Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:53

“Бизни синдиришмоқчи”. Экспортчи корхона Экология қўмитасини “босқин”да айбламоқда


Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, маҳаллий экологлар чиқиндилар тури ва миқдорини жиддий хатоликлар билан ҳисоблаган.
Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, маҳаллий экологлар чиқиндилар тури ва миқдорини жиддий хатоликлар билан ҳисоблаган.

Шу йилнинг 20 август куни Гулистон туманлараро иқтисодий суди Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг “Mili Guliston textile” ширкатига қарши маҳкама даъвосини кўриб чиқишни бошлади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг маҳаллий бошқармаси вилоятдаги 5 та экспортёр корхонанинг бири бўлган “Mili Guliston textile”ни атроф-муҳитга зарар етказганликда айбламоқда.

2021 йил 17 июлдаги “Компенсация тўловларини ундириш ҳақида” ги даъво аризасига кўра, корхона табиатга ишлаб чиқариш жараёнида 226,3 миллион сўм зарар келтирган.

Корхона маъмурияти эса мазкур даъвони ишлаб чиқаришни синдириш, экспортёрларга нисбатан босим ҳамда “мамлакат ҳукумати сиёсатига саботаж” ўлароқ баҳоламоқда.

Маҳкама очиқ, унда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва иқтисодий можаронинг тарафлари иштирок этмоқда.

“Mili Guliston textile” - салоҳиятли экспортчи

“Mili Guliston textile” масъулияти чекланган жамияти тошкентлик тадбиркор Шавкат Жалилов томонидан таъсис этилган 5та ширкатдан бири. Унда пахта хомашёсидан иккиламчи маҳсулотлар тайёрланиб, Хитой, Покистон, Россия Федерацияси ва Туркияга экспорт қилинади.

Йиллик экспорт ҳажми 6 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган мазкур ширкат Сирдарё вилоятидаги 5-6 нафар турдош тадбиркорлик субъектларидан бири бўлиб, унинг вилоят ишлаб чиқаришидаги улуши ўзига хос.

Катта Тошкент-Термиз трактининг Сирдарё вилояти ҳудудидан ўтувчи қисмидаги мазкур корхона 2007 йилда ташландиқ бинолар комплексини сотиб олган. Қайта таъмирлаб, бир неча гектар майдонда ишлаб чиқаришни йўлга йўйган.

Президент елкасига 225 марта минишга лойиқ тадбиркор

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йили мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги мажлисларидан бирида икки нафар ватандошни иш билан таъминлаган тадбиркорни елкасида кўтариб юришга тайёрлигини билдирганди.

“Mili Guliston textile” маъсулияти чекланган жамиятида 450 нафар ишчи-хизматчи 4 сменада фаолият олиб боради. Маҳаллий шаҳар ва туманлардан ёллаган ишчилар иссиқ овқат ва умумий транспорт билан таъминланган.

Ширкат раҳбариятининг Озодликка айтишича, корхона яқин истиқболда ўз маблағлари ва кредит эвазига ишлаб чиқаришни бир неча баробарга оширмоқчи. Экспорт кўлами ва маҳсулот бозори кенгайтирилади.

“Даромадга кўз олайтирувчилар пайдо бўлди”

Тадбиркорлар Сирдарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси шу йилнинг 10-12 май кунлари “Mili Guliston textile”га текширув ниқобида ўзига хос “босқин” уюштирганини иддао қилмоқда.

Текширувчилар эса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.10.2018 йилдаги “Табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 820-сонли қарори талабларини бажариш мақсадида тафтиш бошлаганини айтади.

Бошқарма нозирлари ўтказилган мазкур текшириш жараёнида 2018-20 йиллар учун табиатга келтирилган зарар ва чиқиндилар учун компенсация ҳисоботларини тафтиш қилиб, корхонанинг атроф-муҳитга 226,3 миллион сўмлик зарар келтирганини айтишмоқда.

Экологлар иддаосича, “Mili Guliston textile” Гулистон шаҳар канализацияси тармоғига мамлакат ҳукумати томонидан белгиланган меъёрдан юқори заҳарли чиқиндилар чиқармоқда. Шунингдек, оқова сувлар ва маиший чиқиндилар миқдори ҳам юқори.

“Куракда турмайдиган” даъво

“Mili Guliston textile” маъмурияти иддаосича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорида табиатга чиқариладиган чиқиндиларнинг квалификацияси ва ўзига хос турлари аниқ-тиниқ кўрсатилган.

Масалан, пахта хом ашёсидан чиқадиган чиқиндилар нотоксик (заҳарсиз) чиқиндилар турига кириши ҳужжатда аниқ белгиланган. Экологлар эса меъёрий ҳужжатларни инобатга олмасдан чиқиндилар тури ва миқдорини жиддий хатоликлар билан ҳисоблаган.

“Оқова сув таркибини текшириш учун корхонамизнинг маиший ахлат тўпланадиган ҳовузларидан намуна олинган. Ҳолбуки, ўрнатилган тартиб-қоидага мувофиқ, намуналар корхона оқова сувларининг зовурларга қуйиладиган қисмидан олиниши керак. Чунки оқова сувлари бир неча босқичда фильтрланади”, дейди тадбиркор Шавкат Жалилов.

Корхона маъмуриятининг иддаосича, Сирдарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари президент сиёсатини саботаж қилиб, сохта айблов билан тадбиркорни синдириш пайида.

Судда раислик қилувчи судья Юлдашев Сирдарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакилларининг далолатномалари, меъёрий ҳужжатлар ва зарар кўламини белгилашдаги тушунмовчиликларни савол остига олди.

27 августга корхонада сайёр суд белгилади. Тарафларни воқеа жойида тўплаш, зарар кўламини белгилашда мутахассислар хулосасини олиш борасида ажрим чиқарди. Ишни кўриб чиқиш жараёнида аудио-видео ёзувларни амалга оширишга рухсат берди.

20 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда тадбиркорлар билан учрашди, худди шу куни Сирдарёда “Mili Guliston textile” устидан суд бошланди.
20 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда тадбиркорлар билан учрашди, худди шу куни Сирдарёда “Mili Guliston textile” устидан суд бошланди.

Ҳуқуқ фаоллари тадбиркор тарафда

Гулистон туманлараро иқтисодий судида тадбиркорлик субъектининг табиатга етказган зиёни борасидаги Сирдарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси даъво иши кўрилишида иштирок этаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари ишнинг тадбиркор фойдасига ҳал бўлишига умид қилмоқда.

Жамият фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Сирдарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари текширувлар жараёнида жиддий хатоликларга йўл қўйган. Хулосалар хомаки тасаввур ва тартибсиз ҳисоб-китобларга асосланган.

Ҳуқуқ фаоли тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётган пайтда “Mili Guliston textile” манфаатларига Президент ҳузуридаги Бизнес-Омбудсманнинг лоқайдлигидан таассуфда эканини айтади.

“Mili Guliston textile” эгаси хавотирда

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан яқин ўтмишда амалга оширилган рейдерлик ҳужумларини эсларкан, “Mili Guliston textile” ширкати таъсисчиси Шавкат Жалилов ўзининг тадбиркорлик фаолиятидан хавотирда эканини таъкидлайди.

Унинг таъсисчилигида Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятларида яна 4 та йирик ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд..

“Биргина экологларнинг гарданимизга шунча миллионлик ўлпонлар осганини бутун вилоят раҳбарияти кўриб турибди. Лекин ҳеч ким амалий ёрдам бермаяпти. Суднинг адолатли қарор чиқаришидан умид қилиб турибмиз, президентга ишонамиз”, дейди Шавкат Жалилов.

20 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда тадбиркорлар билан учрашди. 6 соат давом этган учрашув жараёнида президент тадбиркорларни шахсан қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Хусусан, солиқ ставкалари, кредитлар, субсидиялар ва ер билан таъминлаш борасида ислоҳотлар қилишини таъкидлади.

Худди шу куни Гулистон туманлараро иқтисодий суди табиатга етказилган зарар борасидаги Сирдарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг қарорини бажаришдан бош тортган тадбиркор ўртасида суд жараёни бошланди.

XS
SM
MD
LG