Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:07

50 кун ўтириб чиққан Навальний яна қамалиши мумкин (ВИДЕО)


А.Навальний 50 кунлик қамоқни ўтаб чиқди.
А.Навальний 50 кунлик қамоқни ўтаб чиқди.

50 кунлик маъмурий қамоқ жазосини ўтаб, 14 октябрда озодликка чиққан россиялик мухолифатчи Алексей Навальний янги жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Россиядаги мухолифат етакчиси, “Коррупцияга қарши жамғарма” (ФБК) асосчиси ва таниқли блогер​Навальний ўз видеоблогида хабар қилишича, у 2016 йилда “собиқ полициячига қилган туҳмати” юзасидан қўзғатилган иш бўйича Ички ишлар бошқармасига чақиртирилган.

- Менинг устимдан аризани “Магнитский иши” бўйича гувоҳ сифатида иштирок этаётган ИИВнинг собиқ ходими Павел Карпов ёзибди. Бу шахс Ички ишларнинг ҳатто энг яхши маош оладиган ходими сотиб ололмайдиган элита мулк, қимматбаҳо автомобиллар ва катта миқдордаги бошқа буюмлар эгаси экани аниқланганди, деди Навальний.

Павел Карпов Россия Бош прокурори Юрий Чайка оиласига тегишли мулк ва бойликлар масаласида ФБК олиб борган суриштирувда тилга олинганди.

Карпов Hermitage Capital Management гуруҳи бош директори Уильям Браудер томонидан тарқатилаётган “Russian untouchables” (“Рус оқсуяклари”) 4 та видеоролик устидан судга арз қилган. Айнан шу жамғармада Россиядаги юқори лавозимли шахсларнинг ўта катта миқдорда ўғирликларини фош қилгани учун ўлдирилган юрист Сергей Магнитский юристлик қилган.

Бу фильмлардан бирида “собиқ” ходим Павел Карпов Россия бюджетидан 230 миллион доллар ўмаргани ва юристга босим ўтказгани борасида айтилган.

Бу жиноий иш юзасидан Навальний квартирасида 2016 йилда тинтув ўтказилган.

Бироқ, адвокатлар мухолифатчига қўйилаётган модда асосида унга қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эмас, боз устига жиноий жавобгарликка тортиш муддати 2 йил эканлигини гапирмоқда.

“Коррупцияга қарши кураш жамғармасида”гиллар бу амалларни мухолифат етакчисига бўлган навбатдаги босим ва қўрқитиш ўлароқ баҳоламоқда.

Алексей Навальний 50 кунлик маъмурий ҳибс жазосини тамомлаб, 14 октябрь куни озодликка чиқди.

Навалний 22 сентябрь куни 30 кунлик маъмурий жазони ўтаб чиққан заҳоти 20 кунлик маъмурий қамоққа олинган эди.

Владимир Путин ҳукумати Навальнийни 2018 йилнинг январида “ҳукумат томонидан рухсат берилмаган сайловчилар забастовкасига” қилган чақириқлари учун қамоққа олган эди.

Кейинги 20 кунлик жазо унга пенсия ёши оширилишига қарши норозилик акциясига кетаётгани учун тайинланган.

Бундан олдинроқ, узоқ йиллар давомида Владимир Путиннинг тан соқчилари бўлинмаси бошлиғи, ҳозирда Миллий Гвардия қўшинлари бош қўмондони Виктор Золотов Алексей Навальнийни “яккама-якка олишувга” чақириб, унга "абжағини чиқариш" билан таҳдид қилгани хабар қилинган эди.

Золотовнинг Навальний бошқараётган Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) чоп этган суриштирувга жавоби шундай бўлди.

ФБК матбуот хизматига кўра, Алексей Навальний бугунга келиб 9 маротаба тайинланган турли маъмурий жазолар билан жами 172 кун қамоқда ўтириб чиққан.

XS
SM
MD
LG