Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2021, Тошкент вақти: 05:14

Халқаро хабарлар

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ҳибсхонадан мурожаатнома чиқарди

Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши, 2021 йил 18 январи

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси раҳбари Алексей Навальний “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасидан мурожаатнома чиқарди. Мухолифатчи мазкур ҳибсхонага куни кеча йўлланганди. Навальнийнинг мурожаати унинг Instagram'даги саҳифасида эълон қилинган.

Сиёсатчи мурожаатида ўзи сақланаётган жойни тавсифлай туриб (“чоғроқ хона, дераза, темир каравот”), яна бир марта Россияга қайтганидан афсусланмаётганини таъкидлаган. “Мен бошқача йўл тутолмаган бўлардим” деган Навальний Россиядаги қонунсизлик билан муроса қилиб яшаш ҳамда “коррупцияга ботган Путин ва дўстларининг юзсизларча ёлғонларини тинглаб, жим туриш”дан бош тортишини қўшимча қилган.

Сўзи охирида Навальний ҳокимиятдагилар қўрқадиган ягона кишилар “қўлдан келганча курашадиганлар” эканини билдирган. Сиёсатчи ана шундай кишиларга қўшилишга чақирган.

Алексей Навальний 17 январь куни Германиядан Россияга учиб келганидан кейин бир кун ўтгач, 30 кун муддатга “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган. Бу ҳибсхонада сиёсатчи судни кутиши айтилган. Навальний иши бўйича маҳкама шу йил 2 февралига белгиланган.

Навальний ҳибсга олинганидан кейин ўнлаб мамлакат мухолифатчининг зудлик билан озод этилишини талаб қилган. Сиёсатчининг штаби бутун Россия бўйлаб 23 январь куни кенг кўламли норозилик акциялари ўтказилишини эълон қилган.

Кун янгиликлари

Табиий офат оқибатида Тожикистоннинг Кулоби 4 миллион доллар зарар кўрди

Кулобдаги сув тошқини.

Тожикистон ҳукумати бундан бир ой олдин Кулобда юз берган табиий офатдан кўрилган зиён миқдорини эълон қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 11 май куни Кулобдаги селда 3 киши ҳалок бўлган, 43та уй бутунлай вайронага айланган ва 102та уйга зиён етган.

Бундан ташқари 4 мактаб ва болалар боғчаси, 6 километр йўл, 10та кўприк, 25 километр электр узатиш линияси, 65та темир-бетон пойдевор, 7 трансформатор, 13,5 километр соҳилни мустаҳкамлаш иншоотлари, 500 метр сув таъминоти қувурлари бузилган.

“Шунингдек, минглаб чорва, 136 гектар ерга экилган қишлоқ хўжалик экинлари вайрон бўлди”,-дейилади билдирувда. Кулобдаги зарар жами 4 миллион доллар экани айтилди.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг билдиришича, 11 май куни Кулобдан ташқари яна 15та туман ва шаҳарда сел юрган. Бу офат оқибатида тўртта шаҳарда 9 киши ҳалок бўлган.

Қозоғистонда яна бир маҳаллий QazCoVac-P вакцинасининг клиник синовлари бошланди

Синовда 18дан 50 ёшгача бўлган кўнгиллилар иштирок этади.

Қозоғистондаги Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институтининг билдиришича, мамлакатда коронавирусга қарши маҳаллий QazCoVac-P вакцинасининг клиник синовлари бошланди. Клиник синовнинг биринчи ва иккинчи босқичлари Тараздаги кўп тармоқли шаҳар касалхонасида ўтказилади. Синовда 18дан 50 ёшгача бўлган кўнгиллилар иштирок этади.

Институт синовда қанча киши қатнашиши тўғрисида маълумот бермади. Расмий билдирувда айтилишича, вакцина клиник синовларга қадар бўлган жараёнда “самарали эканини кўрсатган”.

26 апрелда Қозоғистон клиник синовларнинг учинчи босқичи якунланмай туриб, ўзи ишлаб чиққан QazVac (ҳозирда Qaz-Covid-in бренди билан танилган) вакцинаси билан аҳолини оммавий эмлашга рухсат берган эди. Бу вакцина ҳам Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқарилганди.

Ўшанда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги QazVac 96 фоиз самара кўрсатганини иддао қилган. Бироқ шу кунгача мазкур вакцина синови тўғрисидаги бирорта маълумот илмий журналларда нашр этилмаган.

Қирғизистонда сабзи бир неча кун ичида 1 долларга қимматлади

Бишкек бозоридаги манзара.

Қирғизистонда сўнгги бир неча кун ичида мева-сабзавот нархлари кескин қимматлади. Жумладан, сўнгги кунларда 25 сўм, яъни 30 центдан сотилган сабзи бирданига қимматлади ва бугунги кунда 100-120 сўмдан, яъни тақрибан 1,2-1,5 доллардан сотилмоқда.

Аввалроқ ўсимлик ёғи ҳам кесин кўтарилган ва 1 доллардан сотилаётган ўсимлик мойининг 1 литри нархи 2-2,5 долларга кўтарилган эди. Бундан ташқари бошқа мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам сезиларли даражада қимматлади.

Қирғизистон ҳукумати сабзининг қимматлаши мавсумий ҳолат эканини, бир неча ойдан кейин янги ҳосил олиниши билан нарх аввалги кўрсаткич даражасига тушишини ваъда қилмоқда.

“2020 йилнинг 5 ойида Қирғизистондан хорижга 13 минг тонна сабзи экспорт қилинган. Жорий йилнинг беш ойида эса 31 минг тонна сабзи экспорт қилинди. Шунинг учун сабзи танқислиги юзага келиб, нархлар ўсди. Июлда янги ҳоисил йиғила бошланиши билан сабзи, картошка ва бошқа қимматлашган маҳсулотлар нархи ўз ўрнига қайтади”, дейилади билдирувда.

АҚШ ҳукумати судни Царнаевга ўлим жазосини белгилашга чақирди

Жоҳар Царнаев Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган.

Президент Жо Байден маъмурияти АҚШ Олий судини Бостон марафони пайтида террор ҳужуми содир этганликда айбланаётган Жоҳар Царнаевга ўлим жазосини қўллашга чақирди.

2015 йилда федерал суд маслаҳатчилари ҳайъати Царнаевни унга қўйилган барча 30 айблов бўйича айбдор деб топган, суд эса уни ўлим жазосига ҳукм қилганди.

АҚШ федерал аппеляция судининг Бостондаги биринчи инстанцияси 2020 йилнинг 31 июлда Жоҳар Царнаевга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилган.

Президент Дональд Трамп ўшанда: “Бостон ҳужумчиси Жоҳар Царнаевдан кўра ўлим жазосига лойиқроқ бўлган инсон йўқ. Федерал ҳукумат ишни қайта кўриб чиқиш жараёнида унга нисбатан яна қайта ўлим жазоси қўлланилишига эришмоғи лозим”, деб билдирган эди.

Президент Жо Байден маъмурияти ҳам Царнаевга фақат ўлим жазоси белгиланиши лозим, деб ҳисоблайди. Олий суд бу ишни жорий йилнинг кузида кўриб чиқиши режалаштирилмоқда.

Жоҳар ва унинг акаси Тамерлан Царнаев 2013 йилги Бостон марафони пайтида террор ҳаракатини уюштирганликда айбланмоқда. Тамерлан Царнаев қўлга олиш пайтида полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган этник чечен Царнаев акаси Тамерлан билан амалга оширган ҳужумда уч нафар одам ҳалок бўлган, 260 дан ошиқ одам жароҳат олган эди.

Эронда ислоҳотчи номзод президентликка сайловда иштирок этишдан бош тортди

64 ёшли собиқ вице-президент Муҳсин Меҳрализода.

Эронда 18 июнда ўтадиган президентлик сайлови арафасида ислоҳотчи номзодлардан бири сайловда иштирок этишдан бош тортди.

Эрон нашрларининг билдиришича, 64 ёшли собиқ вице-президент Муҳсин Меҳрализода тарғибот-ташвиқот ўтказилувчи охирги кунда, яъни 16 июнь куни бу ҳақда маълум қилди.

Меҳрализода Сайлов комиссиясининг элагидан ўтган икки ислоҳотчи номзоддан бири эди. Амалдаги президент Ҳасан Руҳоний икки муддат бу лавозимда ишлагани ортидан яна бир бор президентликка ўз номзодини кўрсата олмайди.

Меҳрализода сайловда иштирок этишдан бош тортгани ортидан 18 июнда ўтадиган овоз бериш жараёнида 6 номзод курашади. Кузатувчилар мазкур сайловда оятуллоҳ Али Хаманеининг яқин одамларидан бири бўлган консерватор Иброҳим Раисий ғалаба қозонади, деган таҳминни билдирмоқда.

Исроил яна Ғазони бомбардимон қилди

Исроил самолётлари Хон Юнус шаҳри атрофидаги камида битта ҳудудга бомба ташлаган.

Исроил ҳарбий ҳаво кучлари 16 июнь куни эрталаб Ғазо минтақасини бомбардимон қилди. Расман билдирилишича, бомбардимон Ғазодаги жангарилар Исроилга ёнувчи модда тўлдирилган шарларни отганига жавоб бўлди. Ғазодан отилган ёнувчи шарлар Исроилда 20та жойда ёнғин келтириб чиқарган.

Агентликларнинг билдиришича, Исроил самолётлари 2 миллионга яқин аҳоли яшайдиган Хон Юнус шаҳри атрофидаги камида битта ҳудудга бомба ташлаган. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Исроил Мудофаа вазирлиги “ҲАМАС террор ташкилотининг ҳарбий объекти бомбардимон қилингани”ни маълум қилди.
15 июнь куни Шарқий Қуддуснинг мусулмонлар яшовчи мавзеларида юриш қилган яҳудий миллатчилари “Арабларга ўлим!” деган ҳайқириқларни айтган эдилар. Фаластин томони Исроил ҳукумати расман рухсат берган бу юришнинг ўтказилишини “фитна қўзғатиш”, деб баҳолаган.

ФАТХ ва ҲАМАС фаластинликларни “Ғазаб куни” уюштириб, Ғазо орқали Қуддусга юриш уюштиришга чақириб, Исроил ҳукуматини яҳудий миллатчиларининг ҳатти-ҳаракатлари “хавфсизликка таҳдид” солишидан огоҳлантирганди.

Май ойида Исроил ва Фаластин ўртасида 11 кунлик қуролли низо бўлган эди. Бу низода Ғазода 260 киши ҳалок бўлган. Исроилда эса 13 киши ўлган.

Ryanair раҳбари Минск аэропортида ширкат учувчиларига босим ўтказилганини маълум қилди

Минскка қўндирилган Ryanair учоғи

Видеокамера кўтарган номаълум одамлар Минск аэропортига қўндирилган Ryanair учоғи учувчиларини гўё ўз ихтиёри билан қўнганини тан олдиришга уринган. Бу ҳақда авиаташувчи бош директори Майл О’Лири билдирди, дея хабар қилди Irish Independent газетаси.

Унга кўра, воқеа 23 май куни мажбурий қўнишдан кейиноқ содир бўлган. Учоқ бортига бир неча киши кўтарилган, уларнинг кимлиги ҳалигача номаълум. Учувчилар улар талаб қилган гапларни айтишдан бош тортганлар.

Йўловчилар ва экипаж аэропортга кўчирилганидан сўнг биринчи учувчи кабинада қолган ва у ердан фақат қуролли соқчи ҳамроҳлигида чиққан, деган О’Лири. У мазкур хатти-ҳаракатни “таҳдидли ва душманона муносабат”, дея баҳолаган.

О'Лири иддаосича, учоқ ҳали ерга қўнмасдан экипаж уни авиаширкатнинг Варшавадаги бошқарув маркази билан боғлаб беришни бир неча марта илтимос қилган, бироқ беларус диспетчери улар қўнғироққа жавоб бермаганини айтган. Аммо топ-менежер аслида бундай бўлмаганини таъкидламоқда. Юз берган бу воқеаларни у “халқаро авиациянинг мавжуд барча қоидаларини қасддан бузиш” деб атаган.

Грециядан Беларусь ҳудуди орқали Литвага учаётган Ryanair учоғи экипажи бортда теракт ҳозирланаётгани тўғрисида беларус диспетчеридан хабар олганидан сўнг Минскка қўндирилганди. Лайнер қўнганидан сўнг шу рейс йўловчиларидан бўлмиш мухолифатчи блогер Роман Протасевич ва унинг қиз ўртоғи, россиялик Софья Сапега қўлга олинган.

Беларусь расмийлари учоққа бомба ўрнатилгани ҳақида чиндан ҳам хабар олишгани, Протасевич ва Сапеганинг бу рейс билан учаётганини эса олдиндан билишмаганини айтмоқда. Бу иддаолар мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Евроиттифоқ мамлакатлари воқеани “учоқнинг расмийлар тарафидан босиб олиниши” ўлароқ баҳолаган.

Мажбурий қўнишдан сўнг Протасевич билан Сапегадан ташқари яна уч йўловчи учоқ бортига қайтмаган. Беларусь телевидениеси улар ўз манзилларига етиб олиш учун бошқа йўлни танлаганлари ҳақида лавҳа намойиш этган. Аммо О'Лири мазкур уч киши Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари бўлганини иддао қилмоқда.

Тихановская номи Россияда қидирилаётганлар рўйхатидан олиб ташланди

Светлана Тихановская

Россия Ички ишлар вазирлиги беларуслик мухолифатчи Светлана Тихановскаяни қидирилаётган шахслар рўйхатидан ўчириб ташлаган. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги хабар қилди.

Reuters агентлиги қайдича, бу иш Беларусь томони ташаббусига кўра амалга оширилган. Бу хабар 15 июнь куни – Россия ва АҚШ президентларининг Женевадаги учрашувидан бир кун олдин пайдо бўлди.

Светлана Тихановская Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенкога 2020 йил августидаги президент сайловида асосий рақиб бўлган эди. У овоз бериш якунланганидан кейиноқ оиласи хавфсизлигидан хавотир олиб, Беларусни тарк этган. Ҳозирда у фарзандлари билан Литвада истиқомат қилиб, президент сайлови натижаларига қарши курашни давом эттирмоқда.

Тихановская ўз тарафдорларини оммавий норозилик намойиши ўтказишга чақирганидан кейин Беларусь расмийлари уни қидирилаётган шахслар рўйхатига киритган.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Беларусдаги президент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортишган, улар Лукашенкони мамлакатнинг сайланган президенти, деб ҳисобламайдилар.

Беларуснинг асосий иттифоқчиси бўлган Россия ҳам Тихановскаяни қидирувдаги шахслар рўйхатига киритганди. Бу ишни Москва Лукашенко режими билан бирдамлик изҳори ўлароқ амалга оширганди.

Байден ва Путин учрашуви арафасида Женевада Навальнийни дастаклаш акцияси ўтказилди

Алексей Навальний акс этган граффити, Женева, 2021 йил 15 июни

Швейцариянинг Женева шаҳрида 15 июнь оқшомида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш акцияси ўтказилди. Бу шаҳарда чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден билан Россия президенти Владимир Путиннинг музокара ўтказиши режаланган.

Икки президент музокараларида Навальний масаласи ҳам асосий мавзулардан бири бўлиши кутилмоқда. Байден “Катта еттилик” саммитадан кейин журналистлар билан мулоқот чоғида “Навальний вафот этса, дунёнинг барча мамлакатларида Россияга муносабат салбий томонга ўзгаради”, деб айтган ва бу ҳолат ўзининг ҳам Россияга нисбатан муносабати ўзгаришига сабаб бўлишини билдирган.

Кеча Россия нашрларида Москва Жо Байден Владимир Путин билан 16 июнь куни Женевада ўтказилажак учрашув чоғида қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальний ва Беларусдаги вазият мавзуларини кўтаришини кутаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу Путин Навальний ишини муҳокама қилишда иштирок этишга мажбур бўлиши ҳақида Кремль томонидан қилинган илк расмий эътироф бўлди. Сешанба куни Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга Навальнийнинг аҳволи бўйича АҚШ томонидан “кўп сигналлар” келаётганини маълум қилган.

Бир неча кун аввал Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Навальний масаласи Байден билан учрашув чоғида муҳокама қилинмаслиги, мухолифатчи Россиядаги колонияда ўтиргани учун бу борада муҳокама қиладиган нарсанинг ўзи йўқлигини билдирганди.

Туркия президенти Эрдўғон Тоғли Қорабоққа борди

Илҳом Алиев ва Эрдўғон (ўнгда) Тоғли-Қорабоғнинг Фузулий туманида. 2021 йил 15 июнь.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 июнь куни Брюсселда ўтган НАТО саммитидан сўнг Озарбайжон пойтахти Бокуга учиб келди. Бу ердан у Арманистоннинг 30 йиллик назоратидан сўнг яна Озарбайжон бошқарувига ўтган Тоғли Қорабоғдаги Фузулий туманига борди. Туманда уни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев рафиқаси билан кутиб олди.

Икки давлат раҳбарлари Фузулий туманидан Шуша шаҳрига йўл олишди. Ўтган йили Арманистон ва Озарбайжон ўртасида юз берган урушда Шуша шаҳрининг озарбайжон аскарлари томонидан эгалланиши жангларнинг бурулиш нуқтаси бўлган эди. Шушада Эрдўғон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Шуша шаҳридан бир неча километр узоқликда Россия тинчликпарвар кучларининг пости жойлаштирилган. Россия кучлари мазкур ҳудудга 2020 йилнинг 10 ноябрида Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасида этишилган шартномага асосан киритилган.

16 июнь куни Эрдўғон ва Алиев Бокуда футбол бўйича Европа чемпионати доирасида ўтадиган Туркия-Уэльс мусобақасини томоша қилади.

Туркия Арманистон билан Тоғли Қорабоғ юзасидан келиб чиққан урушда Озарбайжонни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб, 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.

Канадада покистонлик мусулмон оилани ўлдирган шахсга террорчилик айблови билдирилди

Канадалик 20 ёшли Натаниэл Велтман ҳужумни диний нафрат асосида амалга оширгани билдирилди.

Канада прокуратураси ўз автомашинасида Покистондан кўчиб келган мусулмон оилани босиб кетган ва улардан 4 нафарининг ўлимига сабачи бўлган шахсга террорчилик айблови билдирилиши маълум қилди.

Канадалик 20 ёшли Натаниэл Велтманга бундан ташқари биринчи даражадаги қотилликни амалга ошириш бўйича тўртта айблов ва одам ўлдиришга ҳаракат қилиш бўйича битта айблов қўйилади.

Полициянинг билдиришича, Велтман мусулмон оиласига диний нафрат асосида ҳужум қилган. Мазкур ҳужумни Канада аҳолисининг аоссий қисми қоралади.

Канаданинг Лондон шаҳрида 6 июнь куни 46 ёшли Салмон Афзал, 44 ёшли хотини Мадиҳа Салман, 15 ёшли қизи Юмна ва 74 ёшли онаси Талат Афзал тунги сайр пайтида автомашана воситасида босиб ўлдирилган эди.

Оиланинг 9 ёшли ўғли Файз жиддий жароҳатланган ва касалхонага ётқизилган. Айни пайтда унинг аҳволи барқарор экани билдирилди.

Россияда муҳожирларнинг ноқонуний яшаш муддати 30 сентябргача узайтирилди

Россиядаги меҳнат муҳожирлари.

Президент Владимир Путиннинг фармонига асосан Россияда муҳожирларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш муддатлари 2021 йилнинг 30 сентябригача узайтирилди. Бунга коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазият сабаб қилиб кўрсатилди.

Шу кунга қадар Россияда муҳожирларнинг вақтинча яшаш муддати 15 июнгача белгиланган эди. Шу санадан бошлаб Россияни тарк этмаган муҳожирлар ноқонуний яшовчилар сифатида тан олиниши белгиланганди.

Фармонга асосан, 30 сентябргача муҳожирларни Россиядан маъмурий равишда чиқариб юбориш, депортация қилиш, вақтинча қолиш муддатини қисқартириш, қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш, вақтинчалик бошпана бериш, илгари берилган визаларни бекор қилиш, ишлашга рухсатнома ва патент бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, 16 июндан бошлаб Россияда яшаш учун қонуний асосларга эга бўлмаган шахслар ўзлари бўлиб турган ҳудуддаги полиция бўлимларига 30 сентябрга қадар мурожаат қилишлари шарт бўлади.

Жаҳондаги энг кекса фазогир Владимир Шаталов вафот этди

Владимир Шаталов коинотга парвоз қилиш арафасида тайёргарликдан ўтаётганида олинган сурат.

Космонавт, икки марта Совет Иттифоқи қаҳрамони Владимир Шаталов 15 июнь куни 93 ёшида вафот этди. У айни пайтда яшаётган жаҳондаги барча фазогирлар орасида энг кексаси эди.

Владимир Шаталов уч марта коинотга парвоз қилган. Биринчи марта 1969 йилнинг 14 январида “Союз-4” кемасида парвоз қилган Шаталов ўз кемасини “Союз-5” ракетаси билан улашга муваффақ бўлган ва илк марта космонавтлар Алексей Елисеев ва Евгений Хрунов “Союз-5”дан очиқ коинот орқали “Союз-4”га кўчиб ўтган.

Иккинчи марта Шаталов 1969 йилнинг октябрида “Союз-8” кемаси командири сифатида космосга учди.

1971 йилда амалга оширилган учинчи парвоз пайтида эса Шаталов "Союз-10" кемасининг командири бўлган. Ўшанда космонавтика тарихида илк маротаба коинот кемаси “Салют” орбитал кемаси билан туташтирилган.

Шаталов 1987 йилдан 1991 йилгача Москва вилоятида Гагарин номидаги космонавтларни тайёрлаш марказига раҳбарлик қилган.

Жаҳон банки Туркманистонни ишончсиз статистика ортидан ўз ҳисоботидан чиқариб юборди

Ашхабодда банкоматдан пул ечиб олиш учун навбатда турганлар.

Жаҳон банки Туркманистонни ишончсиз статистик маълумотларни тақдим этгани учун глобал иқтисодий истиқболлар ҳисоботидан чиқариб юборди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди. Билдирилишича, Венесуэлага ҳам шундай чора қўлланилган.

Апрель ойида Халқаро валюта жамғармаси ҳам Туркманистон ҳукумати тақдим этаётган статистик маълумотлардан фойдаланишдан воз кечган эди.

Халқаро валюта жамғармаси Туркманистонда 2020 йилда иқтисодиёт 0,8 фоизга ўсганини билдирган. Расмий Ашхабод эса иқтисодиёт 5,9 фоизга ўсганини айтмоқда. Айни пайтда Туркманистон ҳукумати халқаро ташкилотлар келтирган статистик маълумотларни тан олмайди.

Туркманистонда бир неча йилдан бери иқтисодий инқироз давом этмоқда. Бунинг оқибатида мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келган, қашшоқлар ва ишсизлар сони кўпайган.

Халқаро молия ташкилотлари бир неча маротаба туркман ҳукуматига иқтисодий сиёсатни қайта кўриб чиқишни тавсия қилган.

Исроил миллатчиларининг Шарқий Қуддусдаги юриши вазиятни издан чиқариши мумкин

Май ойида Фаластин-Исроил щртасидаги низода Ғазода вайрон қилинган мавзе.

Исроил миллатчилари 15 июнь куни Шарқий Қуддусда яҳудий байроқлари билан юриш ўтказишга тайёрланаётгани халқаро ҳамжамият ташвишига сабаб бўлмоқда. Экспертлар мазкур юриш ортидан Исроил ва Ғазодаги фаластинлар ўртасидаги низонинг қайта бошланишига туртки бўлишини айтмоқдалар.

Ўта миллатчи яҳудийлар гуруҳи Шарқий Қуддуснинг мусулмонлар яшовчи мавзеларидан Исроил байроғини кўтариб ўтмоқчи. Фаластинликлар бу юришни “фитна қўзиш” деб баҳолади. Фаластинликларнинг икки йирик ташкилоти-ФАТХ ва ҲАМАС бунга жавобан Ғазода ва Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилда “ғазаб куни” ўтказишга чақирди.

ҲАМАС лидерлари агар юриш амалга оширилса “хавфли оқибатлар бўлиши”дан огоҳлантирди. ҲАМАС ва ФАТХ фаластинликларни миллатчилар юришига тўсқинлик қилиш учун Ғазо орқали маҳаллий вақт билан соат 18да (Тошкент вақти билан соат 19да)Шарқий Қуддусга юриш қилишга чақирди.

Исроилнинг 13 июнда ҳокимиятга келган Нафтали Беннет раҳбарлигидаги янги ҳукумати яҳудий миллатчилар юришини ўтказишга 14 июнь куни рухсат берди.

Байден Украинанинг НАТОга қўшилиш шартларини эълон қилди

Президент Жо Байден Брюсселдаги матбуот анжуманида.

Президент Жо Байден 14 июнь куни Брюсселда НАТО саммити якунланганидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Россия агрессияси ортидан Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш эҳтимоли ҳақида гапирди. Байденга кўра, НАТОга аъзо бўлиш учун Украина қатор шартларни бажариши лозим.

“Шартлардан бири Украинада коррупцияга барҳам беришдир. Бундан ташқари Украинани аъзоликка қабул қилиш НАТОга айни пайтда аъзо бўлиб турган давлатлар позициясига ҳам боғлиқ. Мен НАТОга аъзо давлатларни бунга кўндириш лозимлигини биламан, бироқ бу осон иш эмас”,-деди Байден.

НАТО саммити якунлари юзасидан эълон қилинган баёнотда Украина ва Грузия келажакда “НАТОга аъзо бўлиши” айтилган. Бироқ бу иш фақат “эришилган ютуқларга” боғлиқ бўлади.

НАТО баёнотида “Россиянинг агрессив ҳаракатлари хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид” экани ҳам қайд этилган.

Новосибирскдаги АЁҚШда содир бўлган портлашда 35 киши жабрланди

Новосибирскдаги АЁҚШда содир бўлган ёнғиндан лавҳа, 2021 йил 14 июни

Новосибирскдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида 14 июнь куни содир бўлган кучли портлаш ва унинг ортидан юзага келган ёнғин туфайли 35 нафар киши жабрланди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги шаҳардаги тезкор хизматлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

“Интерфакс” агентлиги хабарига кўра эса, ёқилғи қуйиш чоғида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани учун ичида газ тўлдирилган бир неча резервуар портлаб кетган. Аланга 1200 квадрат метр майдонга ёйилган. Ёнғин натижасида АЁҚШда турган бир неча автомобиль ва битта юк машинаси ёниб кетган.

Оқшомга яқин тиббиёт ходимлари жабрланганлардан тўққиз нафарининг аҳволи оғирлиги, яна 12 кишининг аҳволи ўрталигини билдирганлар. Улардан кўпчилиги турли даражада куйган.

Тергов қўмитаси хавфсизлик талабларга жавоб бермаган хизмат кўрсатиш бўйича жиноят иши қўзғатган.

Қирғизистонда қурғоқчилик туфайли фермерлар ҳосилдан ажралиш хавфи остида қолди

Чуй вилоятидаги далалардан бири

Қирғизистонда сув тақчиллиги туфайли қишлоқ хўжалиги соҳасида вазият оғирлашган. Хусусан, Чуй вилояти фермерлари ҳосил бутунлай нобуд бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Уларга кўра, масъул давлат идоралари муаммони ҳал қилиш учун зарур чораларни кўрмаяпти. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳалокат ёқасида қолган экин майдонлари акс этган видеороликларни ёйинлашмоқда.

“Фрунзе совхозига сувни буткул тўсиб қўйишди. Қаерга қанча сув кетаётганига оид рақамлардан хабарим йўқ, аммо далаларда аҳвол чатоқ. Агар яқин орада биринчи сувни бермасак, маккажўхоридан айриламиз”, дея ҳикоя қилинади роликлардан бирида.

14 июнь куни Чуй вилоятидаги бир неча қишлоқ фермерлари сув муаммосини ҳал қилиш талаби билан ҳукумат биноси олдида митинг қилишган. Улар сув адолатсиз тақсимланаётганидан ва маҳаллий амалдорларнинг лоқайдлигидан шикоят қилганлар.

Ўша куниёқ бош вазир Улуғбек Марипов Чуй вилоятига борган. Унга кўра, экинларни суғориш билан боғлиқ вазият мураккаб бўлиб, бу масала ечимини имкон қадар тезроқ топиш керак.

“Фермерлар сув етишмаётганини айтиб, бонг уришмоқда. Уларни жуда яши тушунаман. Сув бўлмаса, ҳосил ҳам бўлмайди. Бунга йўл қўймаслигимиз лозим. Муаммо Чуй дарёси ирмоқларида сув камайишидан келиб чиқди. Натижада Катта Чуй канали орқали ғарбий йўналишда сув оқими озайди. Шунга қарамай, деҳқонларни яхши ҳосил кўтариш учун етарли даражада сув билан таъминлашимиз шарт. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласидир”, деган У. Марипов.

Сув билан боғлиқ вазият оғирлашгани муносабати билан Қишлоқ, сув хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Сув захиралари давлат агентлиги директори Алмаз Сокеевга “ҳайфсан” берилган.

Жо Байден Путинни “муносиб рақиб” деб атади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден Брюсселда НАТО саммити якунланганидан сўнг журналистлар билан учрашувида Россия президенти Владимир Путин билан бўлажак учрашувига доир саволларга ҳам жавоб берди.

Байден икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳамкорлик олиб бориш мумкин бўлган соҳалар қолаётганини такрорлаган. У расмий Москва халқаро ахлоқ меъёрларига амал қилиб, умум қабул қилинган демократик қадриятларни ҳурмат қилиши лозимлигини уқтирган. Россиянинг бўйин товлаши АҚШ бундай муносабатга нима билан жавоб қайтаришини ўйлаб топишини англатган бўлур эди.

Алексей Навальнийнинг ўлими қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Байден: “Навальнийнинг ўлими Россия инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмаслигининг яна бир белгиси бўлур эди. Ва бу Россиянинг бутун дунё билан ва мен билан алоқаларига зарар беради”, деб жавоб берган.

Путинни “муносиб рақиб” деб атар экан, Байден дунё Россия етакчисидан ўзини бошқача тутишни кутаётганини ва бундан унинг ўзи ҳам манфаатдорлигини идрок этади, дея умид билдирган.

Жо Байден АҚШнинг бошқа мамлакатлар билан фаол ҳамкорликка “қайтган”ини яна бир карра таъкидлаган. Россия ва Хитой эса, унга кўра, трансатлантика бирдамлигига қаршилик қилишга уринмоқда.

Байден иттифоқчиларнинг НАТОга асос солиниши ҳақидаги шартноманинг иттифоқчилардан бирига ҳужум қилиш — барчага ҳужум қилишни англатиши тўғрисидаги 5-моддаси қоидаларига содиқлигини тасдиқлаган.

Саммит доирасида Байден Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиб, музокаралар “натижа беради”, дея ишонч билдирган. Туркия Россиядан С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини харид қилиши муносабати билан сўнгги ойларда Анқара билан Вашингтон ўртасида жиддий келишмовчилик вужудга келган эди.

Ғарб мамлакатларида Путинга нисбатан ишонч даражаси пастлигича қолмоқда

Россия президенти Владимир Путин

Ривожланган мамлакатларнинг аксариятида ўтган йил билан солиштирганда халқаро майдондаги лидер ўлароқ Россия президенти Владимир Путинга нисбатан ишонч даражаси пасайган.

АҚШнинг Pew Research социологик фирмаси мутахассислари томонидан сўралган 17 та мамлакат аҳолисининг ўртача 22 фоизигина Путинни халқаро алоқалар соҳасида тўғри қарорлар қабул қиляпти, деб ҳисоблайди.

Россия президентига нисбатан ишонч даражаси, сўров натижаларига кўра, Швецияда энг паст даражада. Бу мамлакатда сўралганларнинг 14 фоизигина Путинга ишонишини билдирган. АҚШда эса респондентларнинг 16 фоизи Россия президентига лидер ўлароқ ишонишини айтган. Путинга ишонч даражаси Греция ва Сингапурда юқори бўлиб, бу мамлакатларда Россия президентини сўралганларнинг 55 фоизи қўллайди.

Pew Research эскпертлари қайдича, 17 мамлакатда сўралганлар орасида ёшлар Путинга катта авлодга нисбатан кўпроқ ишонади. Бошқа сўровларда ҳам ғарблик ёшларнинг 30 ёшдан ошганларга қараганда Россияга ижобий муносабатда экани кўрилган.

Айни пайтда Ғарбнинг етакчи лидерларига нисбатан ривожланган мамлакатларда ишонч даражаси юқорилигича қолмоқда. Дейлик, Германия канцлери Ангела Меркелга сўралганларнинг ўртача 76 фоизи, АҚШ президенти Жо Байденга сўралганларнинг 74 фоизи, Франция президенти Эммануэль Макронга эса сўралганларнинг 61 фоизи ишонч билдирган. Хитой раҳбари Си Цзинпинга нисбатан халқаро лидер ўлароқ ишонч даражаси эса Путинникидан ҳам паст бўлиб, бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил қилади.

Собиқ жаҳон чемпиони Александр Поветкин боксни тарк этди

Спортчи профессионал боксда 36 марта ғалаба қозонди, уч марта енгилди ва бир жангни дуранг натижа билан якунлади.

Ўта оғир вазнда бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Александр Поветкин 14 июнь куни боксни тарк этгани тўғрисида баёнот берди. 41 ёшли боксчи сўнгги жангини март ойида ўтказган ва британиялик Диллиау Уайтга техник нокаут билан мағлуб бўлган эди. Ўшанда Поветкин WBC версияси бўйича чемпионлик камарини Уайтга топширган.

“Мен аллақачон 20 ёшда эмасман. Бундай қарорга келиш осон эмас”,-деди Поветкин.

Спортчи профессионал боксда 36 марта ғалаба қозонди, уч марта енгилди ва бир жангни дуранг натижа билан якунлади.

Поветкин икки маротаба Европа чемпиони, жаҳон чемпиони, Афинада 2004 йилда ўтган Олимпиада чемпиони бўлган. У 2011 йилда у WBA версияси бўйича оғир вазнда жаҳоннинг мутлақ чемпиони бўлган. 2013 йилда у бокснинг беш версияси бўйича чемпионлик мақомини Владимир Кличкога ютқизган.

Поветкин 2016 йилда икки марта допинг-тестларидан ўта олмаган ва вақтинча профессионал боксчилар рейтингидан чиқарилган. Кейинроқ у яна боксга қайтган ва бир нечта ғалабага эришган.

АҚШда ишлаб чиқарилаётган Novavax вакцинаси деярли 90,5 фоиз самара бергани айтилди

Novavax ўз вакцинасини рўйхатга олиш учун кейинги чоракда АҚШ ҳукуматига ариза киритмоқчи.

АҚШнинг Novavax ширкати 14 июнь куни COVID-19га қарши ўзи ишлаб чиқараётган вакцина клиник синовларнинг учинчи босқичида 90,4 фоиз самара берганини маълум қилди. Ширкатнинг билдиришича, клиник синовларда АҚШ ва Мексикада 30 мингга яқин кўнгилли иштирок этган.

Билдирилишича, вакцина коронавируснинг оғир кечишининг юз фоиз олдини олади, яъни синовда иштирок этганларнинг бирортаси коронавируснинг оғир формасига чалинмаган. Вакцина, шунингдек, COVID-19нинг янги штаммлари, жумладан, британча ёки “альфа” штаммига қарши ҳам самара берган.

Novavax ўз вакцинасини рўйхатга олиш учун кейинчи чоракда АҚШ ҳукуматига ариза киритмоқчи. Айни пайтда АҚШда Pfizer-BioNTech, Moderna ва Johnson & Johnson вакциналарига рухсат берилган.

Шу кунгача АҚШда 140 миллион киши, яъни аҳолининг 40 фоизи коронавирусга қарши эмланди. NBC телеканалининг билдиришича, айни пайтда вакцина дефицити кузатилмаётган АҚШ Novavax вакцинасини бошқа давлатларга беминнат ёрдам қатори жўнатиши мумкин.

БМТ: Қирғизистонликлар ойлик даромадининг 70 фоизини озиқ-овқатга сарфламоқда

Бирлашган миллатлар ташкилоти Жаҳон озиқ-овқат дастурининг ҳудудий директори Андреа Баньоли Қирғизистон аҳолиси ойлик даромадининг 70 фоизига озиқ-овқат сотиб олишга мажбур бўлмоқда, деб билдирди.

Унга кўра, аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган Қирғизистонда 2 миллион киши қашшоқликда яшайди.

14 июнда БМТнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси расмийлари Бишкекда матбуот анжумани ўтказиб, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига тўхталишди.

“Икки йилдан бери давом этаётган пандемия шароитида бу вазият янада мураккаблашди. Жаҳонда озиқ-овқат ишлаб чиқариш ривожланганига қарамай, ўта қашшоқ яшаётганлар учун наф бўлмаяпти. Шунинг учун қашшоқларга барчамиз ҳамкорликда кўмак кўрсатишимиз лозим. БМТ Озиқ-овқат дастури бу масалала давлат органлари, жисмоний шахслар ва фуқаролик жамияти билан тиғиз ҳамкорлик қилишга тайёр”,-деди Баньоли.

БМТнинг Бош штаб-квартираси тавсияси билан 2021 йил сентябрда Нью-Йоркда ўтадиган озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган саммит арафасида Қирғизистонда миллий диалог форматида қатор тадбирлар уюштирилади. Мазкур тадбирлардан биринчиси 15 июнда Ўш шаҳрида бўлиб ўтади.

Хитой G7нинг Шинжондаги мусулмонлар ҳуқуқига оид қарорини танқид қилди

Уйғур аёллари Шинжоннинг Хўтан шаҳридаги бозорга кириш учун текширувдан ўтмоқда. 2019 йил 31 май.

Хитойнинг Лондондаги элчихонаси Британия пойтахти Лондонда ўтган Катта еттилик - G7 саммитида Шинжондаги мусулмонлар ва Ҳонконг аҳолиси ҳуқуқларига оид резолюция қабул қилинганини танқид қилди. Хитой элчихонаси баёнотида G7 “сиёсий манипуляция”да айбланади.

Хитой Шинжондаги уйғурлар ва мусулмонларга нисбатан сиёсати туфайли халқаро ҳамжамиятнинг кучли босимига учрамоқда. Айниқса Қўшма Штатлар Хитойни Шинжонда уйғурларни геноцид қилаётганликда айбламоқда.

“Биз ўз қадриятларимизни олға суришда давом этамиз, жумладан, Хитойни Шинжонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишга, Хитой-Британия қўшма декларациясида қайд этилган Ҳонконг мухториятининг эркинлигини сақлашга чақирамиз”,-дейилади G7 баёнотида.

Хитой томони эса мазкур баёнотга муносабатида: “Катта еттилик сунъий равишда қарама-қаршилик ва баҳс-мунозара келтириб чиқариш ўрнига халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масаласига эътибор қаратмоғи лозим”,-деб билдирди.

Байден НАТО саммитида иштирок этмоқда

Байден Британияда ўтган G7 саммитидан НАТО саммитига келди.

АҚШ президенти Жо Байден 14 июнь куни Брюсселга НАТО саммитида иштирок этиш учун келди. Байден аввалги президент Дональд Трамп даврида дарз кетган муносабатларни қайта тиклаш мақсадида Европа бўйлаб сафар қилмоқда.

Байден НАТО саммитида иштирок этиш билан бир қаторда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ҳам юзма-юз учрашди.

Пандемия туфайли бир неча йилдан бери юзма-юз учрашмаган НАТО раҳбарлари жорий саммитда Афғонистондан ҳарбийларининг олиб чиқилиши, Россия ва Хитойга бўлган муносабат ва мудофаа бюджетини муҳокама қилади.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 14 июнда журналистлар олдида қилган чиқишида Хитой билан “совуқ уруш” йўқлигини, Хитой НАТОнинг рақиби ҳам, душмани ҳам эмаслигини таъкидлади.

“Аммо альянс Хитойнинг ривожланиши ортидан хавфсизлигимизга туғилаётган таҳдидларни келишган ҳолда ҳал этиши лозим”,-деди Столтенберг.

АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп НАТОдаги ҳамкорларини мунтазам танқид қилиб келган ва альянсдан чиқишини билдирган эди.

Байден G7 “Қўшма Штатлар иттифоқчилари қаторига қайтганини ва муносабатларни қайта тиклашга ҳаракат қилишини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG