Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2021, Тошкент вақти: 19:09

Жо Байден: Президент Путиннинг “реал муаммоси” бор


Владимир Путин ва Жо Байден Швейцариядаги саммитда - 16 июнь, 2021

АҚШ президенти Жо Байденга кўра, Россия 2022 йилга белгиланган АҚШ Конгресси сайловига аралашиш учун ёлғон ахборот тарқатиш усулларидан фойдаланишга уринмоқда. Бу ҳақда у 27 июль, сешанба куни Америка разведка хизматлари ходимлари олдидаги чиқишида айтган, деб хабар беради Bloomberg.

Оқ уй раҳбари ўз баёнотига махсус хизматлар маълумотини, хусусан, сешанба куни разведка идоралари вакиллари билан ўтказилган брифинг чоғида тақдим этилган маълумотларни далил сифатида келтирган. “Россия ўз хатти-ҳаракатлари билан суверенитетимизга очиқча дахл қилмоқда”, деган АҚШ президенти.

“Америка овози”нинг қайд этишича, разведка идоралари томонидан АҚШ президенти ва унинг яқин маслаҳатчилари учун ташкил этиладиган кунлик брифинглар мазмуни жуда кам ҳолларда жамоатчиликка етиб боради.

Байденнинг бу сўзлари ўтган ой у Россия етакчиси билан Швейцарияда учрашганидан сўнг янграмоқда. Ўшанда Байден ҳам, Путин ҳам бўлиб ўтган музокараларни юқори баҳолаб, уларни Америка-Россия муносабатларидаги тарангликни юмшатиш учун фойдали ва зарур, деб атаган эдилар.

Сешанба кунги чиқишида Байден Женевада Путин билан кечган учрашувини ҳам эсга олган. Унинг фикрича, Путиннинг “реал муаммоси” бор — бу Россия иқтисодиётининг заифлигидир. АҚШ президентига кўра, Россия иқтисодиёти фақат ядровий қурол ва нефть ресурсларига таяниб қолган, Россиянинг “бошқа ҳеч вақоси йўқ”.

Айни чоғда Байден ушбу муаммони англаши Путинни янада хавфли одамга айлантиришини урғулаган.

Байден шундай мазмундаги тезис билан чиққан америкалик биринчи юқори мартабали сиёсатчи эмас. Ҳозирда марҳум сенатор Жон Маккейннинг Россия ҳақидаги “бензоколонка мамлакат” деган таърифи машҳур бўлиб кетганди. Бир пайтлар Байденни ўзига вице-президент қилиб олган президент Барак Обама эса Америка санкциялари Россия иқтисодиётини “парча-парча қилган”ини айтган.

Разведка ҳамжамияти қаршисида сўзлаган нутқида Жо Байден йирик давлат билан ҳақиқий “қайноқ” уруш, агар шунақа уруш чиқса, бу катта эҳтимол билан “оғир оқибатларга олиб келган киберҳужумлар натижаси” бўлишини тахмин қилган. АҚШ президенти ўз изоҳида Америка давлат муассасалари ва хусусий ширкатларига қарши қаратилган киберҳужумларнинг аксарияти Россия ва Хитой тарафидан бўлаётганини урғулаган.

Байден киберурушлар ҳақиқий урушга айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган биринчи АҚШ президенти эмас. Ўз вақтида Барак Обама ҳамда Доналд Трамп ҳам АҚШ ўта хавфли киберҳужумларга жавобан ҳарбий амалиёт ўтказиши мумкинлигини айтишган.

Жо Байденнинг мазкур баёноти, экспертлар фикрича, Оқ уйнинг киберҳужумларга кескин жавоб беришга тайёрлигидан далолат беради. Женевада ўтказилган АҚШ-Россия саммитида Жо Байден Владимир Путиндан Россия ҳудудидан бўлаётган киберҳужумларга чек қўйишни талаб қилганидан сўнг бундай ҳамлалар, аксинча, кўпайгани айтилмоқда.

Расмий Москва бошқа мамлакатларнинг сайловларига аралашиш ва киберҳужумлар уюштиришга доир айбловларни ҳамиша рад қилиб келади.

АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси бўлмиш Вакиллар палатасига сайлов 2022 йилнинг ноябрь ойига белгиланган. Унда 435 нафар конгрессмен ҳамда Колумбия округи ва орол ҳудудлардан 9 нафар вакил сайланади.

XS
SM
MD
LG