Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:28

Сингапур институти рўмоллилар ўқишга қўйилмаганини қонуний, деб изоҳлади (ФОТО)


Институт эшигида осилган эълон, 27 сентябр, 2017 йил
Институт эшигида осилган эълон, 27 сентябр, 2017 йил

Сингапур Менежментни ривожлантириш институти маъмурияти ўзининг Ўзбекистондаги филиали - Тошкент Сингапур Менежментни ривожлантириш институти раҳбарияти талабалардан ҳижобни ечиш, рўмолини орқадан ўрашни талаб қилаётганини қонуний, деб баҳолади.

Озодликка берилган жавобда Ўзбекистонда қабул қилинган виждон эркинлигига оид қонуннинг 14- моддаси айнан келтирилган. Рўмол - диний либос эмас, деб баёнот берган Диний идора эса, қонуннинг мавҳум бу моддасига ҳануз ўзгартиш киритилмаганини билдирди.

Сингапурдан жавоб: Тақиқ - қонунга асосланган

Озодликнинг Тошкентдаги Сингапур Менежментни ривожлантириш институтида талабалардан ҳижобни ечиш, рўмолини орқадан ўраш талаб қилинаётганига изоҳ сўраб, ёзган хатига 28 сентябр куни билим даргоҳининг Сингапурдаги маъмуриятидан жавоб келди.

Институтнинг Халқаро алоқалар бўйича департаменти менежери Лайонэл Чнг йўллаган мактубда:

"Ўзбекистон республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар" тўғрисидаги қонунининг (янги таҳрир) 14-моддасида (5-банди) шундай дейилади: "Ўзбекистон Республикаси фуқароларига жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди (диний ташкилот ходимлари бундан мустано)". Бу сизнинг сўровингизга жавобдир", дейилади.

Қонуннинг айни моддаси бир ҳафтадирки Тошкентдаги институт деворида осиғлиқ тургани ҳамда бу институтда таҳсил олаётган 20га яқин талаба ҳижобини ечмагани, рўмолини орқадан ўрамагани боис, пули тўланган ўқишга қўйилмаётгани ҳақида Озодлик 27 сентябр куни хабар қилди.

Ректорат ҳаракатда: "Шанба куни рўмоллилар йиғилади"

Институтнинг биринчи босқичида контракт-тўлов асосида ўқишни бошлаган рўмолли талабанинг яқини ҳар куни эрталаб қиз таълим даргоҳи остонасидан қайтарилаётганини билдирди.

"Қизимиз неча кундан бери институт биносига киритилмаяпти, дарсга қўйилмаяпти. Рўмолини орқадан ўраб борди бугун, лекин ичидан бўйнини ёпган эди. Барибир қўйишмапти, бўйнини очиб юришни талаб қилишяпти энди. Қоровулхона эшигига "диний кийимда юриш мумкинмас" деган қонунни илиб қўйишибди", деб маълумот берди талабанинг яқини, исмини сир сақлаш шарти билан.

28 сентябр куни Озодлик яна бир бор институтдаги вазият билан қизиқди. Талабаларнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, таълим даргоҳи раҳбарияти рўмолли талабалар ва уларнинг ота-оналарини шанба куни йиғилишга чақирган.

Эълон: "Диний кийимда юриш мумкинмас"

Институт эшигига илинган эълонда эса, 1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар" тўғрисидаги қонуннинг 14-моддаси келтирилган. ​

Ушбу моддада: “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди”, дейилган.

Аммо, қонуннинг бу моддасида айтилган "ибодат либоси" жумласига аниқлама берилмаган. Яъни, Сингапур институти талабалари пули тўлаб қўйилган дарсларга киритилмаётганига асос қилиб келтирилаётган рўмол - диний либосми ёки йўқ - қонунда бу ҳақда аниқ айтилмаган.

Аммо, айни пайтда, институт талабаларига яна бир сабаб - рўмол ёки ҳижобнинг таълим даргоҳи ички тартибига зид экани ҳам айтилган. Бу сабабни келтирган масъул - Маънавият бўлимининг раҳбари Мансур Саримсоқов ҳам рўмол ва ҳижоб тақиқланганини инкор қилмади. Мухбир билан микрофонсиз суҳбатда: "Институтимиз раҳбариятига расман мурожаат қилинг, ўшанда расмий жавоб оласиз", деб жавоб берди. Озодлик расмий мактуб йўллади ва унга ҳануз жавоб кутмоқда.

Sof.uz: “Қўмитанинг баёноти ҳуқуқий кучга эга эмас"

Ушбу нашр 20 сентябр куни "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар" тўғрисидаги қонун ва ундаги "ибодат либоси" масаласини ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қиларкан, 2017 йил августида Дин ишлари бўйича қўмитанинг “ҳижоб ибодат либоси эмас, ҳижоб ўраш тақиқланмаган” деган баёнотини келтирди.

Бундан ташқари, нашр 15 август куни Миллий матбуот марказида ўтган анжуманда ҳам Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев: "Дин ишлари қўмитаси, мутасадди ташкилотлар, маслаҳатчи-экспертлар ҳам рўмолни ҳеч қачон диний либос сифатида эътироф этмаган. Агар рўмолни диний либос сифатида қаралаётган вазиятга дуч келсангиз, бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биз бу масалани кўриб чиқишга тайёрмиз", деган эди.

Аммо, қўмита вакилларининг баёноти ҳеч бир ҳуқуқий кучга эга эмаслигини қайд этган Sof.uz нашри юридик таҳлилида, бинобарин: "Pўмол қонун даражасида тақиқланган тақдирда ҳам мазкур қонун Конституция ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келади ва бундай қонунни зудлик билан бекор қилиш лозим бўлади", дея хулоса берилади.

Кутилмоқда: "Қонунга диний либос аниқламаси киритилади"

1998 йилдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг баҳс ва норозиликларга сабаб бўлиб қолаётган 14-моддасидаги “ибодат либоси” иборасига изоҳ берилмаган.

Қонуннинг шу моддасига шарҳ ёзилаётгани ҳақида эса 2013 йилда диний идора раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур маълумот берган эди.

Унга кўра, шарҳларда "рўмол, дўппи, махси-калиш, узун кўйлак ва шунга ўхшаш нарсалар - булар миллий либос тариқасида (ибодат либоси эмас) талқин қилинади".

27 сентябр куни қонунга ўзгартишлар тайёр бўлдими, деган саволга жавобан идора мулозими: "Бу масалада ҳануз бир янгилик йўқ, аммо тез орада ўзгариш бўлишига умид қилинмоқда", деб жавоб берди.

XS
SM
MD
LG