Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:39

Ўқитувчилар: Ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича сўровнома янги кўзбўямачиликка сабаб бўлмоқда


Ўзбекистон умумтаълим мактабларида оммавий равишда тўлдирилаëтган сўровномалар ўқув йили охирида битирувчиларга ажратиладиган кредит миқдорини белгилашга асос бўлади
Ўзбекистон умумтаълим мактабларида оммавий равишда тўлдирилаëтган сўровномалар ўқув йили охирида битирувчиларга ажратиладиган кредит миқдорини белгилашга асос бўлади

Озодликка турли вилоятлардан мурожаат қилган маориф ходимлари мамлакатда ўқитувчилар зиммасига юкланган “бефойда расмиятчилик”нинг яна биттага кўпайганини билдирди.

Айни кунларда мамлакат бўйлаб ҳар бир синф раҳбарига 7-11 синф ўқувчилари ва улар ота-оналаридан боланинг қайси касбга қизиқиши бўйича сўровнома тўлдириш юклатилган.

Озодлик гаплашган айрим мактаб директорларига кўра¸ Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбари вилоятдаги 700 дан ошиқ мактаб раҳбаридан бу сўровномаларнинг бир кун ичида тўлдирилиб¸ топширилишини талаб қилган.

COVID-19 пандемияси боис ўрнатилган чекловларга қарамай¸ ўқитувчиларнинг уйма-уй юриб бундай сўровномани шунчаки маъмуриятчилик учун тўлдириши¸ айрим маориф мутасаддилари фикрича¸ на таълим сифати ошиши¸ на ўқувчининг келажагига хизмат қилади.

Озодлик боғланган айрим ХТБ мулозимлари¸ бу жараëннинг президент Мирзиëев ташаббуси билан таълим соҳасида ўтказилаëтган янги тажриба эканини таъкидлади.

Андижонча ташаббус...

18 январь куни Озодлик билан боғланган ўқитувчиларнинг билдиришича¸ айни кунларда республика бўйлаб 2021/2022 ўқув йилидан жорий этилган «Касбга йўналтириш тизими» ижроси бошланганини билдирди.

Бу жараëн¸ хусусан¸Андижон вилоятида якунловчи босқичга кирган.

Вилоятдаги бир неча туман халқ таълими мутасаддиларининг шахси сир қолишини сўраб Озодликка билдиришича¸ бевосита вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов топшириғи билан сўровномаларни 18 январь куни тунги 23 гача тўлдириб топшириш буюрилган.

Чоршанба куни президент ўтказадиган селекторда «Касбга йўналтириш тизими» бўйича “Андижон технологияси”ни намуна қилиб кўрсатишмоқчи. Шунга 18 январь кун давомида вилоятдаги 746 та мактаб директорига тунги 11 га қадар сўровномани тўлдириб¸ ХТБга топшириш буюрилди. Бугун ҳар бир синф раҳбари синфидаги ҳар битта боланинг уйига бориб¸ сўровномани имзолатиб¸ уни икки нусхада печатдан чиқариб¸ алоҳида переплëт қилиб¸ биттасини мактаб директорига¸ иккинчисини ХТБга тайëрлади. Мактаб директорлари бу папкаларни тўплаб¸ ХТБга топшириш учун ҳозир навбатда турибди. Соат 23 гача топширмаган директорга¸ Телеграм орқали ХТБ раҳбарларидан “ишдан бўшайсан” деган босим бўляпти”¸ - дейди 18 январь куни маҳаллий вақт билан кечки 9 лар атрофида туман ХТБсида турганини айтган директорлардан бири.

Сўровнома

Нусҳаси Озодликка юборилган сўровнома матнидан унга 7-11 синф ўқувчилари¸ улар ота-оналари ва синф раҳбари қўл қўйиши шартлиги кўрилади. Сўровномада ўқувчилардан “ҳунар ўрганиш имкони бўлганда¸ қайси ҳунарни танлаган бўлардингиз” деб сўралган ва танлаш учун 11 та касб таклиф этилган.

Сўровномани кўрсангиз¸ мақсад ëмонмасга ўхшайди. Лекин унинг ижроси¸ ҳар доимгидек¸ болалар учун узоқ муддатда фойда келтирмайдиган¸ кўзбўямачилик ва сохтакорликка айланди. Агар бу жараëн бола ва ота-оналар билан махсус шуғулланиб¸ уларга йўл кўрсатиш¸ боланинг иқтидорини ривожлантиришга қаратилганда эди¸ эътироз бўлмасди. Лекин Андижонда 70-80 фоиз умумтаълим мактаблари ўқитувчилари бола ëки унинг ота-онаси билан гаплаша олмади. Сўровномадаги битта ҳунарни номига белгилаб¸ расмиятчилик учун тўлдириб топширди. Нимага¸ чунки Андижон ҳокими президентга ўзини ташаббускор қилиб кўрсатмоқчи. Бунақа ташаббускорликнинг таълимга фойдасидан кўра зарари кўпроқ"¸ - дейди андижонлик таълим мулозими.

Сохтакорликнинг янги занжири

Озодлик гаплашган ўқитувчиларга кўра¸ айни кунларда Ўзбекистондаги мактабларнинг барчасида тўлдирилаëтган бу сўровномалар йил охирига бориб тадбиркорлар ва банкларга нисбатан янги босимга асос бўлади.

Битирувчилар танлаган ҳунар эртага уларга кредит ажратишга асос бўлади. Ҳоким банкларга фалон пул кредит берасан¸ фалонча битирувчи тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлайди¸ деб босим қилади. Бу тажриба 2020 йил ëзида бошланди ва ҳозирга келиб катта муаммога айланди. Кредит олмайман¸ деганига қарамай, битирувчилар отига 30 миллионгача кредит расмийлаштиришган¸ лекин уни бошқа одам олган. Бу билан бола тадбиркор ҳам¸ ҳунарманд ҳам бўлиб қолгани йўқ. Бу президентга ўзини кўрсатаман деганларнинг бола ва ота-оналарни алдаш билан тугаëтган яна бир сохтакорлиги”¸ - дейди Озодликка гапирган таълим мутасаддиларидан яна бири.

Озодлик гаплашган айрим синф раҳбарлари¸ касбга йўналтириш тизимини Каримов давридан бери амалда бўлган битирувчиларни ишга жойлашнинг ўзгартирилган формаси, деб баҳолади.

Бу ташаббус халқ таълимидан чиққан эмас¸ ҳокимликларнинг иши бу. Фалонта ëшни фалонча жойга ишга жойладик¸ фалончасини тадбиркор¸ ҳунарманд қилдик, дейиш учун. Аслида бу сўровнома халқ таълими тизимидаги янги инқирозга сабаб бўлиши мумкин. Чунки¸ сўровномада аксар бола аниқ фанлар¸ дейлик, биология¸ химия¸ математикага қизиқаман¸ деб ëзмаса¸ бу йўналишдаги дарс соатлари қисқариши мумкин. Меҳнат¸ жисмоний тарбия умуман олиб ташланиши мумкин. Қайси фанни ўқийсан¸ қайси фанни ўқимайсан¸ деб бола ëки ота-онадан сўралмайди. Бу давлат томонидан қатъий белгиланиши зарур стратегик қарорлардан бири ҳисобланади”¸ - дейди таълим соҳаси мутасаддиларидан яна бири.

Таълим тизимидаги янги тажриба

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва педагогик-психологик республика ташхис маркази бўлим бошлиғи Ҳаёт Фозилжонов 2020 йилнинг 26 ноябрь куни расмий матбуотга Ўзбекистон мактабларида бошланган янги тажриба ҳақида маълумот берган эди.

Фозилжонов¸ 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим муассасалари битирувчилари ўз иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлаб олиши, меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши, касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун «Касбга йўналтириш тизими» жорий этилганини билдирган эди.

Мулозим янги тизим 7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказилиб, касб-ҳунарга бўлган қизиқиши аниқланади ва уларнинг маълумотлар базаси яратилиши¸пировардида ўқувчиларнинг онгли равишда тўғри касб танлашига ëрдам беришини таъкидлаган.

Бундай тизим жорий этилишига эса¸ президент Мирзиëевнинг 2020 йил 6 ноябрь кунги фармони асос бўлган.

"Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган бу фармон¸ мактаб битирувчиларининг замонавий касб эгалари бўлиши учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантиришни таълим тизимининг устувор вазифаси қилиб белгилаган эди.

Хусусан¸ фармонга кўра¸ 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим муассасалари битирувчилари ўз иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлаб олиши, меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши, касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун «Касбга йўналтириш тизими» жорий этилди.

XS
SM
MD
LG