Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:10

Ким Чен Ин Путин билан учрашиш учун Владивостокка келди


Ким Чен Ин Шимолий Корея пойтахти Пхеньян шаҳридан Владивостокка тахминан 700 километрлик масофани зирҳланган хусусий поездда босиб ўтди.
Ким Чен Ин Шимолий Корея пойтахти Пхеньян шаҳридан Владивостокка тахминан 700 километрлик масофани зирҳланган хусусий поездда босиб ўтди.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Россиянинг Узоқ Шарқдаги Владивосток шаҳрига поездда етиб келди. 25 апрелда у Россия президенти Владимир Путин билан учрашади.

Ким 24 апрелда эрталаб Хасан станцияси яқинида Россия чегарасини кесиб ўтди, ўша ерда рус халқ кийимларини кийиб олган қизлар уни гулдаста ҳамда анъанавий рус нон ва тузи билан кутиб олди.

Кимни рус расмийларидан ташқи ишлар вазири ўринбосари Игорь Моргулов, Россиянинг Шимолий Кореядаги элчиси Александр Мацегора, Узоқ Шарқ ва Арктикани ривожлантириш вазири Александр Козлов ва Приморье ўлкаси губернатори Олег Кожемяко кутиб олди.

ОАВнинг Приморье ўлкаси маъмуриятига иқтибосан хабар қилишича, Кимнинг “узоқ вақтдан бери” Россияга келиш нияти бўлган.

− Мен мамлакатга раҳбар бўлганимга 7 йил тўлди, лекин шу пайтгача Россияга келиш имконим бўлмади, − деган Ким.

Ким Шимолий Корея пойтахти Пхеньян шаҳридан Владивостокка тахминан 700 километрлик масофани зирҳланган хусусий поездда босиб ўтди. Унга ҳукумат аъзолари ва қуролли кучлар зобитлари ҳамроҳлик қилмоқда.

− 25 апрелдаги музокара чоғида асосий эътибор Корея ярим оролидаги ядро қуроли муаммосига сиёсий ва дипломатик ечим топишга қаратилади, − деди Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Ушаковга кўра, икки раҳбар кенг таркибдаги музокарадан олдин яккама-якка учрашади. Музокарада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам иштирок этади.

Россиянинг “РИА Новости” давлат ахборот агентлиги 23 апрелда икки раҳбар тез кунларда Владивостокда учрашиши, аммо бирор келишув ёки қўшма баёнотни имзолаш кутилмаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Учрашув АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Пхеньяндан Корея ярим оролидаги ядровий тангликни бартараф этиш бўйича битимга эришишни талаб қилаётган вақтга тўғри келмоқда.

Трамп билан Ким 2018 йил июни ва 2019 йил февралида ярим оролни ядро қуролидан холи ҳудуд қилишга оид битимга эриша олмаган эди.

Трамп маъмурияти учинчи саммит ўтказилиши мумкинлигини инкор этмаяпти, бироқ Шимолий Корея ҳукумати 18 апрелда Вашингтондан давлат котиби Майк Помпеони келгусида музокараларга қатнаштирмасликни талаб қилди.

АҚШнинг Шимолий Корея бўйича махсус вакили Стивен Бигун ўтган ҳафтада Россия ҳукумати вакиллари билан учрашиб, “Шимолий Кореяни ядро қуролидан тўлиқ холи ҳудуд қилиш” масаласини муҳокама қилган эди.

Март ойида Қўшма Штатлар Шимолий Кореяга ядро қуроллари дастури сабаб янги санкция жорий этди.

XS
SM
MD
LG