Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:11

Boeing корпорацияси: Ўзбекистон билан бизнес давом этади


Boeing - дунёнинг энг йирик учоқ ишлаб чиқарувчи ширкати.
Boeing - дунёнинг энг йирик учоқ ишлаб чиқарувчи ширкати.

Boeing учоқ ишлаб чиқарувчи корпорацияси 2041 йилга мўлжалланган прогнозларида ўз харидорлари рўйхатидан Россия ва Марказий Осиёни чиқариб ташлади.

Корпорация берган баёнот Boeing Ғарб санкцияларига учраган Россия билан бирга Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга учоқлар сотишни тўхтатаётгани ҳақидаги фаразларни келтириб чиқарди. Бироқ Озодлик билан суҳбатда Boeing вакили учоқ ва унга эҳтиёт қисмларини сотишга чекловлар фақат Россияга нисбатан киритилганини маълум қилди.

Шунга қарамасдан экспертлар ўзбек ширкатларини рус компаниялари билан ҳамкорлик қилишда эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.

Boeingнинг 2041 йилгача бўлган прогнози

Boeing учоқ ишлаб чиқарувчи корпорациясининг келгуси 20 йил учун прогноз қилинган таъминот харитасида минтақа кулранг рангда - 2041 йилгача етказиб бериш режалаштирилмаган ҳудудлар сифатида кўрсатилган.

Ижтимоий тармоқларда бу баёнот ортидан турли фаразлар, тахминлар ва мулоҳазалар пайдо бўлди.

Айрим нашрлар ва ахборот воситалари Boeing Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан алоқаларни узгани, учоқларни бошқа сотмасликка қарор қилгани тўғрисида ёзди.

Корпорациянинг тижорий ҳаво қатнови ва самолётларга бўлган талаб бўйича узоқ муддатли прогнози Россиянинг Украинадаги «махсус ҳарбий операцияси» авиация саноатига бевосита таъсир кўрсатгани, биринчи навбатда, Россияга самолётларни етказиб бериш имконсиз бўлиб қолгани билан изоҳланган.

- Бу ҳудуд биз учун мақсадли бўлмаган бозор, - деб айтган Boeing корпорацияси маркетинг бўйича вице-президенти Даррен Халст.

Bloomberg нашрининг қайд этишича, Boeing ўтган йилги тахминларида келаси 20 йил ичида россиялик мижозлар 1500 дан ортиқ учоқ сотиб олишини башорат қилган эди. Аммо 2022 йил март ойида корпорация Россия авиакомпанияларига техник хизмат кўрсатиш ва Россияга эҳтиёт қисмлар етказиб беришни тўхтатаётганини эълон қилди. Бу Украинага қилган ҳарбий тажовузи туфайли Россияга қарши жорий қилинган халқаро санкциялар билан боғлиқ.

Россия ва Марказий Осиёда самолётларга талаб мавжудлигига қарамай, бу ҳолат қанча давом этиши ҳақида юқори даражада ноаниқлик мавжуд. Шу сабабли биз Россия ва Марказий Осиё бўйича прогнозни эълон қилмасликка қарор қилдик ”, — дейилади изоҳда.

Бир йил аввал Boeing 20 йил ичида 43 610 та учоқни сотишни режалаштирган, бироқ ҳозир бу рақам асосан Россия ҳисобига 41 170 та учоққа камайди. Boeing шунингдек, йўловчиларни ташиш бўйича йиллик прогнозини 4 фоиздан 3,8 фоизга туширди.

Корпорациянинг таъкидлашича, Осиё бозорлари янги ҳаво кемаларига узоқ муддатли талабнинг тахминан 40 фоизини, Европа ва Шимолий Америка - ҳар бири 20% дан ташкил қилади.

Расмий рақамларга биноан, янги Boeingларни етказиб бериш бозори қиймати 7,2 триллион долларни ташкил этади, бу талабни қондириш учун тижорат хизматлари бозори 3,6 триллион долларга баҳоланмоқда.

Айни пайтда, Россия авиакомпанияларига қарши санкцияларга ҳатто ўзларининг ишонган ҳамкорлари қўшилмоқда. Масалан, Хитой рус авиакомпанияларига қарашли Boeing ва Airbusлар учун осмонини ёпди.

Boeing: Чекловлар Ўзбекистонга тегишли эмас

Boeingнинг ушбу қарори Ўзбекистоннинг айрим компаниялари Россияга киритилган санкцияларни бузувчилар қаторига қўшилганидан кейин эълон қилинди.

Бироқ, Ўзбекистон транспорт вазирлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда Boeing корпорациясининг баёноти айрим нашрлар, блогерлар ва тармоқ фойдаланувчилари томонидан нотўғри талқин қилинаётганини айтди.

- Уларнинг баёнотида яқин истиқбол прогнозларида Марказий Осиёга бортларни етказиб бериш РЕЖАЛАРИ йўқлиги билдирилган. У ерда “Йўқ, биз Ўзбекистонга учоқ бермаймиз, Ўзбекистон билан алоқаларни тўхтатамиз” деган гап мутлақо йўқ! Шунчаки бу минтақа режада йўқ. Ўзбекистон хоҳласа янги учоқларга истаганча буюртма беравериши мумкин. ОАВ бу баёнотни ҳар хил талқин қиляпти, лекин баёнотни яхшилаб ўқисангиз “Алоқалар тўхтатилади!” деган гап йўқ, - деди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги сўзчиси Наврўз Ашурматов.

Озодликнинг бу борадаги сўровига жавоб берган Boeing ширкати прогнознинг Россиядан ташқари Марказий Осиё давлатларига ҳеч қандай таъсири йўқлигини билдирди.

- Қарор, жумладан, Ўзбекистон, Озарбайжон давлатларига салбий таъсир қилмайди – улар билан бизнес давом этади, чунки улар санкция остида эмас. Биз АҚШ ҳукумати жорий этган санкцияларгагина риоя қиламиз. Прогнозимиз масаласида – бу тахмин “айнан шу минтақада сотишни режалаштирмаяпмиз”, дегани эмас. Россия ва Марказий Осиё бўйича берилган бу прогноз вазият башорат қилиб бўлмайдиган ҳолатдан дарак эканини билдиради, холос. Уруш қанча давом этади, санкциялар қанчага чўзилади – ноаниқлигича қолмоқда.

Олдинги прогнозларимиз асосан Россияга тааллуқли бўлган. Келаси 20 йилликка тегишли прогнозларни эса биз бошқа минтақалар прогнозларига бўлиб ташладик. Россия билан қўшганда аввалги бу минтақага берган прогнозларимиз 1500та учоқни ташкил этган. Умуман олганда, прогноз ва жорий бизнес – айри тушунчалар, шу боис Марказий Осиёга учоқлар етказиб бериш давом этаверади. Бу дегани, прогнозимиз ичида Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлар бор, фақат улар энди бошқа минтақавий бўлимлар прогнози ичига киритилган, дейилади корпорациянинг Озодликка йўллаган расмий жавобида.

Тожикистоннинг "Сомон Эйр" авиакомпанияси ҳам АҚШнинг Boeingи тожикистонлик авиаширкатни сотувчилар рўйхатидан чиқармаганлиги тўғрисида расмий хабар тарқатди.

- Бундай маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг биз Боинг компаниясига тегишли сўров юбордик. Корпорация вакилларининг жавобида "Марказий Осиё мамлакатларига учоқлар савдосини тўхтатиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас" дейилган, - деди "Сомон Эйр" агентлиги раҳбари ўринбосари Абдулқосим Валиев.

Валиев август охиригача Тожикистонга иккита Boeing -737 учоғи етказиб берилишини ҳам қўшимча қилди.

Boeing ва Украина уруши

Транспорт авиацияси экспертлари Украина можароси ортидан дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу соҳада муаммолар юзага келганини эътироф этмоқда.

Олдинроқ АBC News нашри Boeing компаниясининг 2500 га яқин ходими компания билан тузилган шартнома шартларига рози бўлмагани учун 1 августдан иш ташлашни режалаштираётганини хабар берганди. Машинистлар ва аэрокосмик ишчилар халқаро ассоциацияси якшанба куни ҳамкорликни давом эттиришга қарши 837 овоз берганидан сўнг, Иллинойс штатининг Маскат шаҳридаги Миссури штатининг Сент-Чарльз ва Сент-Луис округларидаги учта Boeing заводида иш тўхтатилиши айтилганди.

Boeing чораклик даромадлар ҳисоботининг бир қисми сифатида ўзининг молиявий ҳолати бўйича янгиланишларни тақдим этиши кутилмоқда. Аввалроқ Boeing биринчи чоракда 1,2 млрд доллар зарар кўрганини эълон қилганди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган авиация мутахассисларидан бири Озодликка санкциялар Boeing ширкати даромадларига жиддий зарар келтирганини тасдиқлади.

- Boeing – бу хусусий компания. У ҳукумат жорий қилган санкцияларга бўйсунишга мажбур, ўз хоҳиши эмас. Санкцияларни ва қоидаларни бузаётган давлатлар ва компанияларга нисбатан чора кўриш – бу Boeing иши эмас, ҳукуматники. Россия бозорини йўқотиш Boeing учун ҳақиқатан оғриқли қарор бўлди – 1500 учоқдан айрилиш сезиларли ҳолат. Бу дегани авиаширкат биргина Россиядан воз кечиб 400 млрд долларлик бозорни ёпди, - деди вазиятдан хабардор манба.

Эксперт фикри: Ўзбекистон ширкатлари эҳтиёт бўлиши керак

Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйча эксперт Темур Умаров ҳам Boeing ўз маҳсулотларини Ўзбекистонга ва унга қўшни давлатларга сотишдан бош тортмаган бўлса-да, ўзбек ширкатлари санкцияларни назорат қилаётган Ғарб давлатлари кузатувида эканини эслатди.

- Boeing прогнозларига Марказий Осиё давлатлари қўшилмагани иккиламчи санкция эмас, менимча. Бу 2041 йилгача қилинган режа. Бу ширкат бўлимлари учун қайси тарафга қараб ривожланиш учун кўрсатилган бир йўл-йўриқ, холос. Аммо кўплаб Марказий Осиё ширкатлари, нафақат авиакомпаниялар, рус компаниялари билан ҳамкорлик қилишда давом этишса, иккиламчи санкцияларга туширилиши хавфи мавжуд. Бу мамлакат имижига ҳам путур етказади. Масалан, яқиндагина Россия билан ҳамкорлик қилган Ўзбекистоннинг логистика компанияси АҚШ санкцияларига тушди.

Агарда бундай компаниялар кўпайса, сўзсиз,Boeing қандайдир жавоб киритишга мажбур этилади. Қолаверса, Марказий Осиё авиабозорининг ўзи Boeing учун масалан, Хитойга нисбатан жуда кичкина бозор – ундан воз кечиш компанияга катта йўқотиш келтирмайди. Шу сабабли ҳам Украина урушигача Марказий Осиё авиация бозори каттароқ бўлган Россия бозорига қўшиб ҳисобланган. Энди вазият ўзгарди.

Жаҳон авиация саноатида пандемия билан бошланган ва Украина уруши билан давом этаётган мураккабликларга қарамасдан яқин келажакда, умумиятла, дунёда учоқлар ҳажми кескин ошиши кутилмоқда.

Мутахассисларга кўра, 2041 йилга келиб, глобал учоқлар парки 2019 йилдаги пандемиядан олдинги даражага нисбатан 80 фоизга ошиши кутилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG