Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:51

Мирзиëев Ғаниев ҳақида: Вилоят ҳокимига баҳони ман бераман¸бошқа ҳеч ким баҳо беришга ҳаққи йўқ Ўзбекистонда! (АУДИО)


Озодликка юборилган аудиода Шавкат Мирзиëев Шуҳрат Ғаниевнинг энг садоқатли ҳокимлардан эканини қайта-қайта такрорлайди.
Озодликка юборилган аудиода Шавкат Мирзиëев Шуҳрат Ғаниевнинг энг садоқатли ҳокимлардан эканини қайта-қайта такрорлайди.

11 июнь куни Озодликка Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 3 июнь куни Тошкентда ўтказган видеоселектордан ëзиб олинган аудиоëзув тақдим этилди.

7 дақиқалик аудиода президентнинг Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва ўша куни (3 июнь ) Сўх туман ҳокими этиб тайинланган Сайидбаҳром Сайидмусаев билан қисқа мулоқоти ва уларга берган топшириқлари ëзилган.

Бир неча соатлик видеоселектордан ëзиб олинган бу қисқа парча¸ фарғоналиклар¸ айниқса¸ ўша кунлари сўхликлар норозилигига сабаб бўлиб¸ ана кетди-мана кетди бўлиб тургани тахмин этилган Шуҳрат Ғаниевнинг Шавкат Мирзиëевнинг “энг ишонган¸ энг садоқатли ҳокими” эканини тасдиқлайди.

Халқ тошбўрон қилган ҳоким шаънига президент билдирган мақтовлар

Озодликка маҳаллий мулозимлардан бири томонидан юборилган аудиоëзув¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида айтган мақтови билан бошланади.

Фарғона тажрибаси билан қайтиб келишим керак жума-шанба кунига. Шунинг учун тайëргарлик қилишим керак ҳамма соҳалар бўйича¸ Фарғона тажрибаси. (селекторда видеоалоқа орқали қатнашган Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга қарата – таҳр.) Сани тажрибанг жуда катта ва сани садоқатинг Фарғонага жуда катта¸ меҳнатинг жуда катта. Ана шуларни ҳаммасини инобатга олиб ¸ ҳозир ҳамма Бош вазир ўринбосарлари билан ўтириб Шуҳрат¸ яна бир марта ўйланглар. Мана эртага администрацияни раҳбариям боради¸ ҳамма боради. Ўзи ҳамма Фарғонада ҳозир. Лекин ман бир кунга чўзганим ¸ нимага чўздим¸ документларимиз пишиқроқ бўлсин¸ шу ўсиш нуқтасини ўзингни тажрибангдан келиб ¸ қайси ҳар бир районга алоҳида алоҳида қилиш нуқтаи назаридан чоралар кўришимиз керак”.

Президент Мирзиёев ва ҳоким Ғаниев иштирокида ўтказилган селектор аудиоси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:02 0:00
Бевосита линк


Шавкат Мирзиëевнинг бу мақтовларига “Хўп бўлади¸ тушундим¸ муҳтарам президент” деган гап билан жавоб қайтарган Ғаниев¸ (30 секундлик гапи давомида Ғаниев 6 марта муҳтарам президент дейди -таҳр.)¸ ўзбек-қирғиз чегарасида сув устида чиққан низодан кейин президентнинг Сўх туманига кўрсатган эътибори ортидан¸ Сўхда “қуëш ҳам бошқача чиққанини” айтади.

Аввало минг марта раҳмат. Шахсан ўзингиз¸ бутун ҳукуматимиз аъзоларини мана Сўх туманига жуда катта мана шундай ëрдам билан юбордиз муҳтарам президент. Сўх туманида очиғини айтишим керак¸ бугундан бошлаб бошқача қуëш чиқиб турипти¸ муҳтарам президент. Шунинг учун ман жуда қаттиқ тайëргарлик қиляпмиз. Албатта¸ ҳозир ўзимизга жуда катта чуқур хулоса қилганмиз¸ муҳтарам президент. Албатта¸ Фарғона вилоятига келганингизда мана шу тажрибаларимизни кўрсатамиз¸ муҳтарам президент Фарғоналиклар¸ албатта¸ яхши намуналарни кўрсатамиз¸ муҳтарам президент”.

Озодликка юборилган аудионинг бу гаплардан кейинги қисмида Мирзиëев Ғаниев¸ қолаверса бошқа вилоят ҳокимларига бирламчи вазифа “камбағалчиликни 100 фоиз қисқартириш¸ ишчи жойлари таъминлаш” эканини таъкидлайди.

3 июнь кунги видеоселектор йиғилиши ҳақида хабар берган президент матбуот хизмати¸ йиғилишнинг айнан “камбағалликни қисқартириш масалалари”га бағишланганини ëзди.

Президент: Қонун устувор¸ жазо муқаррар бўлади¸ ким бўлишидан қатъи назар. Ўзбекистон мана шундай давлат!

Расмий хабарда¸ 1 июнга ўтар кечаси Ўзбекистоннинг Сўх вилояти Чашма қишлоғидаги чегара ҳудудида чиққан жанжалдан икки кун ўтиб бўлган 3 июнь кунги видеоселекторда Сўхдаги вазият муҳокама қилингани ҳақида лом-мим дейилмаган.

Озодликка юборилган аудиода эса президент Мирзиëевнинг ўша куни (3 июнь) Халқ депутатлари Сўх туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими этиб тайинланган Сайидбаҳром Сайидмусаев билан видеоселектор давомида қилган мулоқоти¸ аниқроғи¸ монологи ëзилган.

Шавкат Мирзиëевнинг “ Қани Сўх туман ҳокимига сўз берай”¸ деган гапидан сўнг видеоалоқа орқали боғланган Сайидбаҳром Сайидмусаев “ муҳтарам президентга билдирилган ишонч учун раҳмат айтади¸ олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан¸ садоқат билан бажаришга” ваъда беради.

Шундан сўнг “ҳозирги шароитда ҳаммага ҳам ишониб бўлмаслигини” алоҳида таъкидлаган Мирзиëев¸ бунга қадар Сўх ИИБ раҳбари бўлиб ишлаган Сайидмусаевга қатор топшириқ беради.

Сиздан битта нарса талаб қилинади садоқат фақат¸ ватанга фидойилик. Ички ишлар ходими, солдатсиз. Солдат нуқтaи назаридан қаттиққўллик¸ тартиб¸ темир интизом. Қонун устувор¸ жазо муқаррар. Жазо муқаррарлигини ҳамма билиши керак¸ ким бўлишидан қатъи назар. Ўзбекистонда мана шундай қонун устувор бўлади ва жазо муқаррар бўлади. Ким¸ қандай¸ ман ҳаммасини барибир жой-жойига қўяман. Лекин халқимизни манфаатини¸ халқимизни ниятини¸ сўхликларни ниятларини жой-жойига қўйишда энди жуда катта ҳисса сизнинг командангизга боғлиқ. Ана шу команда бўлиб қаттиққўллик билан ишласа ¸ ҳамма ўзининг ўрнида бўлиши керак. Яна бир марта айтаман¸ қонун устувор¸ жазо муқаррар бўлади¸ ким бўлишидан қатъи назар. Ўзбекистон мана шундай давлат. У ҳалиги бекорчи гаплар кўтарилмайди¸ замон кўтармайди¸ ҳеч кимни ҳеч қачон. Ана шуларни инобатга олиб сизни зиммангизга бугундан бошлаб жуда катта масъулият¸ жуда катта жавобгарлик ва ана шу Сўх халқини олдида ватанимизни қандай севишингизни кўрсатишга имкон яратдик. Ана шу имконни мани ëрдамим билан ҳамма ижро органи раҳбарлари ўзингиз кўрдингиз ¸ Сўх тарихида бундақа бўлгани йўқ.

Бугунги мажлисга ўхшаб сессияни ҳар бир гапини ман қулоқ солиб эшитиб турдим. Ҳамма одамларди гапиниям¸ цемент заводниям эшитдим ҳамма сўзга чиққанларни. Шу билан бирга битта нарсани билишларинг керакки¸ албатта¸ ҳамма нарсани биз қиламиз. Лекин битта нарса Сўхни халқини бирлаштириб¸ бир бўлиб¸ бир якдиллик билан битта¸ қўшниларимиз билан фақат муносабатимиз яхши бўлиши керак. Бизди қўшниларимиз улар¸ ким¸ қандай гапиришидан қатъий назар¸ қўшниларимиз билан дўстона муносабат бўлиб¸ бир эл бўлиб¸ борди-келди бўлиб¸ қуда-анда бўлиб яшаганмиз¸ шундай яшаймиз ҳам. Ана шуни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак Сўхдаям.”

Мирзиëев: Ғаниев ҳақида “ноинсоф билан гапирилаëтган” гаплардан хабарим бор!

Сўх туманининг янги ҳокими Мирзиëев монологига “Тушунарли муҳтарам президент¸ хўп бўлади муҳтарам президент” деб жавоб қайтарганидан сўнг президент¸ Ўзбекистонда энг кўп ва кескин мунозарага сабаб бўлиб келаëтган Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида гапиришга ўтади.

Мана вилоят ҳокимимизнинг тажрибасиям катта¸ садоқатиям катта¸ жуда катта меҳнат қилган одам бу. Ман вилоят ҳокимини биронта одамди ¸ мингта одам гапирсаям¸ ноинсоф билан гапирилаëтган¸ ман ўзим хулоса қиламан ва бурч¸ конституциявий бурч¸ ман вилоят ҳокимига баҳо бераман. Бошқа ҳеч ким баҳо беришга ҳаққи йўқ Ўзбекистонда. Ана шуни инобатга олиб¸ сиз ана шу вилоят ҳокимини тавсияси билан ҳоким бўляпсиз¸ мана шу нарсаларни ҳаммасини жой-жойига қўйишингиз керак”¸ дейди Сўх ҳокимига қарата гапирган Мирзиëев.

Ишдан олиниши сўралган ва кутилган ҳокимга янада кўпроқ ишонч?

Шавкат Мирзиëевнинг Шуҳрат Ғаниев шаънига қайта-қайта мақтов билдириши¸ унга баҳо беришга фақатгина ўзи ҳақли экани ҳақидаги баëноти¸ сўхликлар Ғаниевни тошбўрон қилиб¸ Бош вазир билан учрашувда унинг истеъфосини сўрашидан икки кун ўтиб янгради.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев нега Сўхда тошбўрон қилинди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:33 0:00

1 июнь куни қўшни қирғиз қишлоғидагилар билан сув устида жанжал чиққан ҳудудга борган Ғаниев¸ сўхликларни “Фарғонани бутун Ўзбекистонга шарманда қилганлар” деб ëзғирган¸ туманни харитадан буткул ўчириш¸ уни таъминотдан узиб¸ ëш йигитларини қамаш"билан таҳдид қилган эди.

Фарғоналиклар¸ хусусан¸ йиллардан бери изоляцияда яшашга маҳкум этилган сўхликлар орасида эътибори паст бўлган Ғаниевнинг¸ 1 июнь кунги можаро¸ ундаги салбий роли ортидан ҳокимликдан олиниши ҳақидаги тахминлар кучайган эди.

Айрим маҳаллий нашр ва блогерлар¸ халқ томонидан “Худоëрхон” деб аталадиган Ғаниев Мирзиëевнинг Фарғона сафари давомида ишдан олингани¸ унинг ўрнига Молия вазирининг ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров тайинлангани ҳақида хабар тарқатди.

5-6 июнь кунлари Мирзиëевнинг Фарғона сафари давомида Ғаниевнинг унга ҳамроҳлик қилаëтгани миллий телеканалларда намойиш этилиши ортидан бу хабарлар ўчириб ташланди.

Озодликка юборилган аудиоëзувда айтилган гапларидан Шавкат Мирзиëевнинг бундай эҳтимолни ҳатто кўриб ҳам чиқмагани ойдинлашади.

3 июнь кунги видеоселекторнинг беш соатдан ҳам кўпроққа чўзилганини ўзи тилга олган Мирзиëев¸ Озодликка юборилган аудиоëзув сўнггида Фарғона вилояти ҳокимига қарата:

Шуҳрат Мадаминович¸ эртадан кейин кўришамиз¸ яхши тайëргарлик қилгин”¸ дейди.

Шавкат Мирзиëевнинг келишига¸ афтидан “яхшилаб тайëргалик қилган” кўринади¸ Шуҳрат Ғаниев яна ҳокимликда қолди.

Халқни ҳақорат-президентдан узр – яна ҳақорат- яна узр – президентдан мукофот ва мақтовлар тарихи

2012 йилдан бери Фарғона вилоятига ҳокимлик қилаëтган 49 яшар Шуҳрат Ғаниев бундан олдин ҳам ўз баëнотлари билан маҳаллий халқ ғазаб ва эътирозларига сабаб бўлган¸ ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликларни жунбушга солган амалдордир.

Хусусан¸ 2018 йил январида 16 нафар тошлоқлик йигитнинг Россияга иш излаб кетаëтиб¸Қозоғистон ҳудудида автобус ичида тириклайин ëниб кетганига муносабат билдирган Ғаниев¸ бутун Тошлоқ аҳолисини “Фарғонани шарманда қилган ҳаромилар” деб атаган эди.

Ижтимоий тармоқда тарқаб¸ кенг норозилик уйғотган бу ҳақорати учун Ғаниев кечирим сўраган эмас.

Кўп ўтмай¸ Ғаниевнинг 2019 йил ëзида Риштон туманидаги аҳоли уй жойларини аëвсиз бузгани кескин норозиликларга сабаб бўлган эди.

Бу норозиликлар ортидан 3 август куни Мирзиëев Ғаниевни “фарғоналик валломат” ва “ўз сиëсатининг душмани” деб атаб¸ уни ишдан олиш билан таҳдид қилган эди. Эртасига бориб риштонликлардан видеоузр сўраган Ғаниев нафақат ўз лавозимида қолган¸ балки айни ой охирида президент Шавкат Мирзиëев томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.

Мукофотдан бир ойча ўтиб¸ Ғаниевнинг рўмолли аëллар шаънига билдирган ҳақоратлари аудиоси тарқаши ортидан¸ Ўзбекистон Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси 30 сентябрь куни ҳоким ва сенатор Шуҳрат Ғаниевга қатъий огоҳлантириш ва 3 ойлик синов муддати берган эди. Бу гал ҳам Ғаниев “президент ва Сенатдан узр сўраш” ортидан ўз вазифасида қолдирилган эди.

Бу воқеа ижтимоий тармоқлар¸ ўзбек блогосферасида Мирзиëевга яқин амалдорлар¸ хусусан¸ Шуҳрат Ғаниевнинг халқ норозилигига сабаб бўлган ҳатти-ҳаракатлардан битта узр сўраш билан жазосиз қолиши ҳақида мемлар тарқашига сабаб бўлган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG