Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 19:29

"Президентингга мендан салом айт!" Сурхондарёлик блогер ИИБ босимидан шикоят қилмоқда


Олтинсойлик  Наргиза Абдиева аҳоли муаммолари акс этган видеоларни YouTube тармоғига жойлаб келади.
Олтинсойлик  Наргиза Абдиева аҳоли муаммолари акс этган видеоларни YouTube тармоғига жойлаб келади.

Сурхондарёда маҳаллий ҳокимият идораларини танқид қилиб келган блогер куч ишлатар тизимларнинг ўзи ва яқинларига босимларидан шикоят қилмоқда.

Олтинсойлик Наргиза Абдиеванинг сўзларига кўра, босим ўтказаётганлар ундан YouTube тармоғидаги чиқишларини тўхтатиш ва каналини ҳам ўчириб ташлашни талаб қилмоқда.

33 яшар блогер туман аҳолисини қийнаган ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, йўл, мактаб, боғчадаги муаммолар тилга олинган видеоларни YouTube тармоғига жойлаб келади.


Ҳуқуқшунослик бўйича ўрта махсус маълумотга эга Наргиза Абдиева Олтинсой йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида котиба бўлиб ишлашини айтади.

Абдиеванинг иддао қилишича, ушбу ташкилотдан ноҳақ ишдан бўшатилиши блогерлик фаолиятини бошлашига туртки бўлган.

- Янги келган бошлиғимиз ташкилотга ҳамма қариндошларини жойлаштирди, навбат менга келди. Шилқимлик қилди ва қўпол рад жавобини олганидан кейин ишдан олиб ташлади. Лекин ишим 2 та судда кўрилди ва иккаласида ҳам оқланиб, ишга қайтиб келдим. Кейин ишхонада бўлган ноқонунийликларни каналимда ёритиб бордим. Ҳозир расман ишга тикландим, лекин менинг буйруғим бору, иш беришмайди. Ҳамма ташкилотларга, президент порталигача шикоят қилдим, шикоятларим биз устидан арз қилган Олтинсой тумани раҳбарлари қўлига қайтиб келяпти. Қарасам, мени ҳеч ким эшитмаяпти. Охири, 2020 йилдан муаммоларимни ижтимоий тармоқларга қўядиган бўлдим ва шу билан ўзим билмасдан блогерлигим бошланиб кетди, дея даъво қилади Н. Абдиева.

Қуйида блогер билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Блогер Н. Абдиева: Мен ва оиламга босим бўлмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:45 0:00
Бевосита линк

Озодлик Олтинсой йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбариятидан Абдиеванинг ишдан бўшатилиши ва унга нисбатан раҳбар шахс томонидан шилқимлик қилинганига доир даъволарга бирор расмий жавоб ололмади.

Абдиеванинг айтишича, унинг бу даъволарига Олтинсой тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда прокуратура органларидан ҳам бирор аниқ жавоб берилмаган, қонуний чора кўрилмаган. Аксига, унинг ўзига нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

- Ишга қайтиб келганимда кейин ҳар-хил аёллар ташкилотга кела бошлади... Бу аёллардан бирига шикаст етказдинг, деб менга жиноят иши қўзғатишди. 4 ойдан буён устимдан тергов кетяпти. Мен буларнинг ҳаммасини ўз каналимда айтганман, дейди Наргиза Абдиева.

У шикоятлари жавобсиз қолавергач, YouTube ижтимоий тармоғида чиқишлар қила бошлаганини айтади.

Аввалига ўзининг ишдан бўшатилиши билан боғлиқ муаммони жамоатчиликка ошкор қилган Абдиева, кейинчалик ўзи яшаб турган қишлоқ ҳамда туман муаммоларини ҳам кўтара бошлаган.

Аста-секин обуначилари орта боради ва унинг саҳифасида муаммолари ҳақида видео жойлашни истовчи ҳамюртларидан ҳам мурожаатлар кўпаяди.


Бунинг ортидан, Абдиеванинг иддаосича, унга нисбатан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг босими кучайган. Блогер ўзини ИИБга чақирган ходимлар YouTube тармоғидаги канални ёпишни талаб қилаётганини айтади.

- Менга нисбатан бу терговларга тугамай, укамни Музработ туманида бир йил олдин бўлган босқинчиликда гумон қилиб, уйимизга тинтувга келишган. Президент порталига, булар блогерлигим учун босим қилишяпти, деб мурожат қилаверганимга, менга жиноят иши қўзғатишди ва уйимга тинтувга келишди. Ҳеч нарса топилмади. Ўша каналимдаги видеони кўрсангиз, улар мен ва вояга етмаган укамнинг телефонини тортиб олиш учун куч ишлатишди, деб арз қилади Абдиева.


16 декабрь куни YouTube тармоғига жойланган видеода ИИВ ходимлари ҳамда Абдиева оиласи орасидаги тортишув ва бақир-чақирга айланиб кетган воқеа акс этган.

Камера ўнгида бот-бот пайдо бўлган ИИВ ходимлари Наргизага “ўзингиздан қаҳрамон ясаяпсиз” дегани эшитилади. Шундан сўнг ходимлар блогернинг қўлидан телефонини олиб қўйишга уринади.

Тинтув видеоси тармоқда эълон қилинганидан икки кун ўтиб, Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати тинтув қонуний ўтказилганини айтиб чиқди.

Тинтув тергов ҳаракати давомида ишга алоқадор ашёлар аниқланмаган ва олинмаган. Ходимлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлмаганлиги маълум бўлди”, дейилади баёнотда.

Аммо Абдиева ўзи ва оиласига нисбатан босимлар тўхтамаётгани, президентнинг блогерлар ҳақидаги сўзлари ҳам уни куч ишлатар тизимлардан ҳимоя қилолмаётганини айтади:

- “Президентинг у ёқда бошқача гапиради, бу ёқда бошқача гапиради”, деб президентни ёмон кўрсатишяпти. “Ким билан ўйнашаётганингни биласанми? Уни одами президент маъмуриятида ўтирибди, сени ўлдириб йўқ қилиб юборади, сенинг ўлигингни ҳам топиша олмайди”, деб қўрқитишди. Президентгача бораман, десам “мендан салом айтиб қўй президентингга!”, деб айтишди, дейди Абдиева.

Наргизанинг YouTube ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 100 дан ортиқ видео эълон қилинган.

Улардан бирида тумандаги Мўминқул қишлоғига борган блогер аҳолининг шикоятларини тинглайди. Ичимлик ва томорқа учун сув, асфальт йўл, электр токи ва табиий газ, мактаб ва боғча йўқлигидан арз қилган каттаю кичик, бирма-бир муаммоларни айтади.

Бу орада воқеа жойига етиб борган маҳаллий депутат, ундан кутилгани каби сайловчиларини тинглаш ёки қўллаш ўрнига, нега блогерни қишлоққа чақирдингиз, дея аҳоли вакилларига дағдаға қилади.

Депутатдан норози аёллар билан можаро чиқади. Блогер депутатга ҳам микрофон тутиб, унинг фикрини сўрайди, аммо депутат гапиришдан бош тортиб, блогерни қувиб солади.

Абдиеванинг айтишича, депутат билан можаро шикоятчиларнинг ИИВга чақирилиши ва жазоланиши билан тугаган.

Блогер Наргиза Абдиеванинг шикояти юзасидан Олтинсой тумани ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов Озодликнинг бу борадаги саволига жавобан "Наргиза Абдиева ўзига нисбатан босимлар бўйича қонуний тартибда ариза билан мурожаат қилиши кераклигини" айтди.

“Ҳозир бизнинг ходимларимиз блогерларга бунақа таҳдид қилиши мумкин эмас. Ҳозир очиқлик замонику! Блогерларнинг ўзлари ошириб юбораётган бўлиши мумкин, жамоатчилик эътиборини ўзига қаратиш учун. Лекин агар арзи бўлса, прокуратурага қонуний тартибда мурожаат қилса, биз албатта кўриб чиқамиз”, дея таъкилади ИИВ расмий вакили.

Аммо Наргиза Абдиева прокуратура органлари ва президент порталига қилган мурожаатларига қонуний жавоб ололмаётганини айтмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Сурхондарёда аҳоли муаммоларини кўтаргани учун маҳаллий ҳокимият органлари босими остида қолган блогер фақат у эмас.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 10 май куни Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят, Музработ туман суди қарори билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик) да айбдор деб топган.

Отабек Сатторий судда ўзига қўйилган айбларни рад этган.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Сатторийга чиқарилган ҳукмни қоралаган. Ўзбекистон ташкилотнинг бу йилги матбуот эркинлиги рейтингида бир поғона пастлаб, 180 давлат ичида 157-ўринни эгаллаган.

XS
SM
MD
LG