Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2021, Тошкент вақти: 10:31

Рус хакерлари АҚШ ҳукуматининг компьютер тизимини бузиб киргани гумон қилинмоқда


АҚШ Давлат Ғазначилик департаменти - 27 март, 2020

Россиялик хакерлар АҚШ давлат идоралари, шу жумладан, Ғазначилик ва Савдо департаментлари компьютер тармоқларига ҳужум қилгани тахмин қилинмоқда. Хакерлар бир неча ой давом этган глобал кибержосуслик кампанияси доирасида бошқа давлат идоралари ҳамда йирик ширкатларни ҳам нишонга олган.

13 декабрь куни Миллий Хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Уллиот ҳукумат «ушбу вазият билан боғлиқ барча муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш учун чора кўраётганини» айтди.


Ушбу ҳужумлар ҳақида биринчи бўлиб Reuters агентлиги хабар берди.

Бу ҳолат билан яқиндан таниш расмийларнинг айтишича, хакерлар Ғазначилик департаменти ва Савдо департаментининг интернет ва телекоммуникация сиёсати учун масъул агентлигини нишонга олишган. Бошқа давлат идоралари тармоқлари ҳам ҳужумга учраган бўлиши мумкин.

Reuters агентлигининг хабар беришича, вазият шу қадар жиддийки, 12 декабрь куни Оқ уйда Миллий хавфсизлик кенгаши йиғин ўтказган.

Масала билан яқиндан таниш расмийлардан бири Reuters агентлигига берган интервьюсида «Бу битта агентлик билан чекланмаган катта воқеа. АҚШ ҳукумати ва унинг манфаатларига қаратилган улкан кибержосуслик кампанияси», - деб айтган.

Reuters агентлиги ва The Washington Post газетасининг АҚШ расмийларига таянган ҳолда хабар беришича, айни дамда ҳужумлар ортида Россия ҳукумати хакерлари тургани тахмин қилинмоқда.

Ушбу ҳолат бўйича Федерал тергов бюроси, Миллий хавфсизлик департаментининг киберхавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар тергов олиб бормоқда.

Ҳужумлар бир неча ой давом этиб келгани айтилмоқда. Бу давр мобайнида хакерлар нишонга олинган агентликлар ходимларининг электрон почталарини кузатишга муваффақ бўлишган.

8 декабрь куни АҚШнинг FireEye киберхавфсизлик ширкати «юқори даражадаги ҳужум уюштириш салоҳиятига эга давлат» ўз тармоғини нишонга олганини маълум қилган эди.

Хакерлар FireEye ширкати ўз мижозлари, шу жумладан, федерал, штат ва маҳаллий ҳукумат ва йирик корпорациялар компьютер тармоқларидаги заифликларини аниқлаш учун ишлатадиган воситаларни ўғирлашга муваффақ бўлишган.

Киберхавфсизлик ҳамжамиятининг аксар аъзоси FireEye ҳужуми ортида APT29 ёки Cozy Bear номи билан танилган ва Россия разведкасига алоқадор экани айтиладиган хакерлар гуруҳи турганини тахмин қилмоқда.

Айни гуруҳ Президент Барак Обама даврида Давлат департаменти ва Оқ уй, шунингдек, 2016 йилги президентлик кампанияси давомида Миллий Демократик қўмита серверларига ҳужумларни амалга оширган эди.

Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси киберҳужумларга алоқадорлигини рад этиб, бу айбловларни «асоссиз» деб атади.

«Россия кибердоменда тажовузкор операцияларни амалга оширмайди», дейилади Россия элчихонаси ўз сайтида эълон қилган баёнотда.

13 декабрь куни FireEye SolarWinds ширкати ишлаб чиққан сервер дастурий таъминотини янгилаганидан кейин, «глобал тажовузкорлик кампанияси» содир этилгани аниқланганини билдирди.

Ушбу дастурий таъминотдан жаҳон бўйлаб юз минглаб ташкилотлар, шу жумладан, йирик корпорациялар ва ҳукуматлар фойдаланади. SolarWinds сайтида ёзилишича, ширкат мижозлари орасида АҚШ армиясининг беш қўмондонлиги, Пентагон, Давлат департаменти, NASA, Миллий хавфсизлик агентлиги, Адлия департаменти ва Оқ уй бор.

FireEye ҳужум ортида ким турганини очиқламади, аммо уни уюштирганлар «дунёдаги кўплаб давлат ва хусусий ташкилотлар тармоқларини бузиб киришга муваффақ бўлишган», деди.

АҚШ Миллий хавфсизлик департаментининг киберхавфсизлик хизмати федерал агентликларни зудлик билан ўз тармоқларини текшириш ҳамда SolarWinds дастурий таъминотини ишлатадиган барча компьютерларни ўчириш ҳақида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG