Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2022, Тошкент вақти: 17:54

“ЕОИИдан чиқишимиз керак”. Россияга қарши санкциялар ва Қозоғистоннинг қайғулари


Олмаотадаги Кўк бозор. Қозоғистон, 2 март, 2022

Украинага қарши уруш бошлагани ортидан Россияга қарши қўлланган халқаро санкциялар Москва билан чамбарчас боғлиқ мамлакатлар, аввало Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоларида ҳам миллий валюта қадрсизланиши ва озиқ-овқат қимматлашувига олиб келди.

Ушбу манзарада ЕОИИга аъзолик Россиядан бошқа мамлакатлар учун бефойда, ҳатто зарарли экани янада яққолроқ кўзга ташланмоқда, деб ёзмоқда Озодлик қозоқ хизмати.

Санкциялар оқибатлари ва “нўноқ ҳукумат”

Қозоғистонда март ойида истеъмол нархлари 12 фоизга ошганидан сўнг ҳукумат 2022-2024 йилларга мўлжалланган озиқ-овқат хавфсизлиги режасини тасдиқлаган эди. Шунингдек, тадбиркорларнинг таклифига биноан тезкор аксилинқироз штаби ҳам тузилди. Штабга Россияга қарши санкцияларнинг Қозоғистонга таъсирини камайтириш вазифаси юкланган.

Аммо экспертлар ҳукумат кўраётган чора-тадбирлар самара беришига шубҳа билан қарамоқдалар.

Иқтисодчи Мақсат Халиқ “Нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки инфляцияни камайтириш ҳам ҳукуматнинг қўлидан келади, бироқ у вазиятни тубдан ўзгартира оладиган бирон иш қилмаяпти”, дейди.

Эксперт, хусусан, жорий йилда чет элдан сифатли уруғлик буғдой сотиб олиш кечикаётганини айтади. Унинг фикрича, ўтган йилги қурғоқчиликдан сўнг қозоқ буғдойининг камёғин шароитга чидамсизлиги аниқ бўлган.

Мақсат Халиқ, Қозоғистон кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини-ўзи таъминлай олса-да, ёғ-мой, шакар ва сут маҳсулотларининг катта қисми Россиядан, мева-сабзавот эса қўшни республикалардан келтирилишига эътибор қаратади.

Унинг айтишича, тезкор аксилинқироз штаби нима билан шуғулланаётгани мавҳум бўлиб қолмоқда. Штаб тузилгани эълон қилинди, аммо жамият унинг кундалик фаолиятидан деярли бехабар, дейди мутахассис.

Иқтисодчи Қозоғистон ҳукуматини муҳтамал таҳдидларга тайёр эмас, деб билади.

“Мисол учун, ўтган йили картошка билан сабзи қўққисдан қимматлаб кетди, ҳукумат буни олдиндан кўра билмади. Қанча чорва қирилиб кетди? Ҳосилдорлик кескин камайди. Озуқа қимматлаши ортидан гўшт билан тухум нархи ошди. Ҳукуматнинг энг катта камчилиги унинг потенциал таҳдидларга қарши стратегик режа йўқлигидир. Бизнинг раҳбарлар муаммо улғайиб бўлганидан кейингина қимирлай бошлайди. Натижада зарар йириклашиб, қанча ресурс зое кетади”, дейди у Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда.

Public Policy Research Center директори, иқтисодчи Меруерт Маҳмутова ҳамкасбининг фикрига қўшилади. Унга кўра, қозоқ ҳукумати коронавирус пандемияси даврида вужудга келган иқтисодий тангликдан етарлича сабоқ чиқармаган. Маҳмутова ҳукумат комплекс чора-тадбирлар қолиб, оралиқ чораларга мурожаат қилмоқда.

Иқтисодчи Қозоғистон ЯИМсида қишлоқ хўжалигининг улуши сўнгги 30 йилда етти карра камайиб кетганини ва бу озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий путур етказаётганини айтади.

“Қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги улуши 1991 йилда 34 фоиз эди, ҳозир 5 фоиз атрофида. Ҳукумат нефтдан келадиган даромадга ҳамма нарсани сотиб олишига ишониб, катта хатога қўл қўйди. Мана энди жабрини тортяпмиз. Озиқ-овқат хавфсизлиги қишлоқ хўжалигининг иқтисодиёт тармоғи сифатида қай даражада ривожланишига боғлиқ. Қолаверса, қишлоқда деҳқончилик ва чорвачиликдан бошқа соҳа йўқ ҳисоб”, дейди Маҳмутова.

Маълумотларга кўра, чорвачилик маҳсулотларининг 66 ва ем-озуқанинг 25 фоизи хусусий хўжаликларда ишлаб чиқарилади. Барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 41 фоизини фермерлар етказиб берадилар. “Ер ажратилганида ва қулай кредит тизими йўлга қўйилганида одамлар ўз кунини ўзи кўрарди”, урғулайди Озодлик суҳбатдоши.

“Шу маҳсулотларни ўз фермерларимиз ишлаб чиқаришини истасак...”

Жамоатчи фаол ва иқтисодчи Мухтор Тайжан озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун коррупцияга қарши курашни кучайтириш лозим, деб билади.

“Акс ҳолда давлат субсидияларидан наф йўқ. Чунки субсидиялаш соҳасида ниҳоятда коррупциялашган”, дейди эксперт.

Мухтор Тайжан аксилкоррупция агентлиги маълумотларига таяниб, қишлоқ хўжалигига ажратилган субсидияларнинг қарийб ярми бекорга сарфланаётганини айтади. Шу билан бирга, у латифундиячилар Қозоғистондаги 75 миллион гектар яйловнинг 40 миллион гектаридан фойдаланмаётганини таъкидлайди.

“Ерни давлатга қайтариш керак. Маҳаллий аҳоли ердан фойдаланиш имконига эга бўлиши лозим. Агарда ер ерсиз, уй-жойсиз одамларга тақсимлаб берилса, яйловларда чорва туёғи ҳам кўпайган бўлур эди. Ўшанда мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳам мустаҳкамланади”, дейди иқтисодчи.

Мухтор Тайжан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг яна бир йўли –Евроосиё иқтисодий иттифоқидан чиқиш эканини айтади.

“Агар биз бу иттифоқдан чиқмасак, иқтисодий вазият ва озиқ-овқат хавфсизлигимиз заифлигича қолади. Исталган дўконга киринг – маҳсулотларнинг аксарияти Россия ва Беларусдан келган. Худди шу маҳсулотларни ўз фермерларимиз ишлаб чиқаришини хоҳласак, ташкилот таркибидан чиқишимиз шарт”, урғулайди у Озодлик билан суҳбатда.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида Россия маҳсулотларини харид қилмасликка чақириқлар пайдо бўлди. Айрим фойдаланувчилар фикрича, айни шароитда Россия молларини сотиб олиш урушга ҳомийлик қилиш билан тенг.

Жаҳон банки маълумотига кўра, ўтган йили Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти ўсиши 4 фоизни ташкил қилган, бу йил ўсиш 1,8 фоиздан зиёд бўлмаслиги башорат қилинмоқда. Шунга яраша, ўтган йили 8 фоиз бўлган инфляция даражаси жорий йилда 10,5 фоизга кўтарилиши мумкин.

Март ойида Россия буғдой экспортини тўхтатиши ортидан Қозоғистон ҳам буғдой ва ун экспортига квота жорий этди. Апрелдан эътиборан Қозоғистон ойига кўпи билан бир миллион тонна буғдой ва 300 минг тонна ун экспорт қилиши мумкин.

Жаҳон банки Россиянинг Украинага қарши уруши кўп мамлакатларга озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинишини чеклаб, қимматчиликка сабаб бўлишидан жиддий ташвишланмоқда. Ташкилот Европа иттифоқи, АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатларни озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини тақиқламасликка чақирди.

БМТ маълумотига кўра, Россиянинг Украинага қуролли тажовузи туфайли жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 22 фоизга ошиши мумкин. Экспертлар глобал озиқ-овқат инқирози қашшоқ мамлакатларда ўн миллионлаб одамларни очарчиликка маҳкум этишини башорат қилишмоқда.

Россия ва Украина жаҳон бозоридаги буғдойнинг учдан бирини ва маккажўхорининг бешдан бир қисмини етказиб беради.

XS
SM
MD
LG