Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:34

Экспертлар Ўзбекистонни санкцияга учраган Россия ширкатлари билан ҳамкорликдан огоҳлантирмоқда


АҚШнинг санкциялар тўғрисидаги сўнгги қарори 29 июлдан кучга кирди.

Россиянинг учта компанияси АҚШ санкциялар рўйхатига киритилди. Чекловлар Эрон, Шимолий Корея ва Сурияга қарши оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги қонунга мувофиқ киритилган.

Россия компанияларидан бири Ўзбекистондаги корхоналарга ускуналар етказиб келган.

Мутахассислар Ўзбекистонни санкциялар рўйхатидаги компаниялар билан алоқа ўрнатишнинг оқибатларидан огоҳлантирмоқда.

Уч Россия компанияси АҚШ санкцияларига тушди

9 август куни АҚШ Давлат департаменти Россиянинг учта компанияси - NPP Pulsar LLC, Charter Green Light Moscow (CGLM) ва Asia-Invest LLCга нисбатан санкциялар қўлланилишини эълон қилди.

Вашингтонга кўра, улар Эрон, Шимолий Корея ва Сурияга нисбатан оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги миллий қонунчиликни бузишган.

Санкциялар рўйхатига тушган Россия компанияларидан бири - Asia-Invest LLC ширкати Ўзбекистондаги нефт-газ ва кончилик корхоналарига ускуналар етказиб бериши маълум бўлди.

АҚШ ҳукумати очиқлаган ҳужжатда Россия компанияларидан ташқари, санкциялар рўйхатига Сурия, Ливан ва Ироқнинг Asa’ib Ahl al-Haq, Kata’ib Hezbollah, Ayman Al Sabbagh Trading, Hizballah ва Wael Issa Trading Establishment компаниялари, ташкилотлари ва ҳарбий тузилмалари киритилган.

Санкциялар тўғрисидаги қарор 29 июлдан кучга кирди.

Санкциялар доирасида АҚШнинг ҳар қандай давлат агентлиги билан савдо қилиш ёки шартнома тузиш ё-да бу компанияларга ёрдам бериш тақиқланган. Чекловлар, агар Давлат котиби бошқача қарор қилмаса, икки йил давомида амал қилади.

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Фейсбукдаги саҳифасида Америка маъмуриятини вазиятни сунъий равишда кескинлаштираётганликда айблади.

"Айрим маҳаллий корхоналарни жазолаш тўғрисидаги қарорларни эълон қилар экан, Вашингтон бизни ушбу ширкатлар гўёки Америка қуролини тарқатмаслик қоидаларини бузганига ишонтирмоқчи. Одатга кўра, Россия томонига ҳеч қандай далил келтирилмади", - деди Антонов.

У Россия бундай ёндашувни "Женева руҳи"га, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштириш ҳаракатларига мутлақо зид ва номақбул деб ҳисоблашини билдирди.

Санкцияга тушган компаниялардан бири - Ўзбекистоннинг ҳамкори

Оммавий ахборот воситаларида айтилишича, Америка тақдим этган ҳужжатларда гап Владимир Путинга яқин одамларидан бири - Сергей Чемезов томонидан бошқариб келинаётган "Ростех" давлат корпорацияси таркибига кирувчи “NPP Pulsar” АЖ ҳақида кетаётир. Шу билан бирга, The Insider нашри журналистларига кўра, Бошқирдистонда Марсел Асфандияров исмли шахсга тегишли хусусий "NPP Pulsar" МЧЖси ҳам бор экан.

Деярли бир хил номдаги иккала компания ҳам битта соҳада - яримўтказгич ва электрон қурилмаларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш соҳасида фаолият олиб бориши аниқланди.

Charter Green Light Moscow (CGLM) МЧЖси Буюк Британия ватандоши Алексей Маляревичга тегишли экани маълум.

Москвада юридик манзилга эга бўлган CGLM 5 йилдан буён бизнес-авиация бозорида фаолият юритиб, халқаро ва ички чартер рейсларни, шу жумладан, юқори лавозимли амалдорларни ташиш билан шуғулланиб келади.

АҚШ санкциялари рўйхатидаги учинчи рус ширкати - "Asia-Invest LLC" МЧЖ Уфа шаҳрида рўйхатдан ўтган ва “NPP Pulsar” компанияси раҳбари Марсел Асфандияров билан бир хил манзилда яшовчи Гузел Асфандияровага тегишли экани маълум бўлди.

Улар бир ёшда ва эҳтимол, эр-хотин бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди.

"Asia-Invest” қўшни давлатлар - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон корхоналарига асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва нефт-кимё маҳсулотларини етказиб бериши тўғрисида компания расмий сайтга маълумот келтирилган.

Унинг хорижий ҳамкорлари орасида нефт мажмуаси, тоғ-кон ва мудофаа саноати соҳасидаги энг йирик заводлар борлиги айтилади.

"Asia-Invest LLC" расмий сайтида ширкат 21 йилдан буён фаолият олиб бораётгани айтилади.

Эксперт: Россия нефт ва газ соҳасида Ўзбекистонда етакчи ўрнини йўқотди

"Asia-Invest LLC" ширкатининг АҚШ санкциялари остига тушиши Ўзбекистондаги нефт ва газ соҳасдаги вазиятга қандай таъсир ўтказиши мумкин? Ўзбек тадбиркорлари ва давлат корпорациялари санкциялар рўйхатига киритилган компаниялар билан ҳамкорлик қилавериши мумкинми?

Санкциялар билан боғлиқ вазиятни мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазири, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаинов шарҳлаб берди.

Биринчидан, энг аввало, АҚШ санкциялари остига тушган Россия компанияларининг ўзига қийин бўлади. Ғарбдан арзон кредитларни ва технологияларни олиб, молиявий муаммоларини ҳал этган ва катта маблағларга эга бўлган ва Ўзбекистон, Қозоғистоннинг нефт-газ бозорларини эгаллаган бу ширкатларга улкан моддий зарар етади ва уларнинг имиджи ерга урилади. Бу компаниялар Россия банкларидан кредитларни олса – маҳсулотлари нархи ошади! Бу эса, рақобат кучайган Ўзбекистон бозорида уларнинг имкониятларини чеклайди. Жанубий Корея, Хитой, Туркия нефт-газ соҳасидаги технологиялар бўйича бозоримизда жуда катта ўрин эгаллаб олди. Масалан, хитойликлар рус машинасозларини сиқиб чиқарганига энди 7-8 йил бўлди, - дейди суҳбатдош.

Анвармирзо Ҳусаинов "Asia-Invest LLC" ширкатига ўхшаш компаниялар Россиядан Ўзбекистонга хомашё, ёқилғи маҳсулотлари (юқори сифатли бензин, дизел), тоғ-кончилик жиҳозлари ва маҳсулотлари, бурмалаш машиналари ва уларга эҳтиёт қисмлар, генераторлар етказиб бераётганини билдирди.

У бундай вазиятда “Ўзбекнефтгаз” давлат корпорацияси санкциялар остига тушган корхоналар билан ҳамкорликдан эҳтиёт бўлиши керак, деган фикрни билдирди:

“Ўзбекнефтгаз” ҳам анча эҳтиёт бўлиши керак. Чунки санкцияларга учраган компаниялар билан алоқалар давом этса, улар ҳам очиқ ёки яширин санкцияларга учраши мумкин. Бугунга келиб, “Ўзбекнефтгаз” ва унинг таркибидаги корхоналар улушида Россиянинг ўрни катта бўлмаса ҳам керак. Нефт-газ машиналари, технологиялари, қувурлар ва ускуналарини етказиш бўйича Хитой, кейин Жанубий Корея етакчи ўринга чиқволишди. Ҳар ҳолда, охирги йилларда Туркия, Озарбайжон, Япония ва айниқса, Европа билан ҳам Ўзбекистоннинг бу соҳадаги алоқалари кенгаймоқда ва бу жуда тўғри тренддир. Германия, Италия, Франциянинг нефт-кимё соҳасидаги ҳамкорлиги ошмоқда. Бу ўринда фақат Хитойга ёки Россияга боғланиб қолиш ўзбек энергетикаси учун катта хавфларни уйғотади. Санкциялар остига тушаётган давлат билан кимнинг алоқа қилгиси келади?! Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Россия билан кескин муносабатлари ўзгариши ҳам қийин, чунки бу давлатнинг нефт ва газ соҳасидаги сармоялари катта. "Лукойл", "Газпром", "Роснефть" инвестицияларни киритишни давом этмоқда, улар бугун Ўзбекистонда етакчи ўрнини йўқотиб бўлди, - деди соҳа эксперти Анвармирзо Ҳусаинов.

Собиқ вазир Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг сусайишига Кремль томонидан сунъий равишда жорий қилинаётган тўсиқлар, жумладан, миграция ва иқтисодий чекловларни сабаб қилиб кўрсатди.

Айни дамда, Ўзбекистон ҳукумати куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида 2020 йил охирида Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1,86 триллион куб метрни ташкил этганини маълум қилди.

Ҳозирги ишлаб чиқариш ҳажмлари билан улар камида 34 йилга етиши ҳисоблаб чиқилди. Бу захираларнинг ярмидан кўпи "Ўзбекнефтгаз" корхоналарига тегишли экани, захираларнинг деярли чорак қисми эса "Лукойл"га қарашли экани айтилди.

Эслатиш жоизки, "Ўзбекнефтгаз" қуввати ҳозирда қарийб 70 миллиард кубометр газ бўлиб, йилига 8 миллион тонна суюқ углеводород ишлаб чиқариш имкони мавжуд.

Аммо захираларнинг камайиши ва технологик йўқотишлар туфайли сўнгги 15 йил ичида Ўзбекистонда углеводород ишлаб чиқариш сезиларли даражада камайди.

Шу тариқа Ўзбекистон 2021 йил январ ойида нефт қазиб олишни 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 4,92 фоизгагина - 59, 7 минг тоннагача оширди.

Россиянинг АҚШ санкциялари рўйхатига киритилаётган компаниялари сони кўпаймоқда

Олдинроқ хабар берилганидек, март ойи бошида АҚШ мухолифатчи Алексей Навалний иши бўйича Россия, Германия ва Швейцариядан 14 ташкилотга қарши санкциялар киритганди.

АҚШ Молия вазирлиги бундан олдин ҳам Россия ҳукуматининг етти нафар мулозимига санкция қўллаган эди.

Шу йилнинг 20 июн куни Президент Байден маъмурияти россиялик мухолиф сиёсатчининг заҳарланиши туфайли янги санкциялар пакети тайёрланаётганини эълон қилди.

2020 йил ноябрь ойида Қўшма Штатлар оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги қонун доирасида қатор Россия компанияларига қарши санкцияларни жорий қилган эди.

Чекловлар “Авиазапчасть”, “Элекон” ва “Nilco Group” компанияларига нисбатан киритилди.

Жорий йилнинг март ойида АҚШ Савдо вазирлиги кимёвий қурол ишлаб чиқаришда айбланган Россиянинг бошқа ташкилот ва компанияларига қарши санкциялар қўллаганди. Буларга Россия Мудофаа вазирлигининг 27-илмий маркази, “Химмед”, “Фемтеко”, “ИнтерЛаб”, “ЛабИнвест”, “Аналит Продактс” МЧЖси, “Фармконтракт”, “Рау Фарм” ва “Регионснаб” киритилди. Шунингдек, чекловлар Германиянинг Chimconnect Gmbh, Pharmcontract Gmbh ва Riol-Chemie компаниялари ҳамда Швейцариянинг Chimconnect AG компанияларига нисбатан қўлланилди.

XS
SM
MD
LG