Линклар

1 ўқитувчи солиқ тўламагани учун 80 ўқитувчига 2 ойдан бери ойлик берилмаяпти


Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ўқитувчилари икки ойдан бери маошларини ололмаяпти. Бир гуруҳ ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, солиқ ва коммунал тўловдан қарздорлик важи билан уларга ойлик берилмаяпти. Мутасаддилари эса ойликлар кечикаётганини нақд пул тақчиллигига боғлашди.

“Олдин солиқни тўла, кейин ойлик оласан”

Зангиоталик ўқитувчилар номидан Озодликка бўлган мурожаатда ёзилишича, солиқлар ўз вақтида тўланмаса, ўқитувчилар маошлари кечикмоқда:

“Зангиота туманидаги барча мактабларда бўлаётган аҳвол бу. Масалан, 67, 53, 54, 65, 48, 45, 24, 27-мактаблар ўқитувчилари икки ойдан бери ойлик ололмаяпти. Уй солиғи, мол-мулк ва ер солиғини йиллик тўлашни талаб қилаяпти. Ҳамда газ билан электрга ҳам олдиндан тўлашимиз керак экан. Ҳозир ҳаммадан “2017 йил учун солиқдан қарзи йўқ” деган справка талаб қилаяпти. Ҳали йил якунланмадику? Лекин барибир “шу справка бўлмаса ойлик йўқ” дейишди”, дейилади зангиоталик ўқитувчилар хатида.

Зангиотадаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, агар мактабда битта ўқитувчининг солиқ ва коммунал тўловдан қарзи бўлса, ўша мактабдаги барча ўқитувчининг маоши берилмаяпти:

“Биз 2017 йил 31 декабргача бўлган солиқларни тўлаб бўлдик. Справка олиб келиб бердик. Лекин коллективда бир одам тўламагани учун 80 та ўқитувчи икки ойдан бери ойликсиз ўтирибди”, деди зангиоталик ўқитувчи.

“Шикоят қилганларни жазолашади”

Ушбу туман мактабларидан бирида ўқитувчилик қилувчи яна бир зангиоталикка кўра, уларнинг маошни ўз вақтида бериш борасидаги илтимослари инобатга олинмаяпти.

“Директоримиз “Молия билан ғазначилик бўлимининг талаби бу”, деб айтди. “Нақд пул масаласи чатоқ, солиқларни олдиндан тўламасангиз ойлик йўқ”, дебди ғазначилик бўлимидагилар. Қонун бўйича олдиндан солиқларни тўлатишга ёки солиқ тўламаса, ойлик бермасликка ҳаққи йўқ. Ойлик берилмаётгани муаммосидан ҳамма мутасаддилар хабардор. Бир неча марта айтдик, ёздик, лекин битта ҳам натижа бўлмаяпти”, дейди зангиоталик ўқитувчи.

Яна бир суҳбатдошимиз- зангиоталик ўқитувчи аёл эса ойлик кечикаётганидан шикоят қилганларга нисбатан жазо қўлланилаётганини иддао қилди:

“Қўшни мактабдагилар ойлик беринглар”, деб тўполон қилган эди. Ўша мактабни прокуратура босди. Шикоят қилган ўқитувчиларнинг ишидан камчилик топиб, протокол тузибди. “Шу протоколга асосан, бирортанг ойлик борасида ғинг десанг, марҳамат қилиб бошқа иш қидир”, дебди. “Ишинг шу бўлса, яна нимангга ҳаққингни талаб қиласан”, деб уришган. Агар Озодликка кимлар шикоят қилгани аниқланса, "Ўз хоҳишига кўра" ишдан бўшатишади”, деди муаллима.

Зангиота туман Халқ таҳлими бўлими мутасаддилари ўқитувчилар маошларининг кечикиш ҳолати борлигини инкор қилишга уринишди.

Туман солиқ инспекцияси ҳамда туман ғазначилик бўлими мулозимлари ўқитувчилар маошлари кечикиши уларнинг айби эмас, балки нақд пул тақчиллиги билан боғлиқ эканлигини таъкидлашди.

Кейинги йилларда ойлик ва пенсияларни коммунал тўлов ҳамда солиқ учун мажбурий ушлаб қолиш ёки кечиктириш нафақат Зангиотада балки мамлакатнинг барча ҳудудларида мунтазам кузатилмоқда. Аксар ҳолларда бу нақд пул тақчиллиги билан изоҳланаяпти.

Ўзбекистон Марказий банки Шавкат Мирзиёевни Бош вазир пайти мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ва бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG