Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2023, Тошкент вақти: 03:48

"Россия агрессор бўлмаганида борардим". Мигрантлар Украинадаги урушга қандай ёлланмоқда?


Рус ҳарбий ёлловчиси Челябинскдаги масжидда мигрантларга мурожаат қилмоқда. Апрель, 2023

Москвадаги Сахарово миграция марказининг кутиш зали ишлаш ёки яшаш учун рухсатнома сўраб мурожаат қилаётган хорижлик ишчилар билан гавжум. Деворга тожик, ўзбек ва қирғиз тилларида ёзилган эълон осилган.

"Қуролли кучларга шартнома бўйича аскар сифатида қўшилиб, Россия фуқаролигини соддалаштирилган тарзда олишни истайсизми?" деб мурожаат қилинади эълонда.

Бир неча тожик муҳожирлари айтишича, марказга армияга ёлловчилар ҳам тез-тез келиб туради. Улар ҳарбий ёшдаги эркакларни Украинага урушга боришга кўндиришга ҳаракат қилишади.

Рухсатномага ариза берганингиздан сўнг, “ёлловчилар сизни «маслаҳатлашиш» учун бошқа хонага олиб ўтади ва у ерда сизни урушга боришга кўндиришга уринади”, дейди исми сир қолишини сўраган муҳожирлардан бири Озодлик радиосининг Тожик хизматига.

Кўпчилик таъкидлашича, “илгари бироз эҳтиёткор бўлган” аскарликка ёлловчилар Марказий Осиёлик муҳожирларга нисбатан қатъийроқ муносабатда бўла бошлаган, чунки Россия Украинадаги босқинда катта йўқотишларга учраб, энди кўпроқ аскар ёллашга уринмоқда.

Потенциал ёлланувчилар сонини орттириш учун шу ҳафта россиялик депутат Россия фуқаролигини олган Марказий Осиё ва Кавказдан келганларни хизматга чақиришни осонлаштирадиган қонун ишлаб чиқишга чақирди.

Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев фуқароликка янги қабул қилинганлар Россия учун урушишни истамаётганини танқид қилиб, “Россиянинг туб аҳолиси ўз ватанлари учун жон бераётганини” айтди.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши шу ой бошида Украинада декабрь ойидан бери 20 мингдан ортиқ россиялик аскар ҳалок бўлгани, 80 минг нафари яраланганини маълум қилди. Бошқа ҳисоб-китобларга кўра, рус қўшинлари анча катта йўқотишларга учраган. Москва ўлганлар ҳақида маълумот бермаяпти.

Россия 2022 йил сентябридаги “қисман ҳарбий сафарбарлик” ортидан минглаб эркаклар чет элга қочганидан кейин бу йил янги чақирув ҳақида эълон қилмади.

Бунинг ўрнига Россия ҳукумати Россия фуқаролари ва меҳнат муҳожирлари орасидан шартнома асосида хизмат қилувчиларни жалб қилишга зўр бермоқда.

Имтиёзларга "хўп", урушга "йўқ"ми?

Москванинг Украинага босқинининг дастлабки ойларидан бошлаб россиялик ёлловчилар миграция марказлари, масжидлар ва ётоқхоналарда меҳнат муҳожирларини овламоқда.

10 май куни Матвеев мудофаа вазири Сергей Шойгудан 2022 йил бошидан буён Марказий Осиё ва Кавказдан келган фуқароликка қабул қилинганларнинг қанчаси армияга чақирилгани ҳақида маълумот беришни сўраган.

Сўнгги кунларда Матвеев янги фуқаролар Украинадаги “махсус ҳарбий операция”га қўшилишни истамаётгани, шу билан бирга, давлат нафақалари ва бошқа ижтимоий ёрдамларни бажонидил олаётганини қоралади.

“Ҳар иккинчи реклама уруш ҳақида”. Россияда муҳожирлар Украинадаги урушга яна ҳам фаол жалб қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:23 0:00

Бунинг ўрнига улар Россиядаги такси ҳайдовчилар, фаррошлар ва қурилиш ишчилари армиясига қўшилмоқда, деб ёзди Матвеев Telegram’да. “Биз уларни жанг майдонида кўрмаяпмиз. Уруш давом этмоқда, Россияга аскар керак”, дейди у.

Депутатнинг айтишича, аксарияти илгариги фуқаролигини ҳам сақлаб қолган деб ҳисобланган бу янги фуқаролар урушдан қочиш учун ўзларининг "икки фуқаролик" мақомидан фойдаланяпти.

Матвеевнинг изоҳлари, шунингдек, Telegram’да улашган бир нечта хабарларида Россия расмийлари айрим ҳуқуқий, сиёсий ёки потенциал хавфсизлик оқибатлари туфайли Украинага “икки фуқаролик”ка эгаларни юборишда иккиланаётганига шама қилинган.

Матвеевнинг айтишича, у федерал қонунларни ўрганиб, икки фуқаролиги борларни ҳарбий сафарбар қилиш йўлидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун тузатишлар тайёрламоқда. У қонун лойиҳаси парламентга қачон киритилишини айтмади.

Депутат Шойгуга йўллаган мактубида “Россия Қуролли Кучларига Россия фуқаролигини олган шахсларни сафарбар қилиш учун федерал қонунчиликни такомиллаштириш” таклифларини сўраган.

2016 йилдан бери 500 мингдан ортиқ тожикистонлик Россия паспортини олган, дейди у. Улардан кейин 310 минг қозоқ, 230 минг арман ва 170 минг ўзбек бор, дея қўшимча қилади депутат.

Украинадаги уруш ва унинг иқтисодий оқибатларига қарамай, Россияга меҳнат миграцияси тўлқини давом этмоқда. Россия ҳукумати статистик маълумотларига кўра, жорий йил биринчи чорагида Россияга 1,3 миллион муҳожир келган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 60 фоизга кўпдир.

Янги келганларнинг ярмига яқини Ўзбекистон фуқаролари, ундан кейин 350 минг тожик ва 172 мингдан сал кўпроқ қирғиз бор.

"Россия агрессор бўлмаганида урушган бўлардим"

Тожикистонлик собиқ ўқитувчи Неъмат Москва чеккасидаги хусусий қурилиш компаниясида ишлайди. Фамилиясини ошкор қилмасликни сўраган Неъмат ўтган йили етти кишилик оиласи билан Россия фуқаролигини олган.

Неъматнинг рафиқаси Россия фуқароси сифатида ҳукумат мамлакат аҳолисининг кескин камайиши олдини олиш учун жорий қилган “туғруқ капитали” деб аталадиган 10 минг долларга яқин бир марталик тўловни олди. Оила бу пулларни апрель ойида Москва вилоятидадан квартира олиш учун бошланғич тўлов сифатида ишлатган.

Шунингдек, улар мунтазам равишда болалар учун нафақа олади. 37 ёшли Неъмат “одатда кўп болали бўлган Марказий Осиёдан фуқароликка қабул қилинганлар рус миллатига мансуб фуқароларга қараганда кўпроқ ижтимоий нафақа олишади” дейди.

Неъмат армияга чақирув қоғози олмаган. Беш фарзанднинг отаси сифатида муддатли ҳарбий хизматдан озод этилишим мумкин, дейди у Озодлик билан суҳбатда.

Неъмат Россияда яшаш ёқишини ва бу ерни ўз уйи деб билишини айтади. “Агар армияга чақирилса, Украинага жангга борасизми?” деган саволга Неъмат сўзсиз «бормайман» деб жавоб берди.

"Эҳтимол, агар Россия ҳужумга учраганида борардим, – дейди у. – Аммо бу урушда Россия агрессор. Украинада Россия учун урушмаганимдан афсусда эмасман”.

Форум

XS
SM
MD
LG