Линклар

18 декабр 2017, Тошкент вақти: 12:12

Камбағаллар учун Сергелида қурилган уйлар бойларга тегди. Прокуратура текширув бошлади


17 ноябрь куни президентга топширилган Сергелидаги янги уйлар.

Пойтахтнинг Сергели туманида президент топшириғига мувофиқ кам таъминланган оилалар учун махсус қурилган уйлар турли алдов схемалари орқали бу имтиëзли уйларга ҳаққи бўлмаганларга берилган. Бу ҳақдаги шикоятлар президентга етиб бориши ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси Сергелидаги уйларнинг кимларга ажратилгани¸ қандай ажратилгани бўйича махсус текширув бошлаган.

Комиссиялар ишини яна бир махсус комиссия текширмоқда

Бу ҳақда Озодликка Тошкент шаҳар ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги бир-биридан мустақил бир неча мулозим хабар берди.

“17 ноябрь куни президент Мирзиëев Сергелида қурилаëтган уйларни очишга борди. Шунда унга кимдир бу уйлар камбағаллар қолиб¸ пулдор ва амалдорларга берилди¸ деб шикоят қилипти. Шу жойнинг ўзида президент бу масалани текширишга буйруқ берипти. Бош прокуратурада дарҳол махсус комиссия тузилган¸ унда солиқчилар¸ ҳокимият вакиллари ва ички ишлардан мутахассислар бор. Ҳозир ялпи текширув кетаяпти”¸ деди Озодликка шахси сир қолиши билан гапирган расмийлардан бири.

Ўзининг бу комиссия ишида бевосита қатнашмаëтганини таъкидлаган бу мулозим¸ махсус мезонлар асосида тарқатилиши белгиланган Сергелидаги арзон уйларнинг амалдор ва пулдор тадбиркорларга берилишида чигал схемалар қўлланилганини айтди.

“Бу уйлардан олишнинг ҳукумат ишлаб чиққан тартиби бор. Бу уйлар номида уйи йўқ¸ ëки жон бошига белгиланган нормадан кичик квадратурада яшаëтганларга¸ даромади кичик бўлганларга имтиëзли ипотека кредити асосида берилиши керак. Айримлар ҳужжатларни рисоладагидай кўрсатиш учун¸ номи бор¸ ўзи йўқ ширкатлардан справка олиб келган¸ солиқчилар банкка топширилган иш жойидан берилган аризаларни текширса¸ унақа ширкатлар ë аллақачон йўқ бўп кетган¸ ë бир кунга очилиб¸ амалда ҳеч қачон ишламаган бўлиб чиқаяпти. Ҳовли-жойи бор одам уйсиз¸ Тошкентда пропискаси йўқ одам¸ пропискалик бўлиб¸ уй олган. Анча айланма схемаларни ишлатилган. Бирма-бир кўрилаяпти шулар”¸ дейди текширув тафсилотларидан билвосита хабардор ҳокимият мулозимларидан бири.

Аҳолига тушунтириш берилади...

Тошкент шаҳрининг 24 ноябрь куни Озодлик мухбири гаплашган тўртта туман ҳокимлиги масъуллари бундай текширув бораëтганини тасдиқлади. Айни пайтда¸ текширувга Мирзиëевга 17 ноябрь куни бевосита қилинган шикоят сабаб бўлганини аниқ тасдиқлай олмасликларини айтдилар.

“Генпрокуратура бир ҳафтача бўлди¸ текширув бошлади. Шикоят бўлган. Порталга ëзишган шекилли¸ аниқ билмайман. Бизнинг райондан ажратилган ҳар битта квартиранинг кимга берилганини ўрганиб чиқиб¸ 100 фоиз тўғри¸ деб кетишди. Ҳозир бошқа районларда ҳам кетаяпти. Уларнинг қандай ëпилганини билмайман”¸ деди Олмазор туман ҳокимлиги вакили.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Озодлик боғланган расмийси ҳам Сергелидаги уйлар бўйича Бош прокуратура махсус текширув бошлаганини тасдиқлай туриб¸ бу жараëн бўйича жамоатчиликка тушунтириш берилишини қўшимча қилди.

“Кечагина Тажиев Асом (ҳокимлик вакили) ака билан Генпландаги Одилжон ака Ўзбекистон миллий телекомпаниясига бориб¸ шу масала бўйича мулоқот ўтказиб келишди. Ҳамма тушунтириш ишларини олиб боришди. Мулоқот ëзиб олинган¸ қачон кўрсатилади билмайман. Нима дейишганидан ҳам хабарим йўқ”¸ деди шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган вакили 24 ноябрь куни.

Икки боласи билан подъездларда тунаган аëлга Сергелидан уй тегмади

Президентнинг уйлик бўлиш қўл етмас орзу бўлиб келган Тошкентдаги қўли юпқаларга деб қурдирган уйларидан умидвор бўлганлардан бири 32 яшар Умида Шоюнусовадир. Саккиз йил аввал эридан ажрашганидан бери уйсиз қолаëтган бу ошпаз аëл Озодлик билан суҳбатда умидининг қайтиб умидсизликка айланганини айтади:

- Ота-онам ўлиб кетишган. Икки болам билан ман¸ яна укам хотини ва боласи билан жами 11 одам опамнинг Юнусободнинг 14-кварталидаги 24-уйнинг 64 кв. метрлик 34-квартирасида яшаймиз. Кунора жанжал¸ поччам безор бўлиб¸ ҳайдайди¸ баъзида болаларим билан подъездларда ҳам ëтдим. Совуқда борадиган жойим йўқлигидан яна қайтиб келдим. Президентимизга ишониб¸ уй олиш учун Юнусобод ҳокимлигига мурожаат қилдим. Ҳамма томондан тўғри келдим¸ уй бериш ҳақида приказ чиқаришди ҳам. Лекин икки хоналик уй учун 30 миллион 300 минг сўмлик биринчи бадал тўлайсиз¸ дейишди. Шуни тўлолмадим¸ уйни беришмади. Ҳамма жойга мурожаат қилдим¸ ойма-ой тўлашни бир амаллайман¸ лекин биринчи тўловга пулим йўқ¸ деб худони зорини қилдим. Йўқ¸ президентнинг уйиниям пули бор олади¸ дейишди. Пешонамга уй битмаган экан¸ менга тегмади¸ дейди Умида Шоюнусова.

Сергелидаги уйлардан ажратилган квартиралар учун тижорат банклари берадиган имтиëзли ипотека кредити¸ уй қийматининг 25 фоизи тўланганидан сўнг¸ 3 йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7% миқдоридаги фоиз ставкаси ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 20 йил муддатга расмийлаштирилади.

Умида Шоюнусованинг айтишича¸ ўзи каби уйга ниҳоятда муҳтож камбағаллар ана шу 25 фоизлик биринчи бадални тўлай олмаëтган бир пайтда¸ бу уйлар “шапкасини нақд берган” пули борларга теккан.

“Ҳокимиятга қанча қатнадим¸ ҳар хил одамларни кўрдим¸ эшитдим. Ҳовли-жойи¸ қўш-қўш машинаси бор тадбиркорлар “олиб қўйдик¸ турадида”¸ деб гапирганини эшитдим. Фалончи¸ деб аниқ айта олмайман¸ лекин уйларнинг анчаси амали¸ пули борларга теккани бор гап”¸ дейди Умида Шоюнусова.

"Шапкаси бор"

Бу Сергелидаги уйларни тақсимлаш ва олишдаги коррупцияга оид Озодликка келган ягона шикоят эмас.

2017 йилнинг март ойи бошида¸ бу уйларни тақсимлаш бўйича комиссия иш бошлаши билан¸ Озодликка бундай уйга даъвогарлардан бири мурожаат қилган эди.

Озодликка ўз шахси сир қолиш шарти билан гапирган Тошкентда яшовчи кам таъминланган оилалардан бири боқувчиси¸ Шайхонтоҳур туман ҳокимлигига ариза топширгани¸ бу аризани кўриб чиқишга масъул комиссия аъзоларидан бири аллақачон уй тегиши учун ўзига пора беришни сўраганини айтган эди.

Ҳокимликка ариза ташладим. Улар менга комиссия аъзолари уйингизга бориб текширади¸ ҳақиқатан уйга муҳтожлигингиз аниқланса¸ сизга уй ажратилади¸ дейишди. Ижобий жавоб кутаëтган эдим. Яқинда почтадан хат келди. Унда уйлар қурилиб-битиб¸ фойдаланишга топширилганидан сўнг¸ “оилангизга белгиланган тартибда таклиф этилишини туман ҳокимлиги маълум қилади”¸ деб ëзилган. Бунинг маъносини тушунмадим ва арзон уй тарқатиш бўйича комиссия аъзолигида ишлаëтган танишимнинг олдига бордим. У бизга очиқдан-очиқ бу уйларни кам таъминланган оилалар эмас¸“шапкасини тўлашга қурби етадиган” бойваччалар олаëтганини айтди. Менинг ўзим учта уй олаяпман¸ шапкасини берсангиз¸ шунинг биттасини сизларга бераман¸ деди. “Шапкаси бор-йўғи 3000 доллар”¸ деди. Биринчи тўлови 5000-6000 атрофида бўлади¸ деди. Умумий ҳисобда¸ уй тегиши учун қўлимда камида 8000-9000 доллар бўлиши керак экан. Шунча пулим бўлса¸ота-онамнинг домида сиқилиб яшамасдан¸ чеккароқдан бўлса ҳам бир хоналик уй олган бўлардим. Биринчи тўловни қарз қилиб бўлса ҳам¸ топарман¸ деб ўйлагандим. Шапкаси 3000 долларлигини эшитиб¸ ҳафсалам пир бўлди. Президентимиз шунча қаттиқ турганларида ҳам ҳокимиятдагилар камбағалларга қурилаëтган уйларнинг орқасидан ҳам пул қилишни бошлашипти. Бўлмаса¸ қандай қилиб битта комиссия аъзоси ўзига учта уй олаяпти?¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда йиллардан бери битта уйда тўртта оила бўлиб яшаëтганини айтган тошкентлик аризачилардан бири.

Мирзиëевнинг арзон уйлари

2016 йилнинг 25 сентябрь куни президент вазифасини вақтинча бажараëтган Шавкат Мирзиëев Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги эски уйларда яшовчилар билан учрашганида¸ уй-жойдан қийналиб яшаëтган пойтахтликларга 2022 йилга қадар Сергелида 500 та уй қуришни ваъда берган эди.

Бу ваъдадан кўп ўтмай 22 ноябрь куни Шавкат Мирзиëев «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” махсус қарор чиқарган ва шу қарор асосида Сергелида кам таъминланган оилалар учун 500 та кўп қаватли уй қуриш лойиҳаси бошланган эди.

“Мазкур уй-жойлар тақсимотида адолат мезонига қатъий риоя этилиши керак. Шунда халқимизнинг кайфияти яхши, ҳаётдан рози бўлади. Эртанги кунга ишончи ортади”¸ деган эди 2017 йилнинг 3 февраль куни бу уйлар қурилишини бориб кўрган президент Мирзиëев.

17 ноябрь куни бу уйларнинг қурилиши якунланган дастлабки 66 таси шахсан президентга тантана билан топширилди.

Бу тадбирдан кейин янги уйларни айланиб чиққан тошкентлик фаоллар¸ кам таъминланган оилаларга ваъда қилинган уйларни ўша куни ҳокимият ва МХХ каби идоралар ходимлари “уй соҳиби” сифатида эгаллаб ўтирганига гувоҳ бўлган эди.

Кузатувчиларга кўра¸ Сергелида қурилган янги уйлар нархи Тошкентнинг бошқа ҳудудларида қурилаëтган шу русумдаги янги уйларга нисбатан камида икки баравар арзондир.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG