонади. “Европа билан Ғарбнинг вазифаси Россиядан янада масофаланиш прагматик танлов эканини ушбу мамлакатларга исботлаб беришдир. Бу каби бурилиш Европага ҳам, Марказий Осиёга ҳам геосиёсий ва бошқа жиҳатларга кўра жуда фойдали бўлур эди”, дейилади мақолада.

Муаллиф ЕИ ҳамда Марказий Осиё ўртасида маҳсулот айланмасини салмоқли даражада ошириш имкониятларини кўради. У нефт-газга бой Қозоғистон ва Туркманистон билан яқин ҳамкорлик Европага Россия хомашёсига қарамликдан қутқаришда ёрдам бериши мумкинлигига диққат қилади. Ва, шу муносабат билан, Каспий денгизи орқали ўтувчи экспорт йўналишларини диверсификация қилишда Қозоғистонга молиявий ва техник кўмаклашишнинг стратегик фойдаларидан баҳс этади.

Айни чоғда муаллиф Ўзбекистон билан Туркманистон дунёнинг энг репрессив давлатлари сирасида қолаётганини эслатиб, минтақада Европа қадриятлари – сифатли бошқарув, толерантлик, тенглик ва инсон ҳуқуқлари риоясини тарғиб қилиш муҳимлигини айтади.

“Украинага қарши Россия бошлаган бу уруш – дипломатия, мазмунли ҳамкорлик ва маҳорат тўғри омихта қилинса, Кремлнинг минтақадаги нуфузини қирқишда ҳал қилувчи жиҳат бўлиши мумкин. Мазкур эврилишлар алалоқибат шундай бир дунё пойдеворини қурадики, унда Россия ҳеч бир суверен давлатга таҳдид сола олмайди”, дея хулоса қилади Жан де Рюйт.

Форум

XS
SM
MD
LG