Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:15

“Умумий душман”. Россияга қарши Украина тарафида урушаётган чеченлар ҳақида


Жоҳар Дудаев батальони жангчилари. Киев, 27 август, 2022.
Жоҳар Дудаев батальони жангчилари. Киев, 27 август, 2022.

Украинанинг махсус вазифаларни бажарувчи алоҳида батальони (МВБАБ – ОБОН) жангчиларининг аксари биринчи ва иккинчи Чеченистон урушида Москвага қарши жанг қилган. Улар Путинни маданий дунё душмани деб билишади.

Россия билан уруш – бир пайтлар чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлган ва Украинадаги кўнгиллилар батальонига қўшилиш мақсадида Европанинг барча бурчакларидан етиб келган чечен мухолифатининг кўплаб аъзолари учун турмуш тарзига айланган. Ва уларнинг ҳар бири Украинадаги урушни шахсий кураши деб билади.

Чечен кўнгиллилари агар Украина ҳимоя қилинмаса, “рус айиғи” тўхтамайди, деб ҳисоблайдилар.

Ўзини Ичкерия Чечен Республикаси Мудофаа вазирлигининг Махсус вазифаларни бажарувчи батальони (қисқача: ОБОН) деб атовчи кўнгиллилар бўлинмаси Украина Ҳудудий мудофаасининг Хорижий легиони таркибига киради ва унинг аксар аъзолари биринчи ва иккинчи Чеченистон урушларида (1994-1996 ва 1999-2009 йиллар) Россияга қарши жанг қилганлар. ОБОН Украина кучларининг мамлакат жанубидаги муваффақиятли қарши ҳужумида, жумладан ноябрь ойи бошида Херсон шаҳрини озод қилишда иштирок этди.

Озодликнинг Шимолий Кавказ хизмати – “Кавказ.Реалии” мухбири фронтнинг олдинги чизиғида бўлиб, ОБОН жангчилари билан уруш ҳақида суҳбатлашди.

Аҳмед (исм суҳбатдош илтимосига кўра ўзгартирилган) Европага чиқиб кетганига 10 йилдан ошганди. Бир йил муқаддам у энди ташкил қилинаётган чечен кўнгиллилари батальонига қўшилиш учун Украина жанубидаги Николаев шаҳрига келган. Февралнинг охирида Россия Украинага бостириб кирган пайтда Аҳмед жангга тайёр эди. Москва салкам 30 йилдан буён унинг душманидир.

“Руслар билан 1995 йилдан бери урушаман. 1997 йилда Ичкерия армиясининг чечен миллий гвардиясига хизматга кирганман, взвод командири эдим”, дейди у.

Айтишича, армияда ички низолар ва сиёсатбозлик авж олгач у хизматдан бўшаб, Россияга жўнабди.

Аҳмед ҳеч қачон ўзини хавфсиз сезмаганини айтади. Ростов вилоятида сут-қатиқ заводи ва казино очмоқчи бўлибди, хавфсизлик соҳасида мутахассис бўлиш учун ўқибди, лекин сира иши юришмапти – паспортида миллати “чечен” деб кўрсатилгани учун.

Ҳусейн Жамбетов.
Ҳусейн Жамбетов.

“1999 йили Иккинчи Чеченистон уруши бошлангач, биз учун ҳамма йўллар ёпилди. Ростовда чеченларни “бандит” дея авахтага ота бошладилар. Мен Санкт-Петербургга қочдим... аммо кўп ўтмай уйдан ҳам чиқолмай қолдик: ё тақирбошлар ҳужумига йўлиқардик, ё полиция тутиб кетарди”, дея ҳикоясини давом эттиради суҳбатдошимиз.

Кучишлатар идораларнинг доимий таъқибларидан безган Аҳмед Россиядан Германияга қочади ва у ерда қочқин мақомини олади.

Украинага келиши сабабларини сўраганимизда у қисқа қилиб: “Бу ерда менинг биродарларим жанг қилишяпти”, деди.

Украинанинг эътирофи

18 октябрда Украина Олий Радаси Чеченистонни Россия томонидан вақтинча босиб олинган ҳудуд деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилди, шунингдек “чечен халқи геноцид қилинган”ини қоралади. Қарорни йиғилишда ҳозир бўлган 287 депутатнинг барчаси маъқуллади.

Яқинда эса Ичкерия мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги петиция 25 мингдан ортиқ имзо йиққач, президент Зеленский ташқи ишлар вазирлигига ушбу масалани ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш вазифасини юклади.

Зеленский 5 апрелда БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида сўзлаган нутқида “Россия икки қитъада ўндан зиёд халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва мустақил давлат қуриш ҳуқуқларини инкор этмоқда”, деган эди. Украина президентига кўра, Кремль “этник ва диний хилмахилликни маҳв этиш” сиёсатини юритмоқда.

“Дунё кўзларини юмиб олди”

Чеченистоннинг Ўрус-Мартанида туғилган Ҳусайн Жамбетов ОБОНнинг диверсия-разведка гуруҳига командирлик қилади. Россияга қарши урушишни бошлаганида у атиги 13 ёшда бўлган экан.

“Бизни жангарилар деб маломат қилишди, бироқ биз ёввойи истилочиларга қарши урушганмиз. Биз Ичкерия чечен республикаси армияси эдик. Мен иккинчи чечен урушида ҳам қатнашганман, қўпорувчилик ишлари билан шуғулланардим. Урушда экансан, озгина вақтда катта жанговар тажриба орттиришинг мумкин”, дейди у.

Жамбетов Чеченистон урушлари чоғида дунё Россия билан тижоратига зарар етишидан чўчиб, кўзини кўр, қулоғини кар қилиб олганидан ёзғиради.

Ичкерия батальони қўмондонининг ўринбосари Зумсо Амаев
Ичкерия батальони қўмондонининг ўринбосари Зумсо Амаев

“Ўшанда ҳеч ким Россия билан сан-манга боришни истамаганди. Бугун эса... бутун дунё Украинани қўллаб-қувватлаяпти. Чунки аниқ билишади: Украинани асраб қола олишмаса, қутурган рус айиғи эртага уларнинг эшиги тагида бўлади... Францияда, Польшада, Чехияда. Чунки рус айиғи ўзича кетмайди, уни сўйил билан уриб ҳайдаш керак”, дейди Ҳусайн.

2003 йилда Россия Жамбетовни “экстремизм ва терроризмга алоқадор” деб топиб, федерал қидирувга беради. Ҳусайн Европага қочади ва Бельгия фуқаролигига киради. Украинада уруш бошланганида эса оиласи ва ҳалол гўшт бизнесидаги ишини ташлаб, Иккинчи Чеченистон урушида бирга жанг қилган эски қадрдони Ҳожимурод Зумсога мурожаат қилади. Зумсо ОБОН командири бўлиб, Украинада 2015 йилдан бери жанг қилмоқда.

Ҳусайн дўсти уни батальонга қабул қилишни хоҳламаганида қаттиқ талаб қўйганини айтади:

“Ҳожимурод, мен сенга содиқ бўлишга онт ичаман ва ҳар қандай мазлум халқни озод этиш йўлида ҳамиша ёнингда бўламан. Бугун украинлар жабр чекишмоқда, эртага бу кун бизнинг чеченлар бошига тушиши мумкин. Аммо сен мени батальонга қўшмасанг, охиратда ҳисоб вақти ёқангдан оламан, деб айтдим унга”.

“Боболаримиз каби жанг қиламиз”

Зумсо командир Ҳусайнни Украина чегарасида кутиб олиб, ОБОНга қабул қилибди.

Жамбетов кўнгиллилар батальонидаги ҳаёти ҳақида шундай дейди:

“Менга кўп нарса керак эмас, дудланган гўштга қорнимиз тўйяпти. Ширин сут берган кунлари эса мендан бахтли одам бўлмайди...

Ота-боболаримиз қандай урушган бўлсалар, биз ҳам шундай урушамиз. Дунё қутурган “рус айиғи”нинг тирноқларини танасини ҳис қилишини узоқ кутдим. Бугун биз “Ичкерия жангчиларимиз, украин биродарларимизни ҳимоя қиляпмиз”, дея баралла айтяпмиз”.

ОБОН Херсон вилоятининг сўл соҳилдаги қисмини озод этишда қатнашди. Фронт яқинидаги қишлоқларда яшовчилар Украина тарафидан биринчи бўлиб айнан чеченлар Ингулец дарёсидан ўтиб, аҳоли масканларига киришганини айтадилар.

ОБОН жангчиларига ўз уйидан вақтинча жой берган Иван бу кутилмаган, лекин қадами хайрли меҳмонлари ҳақида ҳурмат билан гапиради. Қишлоқ озод этилгунича Иваннинг уйини қодировчилар (Россия тарафида урушаётган чеченистонлик жангарилар), доғистонликлар, бурятлар, ёқутлар ва этник руслар эгаллаб олган экан.

“Қодировчилар ва бошқа россияликлар уйимда яшаганида мен бу ерга кира олмасдим. Украинани ҳимоя қилаётган чеченлар билан муомаламиз жуда яхши. Одамлар уларни яхши кўришади”, дейди Иван.

“Умумий душман”

Чечен жамоат арбоби, тан олинмаган Ичкерия собиқ президентининг ўғли Анзор Масхадов февралдан бери бир неча марта Киевга келди. У мустақил Чеченистон ҳукуматининг таниқли вакилларидан бири сифатида Украина ТИВда учрашувлар ўтказади, сиёсатчилар, мулозимлар ва Олий Рада депутатлари билан мулоқот қилади. Масхадов Шайх Мансур ва Жоҳар Дудаев номидаги кўнгиллилар батальонлари жангчилари, шунингдек Украина Қуролли кучларинирнг бошқа бўлинмаларида жанг қилаётган чеченлар билан ҳам учрашган.

Путиннинг ваҳшат қуроли - қодировчилар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:18 0:00

“Украинанинг куни бизнинг бошимизга ҳам тушган. Шу боис ҳам чеченларда мотивация жуда юқори, – дейди Масхадов. – Украинанинг душмани бизга ҳам душман. Мен чеченларнинг Сурия ва бошқа мамлакатларда жанг қилишига доим қарши бўлганман. Бироқ Украина тамом бошқа масала – бу ерда истилочиларга қарши кенг кўламли уруш кетмоқда”.

Унинг айтишича, Чеченистонда ҳам жамиятнинг катта қисми Украинага хайрихоҳ.

“Улар Қодиров режимидан безганлар. Ватандаги танишларим билан гаплашганимда улар Ичкерия тарафдорлари тупроқларимизни хоинлардан тезроқ тозалашини кутаётганларини айтишади”, дейди Масхадов.

Франциядаги чечен диаспорасининг “Барт Маршо” ҳаракати раҳбари, Парижда қувғинда яшаётган Жамбўлат Сулаймонов ҳам чечен жамияти Украинадаги урушга қарши эканига амин.

“Қодиров ёш йигитларни ўлимга йўллаётгани одамларга ёқмайди. Менинг ўз манбаларим бор: улар аҳоли бу урушга мутлақо салбий муносабатда, дейишади. Ҳатто Қодировнинг ўз онаси ҳам ўғлини урушга фаол аралашишдан қайтаришга уринган, Рамзан кўнмагач эса у атай қуриб берган уйдан чиқиб кетиб, ҳозир алоҳида яшаяпти”, дейди Сулаймонов.

ОБОН командирларидан бири бўлмиш Жамбетов Қодировни – “нариёғи бир аскар”, Путинни эса “бутун маданий дунёнинг энг катта душмани” дея таърифлайди.

Сулаймоновга кўра, Украинага савашгани келган ҳар бир чеченнинг мазкур урушда ғалаба қозонишга улкан иштиёқи бор: “Улар – Россияга қарши дунёнинг исталган кунжида урушишга шай, эътиқоди бутун одамлар. Россия бизнинг азалий душманимиз, у энг яқин тарихда кўп қардошларимизнинг қонини тўккан”.

Форум

XS
SM
MD
LG