Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2019, Тошкент вақти: 14:17

Уйидан қочган саудиялик опа-сингил Грузия паспорти билан учинчи мамлакатга йўл олди


Твиттерга жойланган қисқа видеотасвирда опа-сингил тарафдорларига миннатдорлик билдириб, Грузия паспортларини намойиш қилди.

Юртига қайтса, ўлдирилишидан қўрқаётганини айтиб, Грузияга қочиб келган саудиялик опа-сингил ушбу мамлакат паспортларини олганини ва энди бошқа мамлакатга кетаётганини маълум қилди.

7 май куни Твиттерга видеотасвир қўйган опа-сингил 25 яшар Вафо ас-Субайе билан 28 яшар Маҳо ас-Субайе тарафдорларига миннатдорлик билдириб, Грузия паспортларини намойиш қилди.

Улар қаерга кетаётганини айтмади.

“Биз Грузиядан кетаётганимизни ошкор қилишдан ҳаяжондамиз. Бошқа мамлакатда янги ҳаёт бошлаш учун йўл оляпмиз. Ким бизни бу ерда ёки чет элларда қўллаган бўлса, ташаккур айтамиз. Петициямизга қўл қўйган ҳар бир кишига бошимиз ерга теккунча таъзим қиламиз”, деб ёзди улар постида.

Видеотасвир Грузия аэропортида олингани тахмин қилинмоқда.

Грузия ҳокимият идораларидан ушбу баёнот юзасидан ўша заҳотиёқ изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Ўтган ойда ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраб мурожаат қилган опа-сингил Саудия Арабистони ватандошлари билан боғлиқ сўнгги ҳодиса иштирокчилари бўлди. Кейинги пайтларда асосан аёллар қиролликдан чиқиб кетгач, ёрдам сўраб, жаҳон жамоатчилигига мурожаат қилмоқда.

8 апрелда опа-сингил Грузияни танлагани сабаби ушбу мамлакатга кириш учун саудияликларга виза талаб қилинмаслиги бўлганини айтди.

‒ Биз Грузияда ҳеч кимни танимаймиз. Бу ерга виза талаб қилинмагани учун келишга қарор қилдик... Бошқа чорамиз қолмаган эди, ‒ деди опа-сингил.

Қизларнинг БМТга “хавфсиз учинчи мамлакат”дан бошпана беришни сўраб ёзган ва Change.org вебсайтида эълон қилинган аризасини 40 мингдан ошиқ киши қўллаб-қувватлади.

Январда оиласидан қочиб кетиш учун Таиланд аэропортидаги меҳмонхонага яшириниб олган саудиялик ўсмир қиз Канададан бошпана олишга эришган эди.

Март ойида саудиялик 18 ва 20 яшар опа-сингил Ҳонгконгда гуманитар виза олгандан сўнг учинчи мамлакатга чиқиб кетган эди. Уларнинг қочиб кетишга урнишига сабаб оиласидаги зўравонлик бўлган экан.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG