Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2024, Тошкент вақти: 08:01

СЭС ходимлари махсус кийимсиз дезинфекция қилмоқда¸ бу хизмат учун аҳолидан пул олмоқда (ВИДЕО)


Шаҳрисабз шаҳри СЭОМда махсус комбинезонсиз ишлаётган дезинфекторлар
Шаҳрисабз шаҳри СЭОМда махсус комбинезонсиз ишлаётган дезинфекторлар

Озодликка боғланган Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар СЭОМ ходимлари махсус дезинфекция комбинезони учун ўзларидан мажбурий пул йиғилаётганини билдирди.

Косон туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази (СЭОМ) ходимлари эса пул тўламаган одамларнинг уйини дезинфекция қилмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар юборган косонликликларнинг айтишича, СЭОМ ходимлари пул бера олмаган камбағал оилалар ҳовлисини четлаб, бошқа хонадонларга ўтиб кетмоқда.

Озодлик боғланган СЭОМ раҳбари бу иддаоларни инкор қилди.

СЭОМ мутахассиси эса¸ пандемия бошланиши арафасида республика миқëсида 10 минг одамнинг бу соҳадан қисқариши ортидан санитария-эпидемиология тизими фалаж бўлиб қолганини айтмоқда.

СЭОМларда комбинезон йўқми?

Шаҳрисабз шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг исми сир қолишини сўраган мутахассиси коронавирус тарқалишига қарши курашаëтган ходимлар учун алоҳида иш кийими ҳам йўқлигини билдирди.

“Бу қандай санитария маркази бўлдики, оддий комбинезон бўлмаса. Ишчиларимиз “Дамас” мошиналарини шундоқ ишхонамизнинг эшиги тагида оқ халатларга ўраниб олиб дориламоқда. Ахир бу машиналарни дорилаш учун махсус бир жой, дориловчилар махсус комбинезонда бўлиш керак. Бизда эса худда бозорга ўхшайди. Катта кўчада, одамлар ўтиб кетиб турган жойда дорилаяпти”.

Шаҳрисабзда СЭОМ ходими Дамасни дезинфекция қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00

Бу мутахассис¸ ўз туманида санитария ходимларидан комбинезон сотиб олиш учун мажбурий пул йиғилаëтганини иддао қилди.

“Бундай ҳолатларга СЭОМлар доим тайёр туриши керак эмасми? Давлат наҳот бунга пул ажратмаган бўлса? Наҳот оддий комбинезон топиш шунча қийин бўлса? Бош врач санитаркалардан тортиб врачларгача, ҳаммадан вазифасига қараб пул йиғиб олди. Куни-кеча давлат дезинфекторларни 250 минг сўмдан пул билан мукофотлади. Бош врач эса, бу пуллар карточкаларга тушгандан кейин, ярмини нақд шаклда қайтариб беришни талаб қилди. Мажлисда жанжал бўлиб кетди. Профсоюзимиз бизни ҳимоя қилди”.

Шаҳрисабз СЭОМ ходимлари мана шу кийимда дезинфекция қилмоқда
Шаҳрисабз СЭОМ ходимлари мана шу кийимда дезинфекция қилмоқда

Шаҳрисабз туман саниратия-эпидемиология марказининг исми сир қолишини сўраган лаборантлардан бири, ўтган йил сўнггида бошланган қисқаришлар бу хизматни жуда оғир аҳволга солиб қўйганини айтади.

“Илгари Шаҳрисбаз ва шаҳар СЭСлари бор эди. Туманни шаҳарга қўшиб юборишди, қанча мутахассислар ишдан бўшатиб юборилди. СЭСлар заифлашиб қолди. Бизни эса ярим ставка билан шаҳарга қўшиб олишди”.

Шаҳрисабз шаҳар СЭОМ бош врачи Фахриддин Жуманов Озодлик билан суҳбатда комбинезон етишмаслигини тан олди, лекин бу учун ходимлардан пул йиғилганини инкор қилди.

- Буни категорически рад этаман, ҳеч қанақа пул йиғиш ҳолати бўлмаган. Мукофот пули ҳам барчага тўлиқ тақсимлаб берилди.

Бош врачнинг айтишича, ҳозир СЭОМ ходимлари бир марта ишлатиладиган кийимлар билан дезинфекция қилмоқда:

- Ҳар куни 30-40 одам чиқарамиз. Бундан ташқари¸ ободончилик бўлими ва пожарний мошиналарни ҳам кўчаларга чиқарганмиз. Тўғри, СЭС ходимлари қискаргандан кейин кадрлар танқислигини ҳис қилдик. Шунинг учун биздан ишдан бўшаб кетган ходимларни шартнома асосида бир ойлик ишга таклиф қилганмиз. Мавсум тугагандан кейин ҳукуматимиз ваъда беряпти, бу ишчиларни ҳам яна жой-жойига қўямиз.

“Пул бермасанг¸ дезинфекция ҳам йўқ!”

Косон туманининг Регзор маҳалласида яшайдиган 63 ёшли Муҳтарам Хўжанова Озодликка боғланиб¸ туман СЭОМ ходимлари хонадонларни пулга дезинфекция қилганини хабар қилди.

- Мен ҳозир Наманганда, куёвимнинг уйидаман. Йўллар ёпилиб кетолмай қолдим. Кеча уйимдагилар билан гаплашсам¸ санэпидстанция ходимлари уйни дезинфекция қилгани учун 10 000 сўм олиб кетибди. Ўғлим бир эски мошинда киракашлик қилиб кунимизни кўриб турган эдик. Ҳозир уйда ишсиз ўтирибди. Бир сўм ҳам уйда пул қолмади, дейди. Мени пенсиямни олинглар энди, дедим. Президентимиз бизга шунча жон куйдириб, дезинфекция бепул деб турган бўлса, нега булар халқдан ўн мингдан йиғиб ўтирибди. Битта ҳожатхона билан молхонага бир оз вишиллатиб сепиб кетибди, холос, уйларни эса қилмаган.

Айни шу маҳаллада яшовчи Фазилат Нормуродова, давлат томонидан текин қилиб қўйилган дезинфекциялаш ортидан пул қилаётганларни халқнинг қайғусидан фойда кўраётганлар деб атади.

- Булар ким пул берса¸ ўшанинг уйини номига дезинфекция қилиб кетяпти. Менинг Ражаб ака деган ногирон қўшним, 10 000 сўм пул топиб беролмаган экан, қилмай ўтиб кетибди. Кам таъминланган оила, ейишга ҳам нони йўқ. Уйлари чўкиб ётибди. Бу қанақаси бўлди, дезинфекция бўлса бир четдан бўлиши керак эмасми? Мўминов Фируз деган йигит 5000 бераман деса, кўнмай ўтиб кетибди. Мени уйимга келиб ҳам, уйдагиларда пул бўлмагани учун четлаб кетибди. Шундан ҳам буларнинг мақсади¸ халқнинг қайғусидан пул қилиши аниқ бўлиб қоляпти.

Косонда дезинфекция учун аҳоли тўлаган пул
Косонда дезинфекция учун аҳоли тўлаган пул

Регзор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шодихон Очилов Озодлик билан суҳбатда баъзи фуқаролардан дезинфекция учун пул олинаётганини қисман тасдиқлади.

- Кам таъминланган оилаларни бепул қилиб беришяпти, лекин одамлар ўзи 10-15 минг сўмдан беришяпти. Бундай мажбурлаш деган нарса йўқ. Эртага яна келишар экан.

Косонликлар аҳоли уйлари дезинфекция қилингани учун 10 минг сўмдан олингани қайд этилган квитанцияларни ҳам Озодликка тақдим этди.

квитанция
квитанция

Косон тумани СЭОМ бош врачи Райима Овилова Озодликнинг қўнғироқларига жавоб бермагани сабабли¸ у билан гаплашиш имкони бўлмади.

СЭОМларда нега махсус кийим ва мутахассислар етишмаяпти?

Коронавирус таҳдиди бўсағасида, 2019 йилда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тузилмасида ишлаётган ўн минг одамнинг иш ўрни қисқартирилди.

Санитария-эпидемиология назорати хизмати Вазирлар Маҳкамаси ҳузиридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги этиб, қайтадан ташкил этилди.

“Президент видеоселекторлардан бирида "Бизга СЭС нега керак ўзи?" деб бир оғиз гап гапирган эди. Шу гап сабаб бўлиб, ихчамлаштириш бошланиб кетди. Бир оғиз гап ортидан шунча одам ишсиз қолди"¸ деган эди Озодликка бу жараëн ҳақида мазкур тизим мутасаддиларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган туманлардаги СЭОМ раҳбарлари¸ коронавирус хуруж қилаётган бир пайтда кадрларнинг етишмаслиги яққол сезилгани ортидан қисқартирилган мутахассислар қайта ишга чақирилаëтганини билдирди.

Мутахассис: СЭОМларда захира, техника йўқ, соҳа фалаж бўлиб қолди!”

Санитария-эпидемиология тизимининг Самарқанддаги мутасаддиларидан бири пандемия арафасида амалга оширилган реструктуризация оқибатида бутун тизимнинг фалаж ҳолга солинганини айтади.

“Бизни иккига бўлиб ташлаб, ҳамма томондан фалаж қилиб қўйишди. Биринчидан, давлат томонидан бирорта замонавий бино қуриб берилмади, бирор хил аппарат таъминоти йўқ. Ҳозир биз ўзимизни ўзимиз боқишга, ўзимиз лицензия орқали пулли хизмат қилиб пул топишга маҳкуммиз. Топган пулимизнинг 15 фоизи ишловчиларга қолгани ремонтга, дори воситалари сотиб олишга кетади. Ҳозир аҳоли уйларини бепул дезинфекция қил дейишяпти, лекин бунга бизнинг захирамиз йўқ. Ҳозир бир ярим ой бўлди, топган пулимизни дори, сепиш аппаратлари махсус кийимлар сотиб олишга сарфлаяпмиз. Вазирлик томонидан берилган маблағ эса бита боғчани дезинфекция қилишга етмайди, денгиздан томчи!”

Шахси сир қолишни сўраган мутахассис туманлардаги СЭОМ лабораториялари аҳволининг ўта ночор эканини таъкидлайди.

“Аппаратлар етишмайди, оддийгина сувни тозалайдиган дистиляторлар йўқ. Дистилланган сувни касалхоналардан илтимос қилиб оламиз. Оқдарё, Пастдарғом, Нарпай туманларида ҳам аҳвол шундай. 140-150 минг аҳоли истиқомат қиладиган туман учун биттагина дизокамера ва битта Дамас машина бор, холос. Ўзимизнинг машиналарда борамиз, карантин бошлангандан бери, уч-тўртта ташкилот Дамасини бериб турди. Агар коронавирус кенг кўламда келиб қоладиган бўлса, биз нолмиз, нол! Ҳеч нарса қила олмаймиз!

“Бу ишни қилган одам, Ўзбекистон зўр давлат, унга ҳеч қандай бало юқмайди, СЭСчилар текинга ойлик олиб юрибди деган хаёлга борган бўлса керак. Мана бало қандай келади экан, ҳамма гандираклаб қолдику. Лекин бу вирусга қарши курашадиган база йўқ, омборларда резерв йўқ, аппаратлар, техника йўқ! Мана бизни иккига ажратиб Санитария эпидемиолгия давлат инспекцияси ҳам ташкил қилди. Районларга 8-10тадан ставка берилган. Лекин улар нима иш қилишини ўзи билмайди. Ҳаммаси фалаж! Система, соҳа фалаж”!

Штатларнинг қисқартирилиши ортидан тизимда қолганларнинг маоши кескин тушиб кетиши ҳам бу тизимнинг жорий инқирозини кучайтирди¸ деб давом этади мутахассис.

“Биласизми, лаборантлар 0,5, ҳатто 0,25 ставкага ҳам ишлаяпти. Бу 250-500 минг маош дегани. Нима аҳвол бу? Яхши мутахассислар ишини ташлаб кетди. Масалан, туманларда 120-130тадан ставка бўлган бўлса, ҳозир шунинг ярми қолган. Кимнингдир, "бизга СЭСлар керакми", деган саволига жавоб шекилли бу. Оқибатини энди кўряпмиз!”

XS
SM
MD
LG