ФАРҒОНА. “Мен – Зайнабхон Халилова, Фарғона шаҳри Бурҳониддин Марғилоний кўчаси 32/11-уйдан ёзмоқдаман. Икки йил олдин мен яшайдиган уйим “снос”га тушиб ўрнига кўп қаватли тураржой қуриладиган бўлди. Қўшни ҳовлидагиларни шаҳар четроғидаги кўп қаватли уйнинг 3-4-қаватига кўчиришди. Ёшим 70 ёшдан ўтгани ва соғлиғимдаги муаммолар сабаб кўп қаватли уйда яшашга розилик бермадим. Атрофимдаги ҳовлилар бузилиб қурилиш ишлари бошланган. Мана, бир ярим йилдан бери чанг-тўзон ва шовқин-сурон ичида яшаб келаман. Соғлиғим анча ёмонлашди, аммо шу пайтгача қурувчи билан келиша олмаяпман. Қурувчи янги қуриладиган кўп қаватли уйдан квартира ажратамиз деяпти. Менга эса ўша квартира нархига тенг компенсация пулини беринглар деяпман. Ортиқча пул йўқ, деб баҳона қилишяпти.
Яқинда президент порталига мурожаат қилдим, шаҳар ҳокими бу муаммони ҳал қилишга топшириқ берди. Лекин барибир ҳеч нарса ҳал бўлмади.
Уйим атрофи кавлаб ташланган, ёғингарчиликда уйимга кирадиган йўлдан юриб бўлмайди. Вазият шундай давом этса, қишни ҳам шундай нобоп ҳолатда ўтказишга тўғри келади. Мутасадди ташкилотлардан уй масаласини қиш бошланмасдан ҳал қилиб беришларини сўрайман”.
(Бу хабар Озодликка 26 сентябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|