Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 11:32

Самарқандда тармоқ фаоли репост қилгани учун ҳибсга олинди. У туҳматда айбланмоқда


Эколог Руслан Хаирнуров
Эколог Руслан Хаирнуров

Самарқандда жамоатчилик ва ижтимоий тармоқлар фаоли Руслан Хаирнуров шаҳар ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинди. “Самарқандни асраймиз” ташаббус гуруҳи аъзоси Хаирнуров ижтимоий тармоқларда бошқа одамга тегишли изоҳни қайта чоп этгани учун “ёлғон хабар тарқатганликда” айбланмоқда.

Самарқанд Ички ишлар бошқармаси вакили Озодликка Руслан Хаирнуровнинг ҳибсга олингани ва унга нисбатан айблов эълон қилинганини тасдиқлади.

Хаирнуровнинг яқинлари ва ҳимоячилари у маҳаллий қонунбузарликларга қарши охирги ойларда олиб борган жамоатчилик фаолияти учун “жазоланаётгани”ни иддао қилмоқда.

"139-модда билан қамашга ҳаққи йўқ"

Озодликка маълум бўлишича, 54 яшар Руслан Хаирнуров шу йилнинг 27 декабрь куни Самарқанд шаҳар “Мададкор” маҳалласи профилактика инспектори Темур Каримов кабинетига чақиртирилиб, ҳисбга олинган.

Хаирнуровнинг жамоат ҳимоячиси, “Эзгулик” Инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Мирзо Субҳоновнинг сўзларига кўра, ҳибсга олиш жараёнида қатор қонунбузарликларга йўл қўйилган.

- Эрталаб 10:30ларда маҳалла нозири чақиртириб, Руслан Хаирнуровга “Сизни устингиздан шикоят келган”, деб жиноят қидирув бўлими ходимларини чақиртириб, олиб кетяпти. Биз ҳамма жойга телефон қилдик – ички ишлар бизда журналда йўқ, деяпти. Охири қидирувга берамиз деб турсак, улар шаҳар ички ишларда эканини айтди. Унга ЖК 139–моддаси 3–банди, яъни бир гуруҳ шахслар билан бирга “туҳмат” қилганлик айби қўйилмоқда. Аммо улар гапираётган матн 10тача одам томонидан тармоқларда тарқатилган, ҳибсга фақат Руслан олинган, - дейди жамоат ҳимоячиси.

Р.Хаирнуров репост қилган хабар
Р.Хаирнуров репост қилган хабар

Суҳбатдошнинг фикрича, бу модда учун ҳибсга олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши қонунга зид. У Руслан Хаирнуров ўзининг жамоатчилик фаолияти учун ушлаб турилганини тахмин қилди:

-Қизиғи, тармоқдаги ўша пост муаллифи ҳам ҳибсга олинмаган! Хаирнуров Зарафшон миллий боғи ҳимоясида иштирок этиб келади. Келаётган йилнинг январидан Ўзбекистон Самарқандда қурилмаган чиқиндини қайта ишлаш заводи бўйича кредит тўлашни бошлаяпти. Бу Франция Тараққиёт агентлиги томонидан берилган маблағга қурилиши керак эди. Завод йўқ, ўрнига фақат чиқинди ташувчи машиналар сотиб олинган. Ўзимизда Самарқандда бунақа машиналар Isuzu заводида чиқарилади, булар эса юк машиналарини Хитойдан сотиб оляпти! Руслан Хаирнуров охирги икки ҳафта давомида шу иш юзасидан суриштирув олиб борган экан. Шунинг учун биз унинг қамалишини жамоатчилик фаолияти билан боғлаяпмиз, дея хулоса қилди ҳуқуқ фаоли Мирзо Субҳонов.

Озодлик эколог Руслан Хаирнуровнинг тергов ишини олиб бораётган Самарқанд Ички ишлар бошқармаси терговчиси Элёр Ғозиев билан боғланди.

- Руслан Хаирнуров ҳисбга олинган, у ҳисбхонада. Унинг устидан жиноят иши очилган. Бошқа маълумот фақат яқин қариндошларига берилади, дея изоҳ берди терговчи.

Хаирнуровнинг яқинларига кўра, ҳозирда у Самарқанд шаҳар вақтинчалик сақлаш ҳисбхонасидан Каттақўрғондаги 7-сонли тергов ҳибсхонасига юборилган. Жиноят иши янги йилдан кейин кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Руслан Хаирнуров бундан аввал ҳам экология ва жамоатчилик фаолияти учун босимларга учраган.

У аввалроқ Самарқанд яқинидаги Зарафшон миллий боғининг йўқолиб бораётгани борасида Озодлик саволларига жавоб берганди.

Руслан Хаирнуровнинг ҳисбга олинишини унинг ҳамкасблари куч ишлатар тизимларнинг “фуқаролик жамиятга қарши” қаратилган ҳаракати ўлароқ баҳоламоқда.

- “Самарқандни асранг” гуруҳининг фаол аъзоларидан бири Руслан Хаирнуров билан бир қатор ўта муҳим мавзулар – шаҳарсозлик, экология, коммунал хўжалик, давлат дастурлари, Президент ва ҳукумат қарорлари ижроси, жумладан, маиший чиқиндиларни утилизация қилиш масалалари бўйича давлат идораларига кўплаб мурожаатлар билан чиққанмиз. Лекин, қарангки, Самарқандда бундай фаол фуқаролик позицияси керак эмас, шунинг учун, ҳуқуқ-тартибот идоралари у ёқда турсин, прокурорлар ҳам , судялар ҳам қонунни қўпол равишда бузишга уринишмоқда", деб ёзди “Самарқандни асранг” гуруҳи аъзоси Анастасия Павленко ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Руслан Хаирнуров Ўзбекистонда чоп этилган материалларни репост қилгани учун жавобгарликка тортилаётган биринчи фаол эмас.

Аввалроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат бош вазирининг ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг даъво аризасига биноан, фуқаро З.В.га (ҳужжатда тўлиқ исми ва Facebook профили келтирилган) нисбатан Жиноят Кодексининг 139 - “Туҳмат” банди билан жиноят иши очган.

Шу йил 11 августида Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Бўстонлиқ туман кенгашининг собиқ депутати Қобул Дўсов устидан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритганди.

2020 йил бошида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг собиқ бош директори, ҳозирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Жиноят Кодексидан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш жазосини чиқариб ташлаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилган эди.

Ўша йилнинг январь ойида ушбу қонун лойиҳаси муҳокама учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига ҳам жойланган.

Лойиҳада Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб; оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда; хавфли рецидивист томонидан; ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса) санкциясидан 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо билан боғлиқ меъёрни чиқариб ташлаш кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG