Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:26

TikTok фестивали бекор қилинди. Тошкент тиктокчиларни қучоғига олганидан "афсусда"


Ўтган йил декабрида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тиктокерчилар форумида қатнашган ва эркин фикрли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирган эди. (Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати)
Ўтган йил декабрида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тиктокерчилар форумида қатнашган ва эркин фикрли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирган эди. (Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати)

Расмий Тошкент хитойликларнинг “TikTok”ига йўл очиб берганидан афсусда, деб ёзмоқда “Eurasianet” нашри.

Ўтган ҳафта Россиянинг “TikTok” юлдузлари иштирокида ўтиши керак бўлган Тошкентдаги концерт бекор қилинди. Бу ҳолат ёшларнинг янгича маданияти тарафдорларининг ҳафсаласини пир қилгани айтилади.

Eurasianet 25 декабрь куни пойтахтдаги йирик “Humo Arena”да бўлиб ўтиши керак бўлган шоуни бекор қилиш ҳақидаги қарорни давлатнинг қайси идораси қабул қилгани ҳозирча номаълум эканига эътибор қаратган.

Бу тадбир 6 декабрь куни iTicket.uz чипталар агентлиги томонидан эълон қилинган ва эртаси куни Маданият вазирлиги чиқарган баёнотда маъқулланган. Аммо вазирлик бу қарорга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб, масъулиятни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирлиги зиммасига юкламоқда.

“TikTok фестивали” деб номланган бу тадбирнинг ўзи, таъбир жоиз бўлса, йўқ жойдан пайдо бўлди.

“TikTok” фойдаланувчилари июль ойида ушбу иловага киришда муаммолар бўлаётгани ҳақида гапира бошлаганди. Чунки ҳукумат ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчи маълумотлари маҳаллий базаларда сақланиши кераклиги ҳақида қонун қабул қилган эди.

Аммо "Ўзбектелеком" қайси ижтимоий тармоқни блоклашни ўзи танлай бошлади.

Тармоқларнинг блокланиши

Ўзбекистонда оммабоп “Telegram” иловаси ўтган ой бошида ишламай қолган, бироқ норозиликлар шовқини кўтарилгач, яна очиб қўйилган эди.

Пекинда жойлашган “ByteDance” компаниясига тегишли ва ҳар ойда миллиард одам фойдаланадиган “TikTok” платформаси ҳам блокланган “Twitter” ёнига қўшилди.

Ўтган йилнинг шу вақтида Тошкентнинг таъсирли ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тиктокерчи ёшлар форумида қатнашиб, эркин фикрли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирган эди. Ваҳоланки, бу ёшлар тайёрлайдиган видеолар давлат оммавий ахборот воситаларида миллий менталитетга зид хатти-ҳаракат сифатида қораланиб келади.

Шу йил 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев шоир Алишер Навоий ҳайкали олдида ҳазил видео олган ёш блогернинг хатти‑ҳаракатини қоралаши ортидан тиктокчилар расмийларнинг назаридан қолди.

“Бу болаларнинг ота-онаси, бобо-момолари, ўқитувчи ва муаллимлари, қолаверса маҳалла-кўй, ёшлар билан ишлайдиган масъул мутасаддилар қаерга қараяпти?” деган эди Мирзиёев навбатдаги ёшлар форумида сўзга чиқиб.

Блогер Иномжон Пардаев ҳам, унинг оператори ҳам 15 суткага маъмурий қамоққа олинган. Пардаев шоир Навоий устидан кулиб, “бутун Ўзбекистонни шарманда қилганини” тан олди.

“TikTok” бир неча кун ичида блокланди.

Тошкентдаги тадбирда иштирок этиши керак бўлган россиялик ижрочилар “TikTok”да ном қозонган бўлиб, улар “Instagram” каби бошқа платформаларга қараганда “TikTok” да бир неча баравар кўпроқ обуначига эга бўлган мусиқачилардир.

Ўзбекистон ҳукумати ушбу ёш тоифасига катта эътибор қаратмоқда.

Маданият вазирлиги баёнотида айтилишича, фестивал “маънавий жиҳатдан ёшлар онги ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиши”, анъанавий маданият ва тарбияга путур етказиши мумкин.

Лекин ўзбеклар аллақачон цензурани четлаб ўтишни бошлаган.

Ёзги блоклашлар VPN юклаб олишлар сонини кўпайтирди ва “TikTok” билан боғлиқ жанжаллар ўсишда давом этди.

Улардан бири сентябрь ойида дарс пайтида ўқувчиларнинг кулиб, сўкинишаётгани тасвирланган видео билан боғлиқ.

Парламентдаги “Миллий тикланиш” партияси омма олдида кечирим сўрашга мажбур бўлган ўқувчи қизларни қоралаб, “TikTok”ни бутунлай блоклашга чақирди. Партия ҳукуматга буни қандай амалга ошириши кераклиги ҳақида ҳеч қандай таклиф бермади.

Қўшни Қозоғистондаги тенгдошлари сингари кўплаб ўзбек ёшлари ҳам “TikTok” орқали ном қозонмоқда.

20 ёшли Нисо Мамедованинг 80 000 дан ортиқ обуначиси бор, у феминизм, аниме, саёҳат ва ўқиш ҳақида видеолар тайёрлайди. Meecklaygerk тахаллуси билан блог юритувчи яна бир тошкентлик ёш бошқа тиктокчилар билан суҳбатда 60 000 га яқин обуначини тўплади.

Бу рақамлар асли ўзбекистонлик ва ҳозирда Россияда яшовчи Раҳим Абрамовнинг 13.3 миллион обуначиси олдида ҳеч нарса. Унинг мусиқий видеолари мусиқа ва комедияни уйғунлаштирган. У “Forbes” талқини бўйича 2020 йилда энг кўп ҳақ тўланадиган русийзабон тиктокчилар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган.

Бундай муваффақият ҳикоялари билан “TikTok”ни Ўзбекистонда ўчириб қўйиш жуда қийин вазифага ўхшайди, дея хулоса қилган Eurasianet.

XS
SM
MD
LG