Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 16:38

Зарафшон табиат боғи фожиаси: Экологлар "қўриқхона" мақомини қайтаришга чақирмоқда


Зарафшон миллий табиат боғидаги қурилиш техникаси. Ноябрь, 2021

Дарахтларнинг оммавий кесилиши оқибатида Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги Зарафшон миллий табиат боғи бир неча йил ичида ям-яшил воҳадан деярли чўлга айланди. 2004 ва 2020 йиллардаги сунъий йўлдош тасвирларини солиштирганда тўқай ўсимликларининг кескин камайиб кетганини кўриш мумкин.

Зарафшон миллий парки йўқолиб бораётганининг қатор сабабларини аниқлаган олимлар ва экологлар ҳукуматдан миллий табиат боғига "қўриқхона" мақомини қайтаришни сўрамоқда. Вазият миллий боғни кесиб ўтувчи Зарафшон дарёси тубида қум ва шағалнинг ноқонуний қазиб олиниши туфайли янада оғирлашган.

"Қўриқхона аянчли аҳволда, унга ёрдам керак"

Ноёб ёввойи ҳайвонлар, қушлар ва ўсимликларга бой Зарафшон миллий табиат боғи сўнгги бир неча йил ичида деярли қуруқ чўлга айланди.

2004 ва 2020 йиллардаги Googleда олинган фотосуратларни солиштирган экологлар ноёб тўқай ўсимликлар икки ёки ундан кўпроқ марта қисқарганини айтишмоқда.

Қўриқхонадаги аянчли вазиятга биринчилар қаторида жамоатчилик эътиборини қаратган “Самаркандский вестник” газетаси журналисти Анастасия Павленко Озодлик билан суҳбатда бир гуруҳ эколог олимлар ва тадқиқотчилар давлат томонидан қўриқланаётган Зарафшон миллий табиат боғининг яримчўлга айланиб бораётганининг бир нечта сабабларини аниқлаганини айтади:

- Бу ерда муаммо биттамас, бу комплекс муаммо. Энг аввало, Зарафшон дарёсидаги қазиш ишлари, унда тўғонлар қуриш. Миллий парк ҳудудида қонунга хилоф равишда қум ва шағал қазиб олиш ишлари олиб борилмоқда, юк машиналари юрибди. Бу сув билан боғлиқ усиз ҳам оғир вазиятни ёмонлаштирмоқда. Тўқайзорларнинг камайиши эса ноёб маҳаллий ҳайвонларнинг яшаш ва озиқланиш ҳудудларининг қисқаришига олиб келмоқда. Иккинчидан, миллий боғнинг экологик зоналаштириш хусусиятларини инобатга олмасдан нотўғри бошқариш.

Қўриқхона ўта аянчли аҳволда, унга ёрдам керак. 2018 йил февралида Зарафшон қўриқхонаси “Миллий табиат боғи”га айлантирилди. Расмий сабаблари ҳанузгача номаълум. Ҳозиргача Миллий маълумотлар базасида қўриқхонани қайта ташкил этиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори киритилган эмас, деди журналист Анастасия Павленко.

Журналист экотуризм нималиги ва уни табиатга зарар етказмасдан қандай қилиб тўғри ташкил этиш ҳақида мутлақо маълумотга эга бўлмаган ҳолда, миллий боққа уюшмаган ташриф буюрувчиларнинг катта гуруҳлари қабул қилинаётгани, мактаб ўқувчилари, талабалар ва катталар, жумладан, буғуларнинг асосий яшаш жойи бўлган ҳудудда ҳеч қандай назоратсиз ҳаракатланаётганини танқид қилди.

"Миллий табиат боғига "қўриқхона" мақоми қайтарилсин!"

Суҳбатдош “Самарқандни асраб қоламиз” жамоатчилик гуруҳи аъзоларининг тадқиқотлари натижаларини ҳам мисол келтирди.

Гуруҳ аъзолари миллий боғ ҳудудида кесилган улкан дарахтлар тўнкалари, табиат қўриқхонаси ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилаётгани, ҳудуднинг айрим қисмлари тўсиқлар билан ўралгани, экинзорлар ва ҳайдалган ерлар мавжудлигини қайдга олган.

Тўқайзорлар ўрнида пайдо бўлган сунъий тўсиқлар
Тўқайзорлар ўрнида пайдо бўлган сунъий тўсиқлар

Ёввойи ҳайвонлар учун катта хавф туғдираётган яна бир омил – ён атрофдаги коттежлардан баралла янграётган мусиқа ва шовқин, карьерда ишлаётган техниканинг баланд овози, юк ташувчи катта машиналарнинг қўриқхона ҳудудида бемалол ҳаракатланиши экани аниқланди.

Қўриқхонадаги дарахтларнинг йўқолиб бораётганини мутахассислар антропоген вазиятга ҳам боғлашмоқда.

Зарафшон миллий табиат боғи 1975 йилда Самарқанд вилоятининг жануби-шарқида, Зарафшон дарёсининг ўнг қирғоғида ташкил этилган. 2000 гектардан ортиқ ерни эгаллаган боғ ҳудуди дарё бўйлаб 46 км чўзилган.

Тўқайзорларни ва унда яшаётган ҳайвонот оламини сақлаб қолиш учун тузилган Зарафшон қўриқхонаси Халқаро ёввойи табиатни мухофаза қилиш жамғармаси (WWF) нинг Global 200 рўйхатига киритилган.

Мутахассислар Самарқанд шаҳридан 8 км узоқликда Жомбой ва Булунғур туманлари ўртасида жойлашган қўриқхона маҳаллий аҳоли ҳужумига тез-тез учраб туришини айтиб келади. Жомбойликлар ва булунғурликлар дарахтларни кесиш, маскан ҳудудида мол боқиш, ноқонуний ов қилиш устида кўп маротаба ушлангани фактлари мавжуд.

А.Павленко ва Н.Мармазинская фотосуратлари
А.Павленко ва Н.Мармазинская фотосуратлари

“Самарқандни асраб қоламиз” жамоатчилик гуруҳи аъзоларидан бири, биология фанлари номзоди, эколог Наталья Мармазинская 10 йилча олдин бу қўриқхонада директор муовини лавозимида ишлаган.

2010 йилда у бошқариб келган Самарқанд вилоятидаги “Терра” экология маркази Глобал экология жамғармасидан қўриқхонани махсус тўсиқлар билан ўрашга грант олгани, бироқ Ўзбекистон Овчилик хўжалиги, қўриқхоналар ва миллий парклар бош бошқармаси қаршилигига учраб, лойиҳа амалга ошмасдан қолгани ва қўриқхонанинг бугунги аҳволга келишига яна бир сабаб эканини билдирди.

- Хуллас, Зарафшон дарёси ва Зарафшон миллий табиат боғини сақлаб қолиш зарур, чунки дарё ва тўқай ўрмонларининг экотизимлари ўзаро боғлиқ бўлиб, минтақанинг биологик хилма-хиллиги ва экологик барқарорлигини сақлашда улкан аҳамият касб этади, деди Наталья Мармазинская.

Озодлик суҳбатлашган атроф-муҳит ҳимоячиларининг айтишича, қўриқхона мақоми “миллий боғ”га айлантирилгач, юқори идоралар унга ўрмон хўжалигига қарагандек муносабатда бўла бошлаган: “санитар тозалаш” баҳонасида собиқ қўриқхонада дарахт кесиш бошланган.

Шу сабабли мутахассис-олимлар Зарафшон миллий табиат боғига “қўриқхона” мақомини қайтариш учун Ўзбекистон давлат раҳбариятига мурожаат қилаётганини гапириб келмоқда.

“Самарқандни асраб қоламиз” ташкилоти 2019−2021 йиллар давомида 430 дона оқ терак ва оқ тол дарахтларини “санитария ҳолатида кесиш” баҳонасида йўқ қилганини аниқлаган.

Гуруҳ ходимлари келтираётган вазиятни ўрганиш мақсадида Озодлик Зарафшон миллий табиат боғидаги вазиятни ўрганди ва кесилган дарахтлар, қуриб бораётган дарахтларга гувоҳ бўлди. Шунингдек, қўриқланаётган ҳудудда ҳозирда ҳам ишлаётган қурилиш техникаси ва юк машиналари юрганини кўриш мумкин.

А.Павленко ва Н.Мармазинская фотосуратлари
А.Павленко ва Н.Мармазинская фотосуратлари

Озодликка маълум бўлишича, Зарафшон миллий табиат боғи рўпарасида Самарқанд вилоят ҳокимияти буйруғи билан Самарқанд сайёҳлик маркази қурилаётгани экологлар хавотирларини оширган.

Экология қўмитаси айрим ҳолатларни тасдиқламоқда

26 ноябр куни Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Зарафшон дарёсидаги карьерларда рейд ўтказилгани, Зарафшон дарёси билан боғлиқ тадбиркорлик фаолияти бўйича 7та ҳолатда рухсатнома беришга рад этилганини маълум қилди.

- Шу текширувда биргина ҳолатнинг ўзида тадбиркор белгиланган майдондан энига 56 ва узунасига 154 метрга чиқиб кетгани аниқланди. Бунда дарё бўйидаги Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудига ҳам ўтиб кетилган, дея Экология қўмитаси раиси ўринбосаридан сўзларидан иқтибос келтирди Kun.uz нашри

Давлат Экология қўмитаси жамоатчилик босими остида Зарафшон миллий паркида олиб борган махсус текширув натижасида дарахтлар кесилгани ҳолатлари кузатилгани, “айбдорлар топилиб, жаримага тортилгани”ни тасдиқлади.

Озодликка келиб тушган Давлат экология экспертизаси хулосасига кўра, Тойлоқ туманига қарашли Зарафшон дарёси бўйлаб олиб борилаётган “дарёни тозалаш ишлари” давомида “миллий табиат боғининг буфер зонасини” ҳисобга олиш зарурати белгилаб қўйилганига қарамасдан қум ва шағал қазиб олиш давом этаётгани айтилган.

Шу йилнинг 3 июлида қўриқхонада улкан ёнғин чиққани ва 1,5 гектар тўқайзор ёниб кетгани тўғрисида хабар қилинган эди.

Ўзбекистоннинг энг муҳим орнитологик ҳудуди

Биолог Наталья Мармазинская маҳаллий нашрларда келтираётган маълумотларга кўра, Зарафшон миллий боғида 300 дан ортиқ ўсимлик турлари ўсади, балиқларнинг 18 тури, амфибия ва судралиб юрувчиларнинг 12 тури, қушларнинг 218 тури, сут эмизувчиларнинг 26 тури яшайди, шундан 2 турдаги ўсимлик, 2 турдаги балиқ, 29 турдаги қушлар ва 2 турдаги сут эмизувчилар Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.

Мутахассис катта дарахтларнинг кесилиши ва тўқайзорлар майдонининг қисқариши кўплаб ҳайвонлар сонининг камайиб бораётганига олиб келаётганидан хавотир билдирди.

Зарафшон миллий табиат боғи Ўзбекистоннинг энг муҳим орнитологик ҳудудлари рўйхатига киритилган.

Миллий боғ ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Зарафшон қирғовулининг Ўзбекистондаги ягона энг кўп популяцияси яшайди, Зарафшон ва Ўнг қирғоқ канали соҳилида Ўрта Осиё қундузининг бир қанча турлари яшайди. Шунингдек, қўриқхонада Бухоро буғуларини қайта тиклаш бўйича кўп йиллик ишлар олиб борилиб, унга табиатни муҳофаза қилиш бўйича қатор халқаро ташкилотлар жалб қилинган.

XS
SM
MD
LG