Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2022, Тошкент вақти: 14:15

Сенат ялпи мажлисидан жонли кўрсатув узиб қўйилди


Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати биноси.

UzReport телеканалининг Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг мажлисларидан тўғридан-тўғри олиб бераётган кўрсатувлари 28 апрел куни бошланганидан сўнг 8 дақиқа ўтиб тўхтатилди.

Жонли кўрсатувларнинг қачон қайта тикланиши номаълум.

Бу Ўзбекистон расмий идораларидан олиб бериладиган сўнгги ягона жонли телекўрсатув бўлган .

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати хабар қилганидек, бу йиғилишда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновларнинг сенаторлар олдидаги ҳисоботи тингланиши керак эди.

Бу мулозимларнинг ҳисоботи қандай ўтди, сенаторлар уларга қандай саволлар берди, бу томони қоронғи қолди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати бу борада сукут сақламоқда.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси 2022 йил 28 апрель куни чақирилди.

Мажлис кун тартибида бир қанча муҳим масалалар билан бирга сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг фермер хўжаликлари фаолияти кафолатларини таъминлаш ҳолати юзасидан ахборотини, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар ҳақидаги ҳисоботини ҳам эшитиш назарда тутилган эди.

Мажлис UzReport телеканали орқали жонли эфирда ёйинланди.

Аммо, орадан 8 минут ўтганидан сўнг, жонли эфир тақа-тақ узилиб, телеканал бошқа кўрсатувларга ўтиб кетди.

Бу узилиш Шуҳрат Ғаниев ёки Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ҳисоботлари билан боғлиқми ёки йўқ, бу ҳақда Озодликда маълумот йўқ.

Олий Мажлис Сенати мажлисларини доим жонли кузатиб келган ўзбекистонликлар бу имкониятдан маҳрум бўлдилар.

Ўзбекистонлик журналист ва блогерларнинг ёзишича, Сенат мажлисининг жонли кўрсатуви узилиши илк марта содир бўлмоқда.

Бундан аввал 17 март куни Сенатнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Ташқи ишлар собиқ вазири Абдулазиз Комилов Украина суверенитетини тан олиб, ЛХР, ДХРларни тан олмаслиги ҳақида тарихий баёнот берган эди. Бу жонли эфирда кетган.

Бу баёнот Россия ҳукумати томонидан ғазаб билан кутиб олинди. Журналистлар фикрича, жонли эфирнинг йўқ қилинишига шу ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос, Хушнуд Худойбердиев ўзининг Телеграм каналидаги саҳифасида бу ҳақда шундай фикр қолдирди:

“Сенат ҳам, Қонунчилик палатаси ҳам ўз йиғилишларини жонли эфирда кўрсатишни тўхтатибди.

Ваҳоланки, Президент фармонида МТРК ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йил 1 декабрдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминлаш вазифаси юклатилган эди.

Энди бундан буён сенаторлар ва депутатларнинг муҳокамалари кенг жамоатчиликнинг кўзидан йироқ, ёпиқ эшиклар ортида ўтадими?”

Таниқли ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакировнинг Телеграм каналида ёзишича, 28 апрель куни Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳисоботлари эшитилиши кўзда тутилган эди:

“Лекин Танзила Нарбаева Сенат раиси бўлгандан буён бугун биринчи марта ялпи мажлислар жонли эфири амалга оширилиши тўхтатилди.

Айтиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари жонли эфирда узатилиши - бу Президент фармони талаби ҳам. Бундан буёғига Қонунлар, қарорлар ва фармонларнинг очиқчасига бузилишига секин-аста ўзимизни кўниктириб боришимизга тўғри келадиганга ўхшайди.

Комиловнинг ўша машҳур тарихий чиқишидан кейин аввал Парламентнинг қуйи палатасида, мана энди Сенатда ҳам жонли эфирлар тақа-тақ тўхтади”.

Исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик блогерлардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда эркин сўзга, эркин фикрлашга бўлган таъқиб кундан-кун кучайиб бормоқда:

“Биз ҳам нима бўлаётганини тушунмай қоляпмиз. Блогерлар қамаляпти, Украина темасини ёзма деган босимлар кучаймоқда. Ўзбекистонда фақат Самарқанд вилоятида ҳокимлик мажлислари жонли ёритиб келинади. Бошқа вилоятларда йўқ. Парламентдаги жонли кўрсатувни ҳам ёпишган эди, мана охирги жонли кўрсатув, Сенат мажлислари ҳам узилди. Ўзи нима қолди, ҳамма ёқ ёпиляпти. Президентнинг фармони бажарилмаяпти, президент институти обрўси тушиб кетяпти”.

Исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермерлардан бири, жонли эфирда Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг ҳисоботини жуда эшитгиси келганини, лекин эфир узилиб қўйилганини айтади:

“Шуҳрат Ғаниев жаноблари фермер хўжаликлари фаолияти кафолатларини таъминлаш ҳолати юзасидан ахборотини жуда эшитгим келган эди. Қани бу ҳақда нима деркин, сенаторлардан бирортаси нега фермерлар сиздан норози, нега уларни президент фармонига зид равишда кластерга қарам қилиб қўяяпсиз, деган саволни берармикин деб кутган эдим. Аслида, бизнинг сенаторлардан бундай саволни кутиш, бўрининг кўксидан сут сўрагандай гап. Бир мен эмас, минглаб фермер кутди. Лекин унинг нима дегани Сенат биноси ичида қолиб кетди”.

Озодлик кун давомида Олий Мажлис Сенатининг сайтида кўрсатилган ягона телефонига қўнғироқ қилди, аммо гўшакни ҳеч ким кўтармади. Матбуот хизмати билан қандай алоқа қилиш ҳам Сенат сайтида кўрсатилмаган.

UzReport телеканалининг сайтида кўрсатилган телефонлари ҳам Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Наманганлик мустақил журналист Носир Зокир фикрича, гарчи Ўзбекистондаги парламент демократик тамойиллардан узоқ бўлса-да, унинг мажлисларини жонли намойиш қилишдан бироз фойда бўларди:

“Мен эшитган гапларга кўра, жонли эфирнинг узиб қўйилишига иккита катта амалдорнинг ҳисоботи сабаб бўлган. Мен Сенат ялпи мажлисларининг ҳар биттасини ўтказмай кўрар эдим. Депутат ва сенаторларимизнинг эркин фикр айтиш даражасининг қандай эканлигини ўзимиз биламиз. Лекин, ҳар ҳолда тўғридан тўғри олиб берилиши уларга масъулият юклайди, майли улар демократ бўлмасин, майли ўша ерда икки оғиз эркинроқ гап гапирилиб қолсин. Шу ҳам озгина халққа фойда бўларди”.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG