Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 22:33

Фермерлар: “Мирзиёевларга қуда” кластер ишламаган тизим учун пул олмоқда


Фермерга келтириб берилган томчилатиб суғориш шланкалари ҳали очилгани ҳам йўқ, лекин кредит пули ундириб олиняпти.

“Сангзор текстил МЧЖ” кластер корхонаси баҳор ойларида Жиззах вилоят, Дўстлик тумани фермерларига томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатиб бериш мақсадида уларнинг номига ҳар гектар ер ҳисобига 25 миллион сўмдан кредит расмийлаштирган.

Фермерларнинг айтишларича, ускуналар келтирилиб фермерлар шийпонларига қўйилган, лекин шартнома бўйича уларни ўрнати ва ишлатиб бериш вазифаси бажарилмаган.

Фермерлар эса ишлатилмаган бу тизим учун кредит ва унинг фоизини тўлашга мажбур бўлаётганликларини айтишмоқда.

“Сангзор текстил МЧЖ” иш бошқарувчиси, фермерларнинг иддаоларини ёлғонга чиқарар экан, ҳамма фермерга томчилатиб суғориш тизими ўрнатилиб, ишлатилиб берилганини айтди.

“Сангзор текстил МЧЖ” президент Шавкат Мирзиёев амакиваччасининг қудасига тегишли экани айтилади.

Дўстлик туманидаги 120 фермер хўжалигига жорий йилнинг баҳорида томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш вазифаси қўйилган эди.

Исми сир қолишини илтимос қилган фермернинг айтишича, “Сангзор текстил МЧЖ” кластер корхонаси кредит ҳисобига бу тизим ускуналарини ўрнатган, аммо ишга тушириб бермаган:

“Мисол учун, битта фермерга 20 гектар ерга 500 миллион сўмлик томчилатиб суғориш тизими ўрнатиб берамиз, деди. Ҳар гектарига 25 миллион сўмдан. Кредит олиш учун банкка мен кафил бўламан, хоҳламасанг ўзинг гаровга нарса қўйиб олавер, деди. Биз йўқ десак, бу ёқдан ҳоким президент қарори бор, қиласан деяпти. Мажбур шартнома тузиб, гектарига 25 миллион сўмдан кредит олдик. Суриштириб кўрсак, ўзининг нархи гектарига 18 миллион сўмдан экан. Шу жойнинг ўзида фермерни яна 7 миллион сўмга "ўтирғизди". Ускуналарни олиб келдию, лекин ўрнатиб, ишлатиб бермади. Энди эса, ишламаган нарсанинг кредитини ҳам, унинг фоизини ҳам тўлашга мажбур бўляпмиз”.

Томчилатиб суғориш техникаси бир соат ҳам ишламаган.
Томчилатиб суғориш техникаси бир соат ҳам ишламаган.

Фермернинг айтишича, уларнинг ҳудудидаги 20та фермернинг бирортаси ҳам бу йил томчилатиб суғоришдан фойдалана олмаган:

“Шартнома бўйича, кластер томчилатиб суғоришни олиб келиб, ишлатиб, кўрсатиб бериши керак эди. Лекин пахта бир марта сув ичиб бўлганидан сўнг, вегетация даврида олиб келди. Унда жуда кеч бўлган эди. Аксарият фермерда ҳали трансформатор, столба йўқ. Ҳовуз даланинг ўртасида бўладику, унгача ток бориши керакку. Хуллас, бу йил ишламади. Биз эса, емаган сомсага пул тўлаяпмиз”.

Дўстлик туман, Саркисов СИУ(сувдан фойдаланувчилар уюшмаси)даги исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, у олиб келинган ускуналар ўрнатиб берилмаганидан кейин пахтани анъанавий тарзда суғоришга мажбур бўлган:

“Чигит униб чиққандан кейин олиб келиб, шийпонга ташлашди. Ана ўрнатади, мана ўрнатади, деб кутдим. Пахтам ҳам сувдан қолиб кетди. Ахири бошқа умид қолмагач, пахтани ўзим суғордим. Қуриб бермадию, лекин тўловини тинимсиз оляпти. 30 гектар майдонга 750 миллион сўм кредит олинган. Менга жуда керак эди бу тизим. Чунки еримга сув чиқмайди. 100 фоиз насосдан оламан сувни. Телефонимга банкдан хабар келяпти, ҳар ой 13 миллион сўмдан ечиб оляпти. Шланками, бошқа нарсами ҳаммасини дафтаримга ёзиб қўйганман, ҳали олиб келиб бермаган запчастлари ҳам бор, тўлиқ комплект келмаган ҳали ҳам”.

Томчилатиб суғоришга мўлжалланган ҳовузлар ҳам ишламай қолиб кетди.
Томчилатиб суғоришга мўлжалланган ҳовузлар ҳам ишламай қолиб кетди.

Фермерларнинг айтишларича, ҳукумат қарори билан томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатган фермерларга енгиллик берилган. Қарорга кўра, ҳар гектар ерга 10 миллион сўмдан субсидия берилади. Масалан, фермер 20 гектар учун 500 миллион сўм кредит олган бўлса, шунинг 200 миллион сўми субсидиядан қопланади:

“Бу ҳукуматимизнинг бизга берган енгиллиги ва биз бундан хурсандмиз. Бўлмаса, 25 миллион сўм фермер учун жуда оғирлик қилади. Энди эса КРУдан текширувчилар келиб, бу ишни текширяпти. Биз, фермерларни вилоят прокуратурасига чақириб сўраяпти. Биз борини айтяпмиз. Агар фактлар тасдиқланиб, субсидия нотўғри кетгани исботланса, субсидияни қайтариб олишлари мумкин экан. Ўшанда бизнинг номимизга олинган барча кредитни ўзимиз тўлашимизга тўғри келади. Бу эса, фермер хонавайрон бўлди, дегани”.

“Сангзор текстил МЧЖ” ижрочи директори Отабек Хўжаметов фермерларнинг бу иддаоларини қатъиян рад қилар экан, уларга томчилатиб суғориш тизими "юз фоиз" ўрнатиб берилганини айтди:

“Одамлар ҳам ҳар хил, фермерларимиз ҳам ҳар хил. 70-80 фоиз фермерларимиз яхши. Сизга ким айтган бу гапларни, буниси менга қоронғи. Томчилатиб суғориш жорий қилинди, бироз кечикдию, аммо ҳаммаси ишга туширилди. Жиддий муаммо бўлмаган. Томчилатиб суғориш гектарига 17-18 миллион сўм бўлганлиги республикада бўлмаган. Биз барча фермерга томчилатиб суғоришни юз фоиз ўрнатиб, ишлатиб берганмиз. Уларнинг даъволари мутлақо ёлғон!”

"Қуданинг дастагида"

Отабек Хўжаметовнинг айтишича, “Сангзор текстил МЧЖ”нинг таъсисчиси Жиззах вилоят, Ғаллаорол туманидан бўлган тадбиркор Диёр Бозоров.

Дўстлик туманидаги фермернинг иддао қилишича, Диёрнинг отаси, Бахмал туманининг Сангзор қишлоғида туғилган марҳум Ғофирбой Бозоров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қудасидир. Унинг сўзларига кўра, Президент амакисининг ўғли, айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган Мухтор Мирзиёевнинг қизи Бозоровлар хонадонига келин бўлиб тушган.

Бу иддаони тасдиқлаган, Дўстлик тумани давлат идораларидан бирида ишлайдиган мулозимнинг айтишича, Диёр Бозоровнинг бизнеси айни пайтда жуда "гуллаган":

“Диёрбекнинг отаси Ғофир ака жуда қудратли одам эди. Мирзиёев билан шахсан таниш эди. Отаси вафотидан сўнг бошқарув Диёрбекнинг қўлига ўтди. У ҳозир Дўстликда хлопзаводни олди, газ заправка қурди, минглаб гектар ери бор. Қорақалпоғистонда ҳам икки минг гектар ери бор. У билан яқин бўлган бир танишимнинг айтишича, у тўғридан-тўғри қўл телефонида президент билан гаплашар экан. Қуданинг дастаги зўр бўлар экан. Мухтор Мирзиёевнинг қизи Диёрбекнинг келинойиси бўлади. Лекин Диёрбекнинг акаси ким эканлигини билмайман. Илгари прокуратурада ишлаган, деб эшитганман”.

Аммо Озодлик ихтиёрида Мухтор Мирзиёев ва Ғофирбой Бозоров оилаларининг қуда эканлигини тасдиқловчи ҳужжат йўқ.

Расмий маълумотга кўра, Мухтор Мирзиёев 2017 йилнинг май ойида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

2019 йилнинг январь ойида мустақил "Элтуз" нашри Мухтор Мирзиёев ДХХнинг ички хавфсизлик ва шахсий таркиб фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаётгани ҳақида ёзган эди.

Жиззах вилояти ички ишлар тизимида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган мулозимнинг айтишича, Мухтор Мирзиёев ДХХда кўп ишламаган, 2019 йилнинг ўзида Ички Ишлар вазирлигининг ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган ва шу кунга қадар айни вазифада ишлаб келмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, Мухтор Мирзиёевнинг ўғли Элдор Мирзиёев Жиззах, Сирдарё вилоятларидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларини назорат қилади.

Томчилатиб суғориш муаммолари

2019 йилнинг 12 августида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кетган харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган эди.

Шундан сўнг вилоятлардаги айрим туманларда бу тажрибани жорий этиш топшириғи берилди. Аммо фермерлар томчилатиб суғориш ускуналарини хориждан олиб келиб ўрнатиш ўзларига жуда қимматга тушаётганидан шикоят қила бошлади.

Жумладан, Хоразм вилоят, Шовот тумани фермерлари томчилаб суғориш тизими асосий сув шўр ювишга кетадиган Хоразм вилоятида самара бермагани ва ўта қимматлигини Озодликка айтган эди.

Бухоро вилоят, Пешкў туманидаги 17 та фермер хўжалиги "Aria Parts Servin Pergas" МЧЖ қўшма корхонаси ўрнатиб берган томчилатиб суғориш ускунаси шлангалари сифатсиз бўлгани учун ишламаган ва фермерлар ерларини бузиб, яна анъанавий суғориш тизимига мослаштиришга мажбур бўлган эди.

XS
SM
MD
LG