Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:59

Cувга тушиб кетган синглисини қутқармоқчи бўлган 4 яшар ака ҳам чўкиб кетди


Самарқанд шаҳрининг Галаосиё маҳалласида яшаган 3 яшар қизалоқ ва унинг 4 яшар акаси 21 апрель куни ҳовлисидан оқиб ўтадиган каналга чўкиб кетди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, сувга тушиб кетган синглисини қутқаришга уринган акаси ҳам каналга тушиб кетган. Қўшнилар канал қирғоғи болалар ўта олмайдиган қилиб иҳоталанмаганини айтмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Галаосиё маҳалласидан оқиб ўтадиган Сиёб каналига шу маҳаллада яшайдиган ака-сингилнинг 21 апрель куни чўкиб кетгани ҳақида шу оилани яхши биладиган галаосиёликлардан бири хабар берди:

“Бу болачалар маҳалламиздаги ҳурматли Рофе ака деган инсоннинг неваралари эди. Сиёб канали буларнинг ҳовлисининг ичидан ўтадида. Шанба куни кечқурун соат олтилардан кейин ҳовлида ўйнаб юрган болалар каналга тушиб кетган. Тахмин қилишларича, синглиси каналга тушиб кетганидан сўнг, тўрт яшар акаси уни қутқаришга ҳаракат қилган, лекин ўзи ҳам сувга тушиб кетган. Болаларнинг ҳовлида кўринмай қолганидан хавотир олган яқинлари дарҳол излашга тушишган ва бир соат орасида уларни каналнинг пастидан топишган. Лекин, афсуски, иккови ҳам ўлиб қолган экан”, дейди галаосиёликлардан бири.

Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади ва бу ҳодиса бахстсиз ҳодиса сифатида қайд қилинганини айтди.

Галаосиё маҳалласининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг айтишича, маҳалла ўртасидан оқиб ўтадиган Сиёб канали ҳақиқатан ҳам ёш болалар учун анча хавфли:

“Ўзи унчалик катта канал эмас, ариқдан каттароқ. Лекин қирғоқлари тўсилмаган. Канал баъзиларнинг ҳовлисининг ичидан, баъзиларникини ташқарисидан оқади. Баъзи эҳтиёткор одамлар бола ўтолмайдиган қилиб тўсиб қўйган, лекин кўпчилик очиқ қолдирган. Шунинг учун ҳам доим болаларни эҳтиёт қилинглар, тўрт метр сим билан бўлсада тўсиб қўйинглар, деб айтиб келамиз”, деди маҳалла фаоли.

Ўзбекистонда ота-оналар ёки катталарнинг эътиборсизлиги сабаб болаларнинг нобуд бўлиши ҳақида Озодлик сўнгги уч ой ичида тўртинчи марта хабар беряпти.

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида 7 март куни йўқолган 2 ёшли Муҳаммадсодиқ Нўмонжоновнинг жасади йўқолганидан 5 кун ўтиб уйи олдидан ўтувчи ариқдан топилган эди.

Февраль ойида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 5 яшар Кибриёхон исмли қизча ўғирланган, кейинчалик унинг жонсиз жасади у борадиган боғчадан 8 километр наридаги Оқбўйра қишлоғидан топилган эди.

21 январь куни сувга чўкаётган синфдош дўстини қутқарган 10 ёшли Абдулла Рўзибоевнинг ўзи чўкиб кетган эди. Фожиа Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/5 даҳасидан оқиб ўтувчи каналда рўй берган эди. Боланинг жонсиз жасади икки кун ўтиб чўккан жойидан 1 километр олисдан топилди.

XS
SM
MD
LG