Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:08

“Таназзул синдроми”. Россия ёшлари Сталинга меҳр қўймоқда


Социологлар Сталинга ҳайкал қўйиш тарафдорлари сўнгги 10 йилда деярли икки бараварга кўпайганини қайд этишмоқда.
Социологлар Сталинга ҳайкал қўйиш тарафдорлари сўнгги 10 йилда деярли икки бараварга кўпайганини қайд этишмоқда.

“Левада-центр” сўровида қатнашган россияликларнинг қарийб ярми Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг навбатдаги юбилейи муносабати билан совет раҳбари Иосиф Сталинга ҳайкал қўйилишни ёқлаган.

Ҳайкал ўрнатиш тарафдорлари сўралганларнинг 48 фоизини ташкил қилган бўлса, 20 фоиз респондент бунга қарши чиққан, қолганлар эса ғояга бефарқлигини билдирган ёки жавоб беришга қийналган.

Социологлар Сталинга ҳайкал қўйиш тарафдорлари сўнгги 10 йилда деярли икки бараварга кўпайганини қайд этишмоқда. 2010 йилда худди шундай сўров ўтказилганида иштирокчиларнинг атиги 25 фоизи ижобий жавоб берган, 36 фоизи эса қарши чиққанди.

Сўров натижаларига кўра, Сталин ҳайкалини ўрнатиш тарафдорларининг аксари 18—24 ёшлилар ва 55 дан катталар экан. Ҳолбуки 2010 йилда 18—24 ёшли респондентлардан атиги 12 фоизи Сталин ҳайкали бўлсин, деб хоҳиш билдирган эди. Ҳайкал қўйиш тарафдорлари сони бошқа ёш гуруҳларида ҳам ортиб бормоқда.

Ва ниҳоят, сўралганларнинг 60 фоизи “Сталин-центр” музей мажмуасини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлаган.

“Левада-центр” директори Лев Гудковга кўра, Сталин ролининг қайта кўриб чиқилиши ва унинг ёшлар орасида машҳур бўлиб бораётгани Россия пропагандасининг хизматидир.

— Бу жараён 1998 йилдан бошланган — ўшанда биз россияликларнинг Сталин шахсига муносабатини ўрганишга эндигина киришган эдик. Ўша кезлар мутлақо кўпчилик совет тизимининг ўта юзаки бўлса-да, беаёв танқиди манзарасида Сталинни фақат жаллод ўлароқ тасаввур этарди. Уни миллионлаб бегуноҳ одамлар ўлимида асосий айбдор, ялпи террор ва қатағонлар ташкилотчиси, деб билишган. Атиги 10-12 фоиз сўралганларгина унга ижобий кўз билан қараган. Аксари одамлар 20-25 йилдан кейин Сталинни ҳеч ким эсламайди, тарихчилардан бошқа ҳамма унутиб юборади, деб ўйлашарди. Бироқ ҳокимият тепасига Владимир Путин келгач вазият ўзгара бошлади, сокин қайта сталинлаштириш бошланди. Нега “сокин”? Чунки Путиннинг ўзи ҳам, аъёнлари ҳам ҳеч қачон Сталин ҳақида яккаш ижобий фикр билдиришмасди. Ҳокимиятнинг Сталинга муносабати икки турли бўлиб, аввало унинг Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабадаги роли мақталар эди. Сал кейинроқ тарғибот машинаси Сталинни “самарали менежер” ва Россиянинг жадал саноатлаштирилиши ташкилотчиси ўлароқ гавдалантиришга ўтди. Путин мафкурачиларига кўра, айнан у қолоқ мамлакатни замонавий буюк давлатга айлантирган.

– Ёшлар бунга қандай ишонишди?

– Сталинни ими-жимида оқлаш сиёсати тарихий сиёсат ўзгариши манзарасида юзага қалқиб чиқиб, ўз навбатида таълим тизими ўзгаришига олиб келди. 1990-йиллар охири – 2000-йиллар бошидаёқ биз ёшларнинг Сталинга салбий ёки мутлақо лоқайд муносабатини кузатган эдик. Улар учун бу узоқ ўтмишдаги, Иван Грозний, Чингизхон ва бошқалар билан бир сафда турадиган, яъни мутлақо долзарб бўлмаган персонаж эди.

Бироқ 2010 йилдан Россияда империяга хос қадриятлар ва давлат патриотизми тарғиботи кучайди. Сталин секин-аста қаддини ростлаб, олдинги планга чиқа бошлади. 2021 йилда эса россияликлар уни барча даврлар ва халқларнинг энг буюк кишилари рўйхатига киритдилар.

– Бугунги кунда ҳайкал ёки ёдгорлик ўрнатиш билан Сталин хотирасини тикламоқчи бўлаётган ва доҳийга муҳаббатидан баҳс этаётган одамларнинг қўлида қандай далиллари бор?

– Кўпинча у урушда ютиб чиққанини ва шунга ўхшаш иддаоларни айтишади. Аммо булар бари ноаниқ ва сийқа далиллар. Менимча, асосий сабаб – инсоннинг ўз ожизлигини, бўшлиги ва ҳимоясизлигини ҳар ишга қодир ҳукмдор сиймоси соясига олиш истагидир. Ушбу механизм, яъни тартиб-интизом ва адолат ўрната оладиган кучга эҳтиёж – ҳар қандай авторитар ва тоталитар режимнинг ўзагини ташкил қилади. Бу жуда муҳим компенсатор механизм. Бошқа томондан эса, бу ҳозирги замондан норозликни бир қадар мавҳум ифода этишдир. “Сталин даврида нарх-наво ошиб кетмасди, тартиб бор эди” ва ҳоказо нолишлар шундан дарак беради. Сталин афсонавий, рамзий шахс бўлиб, унинг номидан танқид қилиш ёки норозилик билдириш мумкин. Бу заиф, сиёсатда иштирок этмайдиган одамлар учун муҳим механизмдир. Халққа оталарча ғамхўрлик қилувчи мазкур ҳар нарсага қодир ҳукмдор шахси воситасида улар ўзларининг ноқислик комплексини компенсация қиладилар. Умуман олганда, бу жамиятнинг ахлоқий таназзули синдроми бўлиб, на ўтмишни ва на ҳозирги сиёсий тизимни рационаллаштириш лаёқатидан мосуволикни англатади, — дея мулоҳаза қилади социолог, “Левада-центр” директори Лев Гудков.

Тарихчи Никита Соколовнинг тушунтиришича, Россия пропагандаси Сталин сиймосини идеаллаштираётгани бежиз эмас – Улуғ Ватан урушидаги ғалаба ҳануз Россия янги тарихидаги энг катта ютуқ бўлиб қолмоқда. Ҳозирги ҳокимиятнинг мамлакатга таклиф этадиган арзигулик бошқа ҳеч вақоси йўқ:

– Сўнгги 15 йилда Ғалаба куни узил-кесил Россия миллатининг таваллуд кунига айланди. Ҳозирги Россия ҳукумати замонавий Россия 1991 йил 20 августда дунёга келганини ҳаргиз тан ололмайди. Улар ўз силсиласини ушбу санадан бошлашни асло хоҳламаяпти, ҳолбуки замонавий Россиянинг ибтидоси ўша воқеаларга — коммунистик тузумнинг қулаши ва путч мағлубиятига бориб тақалади.

Президент Путин "Юнармия" ёшлар ташкилоти аъзолари билан, 13 сентябрь, 2018
Президент Путин "Юнармия" ёшлар ташкилоти аъзолари билан, 13 сентябрь, 2018

Шу боис ҳам бизнинг гўё ғалабада туғилганимиз ва ғолиб миллат эканимиз ҳақидаги мазкур идеологема ўйлаб топилган. Бу пропаганда 15 йилдирки зўр бериб ишламоқда ва, афтидан, жамиятда одамлар кайфиятига таъсир этаётир. Ғалабани миллий аслият пойдеворига тош қилиб олар экансиз, шу заҳоти бу тош тагидан генералиссимуснинг оқ кители сирғалиб чиқажак.

Гап шундаки, ҳозирги Россия ҳокимияти бирон жозибали келажак лойиҳасини таклиф қила олмайди. Унинг бисотида бунақа нарса йўқ!

Улар таклиф қила оладиган ягона нарса — буюк ўтмиш, буюк бугунимизни батамом еб юборувчи буюк ўтмишдир. Лекин бу боши берк кўча. Бунақа мафкура узоқ яшамайди. Энг истеъдодли ёшлар мамлакатни тарк этишади. Тарк этишяпти ҳам.

Бошқа тарафдан, статистика ва ижтимоий сўровлар бир манзарани кўрсатадию Москвада — ўз муҳитимда яшаганимда, Екатеринбургдаги Ельцин-центрга борганимда тамом бошқа халқни кўраман. Мутлақо ўзгача қарашларга амал қиладиган одамларга кўзим тушади. Ишончим комилки, Россия фуқаролари аксариятан аҳмоқ одамлар эмас. Улар дунёга ҳам, Европага ҳам душман эмас, фақат социология буни ҳаргиз “пайқай олмаяпти”, дейди тарихчи Никита Соколов.

Иосиф Сталин (1878-1953) СССРга 1924 йилдан 1953 йилгача раҳбарлик қилган, бу даврнинг катта қисмини амалда якка диктатор ўлароқ кечирган. Расмий жиҳатдан Сталин ҳеч қачон давлат бошлиғи бўлган эмас: 1924-1934 йилларда у Коммунистик партия Марказий қўмитаси бош котиби, кейин эса шунчаки котиби бўлган, 1941 йилдан 1953 йилгача совет ҳукуматига раҳбарлик қилган.

Унинг номи билан боғланадиган оммавий қатағонлар, жазолар ва депортациялардан жабр кўрганлар сони ўнлаб миллион одамлар билан ўлчанади. Сталин тарафдорлари унинг даврида СССР буюк қудрат касб этганини иддао қиладилар, Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабани эса Сталиннинг энг катта хизмати деб аташади.

Сўнгги йилларда Россиянинг бир қатор шаҳарларида, аксариятан РФ Коммунистик партияси маҳаллий бўлимлари ташаббуси билан, совет доҳийсининг ҳайкаллари ўрнатилди.

XS
SM
MD
LG