Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 17:59

Sevimli TV “Чуқур” сериалини тўхтатди. Раҳбариятга отишма кўплиги ёқмагани айтилди


Sevimli TV канали Туркиянинг 16 ойдан бери намойиш қилинаётган “Чуқур” сериалини эфирга узатишни тўхтатди.

Телеканал ходимларига кўра, мутасаддилар сериалдаги жанговар саҳналар сабаб фильм намойишини тўхтатишга буйруқ берган.

Икки ой аввал ZO’R TV канали Туркиянинг “Севги изтироби” сериалини исломий ахлоқ нормаларига зид деган иддао билан эфирдан олган эди.

Бир неча кун аввал тўхтатилган “Чуқур” (Çukur) турк сериалини Sevimli TV бошқа намойиш қилмаслиги маълум бўлди.

Ушбу сериал Sevimli TV канали орқали 2018 йилнинг 13 июнидан бери намойиш қилинаётган эди. 1 йилу 4 ой ичида сериалнинг иккита мавсуми эфирга узатилди. Томошабинлар сериал 2-мавсумининг 57-қисмини томоша қилишга улгурди.

“Мен “Чуқур” сериали қўйилиши тарафдориман. Sevimli телеканалидан жуда-жуда қаттиқ норозиман”, дея ёзғирди сериал мухлисларидан бири Фейсбук тармоғи орқали.

29 октябрь куни Озодлик боғланган Sevimli TV каналининг ўзини таништирмаган ходими сериал намойишини “эфир сеткасини янгилаш” билан боғлади.

“Яқинда эфир сеткасида ўзгариш қилгандик. Шу сабаб ҳозир “Чуқур”га сеткада жой топа олмаяпмиз”, деди канал ходими.

Бироқ сериал томошабинларига кўра, Sevimli TV “Чуқур” сериали ўрнига 28 октябрдан бошлаб бошқа бир сериални эфирга узата бошлаган.

“Телеканал ходимлари алдаб келишмоқда. Кеча телефон қилсам, бир ходими Sevimli телеканали ҳозир “Чуқур” турк сериалини сотиб олишга пуллари йўқлигини айтди... Бошқа бир сериални сотиб олган телеканал (Наҳотки) шу “Чуқур” сериалини сотиб олиб, мухлислари учун эфирга бера олмаса”, дейди Фейсбук фойдаланувчиси @FarruxSoyipov‎.

Айни пайтда Sevimli TV каналининг ишдан ҳайдалиб кетишидан қўрқиб шахси очиқланмаслигини сўраган ходимига кўра, “Чуқур” сериалида жанговар саҳналар кўплиги унинг тўхтатилишига сабаб бўлган.

“Ўзим бошқа бўлимда ишлайман. Билишимча, сериалда отишма саҳналари кўплиги юқоридаги бошлиқлардан бирига ёқмаган. Шу сабаб сериални тўхтатиб қўйишган. Ҳозир телефон қилган томошабинларга, “Кутинг, бериб қолармиз”, деб алдаб туришибди. Кунига кўплаб қўнғироқлар бўлади. Ҳамманинг ҳам уйида Интернет йўқ, Ютуб орқали кўрса. Бир ярим йил давомида сериалга ўрганиб қолишган. Бирданига тўхтатиб қўйилиши томошабинларни хафа қилди”.

Sevimli TV “Ушбу сериални телеканалнинг энг муваффақиятли намойиши” дея эътироф этган Инстаграмдаги саҳифаси орқали.

Ay Yapım компанияси томонидан суратга олинган “Чуқур” сериали Туркиянинг Show TV канали орқали икки йилдан буён намойиш қилинмоқда. 29 октябрь куни Show TV ушбу сериалнинг 3-мавсуми, 7-қисмини эфирга узатади.

Криминал драма жанрида олинган ушбу сериал Туркиянинг ўзида ҳам катта қизиқиш билан томоша қилинаяпти. Сериалнинг бир мавсуми якунланган пайти #CUKURSEZONFİNALİ ҳештеги тармоқларда трендга чиққан.

Мазкур сериалда Истанбулнинг энг муаммоли Чуқур маҳалласини назорат қилувчи Кўчовали оиласи ҳақида ҳикоя қилинади. Оила маҳалланинг "мафия"си ва у наркотикларга қарши. Шу сабаб мафия ва наркотикфурушлар ўртасида келиб чиққан қуролли жанг саҳналари сериалнинг бир неча қисмида бор.

Сериаллар тақиқи

Уч ой аввал ZO’R TV канали турк киноижодкорлари суратга олган “Севги изтироби” сериали намойишини тўхтатиб қўйганди.

Айни сериал дастлаб 2018 йилнинг 16 февралида Бош вазир тарафидан тўхтатиб қўйилган эди. Иккинчи бор ҳам айнан бош вазир эътирози сабаб сериал тўхтатилгани айтилди.

Бош вазир танқидидан олдин сериалга овоз берган актёрларга нисбатан исломий сайт орқали таҳдид қилиниб, сериал исломий ахлоқ нормаларига зид экани иддао этилганди.

Ўзбекистонда намойиши иккинчи марта тўхтатилган “Севги изтироблари” фильми Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг Telegram каналида ҳам “тавқи лаънат” қилинган эди.

ZO’R TV канали намойиш қилган “Ҳовли” сериали ҳам кўплаб эътирозларга сабаб бўлганди.

Сериалнинг ижтимоий тармоқларда исломий ахлоқ нормаларига зид, дея танқид қилиниши ортидан телеканал сериал намойишини бошқа вақтга кўчирганди.

Шарҳларни кўринг (7)

XS
SM
MD
LG