ҚЎҚОН. “Қўқон-1912” футбол жамоасининг мухлислари номидан ёзмоқдамиз. Севимли жамоамиз бугун ўз тарихидаги энг ёмон натижани қайд этмоқда.
Аввало, жамоанинг стадиони умуман талабга жавоб бермайди. Ҳатто чироқлар ишламайди. Раҳбарият эса бу ҳолни яшириш учун жамоанинг уй учрашувларини ёзнинг жазирамасида соат 17:00-18:00 да ўтказмоқда. Қаровсиз қолган майдон чими аянчли аҳволда. Стадиондаги ўриндиқлар ҳам эскириб-синиб кетган, ўтган асрдан қолган ёғоч ўриндиқларни кўриб ачинасиз.
Жамоа натижаларининг ёмонлашувига клуб ишчи-ходимларига ойлик иш ҳақининг ўз вақтида берилмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, билишимизча, Спирт заводи жамоага моддий кўмак бериб келмоқда. Ҳомий кўмаги, ўйинчилар трансфери ва ижарасидан тушаётган маблағлар қаерга кетмоқда? Бу борада раҳбарият очиқ-ошкора ҳисобот бермаяпти. Жамоа раҳбариятининг иқтидорли ёшларни яқинлаштирмасликка уриниши ҳам норозилик туғдирмоқда.
Биз – мухлислар, клуб раҳбари Бахтиёр Толипов жамоани ривожлантиришни эмас, шахсий манфаатини биринчи ўринга қўймоқда деб ҳисоблаймиз. Албатта, тегишли текширувлар фикримиз тўғри эканини исботлашига ишонамиз. Аҳвол шу тахлит давом этса, ўзбек футболи ватани ҳисобланган Қўқонда миллионлар ўйини таназзулга юз тутиши мумкин.
Яқинда ЎФАга президент этиб сайланган Абдусалом Азизов миллий футболдаги коррупцияни йўқотиш лозимлиги ҳақида гапирди. Биз “Қўқон-1912” жамоаси ҳам шубҳали ишлар барҳам топишига умид қиламиз”.
(Бу хабар Озодликка 30 июль куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|