Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

“Болаларимиз кўчада қоляпти”. Президент мактаблари мавжуд мактабларни тугатиш ҳисобидан очилмоқда


 Пастдарғом туманидаги 128-сонли ўрта мактаб.
Пастдарғом туманидаги 128-сонли ўрта мактаб.

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи бир гуруҳ ота-оналар фойдаланишга топширилганига бир йил тўлмаган янги мактаблари тугатилаётгани ва болалари уч чақирим наридаги бошқа мактабга мажбуран кўчирилаётганлигидан шикоят қилишмоқда.

Ота-оналарнинг билдиришича, тумандаги Балхиён маҳалласида жойлашган 750 га яқин намунавий уй-жойларда яшовчи аҳоли фарзандлари учун қурилган 128-сонли ўрта мактаб ихтисослаштирилган Президент мактабига айлантирилиб, мактабдаги ўқувчиларни бошка мактабларга мажбурий кўчириш ишлари амалга оширилмоқда.

Давлат ташкилотида ишлаётгани сабаб шахсини очиқламасликни сўраган ота-оналардан бири ҳолатни қуйидагича баён қилди:

“Биз 2012 йилдан буён ушбу намунали уйларда истиқомат қилиб келамиз. Кўчиб келган пайтларимизда ҳудудимизда мактаб йўқ эди ва ота-оналарнинг йиллар давомида қилган мурожаатларига жавобан ҳудудда 2021 йилнинг декабрь ойидан янги мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. Афсуски, бизнинг хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Мактабимиз Президент ихтисослаштирилган мактабига айлантирилди ва унга ўқувчиларни қабул қилиш фақатгина 5-синфдан амалга оширилаётганлиги сабаб бошланғин сифларда ўқийдиган болаларимиз яна кўчада қолиб кетмоқда”.

Пастдарғом туман халқ таълими бўлими мудирининг расмий жавоби нусхаси.
Пастдарғом туман халқ таълими бўлими мудирининг расмий жавоби нусхаси.

Янги қурилган 128-сонли ўрта мактабнинг президент мактабига айлантирилгани ҳақида ота-оналар Пастдарғом туман ҳокимининг ёшлар масалалари ва ижтимоий соҳалар бўйича ўринбосари Дилмурод Маматқулов бошчилигида 12 май куни ўтказилган йиғилишда хабардор қилинган.

Пастдарғом туман халқ таълими бўлимининг шахси очиқланмаслигини сўраган масьул ходими Озодлик саволларига жавоб бераркан, 128-сонли ўрта мактабнинг Президент мактабига айлантирилганлиги ҳуқумат миқёсидаги ташаббус бўлиб, туман мутасаддилари бунга аралаша олмасликларини билдирди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 14 апрелдаги Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисидаги тегишли фармонига асосан, бундан буён Ўзбекистондаги барча ихтисослаштирилган мактаблар фақатгина Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфида фаолият олиб бориши мумкин.

Бунда янги Президент мактаблари сонини кўпайтириш асосан амалда мавжуд ўрта мактабларни тугатиш ва ундаги ўқиб келган мактаб ўқувчиларини яқин ҳудудлардаги бошқа ўрта таълим муассасаларига кўчириш орқали амалга оширилиши кўрсатилган.

Озодлик ўрганган президент фармонига асосан, жорий ўқув йили бошлангунга қадар республика миқёсида амалда фаолият юритиб келган 141 та ўрта мактаб, лицей ва коллежлар бир пайтнинг ўзида тугатилиши ва ундаги 82 мингга яқин ўқувчилар ўз ўқиш жойларидан мажбуран кўчирилиши белгиланган.

Мажбурий тугатилаётган 141 та ўрта таълим муассасалардаги 2 мингдан ортиқ ўқитувчилар билан ҳам меҳнат шартномалари бекор қилиниши белгиланган.

Тугатилаётган ўрта мактаблар юқори синф ўқувчиларининг бир қисми кириш имтиҳонлардан муваффаққиятли ўтган тақдирда, Президент мактабларига қайта қабул қилиниши мумкин бўлса-да, бошланғич синфларда ўқиётган болалар ўқишларини бошқа ҳудуддаги мактабларда давом эттиришга мажбур. Бунга сабаб Президент мактабларидаги ўқиш фақатгина 5-синфдан олиб борилишидир.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчилар учун жой етишмаслиги йиллар давомида давом этиб келаётган муаммолардан бўлиб, ўрта мактаблар сонининг қисқарганлиги вазиятнинг янада мураккаблашишига олиб келишини тахмин қилиш мумкин.

Озодлик Вазирлар маҳқамаси ҳузуридаги Президент ихтисослаштирилган мактабларини ривожлантириш агентлигидан бошланғич мактаб ўқувчиларининг тақдири юзасидан изоҳ ололмади.

Аммо 22 июль куни парламентда ҳисобот берган Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров муаммонинг ўзига хос ечимини таклиф қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон мактабларида “дарслар сонини қисқартириш орқали синфларда ўқувчилар сонини камайтиришга эришиш мумкин.

“Ўзбекистон фанлар сони кўплиги бўйича дунёда биринчи ўринда туради”,– дея таъкидлади Бош вазир ўринбосари.

Айни пайтда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги “ўқув дастурини такомиллаштириш бир кунлик масала эмас”лигини айтиб чиқди.

“Бу масала таълим соҳасидаги ислоҳотлар доирасида ўқитувчилар, мутахассислар ҳамда ҳалқаро экспертлар иштирокида кенг муҳокамадан ўтиши зарур”, дейилади 22 июль куни вазирлик Телеграм-каналида эълон қилинган расмий муносабатда.

Вазирликка кўра, аҳоли сонининг ўсиш кўрсаткичларини инобатга олинса, кейинги 5 йилда мактаб ўқувчиларнинг сони 7,7 миллион нафарни ташкил этиши ёки бугунги кундаги кўрсаткичга нисбатан 1,5 миллион нафарга ортиши кутилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ҳозирча Бош вазир ўринбосарининг дарслар сонини қисқартириш йўли билан муаммони ечиш ҳақидаги таклифига расмий муносабат билдиргани йўқ.

2021 йил майида ўша пайтдаги Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистон мактабларида ўқувчилар сони ўринлар сонидан 1 миллионтага кўплигини айтган эди. Унга кўра, 2025 йилгача бу фарқ 2 миллионга етиши кутилади. Мактабларнинг 70 фоизида ўқиш икки сменада ташкил этилган.

XS
SM
MD
LG