Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2020, Тошкент вақти: 23:47

Хабаровскдаги марказий осиëлик ҳайдовчилар омончилар томонидан калтакланганини айтмоқда (ВИДЕО-ФОТО)


Полиция бўлимида муҳожирлар олган жароҳат излари

Россиянинг Хабаровск шаҳрида ОМОН ва полиция “Васильев” автокорхонасида ҳайдовчилик қилиб келган юздан ортиқ ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирини аёвсиз калтаклади.

Автопарк ишчиларининг сўзларига кўра, маска кийган омончилар савалашдан олдин назорат камераларини скочлаб олган.

Полиция бошқармаси бундай ҳодиса бўлганидан хабари йўқлигини билдирди.

12 декабрь куни Хабаровскдаги хусусий тадбиркор “Васильев” автопаркида ОМОН ва полиция махсус амалиёт ўтказди. Полиция расмий хабарига кўра¸ бу рейд "Нолегал мигрант" махсус амалиёти доирасида ўтказилган.

Амалиëт давомида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган 103 нафар ҳайдовчи ушланиб, иккита автобусда бўлимга олиб кетилди, дейди жабрланувчилардан бири Жирғалбек.

- Кечки 8:30 ларда ишни тугатиб сменани топшираётган пайтимизда автопаркка 2 автобус омончилар келди. Ҳеч қандай тушунтиришларсиз улар бизни полицияга олиб кетди. 100 кишича одамни иккита автобусга тиқиб, полицияга олиб келишди. Ишхонамизда яхши гапириб келган полициячилар етиб келишимиз билан бизни дубинкалар билан савалаб, тушира бошлади. Ҳаммани юзини ерга қаратиб, энкайтириб орқага қарамасдан отделга олиб кирди, дейди муҳожир йигит.

Жабрланганларнинг воқеадан сўнг телефонга олинган видеотасвирларида уларга етказилган тан жароҳатини кўриш мумкин.

Бир неча киши калтаклаш давомида ҳушидан кетган
Бир неча киши калтаклаш давомида ҳушидан кетган

Жирғалбекнинг айтишича, полиция ҳайдовчиларни¸ ҳатто ҳужжатини кўрсатишини кутмасдан¸ калтаклашга ўтган:

- “Нега?”, деган саволни беришга ҳам қўймади – тинмасдан уради, бошни кўтартирмасдан. Улар одамлар устига оёқлари билан чиқиб, назорат камераларини скоч билан ёпиб ташлади. Ҳаммани ўтирғизиб дубинка ва биталар билан ура бошлади: “Сенлар қизилда ўтасан доимо! Пассажирларга қўпол гапирасанлар! Совуқ турқларинг бизга ёқмаяпти!”, деб ёмон сўзлар билан ҳақорат қилди. 3-4 болани ёмон урди – бир нечтаси ҳушидан ҳам кетиб қолди, биттаси тилини ютворишига сал қолди. 3-4 соат савалашди!¸ деди Жирғалбек.

Суҳбатдош полициячилар ушланганларни саҳарги 3-4ларда қўйиб юборгани, айримларнинг ҳужжатлари ва телефонларини қайтариб бермаганини билдирди.

У “Эртага ҳеч нарса бўлмагандек ишга чиқасанлар!”, дея буйруқ ҳам берилганини ҳам қўшимча қилди.

Айтилишича¸ аёвсиз калтакланган автопарк ишчилари яна автобусда ишхонага қайтиб келгач¸ саккиз мартача Тез ëрдамга мурожаат қилган.

- Келган “Тез ёрдам” оғир аҳволда бўлганларни ҳам паспорти йўқлиги сабаб йўлда тушириб қолдирибди! Паспортлар ва телефонларни омончилар қайтармадику! Биз бу болаларни ўзимиз уйига олиб бориб ташладик.

Жирғалбек кўрсатмаларини Озодликка исми сир қолишини сўраган яна бир нечта жабрланган муҳожир тасдиқлади.

Калтакланган ҳайдовчиларнинг 80 нафари Қирғизистон, қолган 23 нафарининг Ўзбекистон ва Тожикистондан экани айтилмоқда.

Ҳозирча жабрланганлардан фақат 17 нафар қирғизистонлик муҳожиргина Қирғизистон консуллигига полиция ходимлари устидан ариза билан мурожаат қилган.

Улар Озодликка воқеа тафсилотлари билан Қирғизистон Бош консуллиги шуғулланаётгани, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолари ҳам хабар топганини айтди.

Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Озодликка зўравонлик ҳақида арз қилишдан қўрқаётгани ва “вазиятни мураккаблаштирмаслик”ка қарор қилганини билдирди.

Калтакланган ишчилар ўзларининг Хабаровск шаҳрининг Воронежская кўчасида жойлашган полиция бўлимларидан бирига олиб келинганини айтди.

Жароҳатлар асосан полиция дубинкаси ва таёқдан олинган
Жароҳатлар асосан полиция дубинкаси ва таёқдан олинган

Россия ИИВсининг Хабаровск вилояти бўйича бошқармаси расмийси бу маълумотни инкор қилишга уринди:

- Ушланганларни Воронежская кўчаси, 1 уйга олиб келишгани бўлиши мумкин эмас! У ерда ГИБДД жойлашган. Бу иш масаласида бирор текшириш бораётгани-бормаётгани борасида менда ҳеч қандай маълумот йўқ! Матбуот хизматимизга мурожаат қилинг, дея зарда қилди бошқарма навбатчиси Пономаренко.

Маълумки, Россия Давлат Думаси чет эл гражданларига Россия ҳудудида такси ва автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлашни тақиқловчи қонун устида иш олиб бормоқда. Бугунга келиб Россиянинг барча минтақалирада Россияда берилган ҳайдовчилик гувоҳномасисиз одам ташувчи автотранспортни бошқариш мумкин эмаслиги қонунан белгилаб қўйилган.

Регнум ахборот агентлиги 12 декабрь кунги полициянинг “муҳожирлардан тозалаш” амалиёти оқибатида Хабаровск шаҳрида автобус қатнови тўхтаб қолгани, юзлаб хабаровскликлар ишга кеч қолганини ёзди.

“Хабаровск ўлкаси Ички ишлар бошқармаси Васильев автокорхонасида 70 зиёд ҳайдовчига ишлашга тақиқ борлигига қарамасдан уларнинг нолегал тарзда ҳужжатсиз ишлаб келганини маълум қилди", дейилади Регнум хабарида.

Хабаровск полиция идорасининг расмий сайтида 13 декабрь куни бу рейд ҳақидаги қисқа хабарда “автотранспорт корхонасида 73 нафар ҳужжатсиз юрган гражданин аниқлангани” ва жумладан текширув натижасида “12 хорижлик шахс Россия Федерациясида миграция қоидаларини бузган ҳолда” яшаб келгани маълум қилинди.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG