Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2021, Тошкент вақти: 23:26

Собиқ мулозим Мирзиёевдан Каримов давридаги валюта жиноятларини текширишни сўрамоқда


Шу йил бошида президент Мирзиёев Бош прокуратурага мамлакатдаги коррупцияга "ташхис қўйиш" вазифасини тоширган.

Тошкент шаҳар прокуратураси қошидаги Солиқ, валюта ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти бошлиғининг собиқ ўринбосари Ботир Ҳусаинов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан давлатга тегишли миллионлаб доллар маблағларнинг ўзлаштирилишини текширишни сўрамоқда.

“2000-йилдан то 2015-йилларгача бўлган вақт оралиғида, баъзи бир раҳбар ходимлар иштирокида давлат валюта захирасидан миллионлаб доллар талон-торож қилинган. Ушбу ўғриликлар доимий равишда ва жуда пухта ўйланган схема асосида бажарилган, яъни жиноят доимий равишда ва давомли бўлган. Бу текширилиши, жиноятчилар жавобгарликка тортилиши, ўғирланган пуллар халққа қайтарилиши керак”, дейди Ботир Ҳусаинов Ўзбекистон президентига йўллаган мурожаатида.

Ҳусаинов Озодлик билан суҳбатда бундан олдин Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилгани, лекин иш текширилмасдан, жавоб ҳам берилмаганини айтади.

Жавоб йўқ. Чақиргани ҳам йўқ. Группа қилинглар, шу ўғриликларни топишга ва пуллар қайтарилишига ёрдам бераман, деганман. Ўша пайтда ўғрилик қилганлар ҳозир ҳам ишлаяпти катта лавозимларда, инвестицияда зам министр, бош прокурорни ўринбосари биттаси. Чунки ўзлари ўтирибди. Шу йилнинг ўзида Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ҳам мурожаат билан чиққанман. Антикоррупция агентлиги мурожаатимни Бош прокуратурага жўнатяпти. Охирида мурожаатим участка нозирига жўнатилган ва ёпиб юбориляпти”, - дейди Ҳусаинов.

Собиқ ҳуқуқ-тартибот мулозими давлат маблағларини ўзлаштирган ширкатлар Ўзбекистоннинг собиқ ва амалдаги мулозимлари ҳамда уларнинг қариндошларига тегишли бўлгани, шу боис иш бости-бости қилиб келинаётганини иддао қилади.

“Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири ва яна икки номдор шахснинг ўғилларидан ташқари, ҳозирда қамоқда ўтирган собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари бўлган Мирағлам Мирзаевлар билан бир қаторда ҳозир президент Мирзиёев ҳукуматида катта лавозимларда ўтирган шахслар ҳам бу ишга аралашган”, - дейди Каримов бошқаруви даврида валюта ва коррупцияга доир жиноятларни тергов қилган собиқ мулозим.

Ботир Ҳусаиновнинг 2004 йилдаги мурожаатига Миллий Хавфсизлик Хизматининг жавоби.
Ботир Ҳусаиновнинг 2004 йилдаги мурожаатига Миллий Хавфсизлик Хизматининг жавоби.

“6 ойда давлат захирасидан $400 миллион ўғирланган”

Ботир Ҳусаиновнинг айтишича, у 2000 йилнинг олти ойи мобайнида 31 та ширкат орқали давлат захирасидан 400 миллион АҚШ долларига яқин маблағ ўғирланганини аниқлаган ва “ҳужжатлар билан исбот қилиб берган”.

Лекин унинг сўзларига кўра, жиноятчилар четда қолиб, ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

“Менинг қўлимдаги, мен очган жиноятларга тааллуқли бўлган бор ҳужжатлар МХХ ходимлари томонидан йўқ қилинди. Ўша пайтда 31та фирманинг банк айланмаларига оид ҳужжатлар бор эди. 190 вараққа яқин қоғозим бор эди. Цепочка бўлиб чиқиб келаверган. Ҳамма ҳужжатларни “ака, ҳал қиламиз”, деб алдаб олиб кетишди. Таги билан йўқ. Охири нима бўлди, ўғриликлар давом этаверди. Бу ўғриликлар тепасида турган раҳбарлар то 2015 йилгача уюшган ҳолда давлат валюта захирасини талон-торож қилиб келишди.

Энди фараз қилинг – уч ой ичида талон-торож қилинган давлат валюта захираси 400 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган ва бу жиноий гуруҳ яна 15 йил давомида давлатни талон-торож қилган. Қўпол қилиб ҳисоблаганда, бир йил ичида 1 ярим миллард.доллар ўғирланган бўлса, 15 йил давомида талон-торож қилинган валюта миқдори 20 миллиард.доллардан ошади. Бу Ўзбекистон ташқи қарзининг қарийб 60 фоизини ташкил қилади”, - дейди Ботир Ҳусаинов.

“Ўғрилик қилганлар ҳозир ҳам катта лавозимларда”

Собиқ мулозимга кўра, ўғриликларга алоқадорларнинг кўпчилиги Ўзбекистоннинг аввалги президенти даврида раҳбар лавозимларида ўтиришган, бир қанчаси қамалиб чиққан, баъзилари эса бугунги кунда ҳам юқори лавозимларни эгаллашда давом этмоқда.

“2000 йилда давлат маблағларини ўғирлаган 31та фирмадан 1 тасига жиноят иши очганман ва прокуратурадан номер олинган. Ўша дело йўқ бўлмаган. Ўша йилнинг декабрь ойида “Bogemgurilishsavdo” МЧЖга иш очилган. Бу ширкатга 12 млрд.сўм миқдорида шакар сотилган, деган важ билан Давлат конвертация комиссияси пулни давлат курсида конвертация қилиб берган. Марказий банкда ҳужжатлар турибди. Ўша пайтда сўмнинг чет эл валютасига нисбатан бозор курси давлат курсидан 60 фоиз юқори бўлган. Ўша фарқдан катта пул қилинган. Аслида Ўзбекистонга умуман шакар кириб келмаган. Марказий банкдан эса чет элга валюта ҳайдалган. Шундай схема билан 3 ой ичида 389,3 млн.доллар четга чиқариб юборилган. Миллиард- миллиард пул чиқиб кетган. Марказий банк архивида бор булар. Ҳужжатлар бор. Шунинг учун қўрқмасдан ёзиб ётибман. Мени мақсадим пулларни халққа қайтариш”, - дейди Ботир Ҳусаинов.

Ботир Ҳусаиновнинг 2007 йилдаги мурожаатига Ўзбекистон Бош прокуратурасининг жавоби.
Ботир Ҳусаиновнинг 2007 йилдаги мурожаатига Ўзбекистон Бош прокуратурасининг жавоби.

“Ўғирланган пуллар халққа қайтарилсин!”

Тошкент шаҳар прокуратурасининг собиқ мулозими президент Мирзиёевга мурожаатида текширувда ўзи ҳам қатнашишга тайёр эканини айтади.

"Аризам бўйича текширув ташкиллаштирилишини сўрайман. Уларга нисбатан қонун доирасида кескин чора кўрилиши, талон-торож қилинган валюталар давлат захирасига қайтарилиши керак.

Коррупция ҳақида хабар берганлик учун менга ажратилиши қонун билан таъминланадиган 10% миқдоридаги пул маблағларини барча аҳоли жон бошига (тахминан 60 доллардан тўғри келади) берилишини сўрайман.

Жиноятни очишда шахсан ўзим қатнашишга тайёр эканлигимни, текшириш учун баъзи-бир далилларни тақдим этишим мумкинлигини ва менга ушбу текширишда катнашиш юрагимдаги армон эканлигини билдираман”, - деб ёзган Ботир Ҳусаинов ўз мурожаатида.

Озодлик Ботир Ҳусаиновнинг мурожаатлари юзасидан ҳозирча Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Коррупцияга қарши кураш агентлигидан изоҳ ололмади.

Ўзбекистонда конвертация ёпилган 1994 йилдан бошлаб хорижий валюталарнинг Марказий банк белгилаган расмий курси ва қора бозор курси ўртасида фарқ 2015 йилгача қарийб икки баробарни ташкил этган.

Марказий банк курсидаги валюта мамлакатга стратегик муҳим товарлар олиб кирувчи маълум ширкатларгагина берилган.

Бу имтиёздан бир гуруҳ одамлар катта фойда кўриб келган ва 20 йил ичида жуда катта бойликка эга бўлгани айтилади.

Ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевич 2010 йилдаги мақоласида имтиёзли доллар сотиб олишга имкони бор қатлам “ҳаводан пул қилаётгани” ҳақида ёзганди.

Бу халқанинг учи бир-бири билан қариндошлик ва қуда-андачилик билан боғланган ҳокимият тепасида турган шахсларга бориб тақалади”, дея қайд этган журналист.

XS
SM
MD
LG