Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:02

"Ёшларнинг урушдан ўз хаёлий дунёсига қочиши". Эксперт "Рёдан" ҳаракати ҳақида


5 март куни Киев вилояти полицияси Россияда пайдо бўлган “Рёдан” ёшлар ҳаракатига доир маълумотларни эълон қилди: Телеграмда 160 та украин гуруҳлари бор экан. Полиция бошлиғи Андрей Небитовга кўра, уларда 12–17 ёшлардаги 1600 ўсмир рўйхатдан ўтган. Небитов Украина махсус хизматлари “Рёдан”ни Россиянинг Украина ҳудудидаги ахборот-психологик операцияси деб ҳисоблашини айтар экан, украин гуруҳларида ватанпарвар ёшлар борлиги айтди. Экспертлар фикрича, ҳаракатнинг Беларусь, Россия ва Украинада ёйилиши ёшларнинг уруш реаллигидан чекиниш истаги билан боғлиқ.

“Гуруҳлардаги ёш йигит-қизлар ватанларига содиқ, аммо уларга нима яхшию нима ёмонлигини тушунтириш керак, акс ҳолда ёшларимиздан зўравонлик мақсадларида фойдаланишлари мумкин”, дейди Киев вилояти полицияси бошлиғи Андрей Небитов. У, шунингдек, Украинада “АнтиРёдан” номли ҳаракат ҳам вужудга келганини маълум қилди.

“Рёдан” Россияда февраль ойи охирларида ўртага чиққан бўлса, ўшандан бери Украинанинг Харьков, Киев, Львов, Луцк, Ивано-Франковск, Черновци, Житомир ва бошқа шаҳарларида ҳам унинг тарафдорлари пайдо бўлди. Украина Миллий полицияси маълумотига кўра, февралнинг сўнгги икки кунида мамлакатнинг турли ҳудудларида ёшларнинг 30 га яқин йиғини бўлиб ўтган.

Украинада “ЧВК Рёдан”га оид камида 30 та канал ва гуруҳлар блоклаб қўйилгани айтилмоқда. ЧВК “частная военнная компания”, яъни “хусусий ҳарбий ширкат” дегани бўлиб, у Украинага қарши жанг қилаётган “ЧВК Вагнер”га ишорадир. Бироқ Россиядаги ҳаракатнинг айрим аъзолари ЧВК қисқартмаси ҳаракат номига ҳазил тариқасида қўшилган ва у аслида кийим-кечак бренди билан боғлиқ, дейишади. Пировардида бу ҳарфлар олиб ташланди ва Россия ҳаракати фақат “Рёдан” деб аталадиган, яъни японларнинг “Геней Рёдан” жиноий гуруҳи ҳақидаги Hunter x Hunter мангосига дахлдор субмаданиятни тамсил этадиган бўлди. Мазкур гуруҳнинг рамзи – ўргимчак: ҳаракат аъзолари ўргимчак тасвирли кийим ва одатда катак гулли шалвор кийиб юрадилар.

Россия ва Украинадаги савдо марказларида анимечилар ўртасида оммавий муштлашувлар юз берган.
Россия ва Украинадаги савдо марказларида анимечилар ўртасида оммавий муштлашувлар юз берган.

Ижтимоий тармоқда “Рёдан”нинг россиялик етакчиларидан бири ҳаракатнинг асосий ғоясини ёшларнинг “ҳақиқат ва фикр билдириш эркинлиги учун кураши”, дея таърифлади. Унга кўра, “ёшлар кийган кийими ва соч кузаги учун таъқиб ва зулмга дучор бўлмасликни, жамият уларни борича қабул қилишини истайдилар ва акс ҳолда бўладиган иш бўлади”. Етакчи, афтидан, агрессив муштлашувларга шама қиляпти. Ҳаракатни танитган нарса ҳам айнан Москва ҳамда Петербург савдо марказларида бўлган оммавий муштлашувлар бўлди: бу зиддият ташқи кўриниш билан боғлиқ, чунки “Рёдан” – “офниклар”, яъни жанжалга баҳона қидирадиган кўча зўравонлари, безорилар ва скинхедлар билан ўчакишиб қолган. “Офниклар” ўз тасаввуридаги ташқи кўриниш нормалари номувофиқ бўлишгани учун “рёданчи” тенгдошларини очиқча камсита бошлашган экан.

Украинада “Рёдан” мухлислари пайдо бўлган илк шаҳарлардан бири – Львовда 27 февраль куни ўсмирлар оммавий муштлашув бўлиши режаланаётган жойлар ҳақида маълумот тарқатишди. Полиция зўравонликнинг олдини олди, шунингдек аҳолини ёшларнинг тўпланишлари ҳақида хабар беришга чақирди.

“Полиция ўсмирлар улашган маълумотни таҳлил қилди. Бир жойда бекат орқасига ўтиб муштлашишган экан, аммо режадаги оммавий калтакбозлик бўлгани йўқ. Мен бу радикал ҳаракат Украинада Россия тарафидан атай ташкил қилинган, деб биламан. У ерда бунақа ҳаракат анчадан бери бор ва тақиқланмаган. Украин жамиятида ёшларнинг ўз фикр ва қарашларини ифода этишида ҳеч бир муаммо йўқ, ҳеч ким уларни ташқи кўриниши учун камситмайди. Шу боис, мазкур субмаданият сунъий равишда ва оммавий қўзғатиляпти, координаторлар белгиланмоқда, улар ҳаракат нафақат Россияда, балки Украинада ҳам борлигини намойиш этишга интилмоқдалар, боз устига икки мамлакат урушаётган пайтда. Менимча, бу ишлар Россия махсус хизматлари тарафидан бузғунчилик мақсадида қилиняпти”, дейди вазиятни полиция билан бирга кузатган Львов шаҳар кенгаши депутати игорь Зинкевич.

Кўплаб украин мулозимлари “Рёдан”ни Россия билан боғлаётган пайтда Хавфсиз интернет лигаси раҳбари, Россия Жамоатчилик палатаси аъзоси Екатерина Мизулина ушбу ҳаракатни Ғарб дунёси таъсири, деб ҳисоблайди. Бироқ, масалан, Беларусда “Рёдан” тарафдорлари ўзларини Россиядаги аналогик ҳаракатдан айро кўрмайдилар. “Рёдан-Беларусь” телеграм-гуруҳида айримлар ҳаракат учун байроқнинг аҳамияти йўқлигини уқтириб, Беларусь байроғи устига чизиқ тортилган суратларни илова қилишган бўлса, баъзи белоруслар Россия байроғи акс этган стикерлардан фойдаланишади. Яна бир қизиқ жиҳат шуки, Телеграмда украин ва белорус каналлари бир пайтда – февралнинг охирларида пайдо бўлган, Россия, Украина ва Беларусдаги ўсмирларнинг оммавий муштлашувлари ҳам синхрон тарзда юз берган. 28 февраль куни Гомелдаги “Сикрет” савдо марказида 200 киши қўлга олинди, уларнинг мутлақ аксари – вояга етмаганлар. “Рёдан Беларусь” гуруҳида тахминан 400 аъзо бор, 23 февралда очилган Минск “Рёдани” эса 300 кишини бирлаштиради.

Санкт-Петербургдаги "Галерея" савдо марказида "ЧВК Рёдан" аъзолари бўлган ўсмирларнинг полиция томонидан ҳибсга олиниши.
Санкт-Петербургдаги "Галерея" савдо марказида "ЧВК Рёдан" аъзолари бўлган ўсмирларнинг полиция томонидан ҳибсга олиниши.

Ҳаракатнинг Украинадаги мухлислари кўпроқ Tik-Tok тармоғида тўпланган. Телеграмда “ЧВК Украина” канали бор. Львов шаҳар кенгашининг бошқарма бошлиғи Андрей Закалюк маъмурият янги субмаданият ўсмирларга қандай таъсир этаётганини аниқлаш мақсадида вазиятни ўрганаётганини айтади:

“Оммавий номатлуб хатти-ҳаракатга ва болаларнинг ялпи иштирокига олиб борувчи ҳамма нарса хавфли. Львов ўсмирларининг муддаосини ҳозирча билмаймиз. Бузғунчиликни ким бошлагани ҳам номаълум. Кўплаб ёшлар, табиийки, оддий тақлидчи. Энди катталарга савол: сизлар нима қиляпсиз? Мен айбни болаларга тўнкамаган бўлардим. Чунки алоҳида-алоҳида гаплашиб, хавф-хатарни тушунтирсангиз, 99 фоизи тушунади ва бу йўлдан қайтади. Ахир бу ўсмирлар, улар қалтис иш қилишни яхши кўришади. Аммо, Украинада ушбу ҳаракат тезда йўқ бўлиб кетишига ишончим комил”, дейди мулозим.

Львовда маъмурият ва полиция оммавий муштлашув бўлишига йўл қўймади. Киевда ҳам полиция тез ишга киришиб, зўравонлик бошланмасдан ўсмирлар тутиб келган. Бироқ Харьковда Украина Жиноят кодексининг 294 (оммавий тартибсизлик) ва 304-(вояга етмаган шахсларни ғайриқонуний фаолиятга жалб этиш) моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.

Харьков Тергов бошқармаси бошлиғи Сергей Болвиновга кўра, полиция телеграмда ўсмир томонидан 27 февраль куни ўз ҳаракатларини келишиш учун очилган чатни аниқлаган.

Бугунги кунда Украинада ички вазиятни беқарорлаштириш учун тузилган 18 та канал ва гуруҳ блокланган, дея маълум қилди Миллий полициянинг Ювенал превенция бошқармаси бошлиғи Василий Богдан. Унга кўра, 700 дан зиёд киши полиция бошқармалари ва бўлимларига олиб келинган, аксари – вояга етмаганлар. Полиция ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик тадбирларни амалга оширмоқда.

“Мазкур субмаданиятнинг сунъий тарқатилиши – Россия пропагандасининг навбатдаги ахборот-психологик амалиёти ҳамда ўсмирларни ғайриҳуқуқий фаолиятга тортишга уринишдир”, дейилади Украина Миллий полициясининг расмий хабарномасида. Украин полицияси ва киберполицияси ҳозирда ҳаракатнинг молиявий манбаларини, каналлар администраторлари ва оммавий муштлашувлар ташкилотчиларини аниқлаш билан шуғулланмоқда.

Россиянинг Украинага қарши уруши оқибатларига дуч келган украин ўсмирлари қалбини нега айнан Россия субмаданияти забт этмоқда? Бола ҳуқуқлари бўйича эксперт Кристина Шабатга кўра, ҳамма гап ўсмирлик ёши мураккаблигида.

“Сунъий яратилган ва назорат қилинадиган хаос бу. Полиция ҳаракатни жиловлаб турибди. Ўсмирлар, агар уларда муқобил муҳит бўлмаса, дунёда ўз ўринларини излаб қолсалар, ана шунақа субмаданият таъсирига тушишади. Янги субмаданиятлар ўсмирлар учун табиий ҳол, лекин гап ҳаракатнинг мақсади ва нима учун ташкил қилинганида. Ёш йигит-қизлар бу Россиядан келган ҳаракат эканини билган, деб ўйламайман. Кўпчилик буни шунчаки олишув, ўзлигини намоён қилиш воситаси деб билган, оқибатлари ҳақида ўйламаган”, мулоҳаза қилади Кристина Шабат.

Киевдаги Фуқаро эркинликлари маркази таҳлилчиси, субмаданиятчилар ва ўта ўнг гуруҳлар бўйича эксперт Вячеслав Лихачёв Озодлик мухбирининг Украинадаги “ЧВК Рёдан” ҳаракати мазмун-моҳияти ҳақидага саволларига жавоб берди.

– “Рёдан” ҳаракати Украинада нега бу қадар тез ёйилди?

– Бу ўсмирлар тўгарагини ҳаракат ўлароқ талқин қилиш ҳатто Россияда ҳам тўғри бўлмайди. Лекин Россияда, ҳарқалай, шунақа тўгарак ростдан ҳам бор. У ерда “ЧВК Рёдан” тилга тушиб, машҳур бўлиб кетгани сабаби шуки, унинг тўрт аъзоси ташқи кўриниши важидан тирғалган бир неча гопник билан яхши муштлашиб, тасодифан камерага тушиб қолган. Бироқ Украинада “ЧВК Рёдан” ҳаракати мавжуд эмас. Бу номдан фойдаланиб, телеграм-каналлар очган бир қанча ўсмирлар бор, холос. Мен айнан “фойдаланган” деяпман, чунки “Рёдан” сўзининг маъносини билишмайди чоғи, тармоқларда украинчада нотўғри ёзишмоқда. Назаримда, улар медиадаги хайпдан бир оз фойдаланиб, телеграм-каналлар ва гуруҳлар очиб, шу орқали рекламадан пул ишламоқчи бўлишган. “Рёдан” ҳозирда интернетда энг кўп қидирув сўровларидан бири бўлиб турибди. Бироқ бу тушунарсиз товушлар йиғиндисини изловчиларнинг аксари на бирон субмаданиятга дахлдор, на “Рёдан” ҳаракатига.

Украин ўспиринларга келсак, уларни дарҳол Россиядаги субмаданият ва унинг бузғунчи мақсадлари билан боғлашгани бу ёшлар учун ёқимсиз сюрприз бўлди. Иккинчидан, Украина ёшлари ҳануз россиялик тенгқурлари билар битта ахборот маконида экани ҳам маълум. Беш кун аввал Украинада 14-15 ёшли соғлом турмуш тарзи тарафдорлари ва футболсевар йигит-қизлар “Рёдан” ҳаракати теварагидаги медиа шовқинида кўчаларга чиқишган. Полиция зудликда аралашмаганида бу икки гуруҳ бир-бири билан ёқалашиб кетиши муқаррар эди. Бир неча юз ўспирин ушланган, кўпчилиги – Харьковда. Шу билан тамом.

– Аммо миллий полиция Украинанинг турли шаҳарларида ёшларнинг 30 га яқин йиғини бўлганини қайд этмоқда. Львовда эса “оммавий тартибсизликлар” моддаси бўйича жиноят иши очилган. Ҳар ҳолда, бу воқеалар оддий медиа шовқини эмасдек туюляпти...

– Албатта, ўсмирлар ростдан ҳам жисмонан кўчаларга чиқишган, лекин улар мазкур ҳаракат мансублари эмас, уларни “Рёдан” мухлислари сафига қўшган – журналистлар. Украина полицияси хабарномаларида ҳам ҳибсга олинган ёшларнинг бирон субмаданиятга мансублиги ҳақида сукут сақланган ёки тайинли жавоб берилмаган. Хуллас, ўсмирлар ростдан ҳам кўчаларга чиқишган, уларни ушлашгани ҳам рост, ҳар бири билан алоҳида суҳбат қилинган. Замон тинч бўлганида бошқа эди. Ҳарбий ҳолат амалда экани ва йиғилишлар ўтказиш қонун билан чеклангани учун полиция уларни тутди. “Рёдан” Россияга оид агрессив ҳаракат, деган қараш илдиз отиб бўлгани учун энди бу ёшлар бенасиб қолмаса керак. Жиноий бўлмаса ҳам, бирон маъмурий жазо берилиши тайин.

– Уруш Украина ёшларининг хулқ-атворида қандай аксланмоқда? Хатти-ҳаракатларига таъсир этяптими?

– Ҳозирги замонда ўсмирлар ҳаёти аввалгидек эмас. Виртуал майдоннинг мулоқот ва фикр алмашувдаги роли, умуман виртуал воқеликнинг, каналлар, гуруҳлар ва чатларнинг ўсмирларга таъсири жуда катта. Бошқа томондан. Ҳар қандай зарарли нарсани Россияга ёки Россия махсус хизматларига нисбат бериб, муаммодан осонроқ қутулиш мумкин. Одамлар анча жиззаки бўлиб қолишган, бир йилдан бери экстремал стресс ҳолатида яшаш осон эмас, айниқса ўсмирлар учун. Булар бари ахборотни танқидий қабул қилиш лаёқатини камайтиради. Шу маънода урушнинг таъсири бор, албатта.

– Россия Украинага қарши шафқатсиз уруш бошлаганидан сўнг Украина ёшлари Россия ахборот макони маҳсулотларига нисбатан қандай муносабатда бўлишяпти?

– Мураккаб савол. Балки ёмон кўриш, нафрат ҳисларини туйишаётгандир. Лекин икки халқ ёшларининг таасуб ва тақлид манбалари ҳануз бир хил. Бу аниме субмаданиятига ҳам тааллуқли. Ўсмирлар ташқи кўриниш, кийим-кечак ва хулқ-атворда бир-бирларидан улги олишади. “Рёдан” мисолидаги тақлидчиликни эса эскапизм, яъни ўсмирларнинг теваракдаги шафқатсиз, комфортсиз, оғир ҳаётдан қочиб, ўз тахайюлидаги романтик оламга чекинишга интилиши, деб биламан.

– Бундан чиқди, эскапизм илдизи Россия билан Украинада умумий экан-да, у ерда ҳам, бу ерда ҳам ўсмирлар ҳарбий риторикадан, урушдан ўзини олиб қочишга уринаётган экан-да?

– Умуман олганда, ҳа. Бир мамлакатда ўсмирлар бошларига ёғилаётган чинакам бомбалардан хаёлий дунёга қочишни истаётганини, нариги мамлакатда эса ўсмирларни почта қутиларига ташланаётган чақирув қоғозлари реал воқеликдан бездираётганини ҳисобга оладиган бўлсак, тўғри, икки ҳолатда ҳам сабаб битта – уруш. Умуман, барча фанатик субмаданиятларнинг ишлаш механизми бир хил бўлади.

Форум

XS
SM
MD
LG