Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:48

Президент қаҳрига энди банк раҳбарлари учради – оғзаки буйруқ билан уларнинг 5 ойлик маоши қайтиб олинди


"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида берилган аксар кредитлар кам таъминланган оилаларнинг ўз томорқасида чорвачилик билан шуғулланиши учун ажратилган.
"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида берилган аксар кредитлар кам таъминланган оилаларнинг ўз томорқасида чорвачилик билан шуғулланиши учун ажратилган.

Шавкат Мирзиëев 2 май куни "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури ижроси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида тижорат банклари раҳбарларининг 5 ойлик маошини “давлатга қайтариш”ни буюрди.

Президент ташаббуси билан ўтган йили бошланган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида аҳолига имтиëзли кредит ажратишни пайсалга солганликда айбланган банк сектори раҳбарлари шундай жазоланди.

2 май кунги буйруқ мазкур йиғилишнинг 13 май куни Озодликка нусхаси юборилган расмий баëнномасига киритилган.

2 май кунги видеоселектор йиғилишининг расмий баëнномаси нусхаси.
2 май кунги видеоселектор йиғилишининг расмий баëнномаси нусхаси.

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик бир неча ҳуқуқшунос¸ президентнинг бу буйруғини мамлакат Меҳнат қонунчилигига зид, деб баҳолади.

Озодлик президент қарор ва буйруқларининг қонунчиликка қанчалик мослигини экспертизадан ўтказадиган тизим мутахассисларидан бу иддаога ҳозирча жавоб олишга муваффақ бўла олмади.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури ижроси танқидий таҳлил қилинди”

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 2 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳақида шундай сарлавҳа билан маълумот тарқатди.

Унда ëзилишича¸ 2019 йил 7 мартда қабул қилинган президент қарори билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури учун мақсадли жамғармалардан қўшимча 5 триллион сўм маблағ йўналтирилган¸ тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда тижорат банклари орқали барча ҳудудларга 6 триллион 200 миллиард сўм ёки 700 миллион доллардан зиёд ресурслар ажратилган.

Президент Мирзиëев банк раҳбарларини жорий йилнинг март-апрель ойларида йиллик маблағнинг 19 фоизинигина аҳолига имтиëзли кредит сифатида бериб¸ қолганини “йил якунини кутиб¸ ушлаб ўтирганлик”да айблади.

“Кредитлар ажратиш ва ўзлаштиришни жадаллаштириш, секторлар раҳбарлари, тижорат банклари ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижроси жойларда мутлақо қониқарсиз ташкил этилган учун Республика комиссияси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Марказий банк ҳудудий бошқармалари раҳбарлари огоҳлантирилди”¸ дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Огоҳлантириш ва топшириқлар нимадан иборат?

Расмий маълумотда очиқланмаган бу саволга Озодликка юборилган видеоселектор йиғилиши баëнномасидан жавоб топиш мумкин.

Марказий банк раиси (Нурмуратов) республика тижорат банклари раҳбарларининг 5 ойлик иш ҳақини ҳамда Марказий банкнинг Андижон вилоят бўлими бошлиғининг 1 йиллик иш ҳақини давлатга қайтарилишини ҳамда ушбу маблағларнинг мақсадли равишда болалар уйига ўтказиб берилишини таъминласин”¸ дейилади нусхаси Озодликка юборилган йиғилиш баëнномасининг 2-бандида.

Озодлик гаплашган Ўзбекистондаги банк тизимининг бир неча мулозими бу баëнноманинг ҳақиқийлиги ва президентнинг видеоселекторда берган бу буйруғи ижроси устида иш бошланганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Марказий банки расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра¸ 2019 йилнинг 1 апрелига қадар ҳолатда мамлакатда 29 та тижорат банки рўйхатга олинган ва улардан 13 таси давлат улуши бўлган банклардир.

Баëнноманинг Озодлик кўрган қисмида¸ президент берган жазонинг мамлакатдаги барча 29 тижорат банки раҳбари¸ ëки фақат давлат улуши бўлган 13 тижорат банки бошлиғига тегишли экани аниқлаштирилмаган.

Озодлик 13 май куни Ўзбекистон Марказий банки Матбуот хизматидан бу баëннома юзасидан изоҳ олишга муваффақ бўла олмади.

“Президент буйруғи мамлакат қонунчилигига зид”ми?

2 май кунги йиғилиш баëнномасининг тижорат банклари раҳбарларининг 5 ойлик иш ҳақи¸ Марказий банкнинг Андижон вилоят бўлими бошлиғининг эса, бир йиллик маошини давлатга қайтаришга оид қисми¸ Озодлик гаплашган уч нафар адвокат айтишича¸ маъмурий қонунчиликка зиддир.

Президентни қонунни бузганлик учун танқид қилиш оқибатидан чўчиган бу ҳуқуқшунослар ўз шахслари очиқланмаслигини истадилар.

Бу баëнномада давлат улуши бўлган тижорат банки раҳбарлари назарда тутилаëтган бўлса¸ бу ҳолда давлат иш берувчи бўлади ва у меҳнат шартномасига амал қилмаган ходимларига интизомий жазо бериши мумкин. Лекин бу жазо¸ Меҳнат кодексига кўра¸ ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Президент битта оғзаки буйруқ билан уларнинг 5 ойлик¸ ҳатто 1 йиллик ойлигини қайтиб оласан¸ деяпти. Президент жаҳл устида шунақа жазо бериши мумкин¸ лекин бу жазо расмий баëнномага киритилишидан олдин ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак. Кимдир қўрқоқлик қилиб¸ президентга бу жазонинг қонунга зид эканини айтолмаган бўлса¸ бу қонун устуворлиги гаранти бўлган президент обрўсига зиëн етказади”¸ дейди Тошкентдаги йирик адвокатлик хизмати ҳуқуқшуноси.

Бу мавзу бўйича бир-биридан мустақил тарзда гапирган мутахассислар Меҳнат кодексининг 164-моддаси ва ундаги “иш берувчига етказилган зарарни қоплаш” қисмини тилга олдилар.

“Меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш” деб номланган бу модданинг 5-6-қисмида:

ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса; ушбу Кодекснинг 181-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган жаримани ундириш учун” ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади”, деб ëзилган.

Меҳнат кодекси 181-моддаси 2-бандида эса¸ “ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ҳайфсан ва ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима” солиш каби интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли¸ деб белгиланган.

Меҳнат кодексида ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан “иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим”¸ деб белгиланган.

Меҳнат кодексининг 201-моддасида “ходимнинг моддий жавобгарлиги чегараси “ўртача ойлик иш ҳақи миқдори доирасида” деб белгиланган.

Президентнинг тижорат банклари раҳбарларига берган жазосини шарҳлаган ҳуқуқшунослардан бири¸ “ҳозирда бизда қонундан кўра¸ селектордаги гап кучлироқ бўлиб қолган” дея афсус билдирди.

Президент ўтказган йиғилиш баëнномасининг қонунчиликка қанчалик мослигини ким текширади?

Озодлик бу саволга жавоб олиш мақсадида Адлия вазирлигининг Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси билан боғланди.

Бошқарма мулозими¸ ўз идорасининг номида кўрсатилган каби¸ фақат ҳукумат ҳужжатларининг қонунчиликка мос ëки мос эмаслигини экспертизадан ўтказиш билан шуғулланишини билдирди.

Бу расмийга кўра¸ президент ўтказадиган йиғилишлар баëнномаси – протоколини экспертизадан ўтказиш билан президент администрацияси юристлари шуғулланади.

Президент расмий сайтида на матбуот хизмати ва на юридик бўлим билан боғланиш учун ажратилган рақамлар берилмагани боис¸ Озодлик администрация ҳуқуқшуносларидан бу иддаога муносабат ола олмади.

Президент маъмурияти ҳуқуқшунослари¸ республикадаги камида 13 тижорат банки раҳбарининг 5 ойлик¸ Марказий банк бошқармаси раҳбарининг эса¸ бир йиллик иш ҳақини давлатга қайтариб олишнинг қонуний асоси ҳақида изоҳ берса¸ Озодлик уни эълон қилишга тайëр.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури нега ижро этилмади?

Бу дастур тажриба тариқасида 2018 баҳорида Андижонда бошланган ва ўшанда президентнинг андижонликларга 1 триллион сўмлик суперкредит ажратилгани айтилган эди.

Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 16 фоиз бўлган бир пайтда¸ президент "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида кам таъминланган оилаларга 17 миллион (2019 йили 20 миллион сўм – таҳр) сўмгача 3 ойлик имтиëзли давр билан 3 йилга 3 фоизлик кредит беришни буюрди.

Бу кредитларни кафолатга қўядиган ҳеч нарсаси йўқ камбағлларга ҳам бериш буюрилди. Президентнинг нияти яхшидир¸ лекин ҳар бир оилани тадбиркор қилиб бўлмайди. Бу кредитни олганларнинг кўпи¸ уни обналичка қилиб¸ ë Россияга билет олиб мардикорликка жўнаворди¸ ëки боласига тўй қилди. Кредитни қайтариш вақти бошланганда балога банкир қолди”¸ дейди вилоятлардан биридаги тижорат банки ходими.

Ўзбекистон банк тизими мулозимларидан яна бири¸ Тикланиш ва тараққиëт жамғармасидан бу дастур учун ажратилгани айтилган маблағларнинг тижорат банкларига вақтида берилмаганини¸ бунинг учун жавобгар Молия вазирлиги қолиб¸ президент бутун қаҳрини банк тизимига сочаëтганини билдирди.

XS
SM
MD
LG