Линклар

Навальний: Қария Путин Нижний Новгороддаги митингга бормаслигими қанчалар хоҳлайди-я!


Алексей Навальний

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Нижний Новгород шаҳрида бўлиб ўтадиган митингга йўл олган пайтда Москва полицияси томонидан ўз квартираси яқинида қўлга олинди.

Бу ҳақда мухолифатчининг ўзи 29 сентябрь куни Instagramда билдирди.

- Эҳ, қария Путин, Нижний Новгороддаги митиннга бора олмаслигими қанчалар хоҳлайди-я! – деб ёзди у.

Қўлга олиниши акс этган видеони эълон қилган Навальний полиция маҳкамасига олиб кетишаётгани ҳақида ёзди.

- Кинолардагидек бўлди: автомобиль келиб тўхтади, ундан полиция ходимлари тушди, - дея қўшимча қилди Навальний.

Навальний 2018 йили ўтказиладиган Россия президенти сайловига ўз номзодини қўйиш истагини билдирган. Аммо Россия расмийлари у молиявий жиноятларда айбдор, деб топилгани учун, сиёсий жараёнлардан четлатилгани айтишмоқда.

Навальнийнинг ўзи эса ҳеч қандай айби йўқлигини айтиб, унга қўйилган айбловлар унинг сайловда иштирок этишига ҳалал бериш ҳамда Путинга яқин шахслар коррупцияси ҳақида ёзган ҳисоботларига жавоб ўлароқ ўйлаб топилган уйдирма эканлигини айтиб келади.

2013 йили мухолифатчи Москва мэри сайловида иккинчи ўринни олган.

Россиянинг бир неча шаҳрида Навальний кейинги пайтда ўтказган митингларга юзлаб, баъзан минглаб одам келди.

Россия Ички ишлар вазирлиги Навальний одамларни рухсат берилмаган митингларда қатнашишга чорлагани учун қўлга олинганини билдирди.

Аммо мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш, аслида, Нижний Новгороддаги митингга шаҳар расмийлари рухсат берганини айтди.

Ой бошида Human Rights Watch ташкилоти “радикал миллатчи ҳамда путинпараст гуруҳлар Навальний кампанияси аъзоларига ҳужум қилиб, уларни қўрқитиб келаётганини”, бу ҳолатлар бўйича расмий терговлар “самарали равишда ўтказилмаётганини” таъкидлаган эди.

Расмийлар назарда тутган ноқонуний митинг Навальний Санкт Петербургда 6 октябрь, яъни Путин туғилган кунда ўтказишни режалаштираётган митинг бўлиши мумкин.

Куни кеча Навальний Санкт Петербург шаҳри расмийлари ўз қўлловчлари билан учрашиши учун мақбул жой ажратишга рози бўлмаётганини билдирган эди.

Мухолифатчи агар яна рад жавобини олса, йиғинни шаҳар майдонларидан бирида ўтказмоқчи эканлигини таъкидлади.

Ҳокимият тепасига 1999 йил келган Путин 2018 йилнинг 18 мартига белгиланган сайловда ўз номзодини кўрсатиши кутилмоқда. Аммо президент ҳали буни расман эълон қилмаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG