Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2024, Тошкент вақти: 11:45

АҚШ санкцияларига тушган қирғиз ширкатлари кимларга тегишли?


АҚШ санкциялар жорий этган қирғиз ширкатлари Бишкекда Украина уруши бошланганидан сўнг Қирғизистон ва Россия фуқаролари томонидан ташкил қилинган. Улар Россияга ҳарбий саноатда қўлланилиши мумкин бўлган микрочиплар ва бошқа технологияларни етказиб бериш билан шуғулланган. Бу мақолада АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган қирғиз ширкатлари тўғрисида тўлароқ маълумот берилади.

20 июлда Қўшма Штатлар Молия вазирлиги Қирғизистон билан Россиядаги ўнлаб компания ва 18 кишига санкция қўлланилганини эълон қилди.

Санкцияга тушган 120дан ортиқ компания орасида Қирғизистондаги RM Design and Development, “ГТМЕ Технологии”, “Прогресс лидер” ва “Карголайн” бор. Қўшма Штатлар улар билан ҳамкорлик қилган Россиядаги “Базис Трейд Прософт”, “Радиотехснаб”, “Регион-проф”, “Технологии, системи и комплекси”, “СиАйСи”ни ҳам санкция рўйхатига киритган.

“Қирғизистонда жойлашган ширкатлар электрон компонентлар ва бошқа технологияларни Россияга экспорт қилган. Улар етказиб берган маҳсулотларнинг айримлари Россиянинг мудофаа соҳасидаги ширкатларида фойдаланилган”, - дейилади расмий маълумотда.

Бунгача АҚШ Қирғизистондаги "Тро, Я" ширкатига ҳам санкция эълон қилган. Одатда "қора рўйхатга" киритилган компаниялар ҳалқаро даражада иш юрита олмайди ва Ғарб давлатларидаги ширкатлар билан ҳамкорлик қила олмайди. Бундай компанияларга хизмат кўрсатиш ҳам тақиқланади.

RM Design and Development компанияси

АҚШ молия вазирлигининг билдиришича, мазкур ширкат Россия Украинага бостириб кирганидан бир ой ўтмай – 2022 йилннинг 17 мартида Бишкекда ташкил қилинган.

Бу ширкат Россияга фуқаролик ва ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган товарларни жўнатиб келган. Улар орасида ярим ўтказгичлар, электрон интеграл схемалар ва конденсаторлар бор.

Қўшма Штатларнинг билдиришича, ушбу компания томонидан юборилган юкларнинг бир қисми Россия мудофаа саноати билан боғлиқ корхоналар қўлига тушган.

Озод Европа/Озодлик радиоси қирғиз хизмати июнда ўтказган журналистик суриштирувда RM Design And Development ўтган йилнинг апрель ойидан бери Ғарб томонидан санкция қилинган технологияларни Россиядаги “Микроприбор”, “Регион Проф”, “Басис Траде Прософт”, “Радиотехснаб” ва “Риберг” каби компанияларга юборган.

Фақатгина “РегионПроф” ўтган йилнинг апрелидан октябригача Бишкекдаги RM Design and Development компаниясидан камида 500 марта юк олган. Улар орасида АҚШдаги Atmel микроконтроллерлари ёки электрон жиҳозларни бошқариш учун зарур бўлган микросхемалар бўлган. Айнан шу Atmel компанияси микросхемалари Украина шаҳар ва қишлоқларини нишонга олган Россия ҳарбий техникаси, жумладан, жанговар вертолётлар, дронлар ва алоқа тизимларида топилган.

Илгари “Регион-Проф” Россия армияси ва давлат хавфсизлик хизматлари учун хавфсиз алоқа технологияларини ишлаб чиққан Пенза электротехника илмий-тадқиқот институтига электрон ускуналар етказиб берган. Пензадаги ушбу институт ҳам Европа Иттифоқи, ҳам АҚШ томонидан санкцияларга учраган.

“Регион-Проф” Озодликнинг қирғиз хизматига йўллаган мактубида Россия армиясини ҳеч қандай маҳсулот билан таъминламаслигини маълум қилган. Бу компания, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари Ғарб санкцияларига қўшилмаганини эслатган.

Адлия вазирлигининг расмий реестрига кўра, Россияга маҳсулот жўнатувчи RM Design And Development компанияси Бишкек шаҳридаги Чингиз Айтматов шоҳ кўчаси, 303-уй ёки Бишкек Эркин иқтисодий зонасида рўйхатга олинган. Расмий ҳужжатда RM Design And Development компанияси раҳбари ва асосчиси сифатида Қирғизистон фуқароси Шакир Рашидович Маров кўрсатилган.

Маров ўз вақтида маҳаллий пейнтбол клубини бошқарган. Очиқ манбалар Маровнинг Бишкекдаги тадбиркор Антон Рипп оиласи билан алоқадорлигини кўрсатмоқда. Ўтган йили Рипп бошчилигидаги Москвадаги Риберг компанияси ҳам RM Design And Development ишхонасидан электрон маҳсулотларни импорт қилган.

Озодлик радиоси журналистлари Маровдан Россияга жўнатилаётган товарлар ҳақида изоҳ сўрашганда, у журналистларни ўз ўринбосари Иван Плутицкийга мурожаат қилишни сўраган. Плутицкий RM Design And Development компаниясининг Россияга экспорти ҳақида изоҳ беришдан бош тортган ва улар "кичкина компания" эканини айтган. Бу суҳбатдан кейин компаниянинг веб сайти ишламай қолган.

Антон Рипп “Озодлик"ка Россиядаги Риберг компаниясини анча олдин сотганини билдирган. Бироқ, у RM Design and Development билан тахмин қилинган муносабатлар ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирган.

“ГТМЕ Технологии” ёпиқ ҳиссадорлик жамияти

Ўтган йилнинг 28 июнида Бишкек шаҳрида ташкил этилган. Адлия вазирлигининг расмий реестрида қирғизистонлик ҳуқуқшунос Наргиза Марселева компания асосчиси ва директори сифатида қайд этилган.

"Озод Европа / Озодлик" радиоси томонидан ўрганилган ImportGenius, Sinoimex маълумот базаларидан олинган ва C4АДС ташкилоти томонидан тўпланган савдо ва божхона ҳужжатларига кўра, "ГТМЕ Технологии" Texas Instruments, Analog Devices, Infineon, Microchip каби бир қанча Ғарб компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган микросхемалар, диодлар ва бошқа электрон жиҳозларни Россиядаги “Технологии, Системи и комплекси” компаниясига юборган. Бу АҚШ Молия вазирлигининг 20 июлдаги баёнотида ҳам кўрсатилади.

Журналистлар “Технологии, Системи и комплекси” компаниясининг Россия давлат корхоналари ёки мудофаа соҳасида фаолият юритувчи компаниялар билан алоқасини очиқ манбаларда топа олмади.

Бу ширкат билан ҳамкорлик қилувчи “ГТМЕ Технологии”нинг Бишкекдаги манзили “Фатьянов кўчаси, 43 уй” да экани қайд этилади.

Адлия вазирлиги расмий реестрида 2022 йил баҳоридан шу кунгача мазкур манзилда юздан ортиқ корхона янгидан рўйхатдан ўтказилгани, айримлари эса қайта рўйхатдан ўтказилганини кўрсатди. Расмий маъумотларда, компанияларнинг аксарияти улгуржи савдо билан шуғулланиши, чет эл фуқаролари иштироки ҳам борлиги айтилади. Бундан ташқари, янги ташкил этилган компаниянинг директорлари ёки таъсисчиларининг исмлари россиялик тадбиркорларнинг исмлари билан мос келишини кўриш мумкин.

“Фатянов кўчаси, 43-уй”да рўйхатдан ўтган қатор компанияларнинг алоқа рақами сифатида бир телефон номери кўрсатилган. Бу рақам Қирғизистон орқали Россияга Ғарб технологияларини жўнатувчи “ГТМЕ Технологии” компанияси асосчиси ва директори Наргиза Марселевага тегишли. "Озод Европа / Озодлик" радиоси июнь ойидаги суриштирувида Марселевадан “ГТМЕ Технологии” ширкати россиялик тадбиркорлар билан нақадар боғлиқлигини сўраган эди.

“Бизда сизнинг тахминларингиз ва саволларингизни шарҳлаш ёки рад этиш имконияти йўқ. Чунки корхонанинг тижорат ва маркетинг фаолияти билан боғлиқ маълумотлар, жумладан, маълум бир корхона бизнинг мижозимиз ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотлар тижорат сири ҳисобланади”, — деган эди Марселева.

Марселева Қирғизистонда компанияларни рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланаётганини қўшимча қилди. Журналистлар у билан учрашганида, у “ГТМЕ Технологии” ҳеч қандай қонунбузарлик қилмагани, солиқ тўлагани ва қонун доирасида ишлаётганини айтганди.

“Прогресс лидер” очиқ акциядорлик жамият

Ширкат 2022 йил 25 март куни Бишкек шаҳрида очилган. Унинг директори ва таъсисчиси сифатида Татьяна Григорьевна Иванова кўрсатилган. АҚШ Молия вазирлиги ва очиқ манбаларга кўра, Татьяна Иванова Россия фуқароси. Шунингдек, у Россияда электроника ва оптик ускуналар ва компютерлар савдоси билан шуғулланувчи “СиАйСи” компаниясига эгалик қилади.

ImportGenius маълумотлар базасига кўра, ўтган йили Татяна Иванова Бишкекдаги “Прогресс лидер” компанияси орқали Россиянинг “СиАйСи” компаниясига камида ўн марта товар юборган. Ушбу юклар орасида Ғарб мамлакатлари огоҳлантириб келаётган технологиялар, жумладан, микросхемаларни ўчирадиган ва ёқадиган ёки ҳимоя қиладиган қурилмалар ҳам бор.

Қирғизистон ҳукуматининг бюджет портали “Прогресс лидер” учинчи давлатлардан товарлар олиб келиши ва улар учун солиқ тўлашини кўрсатади. Бу компания Озодлик радиоси қирғиз хизмати сўровига ҳозирча изоҳ бермади.

“Карголайн” масъулияти чекланган жамият

АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Қирғизистондаги “Карголайн” масъулияти чекланган жамияти Россияга хорижда ишлаб чиқарилган миллионлаб долларлик авиатехника эҳтиёт қисмларини жўнатган. Ушбу маҳсулотларнинг бир қисми АҚШ чекловларига дуч келган авиакомпанияларга йўлланган.

Қирғизистон Адлия вазирлигининг расмий реестридаги маълумотларга асосан, “Карголайн” компанияси 2022 йил 25 мартда Бишкек шаҳрида ташкил этилган. Унинг раҳбари ва асосчиси сифатида Азамат Муканбетович Алкадиров исмли Қирғизистон фуқароси кўрсатилган. “Карголайн” АҚШ санкциялари юзасидан изоҳ бермади.

Уруш бошлангандан бери Қозоғистон ва Қирғизистондан Россияга Ғарб технология гигантлари томонидан ишлаб чиқарилган электроника маҳсулотлар экспорти кескин ошди. Россия Украинада ишлатаётган қуроллардан ‘Теxas Instruments’ ва ‘Аnalog Devices’ компанияларига тегишли компонентлар топилган.

Европа Иттифоқи расмийлари Қирғизистон ва Қозоғистонга расмий ташрифлар чоғида бу масалани муҳокама қилиб, иккиламчи санкцияларни қўллаш эҳтимоли борлигидан огоҳлантирганди.

Қирғизистон 2021 йилгача самолёт, вертолёт ёки дронлар учун эҳтиёт қисмларини импорт ҳам экспорт ҳам қилмаган. Аммо 2022 йилда қирғиз фирмалари АҚШ дан 3,5 миллион долларлик бу турдаги маҳсулотларни импорт қилган ҳамда Россияга 1,5 миллион долларлик экспортни амалга оширган.

Форум

XS
SM
MD
LG